Оилада улғайиб, илк бор қадам қўйган масканимиз – болалар боғчаси, яъни
мактабгача таълим муассасаси бўлган. Кейин мактаб, касб-ҳунар ёки олий таълим муассасаларида таҳсил олиб касб-корли бўлганмиз. Ўз навбатида иш жойларимиз, меҳнат жамоаларимиз – умримиз мазмунига айланган.
Ҳар бир ишнинг ибтидоси каби интиҳоси бўлади. Бу – табаррук ёшга етганда пенсияга чиқишинг билан изоҳланади. Бундан ташқари, бирор сабабга кўра вақтинча иш қобилиятини йўқотиш ҳоллари ҳам учраб туради. У ҳолда вақтинча ногиронлик пенсиясига чиқиш имконияти берилади. Ана шундай пайтда инсон кўпроқ меҳр истаб қолади.
Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, аввало, ана шу меҳрни ҳис этиб, кўнглингиз тоғдек кўтарилади. Конституциямизнинг 39-моддасида: “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга” деб белгилаб қўйилган. Бу фуқаролар учун кўрсатиладиган меҳр-мурувватнинг ҳуқуқий асосидир.
Айтиш ўринлики, бугунги кунда ана шу ҳуқуқидан кенг фойдаланаётганлар ҳам кам эмас. Биргина пойтахт шаҳримизнинг Олмазор туманида 38187 нафар фуқаро, жумладан, 29997 нафар пенсионер, 4295 нафар ногирон ва 810 нафар болаликдан ногирон бўлиб қолганлар пенсия ва нафақа олиб, фаровон ҳаёт кечирмоқдалар.
– Кексайган ёки бевақт ногирон бўлиб қолган инсонлар, аввало, меҳр истайди, – дейди Хислат маҳалласида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони Дилбар опа Ҳайдарова. – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар Олмазор туман бўлимига мурожаат билан келаётган инсонлар, аввало, меҳр кўришини мамнуният билан айтмоқчиман. Бўлими бошлиғи Илҳомжон Давлатов, пенсия ва нафақалар тайинлаш гуруҳи мутахассислари Гулноза Ҳожибоева, Музаффар Эрйигитов, пенсия ва нафақалар тўлови мониторинг гуруҳи мутахассиси Феруза Чориева, бош ҳисобчи Умархон Холмонов ва бошқа фидойи ходимлар ҳар бир фуқарони очиқ чеҳра билан кутиб оладалар, ширин муомалалари билан уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, ҳужжат ортида инсон тақдири туришини, бинобарин, тегишли маълумотлар, архив ҳужжатлари тўғри, пишиқ-пухта бўлишини тушунтиради. Шу тариқа ўз вақтида пенсия ёки нафақасини олган инсонлар, албатта, рози бўлиб кетади.
– Халқимизни рози қилиб яшаш шиоримизга айланган,– дейди мазкур жамоа етакчиси Илҳомжон Давлатов.– Биз фуқароларимиз ўртасида тегишли қонун ва ҳукумат қарорларини кенг тарғиб қилишга, керак бўлса маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб боришга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Халқ қабулхонаси билан битта бинода жойлашганимиз ҳам фуқароларимизга жуда қулайлик туғдирмоқда. Яъни, бу борада мурожаат билан келганларнинг талаб-истаклари шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилади. Шуни айтиш жоизки, Пенсия дастурида белгиланган вазифалар бўлимимиз томонидан ҳозиржавоблик билан ҳал этилмоқда.
Нуроний отахону онахонлар ва ногиронларнинг ҳам рози бўлиб яшашлари – давлатимиз ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир. Кўпнинг дуоси – кўл бўлур, деганларидек, уларнинг дуолари, албатта, ижобат бўлғусидир.
Инобат Аҳатова, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/me-r-madaskani-11-12-2018
Сўнгги фикрлар