Меҳр ришталарига пайваста ҳашар (Бадиҳа)
Қадимий ва гўзал айёмимиз Наврўзи олам арафасида ҳашар ўтказилиб,
кўча-кўйлар, хиёбонларни обод қилиш ўзига хос анъанага айланган. Бу кун эрта тонгдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари-ю тадқиқотчилари ҳамда профессор-ўқитувчилари енг шимариб ишга киришдилар.
– Зиёлилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил 14-15 март кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Обод юрт» умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари акциясини ўтказиш тўғрисидаги”ги фармойиши мазмун-моҳиятини теран англайди,– дейди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Камолиддин Мирзааҳмедов.– Ушбу фармойишга кўра университетимиз жамоаси умумхалқ ҳашарини ўзгача шукуҳ билан ўтказишни режалаштириб олди. Режага кўра талабаларимиздан бир гуруҳи пойтахт Тошкент шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истроҳат боғига йўл олдилар. Муаззам боғни саришта қилиш ва кўкламзорлаштириш ишларига енг шимариб киришган йигит-қизлар шижоатидан буюк адибимиз руҳлари ҳам шодумон кезаётгандек туюларди.
– Бугунги ҳашарда талабаларимиз ўзларини буюк адиб Абдулла Қодирий ҳузурида бир дам юргандек ҳис этаётганлари уларнинг нурли чеҳраларидан сезилиб турарди,– дейди Журналистика факультети профессори вазифасини бажарувчи Ёқутхон Маматова.– Эътибор берган бўлсангиз, улуғ адибимиз ҳаётлик чоғлари ижоддан бўш пайтларида ўз боғида мана шундай меҳнат билан машғул бўлганини ёшлар яхши биладилар. Тилагимиз, ижодкор талабаларимизга ҳам шундай ўлмас асарлар яратиш насиб этсин.
– Жамоа бўлиб қилинган меҳнат инсонлар қалбида эзгулик туйғусини жўш урдиради,– дейди Журналистика факультети доценти Шавкат Ибрагимов.– Бугун талабаларимиз учун буюк адиб Абдулла Қодирий боғида ҳам зиёрат, ҳам савобли ишга ҳисса қўшишдек унутилмас воқеа бўлди. Бундай хайрли иш фақат баҳорги ҳашарда эмас, балки, йил давомида ҳам вақти-вақти билан амалга ошириб турилиши ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ҳашар одамларни қанчалик инсонпарварлик, саховатпешалик, саранжом-саришталик каби эзгу амалларга чорловчи қадриятга айланганини ҳар қадамда ҳис этиш мумкин. “Ёшлик” шаҳарчаси ҳудуди бўйлаб ЎзМУ талабаларининг қўлни-қўлга бериб ишлашлари уларни наинки жисмонан чиниқтиради, шу билан бирга ёш авлод қалбида ўз юртига, яшаб, таҳсил олиб юрган гўшасига бўлган меҳр туйғуларини ҳам жўш урдириши табиий.
Битар ишнинг бошига, ботир келар қошига, деганларидек, ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимовнинг боғда қўлига белкурак олиб шижоат билан ишлашларини кузатиб турган талабалардан тортиб профессор-ўқитувчиларгача ғайратлари жўш уриб кетди.
Икки кун давом этадиган ҳашар давомида ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари атрофларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар