Миллий университетнинг бир куни

Олий таълим муассасаси зиммасига юклатилган бири-биридан муҳим вазифалар рисоладагидек бажарилиши, унинг истиқболи кимларга боғлиқ?

ш

Албатта, унинг етакчиси ва бошқа масъул ходимлар саъй-ҳаракатларига боғлиқ эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Демак, бу даргоҳда энг залворли, ғоят улкан масъулият талаб этадиган лавозим – Ректорлик ҳисобланади.

Бу лавозимда қанча енг шимариб ишласанг, шунча оздек кўринаверади. Шу боис бўлса керак, бирорта ректор ҳақида таҳлилий мақола ўқимаганмиз. Бу мавзуда сўз кетса, нари борса, “фалончи профессор ё академик фалон-фалон йиллари ректорлик вазифасида самарали фаолият кўрсатган” қабилидаги қуруқ гаплар билан чекланамиз.

Ректор фаолияти ҳақида ёза бошлаганинг ҳамоно баъзилар уни “хушомад” ёки “баландпарвоз” гапга йўйишидан ҳам истиҳола қиладиган бўлиб қолганмиз.

Ваҳоланки, таҳлилий фикр – ҳар қандай масъул шахс учун бамисоли кўзгу вазифасини бажаради. Уни янада теранроқ фикрлашга, ўйлашга, инновацион ғоялар, янги ва илғор мақсадлар сари қадам ташлашга ундаб, маънавий қанот бахш этади.

Бугун том маънода оқни – оқ, қорани – қора, дейдиган замон келди. Энди Олий таълим муассасаси етакчиси ҳақида ёзганда, шунчаки “Таржимаи ҳоли”ни баён қилиш ёки “расмий маълумот” бериб қўя қолиш билан чекланиш камлик қилади. Бунақа гапдан ҳеч ким қониқмайди. Бир сатр бўлса-да ҳаёт ҳақиқатини, инсонлар дилидаги гапни ёзишимиз мақсадга мувофиқдир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига узоқ йиллар (университет номи ҳам турлича аталган) Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Сағди Сирожиддинов каби академиклар ректорлик қилгани ҳақида ҳам фахр билан эслаймиз, холос. Уларнинг иш тажрибалари ҳақида таҳлилий мақола йўқ ҳисоби.

Сўнгги беш йил орасида ЎзМУда уч бора ректор алмашиб, жамоанинг тинчи йўқола бошлаган эди. Ваҳоланки, ректорнинг ишлари, юмушлари нечоғли кўплигини биргина юқори ташкилотлардан пайдар-пай келаётган топшириқ ва буйруқларга (уларнинг ижросига қисқагина муддат қўйилишига) назар солган киши тезда фаҳмлаб олади. Ҳар куни кадрлар бўлими, девонхона ва бошқа масъул ходимлар томонидан ректорга олиб кирилаётган қучоқ-қучоқ ҳужжатлар, аризалар ва бошқа қоғозларни кўриб юрагинг увишиб кетади. Ҳар бир қоғоз ортида камида бир ходим ёки талабанинг тақдири туради. Уларнинг ҳаммасини синчковлик билан кўриб чиқишнинг ўзига озмунча матонат керакми?

Ректорнинг “Виртуал қабулхона”си ҳам ҳар куни бир талай ишни зиммага юклаб қўяди.

Университетда кунда-кунора ўтказиладиган илмий анжуманлар, хориждан ташриф буюрган олимлар билан суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш ва уларни кириш сўзи билан бошлаб бериш ҳам ректорнинг зиммасида. Булардан ташқари республика аҳамиятига эга анжуманлар, мажлис ва бошқа тадбирларда ҳам мунтазам қатнашиш талаб этилади.

Молия-хўжалик ишларининг ўзи бир дунё. Уларни назорат қилиб бориш учун ректордан озмунча масъулият талаб этиладими?

Катта даргоҳнинг иш ҳажми ҳам катта бўлгач, уни назорат қиладиганлар ҳам шунга яраша бўлади. Текширувчиларга ҳам тўзим берсин, йил-ўн икки ой биз билан ҳамнафас! Улар ҳар гал салом-аликни ректордан бошлаб, охирида яна етакчимизга залворли хулосаларини тақдим қилиб кетадилар.

