«Муносабат» ток-шоуси Она тилимизга бағишланди

“Ўзбекистон” телеканалининг 2017 йил 20 октябрь куни соат 18.30 дан

19.30 гача намойиш этилган тўғридан-тўғри жонли эфири жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган эди.

22780514_1979784082264321_895664036609708816_n

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қуддус Аъзам бошловчилик қилган мазкур кўрсатувда академик Бахтиёр Назаров, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, адабиётшунос олимлар Нурбой Жабборов, Зулхумор Холманова, Омонулла Мадаев ва бошқалар она тилимизни асраб-авайлаш учун бир пайтлар фаолият кўрсатган нуфузли муассасалар – республика “Атамалар қўмитаси”, “Тил комиссияси”га ўхшаш, яъни, улар фаолиятини давом эттиришга мўлжалланган тузилмаларни қайтадан ташкил этиш ғоясини илгари сурдилар.
Кўрсатувда фаол иштирок этган таниқли сўз устаси Раҳимбой Жуманиёзов ўз таассуротларини қуйидагича ифода этди:
– «Муносабат» ток-шоусининг навбатдаги сони Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланди. Тўғри, 21 октябрдан бир ҳафта олдин тил мавзуси ОАВдан тортиб турли идора, таълим муассасалари ва жамоа корхоналарида ташкил этиладиган маънавий-маърифий тадбирларгача бош мавзуга айланади.
Ўша санадан бир ҳафта ўтгандан кейин яна ўз ҳолича қолаверади…
Ғалла ўрими, пахта йиғим-терими мавсумий масала, лекин тил сиёсати мавсумий мавзу эмас. Ҳар дамда, ҳар қадамда, оилада, уйда, кўча кўйда, маҳаллада, жамоа корхонасида, аудиторияда бўлсин ундан фойдаланамиз, унга эҳтиёж сезамиз. Афсуски, оғзаки ва ёзма нутқимиз, кўчаларда ва идора пештоқларидаги битикларимиз у қадар ижобий эмас. Турли хил тиллардаги ёзувлар, реклама йўсинидаги алламбало битиклар, имловий нуқсонларга тўлиб ётган чақирув ва шиорларга қараб, наҳотки, маънавиятимиз, саводхонлигимиз шу даражада пасайиб кетган бўлса, дея таажжуб ва хавотирга тушамиз.
Мен кўрсатувда шулар хусусида сўзлай туриб, ушбу ҳақиқатни ҳам эътироф этдим. 1996 йилда ЎзФАнинг тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим сифатида ишлардим ва Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилардим. Маънавиятнинг илк шарти саводхонлик эканини амалда тўла намоён этган инсон ўша пайтда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими вазифасида фаолият юритган Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев эдилар. Буни асло, комплимент сифатида айтаётганим йўқ. Уларнинг ташаббуси билан республика маънавият ва маърифат марказининг Мирзо Улуғбек туман бўлимида жамоатчилик асосида фаолият юритганман. Туманимиз ҳудудида мавжуд бўлган барча идора ва ташкилотларнинг муҳр ва тамғаларини лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказишни ва имловий жиҳатдан бехато ёзиб беришни зиммамга юклагандилар. Ҳокимлик биносининг биринчи қаватидаги 6-хонада ўтирган ҳолда ана шу вазифани бажарганман. Мен бехато эканлигига кафолат бериб имзо қўйганимдан кейингина ички ишлар бўлимига муҳр ва тамға тайёрлаш учун рухсат бериларди.
Айтмоқчиманки, ҳар бир туман ҳокимлигида “саводхонлик маркази” очилиши зарур. Бу эса маънавиятимизнинг муҳим белгиси бўлган саводхонлигимизни сақлаб қолиш ва оширишга замин ҳозирлайди. Сэс ёхуд ёнғин хавфсизлиги бошқармаси каби қатор муассасалар томонидан давлат стандарти белгиланган. Хўш, шундай экан, нега адабий тил меъёрларини бузиб ифода этувчиларга жарима белгиланмайди? Тоза масаллиқдан тайёрланмаган таом билан одам заҳарланиши аниқ. Турли иштибоҳ ва хатоликларга йўл қўйган матбаа ва нашриётнинг маҳсулотлари бутун халқнинг маънавиятига салбий таъсир этибгина қолмай, балки жаҳолатга юз тутишига сабабчи бўлмасмикан?
Шундай экан, саводхонлик миллатнинг қалбу қиёфатига дахлдор масала эканини унутмайлик. «Битта-иккита хато бўлса нима бўлибди, «Х» билан «ҳ»ни ўрни алмашибди, шу билан осмон узилиб ерга тушибдими” дейишни лозим кўрадиган лоқайд, бепарво, масъулиятсиз кишиларга айтадиган гапимиз бу: ҳар қандай кичик жиноят катта жиноятлар учун олдин туйнук, кейин эшик бўлади. Кичкина тешик катта кемани ҳам чўктиради.
Биз ҳам кўрсатув давомида айтилган айрим муаммолар ечимини илмий жиҳатдан ижобий ҳал этиш мумкинлиги ҳақида сўз юритишга ҳаракат қилдик:
– Шаҳар кўчаларига реклама, эълон ва бошқа ёзувлар, кўргазмаларни жойлаштиришдан илгари уларнинг тақдимотини ўтказиш лозим. Унда тилшунос олимлар, ўқитувчилар ва бошқа соҳа мутахассислари иштирок этишиб, хато-камчиликларини тузатишгач, исталганча кўпайтириб, жойлаштириш мумкин. Шунда бирорта имловий, услубий ё бошқа хатоликка йўл қўйилмайди…
Кўрсатув давомида она тилимиз дурдоналарини асраб-авайлаш юзасидан таклифлар ўртага ташланди ва уларнинг ечимлари ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Кўплаб телетомошабинлар смс орқали ўз муносабатларини билдириб турганлари кўрсатув янада жонли чиқишига хизмат қилди.
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *