Мусаввир талабалар
Сарлавҳамизни ўқиганларнинг кўнглидан гап – рассомчиликка ихтисослашган таълим муассасаси ҳақида бўлса керак, деган ўй кечса ажабмас.
Аслида гап – ўша таълим муассасалари талабаларидан асло қолишмайдиган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олаётган истеъдодли мўйқалам соҳиблари ҳақида бормоқда. ЎзМУ ташкил топганининг 99 йиллиги олдидан бу масканда ўтказилган “Олам ва одам ранглар инъикосида” мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда рассомчиликка қизиққан 30 нафарга яқин ёш мўйқалам соҳиблари иштирок этдилар.
Тадбирнинг очилиш маросимида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бундай анжуманлар талаба-ёшлар орасидан чинакам истеъдодлиларини кашф этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
– Чинакам иқтидорли, истеъдодли талабалар расм чизишга ҳам қизиқади,– дейди Ижтимоий фанлар факультети Этика ва эстетика кафедраси мудири Баҳодир Ҳусанов.– Бундай иштиёқ уларнинг маънавий камол топишига хизмат қилади. Талаба-ёшларнинг воқеликка нафосатдор қарашлари, тафаккур тарзи ранг-баранг мавзудаги расмларда ўз аксини топмоқда. Ёш мусаввирлар ижодида юртимиз жамоли, кундан-кунга чирой очиб бораётган Миллий университетимиз гўзал манзаралари акс этмоқда.
Моҳичеҳра Жумаева,
жамоатчи мухбир
Сўнгги фикрлар