Яна бир ўта нозик гап бор; ўн мингга яқин талаба, тадқиқотчи, профессор-ўқитувчидан тортиб оддий ишчи-хизматчиларгача уззу кун тинч, эсон-омон юриш-туришларини оила бошлиғидек кузатиб боришнинг ўзи бўлмайди. Худо сақласин, бирортаси мушкул аҳволга тушиб қолса, жамоадан кимдир билиб-билмай хатоликка йўл қўйса, арзимаган муҳаббат можораси ортидан ошиқ талаба жонига қасд қилса ёки хатарли йўлга кириб қолса, биринчи “зарба” яна раҳбарга келади…

Хуллас, ректорлик фаолиятини ўринлатиш учун 24 соат камлик қилишини тўғри тушунмоқ керак!

Шукрки, 2016 йилда профессор Авазжон Раҳимович Мараҳимов ректорлик лавозимига тайинланганида ҳаммамиз енгил тортдик.

Авазжон Мараҳимов билан ўн йил аввал ўтказилган “Универсиада – 2007” анжуманида яқиндан танишгандик. Ахборот-коммункация технологиялари бўйича етук мутахассис бўлган Устоздан анча-мунча сабоқ олгандик. Қатор йиллар олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари, халқ таълими вазири лавозимларида катта тажриба орттирган устоз энди ректор сифатида Миллий университетимизни ҳар томонлама равнақ топтиришига, илму-маърифат майдонида юксак даражага олиб чиқишига умид қилдик.

Сўнгги йилларда Миллий университетимизда амалга оширилаётган ишлар салмоғи чаккимас. Ректоримизнинг фаолиятида ярқ этиб кўзга ташланган, энг муҳими, ўз самарасини кўрсатаётган айрим жиҳатларга эътибор қаратамиз:

Авазжон Мараҳимов ишни университет академиклари билан мулоқотдан бошлади ва келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ғоят муҳим режаларни бамаслаҳат ишлаб чиқди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан университетимизга жалб этилган йигирмадан ортиқ академикларга энг муҳим вазифаларни тақсимлаб берди.

Вазирлик томонидан берилаётган кўплаб топшириқлар, буйруқларни ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминланишининг механизми тўғри йўлга қўйилди. Ҳар бир топшириқ ва ижроси локал тармоқда ўз аксини топмоқда.

ЎзМУнинг ҳақиқий илм-фан фидойилари билан бамаслаҳат ишлаш йўлга қўйилди. Илм билан шуғулланаётган иқтидор соҳиблари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Жамоада муҳит қай даражада соғлом бўлиши биринчи раҳбарга боғлиқ. Бу борада ректор эрта-ю кеч зийраклик билан иш юритмоқда. Илм йўлига тўғаноқ бўладиган айрим иллатларга чек қўйилди. (Шу кунга қадар ҳеч ким ғийбатдан ноҳақлик қурбонига айланмади).

Ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасалари билан халқаро илмий алоқалар ривожлантирилмоқда. Натижада кўплаб хорижлик профессор-ўқитувчилар ЎзМУда, университетимиз академиклари, профессорлари хориж олий таълим муассасаларида дарс бериши изчил ривожланмоқда. ЎзМУда халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Хорижда бўлиб ўтаётган ана шундай анжмуманларда академиклар, профессорлар-ўқитувчиларимиз фаол иштирок этмоқдалар.

Иқтидорли талабалар билан ишлаш ректорнинг асосий ишларидан бирига айланган. Унинг ташаббуси билан бу йил ўқишга қабул қилинган талабалардан 300 га яқини саралаб олиниб, академик, профессор ва доцентларга бириктириб қўйилди. Бундан мақсад: ана шу иқтидор соҳибларини келгусида илмий ишларга жалб этиш ва рағбатлантиришдир.

