Миллий университет янги уфқлари сари
Дунё цивилизациясида таълим даргоҳларининг пайдо бўлиши узоқ ўтмишга
бориб тақалади, чунки инсониятнинг пайдо бўлиши дастлаб яшаш учун курашдан иборат бўлган бўлса, кейинги навбатда яшаш учун шароитлар яратишга интилган. Буларнинг ҳаммаси инсонни ўрганишга ундаган, бунда ўрганишнинг биринчи манбаси-ўчоғи бўлиб атрофидаги мавжудотлар ва ўраб турган табиат хизмат хизмат қилган. Ушбу мушоҳадалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки ҳар инсон учун биринчи таълим даргоҳи сифатида оилани келтириб ўтиш мумкиндир. Агар гап замонавий таълим даргоҳлари, тўғрироғи олий таълим даргоҳлари университетлар пайдо бўлиши тарихи ҳақида кетганда, тарихий манбаларда аниқ тўхтамга келишмаган. Умумқабул қилинган қоидага кўра дастлаб ташкил этилган университетлар сифатида Италиядаги Болония университети (1088 йил), Англиядаги Оксфорд университети (тахминан 1100 йилда) ва Кембриж университетлари (тахминан 1100 йилда) тан олинади. Лекин шунга қарамай дунёдаги биринчи университет сифатида ҳозирги Марокко давлати ҳудудида жойлашган Фесе шаҳрида Фатима ал Фихри томонидан Ал Каравинн университетига асос солинганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд[1].
Бир асрдан ортиқ давр мобайнида Марказий Осиёда етакчи олий таълим муассаси ҳисобланган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 1918 йил 12 майда ташкил этилган. У қатор йиллар турли номлар билан аталган. Яъни, 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб юритилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Мазкур Қарорга биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган. Собиқ мустабид тузум барҳам топгач университетимиз буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек номини олиши замирида оламча маъно мужассам. Бу кўҳна тарихимиз, улуғ аждодлардан қолган бебаҳо мерослар, илм-у маърифатга нисбатан адолатнинг тикланиши, бу борадаги асл қадриятлар том маънода қадр топиши эди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлди. Шундан буён бу олий таълим муассаси – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда. Мазкур Фармонда, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, умуминсоний ва миллий илм-фан қадриятларини авлодлар онгига теран сингдириш, Тошкент Давлат университетининг азалий юксак мавқеини ўз жойига қўйиш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Собиқ мустабид тузум даврида бу университет “доҳий имзо чеккан декрет”га биноан барпо этилган деган сохта гаплар айтилган бўлса, мазкур тарихий Фармонда, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этилган, тарихий ҳақиқатни тиклаш йўлида залворли қадамлар ташланган!
Ўша пайтдан эътиборан ЎзМУнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу аснода Миллий университет базасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг намунавий деканат, намунавий кафедра, намунавий ўқув заллари яратилди. “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида Маънавият ва маърифат маркази, Сув спорти саройи ва бошқа замонавий иншоотлар қад ростлади. Шу ҳудуддаги равон йўллар, ҳамиша серқатнов йўлаклар, боғлар ва хиёбонлар замон талаблари даражасида қайта бунёд этилди, таъмирланди. Йўл ва йўлаклар бўйлари манзарали дарахтлар ҳамда гулларга бурканди. Сўнгги йилларда қатор ошхоналар, савдо шахобчалари, бозор ва дўконлар замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди.
Шу кунга қадар ЎзМУ талабаларидан 40 нафардан ортиғи Президент стипендианти, 30 нафардан зиёди Мирзо Улуғбек номидаги ва 30 нафардан зиёди Алишер Навоий номидаги давлат стипендиялари соҳиби бўлганлар. Университетда “ЎзМУ стипендияси” ҳамда ҳаёти давомида шу ўқув даргоҳида ёрқин из қолдиришган атоқли олимлар – Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов номидаги стипендиялар ташкил этилган. Университет талаба-ёшлари томонидан Халқаро, Осиё ва Республика миқёсидаги кўрик-танловларда, олимпиадаларда, спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, талабалар томонидан 2020 йил давомида 45 та халқаро ва 71 та республика миқёсидаги фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритишган. 2020-2021 ўқув йилининг ўзида номли давлат стипендиянтлари сони 8 нафарни ташкил этиб, улардан 3 нафари Президент стипендияси соҳиби бўлишди.
Университетда ёшлар спортини янада ривожлантиришга берилаётган эътибор натижасида спорт турлари бўйича жами 111 нафар талабалар жаҳон, Осиё ва Республика спорт ўйинлари ғолиби ҳамда чемпионлари бўлишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги ПҚ-4814-сонли қарорига кўра фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт соҳаларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун 4 нафар талабалар “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган.
Улкан илмий салоҳиятга эга бўлган ЎзМУ республика олий таълим тизимининг таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Унда барча олий мактаблар учун бакалавр босқичининг кўплаб йўналиши ва магистратура босқичининг қатор йўналишлари бўйича Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва ўқув дастурлари тайёрланиб, таълим жараёнига татбиқ этилди.
Ўтган йиллар мобайнида бу ўқув масканида таҳсил олган атоқли олимлардан 110 нафардан ортиғи академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар.
Олима аёллардан 140 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар.
Университетда таҳсил олган зиёлилардан Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Турғун Азларов, Суюма Ғаниевалар Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, шунингдек, кўплаб профессор-ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бошқа унвонларга сазовор бўлганлар.