Чет элдан келиб ЎзМУда таҳсил олаётган талабалар ректорнинг доимий эътиборида. Улар билан бир неча марта очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Ректорнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан инновацион ғоялар, кашфиётлар ва тадқиқотлар, айниқса, ёш олимлар фаолияти учун университетда кенг имкониятлар яратилди.

Талабалар турар-жойида зарур шарт-шароитларни яратиш бобида ректор ташаббуси ва ғамхўрлиги ҳар қадамда сезилиб турибди.

Ҳар бир талабанинг соғлом ўсиб-униши, дунёқараши муносиб шаклланиши учун маънавий-маърифий тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу борада ректор университет Маънавият ва маърифат маркази, Мураббийлар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қатор режаларини амалга оширмоқда. ЎзМУ фаолияти ОАВда кенг ёритилишида шахсан ўзлари ташаббус кўрсатмоқда, вақти-вақти билан телекўрсатувларда, матбуот анжуманлари, давра суҳбатларида илғор фикрлари билан иштирок этмоқда.

Университет моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Режа асосида қатор ўқув бинолари, иншоотлар таъмирланмоқда.

Санайверсак, ректор саъй-ҳаракатлари билан эришилаётган ютуқларимиз анчагина. ЎзМУда амалга оширилаётган ишлар кўлами эса тобора кенгайиб бормоқда.

Бундай муваффақиятларга эришишда Авазжон Мараҳимовнинг аввало ҳар бир ходим қалбига йўл топиши, хушмуомаласи, оқкўнгиллиги, самимийлиги ва албатта, ташаббускор кўрсатиб ишлаши муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бу гапларим мақтов эмас, билъакс, сабоқдир. Ректоримиз бутун жамоага мақбул бўлаётган ана шу фазилатларини давом эттирсинлар, дея тилак айтгимиз келди. Яна бир мушоҳада: ана шу эзгу йўлларда бутун жамоа раҳбаримиз атрофида қатъий бирлашсак, ректоримизнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватласак, ўзимиз ҳам ташаббус кўрсатиб ишласак, янада улканроқ чўққиларга, улкан зафарларга эришамиз!

Миллий университетимиз фаолияти, унинг қандай ютуқларга эришаётгани ҳақида сўз юритганда биргина ректорга кўз тикиш адолатдан бўлмайди. Улкан жамоа зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун раҳбар атрофидаги масъул ходимлар (жайдаричасига айтганда – командаси!) ҳам бирдек масъул эканини тўғри таҳлил этмоқ жоиз.

Авазжон Мараҳимовнинг биринчи галдаги “суянган тоғ”лари – Маҳмуд Салоҳиддинов, Азимбой Саъдуллаев каби академиклар, ўнлаб профессорлар, фан докторлари, тадқиқотчилар, иқтидорли талабалар…

тт1

Ўзбекистон Миллий университети Кенгашида (2017 йил ноябрь ойида) Фанлар Академияси аъзолигига номзодлар кўрсатилган эди. Улардан таниқли тарихчи олим Анатолий Сагдуллаев академик унвонига сазовор бўлгани илмий жамоатчилигимизни қувонтирди.

Академиклар фаолияти, уларнинг ибратли ишлари ҳақида сўз кетганда 2018 йил 16 аперль куни ЎзАда ёритилган “Академиклар ёшлар билан суҳбат ўтказмоқда” сарлавҳали мақолани эслаш кифоя. Унда қуйидаги таҳлилий мулоҳазаларни ўқиймиз:

“Буюк шахслар мудом қай бир устоздан таълим олгани ҳақида фахр билан сўзлаганлар. Соҳибқирон Амир Темур устози Саййид Баракадан, ҳазрат Мир Алишер Навоийдек улуғ шоир ҳам Абдураҳмон Жомий, Лутфий каби устозларидан сабоқ олганлари билан фахрланганларини яхши биламиз.

Улуғ устозларнинг муносиб шогирд тайёрлашдек эзгу ишларини бугунги академикларимиз изчил давом эттираётганлари таҳсинга лойиқдир. Улардан сабоқ олганлар – улуғвор мақсадларга интиладилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида айни пайтда 30 га яқин академик фаолият кўрсатмоқда. Улар наинки ЎзМУда, шу билан бир қаторда бошқа таълим муассасаларида ҳам ёшлар билан суҳбату машғулотлар ўтказмоқдалар.

ЎзМУ Тарих факультети профессори, академик Анатолий Сагдуллаев яқинда Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги 15-сонли мактабда ўқувчилар билан ўтказган учрашувида мамлакатимизда илм-фан ва инновацион жараёнларни жадаллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий илм-фан ютуқлари хусусида сўз юритди. Академикнинг “Окс цивилизацияси” деб номланган тақдимоти, бебаҳо маданий меросимизни чуқур ўрганиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда тарих ва археология соҳаларининг ўрни ҳақида айтган маълумотлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

Мактаб кутубхонасига академик дастхати қўйилган китоб тақдим этилди.

– Юртимиз тарихи шу қадар бойлигини тасаввур этмагандим, академик сабоқларидан илҳомланиб мен келгусида албатта тарихчи олима бўлишни ният қилдим,– дейди 9-синф ўқувчиси Холидахон Илашева.– Юртимиз тарихига оид фикрларимни эътибор билан тинглаган устоз ўз китобига дастхат ёзиб бергани ҳаётимдаги энг унутилмас воқелардан бири бўлиб қолади. Орзуим – шу устоз даражасига етганимда мен ҳам ўз давримизнинг истеъдодли ёшларига шундай китобларимни ҳадя этишдир.

***

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан республикамизнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри боғланган ҳолда турли фанлар бўйича академик соатлари ташкил этилган. ЎзМУ Математика факультети Математик анализ кафедраси мудири, профессор, академик Азимбой Садуллаевнинг яқинда ўтказган ана шундай машғулоти талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Унинг Комплекс ўзгарувчилар назарияси фанидан «Комплекс анализда элементар функциялар» мавзуидаги маърузаси онлайн тарзда республикамизнинг 12 та олий таълим муассасида тингланди. Энг муҳими, мазкур ҳудудлардаги талабалар академик билан мулоқот қилишиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

***

ЎзМУда ўтказилган навбатдаги онлайн дарсда Тошкент давлат техника университети Ахборотларга ишлов бериш ва бошқариш тизимлари кафедраси профессори, академик Ҳусан Игамбердиевнинг “Технологик жараёнларни автоматлаштириш ва бошқаришнинг замонавий усуллари” мавзуида”ги маърузаси тингланди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган олий таълим муассасаларида ташкил этилган видеостудиялар орқали талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

– Юртимизда турли соҳаларда технологик жараёнлар такомиллашиб бораётган ҳозирги даврда уларни автоматлаштириш ҳамда бошқаришнинг замонавий усуллари ҳақида кўп маълумотларга эга бўлдик,– дейди ЎзМУ Математика факультети талабаси Умида Пўлатова.– Ишлаб чиқариш соҳаларини янада ривожлантиришда бундай усуллар қанчалик муҳим аҳамият касб этишини академик устоз теран изоҳлаб берди. Бунда назария ва амалиёт уйғунлигининг самараси қанчалик салмоқли бўлиши катта қизиқиш уйғотди.

Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар меваю япроқ, деганларидек, бугун академиклардан сабоқ олаётган талаба-ёшларнинг истиқболи шунга яраша бўлишига умид қилсак бўлади”.