Ахборот-ресурс маркази замонавий технологиялар билан жиҳозланган ва интернет тизимига уланган бўлиб, кутубхона фонди 4 миллионга яқин адабиётга эга. Юртимиз мустақиллиги йилларида чоп этилган ўқув адабиётларининг электрон нусхалари тайёрланиб, университетда жорий қилинган локал тармоқ тизимига узатилади. Бундан ташқари ҳар бир факультетда ўқув хоналари, кутубхоналар замон талабларига мос равишда жиҳозлантирилган.
Маърифат бўстонида фидойи олимларнинг ўз илмий мактабларини яратишлари ғоят муҳим жараён ҳисобланади. Илмий мактаб тушунчаси жуда кенг мазмун ва маънога эга. Уни умумилмий дунёқарашга эга бўлган, фанда бирор илмий назарияларга, ғояларга таянган аниқ илмий мақсадлар йўлида тадқиқотлар олиб борувчи олиму мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорликда илмий фаолият юритувчи ижтимоий-ижодий уюшмаси, дейиш мумкин. Илмий мактабнинг ҳудудий чегараси унинг ўзидан бошланиб, бир ва бир неча мамлакатлар, ҳатто дунё бўйлаб ёйилиши табиий бир ҳолдир. Илмий мактабларни илм-фанга ўзларини бахшида этган заҳматкаш, алоҳида қобилият ва иқтидорга эга бўлган олимларгина яратади. Фанда мактаб яратиш буюк аждодларимиздан меросдир. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳо бобокалонларимиздан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм аҳли учун жуда қадрлидир. Оққан дарё оққани каби бу анъана ЎзМУ олимлари томонидан изчил давом эттирилмоқда. Зеро, турли даврларда олимлар ўзларининг илмий мактабларини яратганлар. Ўтган йиллар мобайнида, университет олимлари томонидан яратилган 50 га яқин ана шундай илмий мактаблар жаҳон илм аҳли томонидан эътироф этилган. Мазкур илмий мактаблар бугунги техник тараққиётимизнинг ҳам пойдевори ҳисобланади. Зеро, улар бугун ҳам турли фанлар ривожига баракали ҳисса қўшаётгани эътиборга моликдир.
2017 йилда Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси ва 2020 йилда асос солинган “Эркин Воҳидов илмий-маърифий маркази” талабаларнинг маърифий масканига айланган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети истиқболига, унинг илмий-маърифий салоҳиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбари Миллий университетимизга бир неча бор ташриф буюриб, қатор истиқболли ғояларни илгари сурдилар. Мазкур ғоялар асосида навбатдаги янги лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар таълим тизимини изчил такомиллаштиришга хизмат қилади. Чунончи, янги авлод ўқув адабиётлари яратиш, уларни таълим жараёнларига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш борасида қатор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Назарий билимларни амалиёт билан чамбарчас боғлаш учун ЎзМУнинг 3 та дала-амалиёт майдони, 32 та ўқув-илмий лаборатория, 3 та ўқув-илмий-тажриба маркази, 1 та ОТМлараро илмий лаборатория ва 2 та ноёб объектнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Мавжуд илмий мактабларимизда 14 та амалий, 1 та фундаментал, 7 та инновацион лойиҳалари устида ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда талаба-ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, грант танловлари ва лойиҳаларида иштирок этиш, хўжалик шартномалари тузиш, бошқа олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари учун мақсадли илмий кадрлар тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ёш иқтидор соҳибларининг орзу-умидларига эришишлари учун замин яратади.
Ҳақиқий олимнинг сабоғини олган ёшлар илм чўққиларини забт этишларига умид қилса бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университети таркибида 1 та филиал, 2 та институт, 1 та академик лицей, 4 та марказ, 1 та бошқарма, 22 та бўлим, 15 та факультет ва 78 та кафедралар фаолият кўрсатмоқда. Бунда 20 дан ортиқ академик, 200 га яқин фан доктори ва профессорлар, 400 га яқин фан номзоди, фалсафа доктори ва доцентлар фаолият кўрсатишаётган бўлса, 200 дан ортиқ ёш олимлар ва 500 дан зиёд иқтидорли талабалар илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда. Айни пайтда университетимизнинг 68 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 91 та магистратура мутахассислиги бўлиб уларда 23 мингга яқин талабалар таҳсил олмоқдалар. Университет республикада Миллий рейтинг ташкил этилгандан буён доимий етакчиликни қўлдан бермай келмокда.
Дунёга бўй кўрсатаётган ЎзМУ 45 дан ортиқ давлатларнинг 100 дан зиёд олий таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Чунончи, айни пайтда хорижнинг нуфузли университетлари, жумладан М.В.Ломоносов номидаги Москва Давлат университети, Қозон Федерал университети, Белоруссия давлат университетининг А.Сахаров номидаги халқаро Экология институти, Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети, Холон (Исроил) Технологиялар институтлари билан 12 та қўшма таълим дастурлар бўйича талабалар дунёвий илмларни пухта эгаллашмоқда.
Жаҳондаги энг нуфузли олий таълим муассасалари билан тобора бўйлашиб бораётган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг илм ва маърифат йўлидаги истиқболли йўли шу тариқа самарали давом этаверади деган умиддамиз.
Шуҳрат ТОШМАТОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
Ўқув ишлари бўйича проректори,
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати
______________________________________
[1] https://blog.globalacademyjobs.com/the-worlds-first-university-was-founded-by-a-woman/
Сўнгги фикрлар