Ҳақиқий олимнинг сабоғини олган ёшлар илм чўққиларини забт этишларига умид қилса бўлади. Бугунги кунда Миллий университетимизда 29 нафар академик, 150 дан ортиқ фан доктори ва профессорлар, 400 дан зиёд фан номзоди, фалсафа доктори ва доцентлар фаолият кўрсатишаётган бўлса, 200 дан ортиқ ёш олимлар ва 500 дан зиёд иқтидорли талабалар илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Ана шундай иқтидорли талабалар сафига бу йил яна 214 нафар илмга интилган ёшлар қўшилди. Яъни, 2017-2018 ўқув йилида ЎзМУга қабул қилинган 1-курс талабалари ўртасида махсус ёзма иш асосида танлов ўтказилиб, турли йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб боришга иштиёқманд ёш иқтидор соҳиблари танлаб олинди. Уларга университетимизнинг етакчи олимлари бириктирилиб, чет тиллари, мутахассислик фанлари, нотиқлик ва этикетни шакллантиришга доир фанлардан қўшимча чуқурлаштирилган дарслар ташкил этилди. Бундан ташқари республика миқёсида энг кўзга кўринган олимлар, сиёсатчилар, журналистлар, сухандонлар ва бошқа соҳа вакилларини жалб этиб, ҳар ҳафтада 1 марта мастер-класс ўтказиш амалиёти жорий этилди. Ҳар ойда 1 марта академикларнинг “Академик соати” ўтказилмоқда. Бунинг натижасида 214 нафар талабага яна қизиқиш билдириб 114 нафар талабалар қўшилди. Ушбу иқтидорли талабалардан семестр давомида ўтган мутахассислик фанларидан ёзма ишлар ўтказилиб, энг муносиблари рағбатлантириб борилмоқда.

Иқтидорли талабаларнинг ёзма ва оғзаки нутқини шакллантириш учун 5 та иншолар танлови ўтказилиб, энг яхшилари тақдирлаш тизимли йўлга қўйилди. 214 нафардан бошланган иқтидорли талабалар хозирги кунда 300 дан ошди. Улар мунтазам равишда илмий изланишлари учун ҳар бир талабалар турар-жойида махсус хона ажратилиб, 12 тадан компьютер билан таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан ЎзМУда навбатдаги хайрли ишга қўл урилди. Мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасидан чинакам иқтидорли ёшларни топиш ҳамда уларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЎзМУ таянч университет бўлган фанлар йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасидан 192 нафар энг иқтидорли ёшлар ўқишни ЎзМУда давом эттирадиган бўлди. Улар бакалавр босқичини тамомлагач, илмга интилишларига қараб, мақсадли магистратурага қабул қилинадилар. Сўнг, докторантурада илмий изланишлар олиб борадилар ва фалсафа доктори дипломига эга бўлгач, ўз олий таълим муассасаларига тайёр илмий даражага эга бўлган педагог сифатида ишга юборилади.

Иқтидорли талабалар дунёга бўй кўрсатаётганлари ифтихор туйғусини жўш урдиради. Сўнгги икки йил орасида тўрт нафар талабамиз халқаро фан олимпиадаларида олтин медаллар соҳиби бўлдилар.

2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 март куни “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан шу олий мукофот билан тақдирланганлар орасида Математика факультети 1-босқич талабаси Абдусатторова Баҳора Фазлиддиновна ҳам борлиги барчамизга ғурур бахш этади.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 14 октябрь куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида университетимиз талабаси ҳақида билдирган қуйидаги сўзлари бўлғуси зиёлилар қалбига муҳрланиб қолган:

“Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздан Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшлардан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов бунга яққол мисолдир. Бу истеъдодли йигитимиз қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган.

Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”.

Бугун Ҳакимбой Эгамберганов сингари иқтидорли ёшларнинг том маънода даври келганини ҳар бир талаба теран ҳис этмоқда. Шундай эътибор қозониш, энг муҳими, илм бўстонида бахту иқболини топиш ҳар бир йигит-қиз учун шарафдир.

ЎзМУ жамоаси ўқув йили давомида зиммасига юклатилган вазифаларни бекаму-кўст адо этишга интилади. Ўқув, илмий, маънавий-маърифий, халқаро алоқалар йўналишида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан пайдар-пай топшириқлар, буйруқлар келиб туради. Булардан ташқари республикамиз миқёсида ўтказиладиган кўплаб илмий анжуманларда, маънавий-маърифий тадбирларда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари иштирок этишади. Ҳар бир топшириқ ва буйруқнинг замирида катта меҳнат ётади.

т1

Университетда энг оғир участкалардан бири – ўқув ишлари эканлиги яхши маълум. Сиртқи таълим билан қўшиб ҳисоблаганда 11 та факультетнинг давлат таълим стандартлари (ДТС), ўқув дастурлари ва унга мос бўлиши талаб этиладиган ишчи дастурларини тўғри тақсимлаш, дарслар жараёни мукаммал бўлишига эришиш ва уни назорат қилиб бориш ишлари ғоят улкан масъулият талаб қилади. Очиғи, бу йўналишда анча-мунча чигал муаммолар пайдо бўлган эди. Битар ишнинг бошига – ботир келар қошига, деганларидек, 2017 йилда физика-математика фанлари доктори Давлатбой Жумабоев ЎзМУ ўқув ишлари бўйича биринчи проректори вазифасига тайинланганидан буён ишлар анча ўнгланмоқда. У шу жамоада улғайган, камол топган, узоқ йиллар ректор ёрдамчиси, Математика факультети декани, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозимларида бошқарув тизими сир-асрорларини теран ўрганган, кенг феълли, оқкўнгил, самимий инсон. Баъзи чигал масалалар пайдо бўлиб қолса, уни оқиллик билан ижобий ҳал этишини кўп кузатганмиз. Худо хоҳласа, университетимиз жамоаси ўқув ишларидан рози бўлиб фаолият кўрсатишига ишонамиз.

Ўқув ишлари ҳақида сўз кетганда ЎзМУ Ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Илҳом Ҳайдаров ва ўринбосари Дамир Толиповнинг залворли меҳнатларини ҳам ижобий баҳолаш мумкин.

Университетимизда илмий ишлар ҳам анча жонланмоқда. Бу йўналишда профессор Олимжон Холмуҳамедовнинг фаолияти салмоқли бўлаётир. Илмий ишлар бўйича проректор камтарлиги, ташаббускорлиги ва қатъиятлилиги билан илм аҳлига ибрат кўрсатмоқда. У яқинда АҚШда бир ойча хизматсафарда бўлиб, халқаро алоқалар доирасида қатор лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб қайтдилар.

ЎзМУ фаолиятида ривожланган давлатлар таълим муассасалари билан илмий ҳамкорликлар, яъни, халқаро алоқалар алоҳида ўрин тутади. Бу йўналишни ҳам янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йилда Халқаро алоқалар бўйича проректор лавозими жорий этилди. Бу лавозимга тайинланган Расул Раҳмонов шу йўналишда анча йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётганини яхши биламиз. ЎзМУнинг 30 дан ортиқ давлатлар олий таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликларини изчил давом эттириш, бу борада белгиланган режаларни тўла-тўкис амалга ошириб бориш ғоят улкан масъулият талаб қилади. Кунда-кунора университетимизга чет эллик олимлар, профессор-ўқитувчилар ташриф буюрмоқдалар. Ўз навбатида ЎзМУ академиклари, тадқиқотчилари ва талабалари хорижда ўтказилаётган илмий анжуманларда фаол иштирок этишмоқда. Миллий университетимиз шуҳратини дунё қадар кўтаришга хизмат қиладиган ана шу масъулиятли вазифани муваффақиятли адо этишда Расул Раҳмоновга омадлар тилаб қоламиз.

Кодир

Маънавий-маърифий ишларни рисоладагидек амалга ошириб бориш учун инсонга туғма истеъдод керак. Қодиржон Абдураҳимов ана шундай истеъдод соҳиби. У ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасини бажарувчи сифатида устози Қаҳрамон Қуронбоев изидан бормоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

ках

Бугунги кунда Президент давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсий фанлар доктори Қаҳрамон Қуронбоев ЎзМУда фаолият кўрсатган кезлари “Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор қандай бўлиши керак?” деган саволга амалий ишлари билан жавоб бериб кетган, десам муболаға бўлмайди. Ўша кезларда ЎзМУда факультетлар сони 12 та эди. Мен Қаҳрамон Қуронбоев фаолияти ҳақида “Ўн учинчи факультет” сарлаҳали мақола ёзишни режалаштириб қўйгандим. Қисқача мазмуни: ҳар куни талабалар билан лиммо-лим бўладиган ЎзМУ Маданият саройи гўё “Ўн учинчи факультет”га ўхшайди. Факультетларда талаба-ёшлар таълим олса, бу масканда ҳақиқий тарбия олишмоқда, дунёқараши муносиб шаклланмоқда, маънавий олами юксалмоқда. Ташаббускор проректор саъй-ҳаракатлари билан ўтказилган ўша маънавий-маърифий тадбирлар талаба-ёшлар учун катта сабоқ бўлгани ҳақида таҳлилий мақола ёзишни дилимга тугиб қўйганман.

Айни пайтда ЎзМУ маънавий-маърифий ишлар борасида ана шу чўққисига чиқмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Миллий университетимиз фаолиятига теран назар ташлаганда доимо бир гуруҳ фидойилар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ҳар ишда фаол, етакчилик вазифасини бажараётган профессор-ўқитувчилар Раҳбархон Муртазаева, Шавкат Отажонов, Ҳожиакбар Тўйчиев, Туйғун Бобоев, Тўхтасин Абдураҳмонов, Фазлиддин Ҳикматов, Неъмат Норқулов, Сотимжон Холбоев, Кенгаш Илмий котиби Ноибахон Мамадалиева, Касаба уюшма қўмитаси раиси Нўъмонжон Мамадалиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Лазиза Ғофурова, Ҳуқушунос-маслаҳатчи Гули Яҳёева, Намунавий деканат мажмуаси директори Маҳмуд Тўхтаев, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Лаълихон Муҳаммаджонова, Ички назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи Азиз Қозоқов, Ёшлар Иттифоқи кенгаши раиси Шукуриллохон Анваров, Маркетинг хизмати бўлими бошлиғи Аҳрор Ҳамроев, Ахборот технологиялари маркази бошлиғи Руҳилло Тожиев, Ахборот ресурс маркази директори Ирина Кислицина, Режа-молия бўлими бошлиғи Эргаш Тангиров, Тиббий тайёрлов бўлими бошлиғи Раъно Рустамова, ходимлар бўлими бошлиғи Гулчеҳра Бекиматова, Жисмоний тарбия кафедраси мудири Тимур Набиев, Ҳарбий тайёргарлик кафедраси бошлиғи Шавкат Ўринов ва муовини Абдуқодир Ҳайдаров, университет нашриёт бўлими мудири Каримжон Рихсиев, Маънавият ва маърифат маркази, иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими етакчилари Жамшид ва Жалолиддин Юсубовлар… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Шулар қаторида факультетларнинг деканлари, кафедра мудирлари ва бошқа масъул ходимлар ҳақида алоҳида лавҳалар, мақолалар ёзсанг арзийди. Улар ҳар куни шу жонажон университетим учун қандай яхши иш қилишим зарур, деб келадилар! Ва, албатта, эзгулик йўлида кўп ишларни қойил қилиб кетадилар!

Иш бор жойда турфа муаммолар, ечимини кутаётган масалалар ҳам пайдо бўлиши табиий ҳолга айланган. (Иш бўлмаган жойда ҳеч нарса бўлмайди!) Муҳими, ҳар қандай масала-ю муаммо оқиллик ва баҳамжиҳатлик билан ижобий ҳал этилаверади. Шу кунгача узоқ вақт  ҳал этилмай қолган муаммони кўрмадик.

Эллик гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган Миллий университет ўқув бинолари, факультетлари, талабалар турар-жойлари, спорт мажмуаси, лабораториялари ва бошқа турли  иншоотлари, «Ботаника боғи» ҳамда унга туташ хиёбонларга назар солсангиз — ҳаёт қанчалик қайнаётганини ҳис этасиз. Бу масканда мамлакатимиз карвонбоши университети ташкил топганининг 100 йиллигини муносиб нишонлаш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Мақоламизга мухтасаргина қилиб “Миллий университетнинг бир куни” деб сарлавҳа қўйдик.

Аслида эса, ЎзМУнинг ҳар бир куни ана шундай: таълим сифати ва тарбия самарадорлигини ошириб бориш, илғор фикрлар, инновацион ғоялар, янги-янги тадқиқотлар, халқаро илмий ҳамкорликларни такомиллаштириш, иқтидорли талаба-ёшларни камолга етказиш жамоанинг муштарак мақсадига айланган.

 Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *