Мустақиллик дарси. 1-мавзу

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика

факультети талабаларига илк машғулотлар — «Мустақиллик дарси»дан бошланади. Унда талабалар қуйидаги мавзуни ўқиб-ўрганадилар:

3

1 2 3

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги нутқини ўрганиш бўйича тайёрланган маъруза матни

 Режа:

  1. Глобал геосиёсий ўзгаришлар даврида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш.
  2. Янги Ўзбекистон концепциясини амалга оширишда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўрни ҳамда мамлакат янги ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари.
  3. Минтақалар халқларининг бирга сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконда ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечирганлари.
  4. Марказий ва Жанубий Осиё савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари.
  5. Ҳавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва ҳавф-хатарларга қарши курашиш. Минтақада “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари.
  6. Марказий ва Жанубий Осиёнинг илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш, дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш.
  7. Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш.
  8. Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш ва транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш.

 

  1. Глобал геосиёсий ўзгаришлар даврида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш.

 Марказий Осиё улкан геостратегик ва геоиқтисодий аҳамиятга эга минтақа. Бу ерда 74 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг тарихи ва маданияти, мамлакатларимизнинг иқтисодиёти ва инфратузилмаси боғланиб кетган.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига таянган ҳолда фаол ва прагматик сиёсат олиб бормоқда. Жумладан, кейинги йилларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тарихан қисқа муддат ичида Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди.

Президентимиз бир неча бор таъкидлаганидек, минтақа мамлакатлари олдида умумий саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдек бош мақсад турибди.Президентимиз таъкидлаганларидек: “Марказий Осиёда минтақавий яқинлашувнинг ҳозирги тенденцияси – тарихий воқелик. Сиёсат, хавфсизлик, барқарорликни сақлаш ва тараққиёт соҳаларида минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш қўшни мамлакатлар халқларининг туб манфаатларига жавоб беради, улар ўртасидаги биродарлик ришталарининг янада мустаҳкамланиши, Марказий Осиёнинг улкан иқтисодий ва цивилизацион салоҳиятини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади”.

Ўзбекистон раҳбариятининг қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик, дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган янгича ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик учун ишончли замин яратилди, шу билан бирга ўзаро манфаатли алоқаларни Осиёнинг бошқа давлатлари доирасида кенгайтиришда ҳам республикамиз фаол ташаббус кўрсатиб келмоқда.

Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Муаммолар ва имкониятлар» мавзусида олий даражадаги халқаро конференциянинг ўтказилганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.

Мазкур халқаро конференция замиридаги минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги очиқ ташқи сиёсий стратегияси доирасида илгари сурилди. Ушбу ғоя Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш орқали минтақамиз билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-цивилизацион йўналишларда тарихан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳудуд — Жанубий Осиёга чиқишни назарда тутади.

Форумдан кўзланган асосий мақсад Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничилик алоқаларини ҳар икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида ўзаро мустаҳкамлашдан иборат.

Юқори даражадаги мазкур конференция транспорт-логистика, энергетика, савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда “Марказий Осиё — Жанубий Осиё” форматидаги ўзаро манфаатли стратегик алоқа моделини кўп томонлама муҳокама қилиш учун сиёсий ва экспертлар майдонини шакллантиришга мўлжалланган. Тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг 250 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди.

Мажлис доирасида Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақалараро ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли намуналари, икки минтақани ўзаро боғлашга хизмат қиладиган истиқболли инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан:

— минтақалараро алоқани кучайтириш асносида Марказий ва Жанубий Осиё иқтисодиётини модернизация қилиш истиқболлари;

— Марказий ва Жанубий Осиёда транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари, шу жумладан мавжуд транспорт коридорларини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш;

— хорижий ҳамда халқаро молия ва инвестиция институтлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари;

— Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш соҳасидаги ҳамкорлик;

— таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, фан ва техника, экология, туризм соҳаларидаги ўзаро фаолият;

— янги хатар ва таҳдидларга қарши курашда, шунингдек, трансчегаравий инфратузилмалар хавфсизлигини таъминлашда минтақавий ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга савдо, инвестиция, транспорт, энергетика ва инновация, «яшил» технологиялар, аниқ лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, икки минтақанинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳамкорликни ошириш бўйича кенг қамровли фикрлар алмашилди ва таклифлар ишлаб чиқилди.

 

2.Янги Ўзбекистон концепциясини амалга оширишда  Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўрни ҳамда мамлакат янги ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда. Айнан мана шу жараён мен учун ислоҳотларимизнинг энг катта натижасидир. Чунки, мақсаднинг аниқлиги — ҳаракатлар самарасини таъминлайдиган энг муҳим мезондир. Агар биз бундан беш йил олдин қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатда ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг асосий хорижий шериклари ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалари янада кенгаймоқда.[1]

Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсат стратегиясининг асосий тамойиллари ва характерли хусусиятларини тизимли таҳлил қилиш бугунги кунда кўплаб мамлакатлар учун намунали модел бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган ташқи сиёсатининг чуқур ўйланган, айниқса, халқаро муносабатлар ишонч инқирозини бошдан кечираётган бир шароитда, мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг зарурлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ишлаб чиқилган мамлакат янги ташқи сиёсати  қуйидаги асосий тамойилларни ўз ичига олади.

Биринчидан, Ўзбекистон замонавий ташқи сиёсатининг ўзига хос хусусияти барча анъанавий ҳамкорлар, шунингдек, яқин ва узоқ хориж мамлакатлари билан муносабатлар қуришда прагматизмдир.

Иккинчидан, Ўзбекистон бугунги кунда мамлакат ташқи сиёсати фаолиятида кўп томонлилик тамойилини доимо илгари сурмоқда.

Учинчидан, мамлакат ташқи сиёсатда фаолликка таянади ва минтақада ва дунёда давом этаётган жараёнларнинг пассив кузатувчиси ролидан ўзини узоқлаштиради.

Тўртинчидан, янги стратегиянинг муҳим фарқловчи хусусияти очиқлик, айтиш мумкинки, ташқи сиёсат фаолиятини демократлаштиришдир.

Бешинчидан, яна бир муҳим тамойил-конструктивизм. Ўзбекистон ташқи алоқаларда, айниқса, қўшнилар билан алоқаларда миллий манфаатларга етарли даражада эътибор бермаслик узоқ муддатли самарани бермаслигига ишончи комил.

Олтинчидан, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ислоҳ қилинаётган ташқи сиёсатда устувор аҳамият касб этган яна бир тамойил-ташқи сиёсат фаолиятини инсонпарварлаштиришдир.

 

3.Минтақалар халқларининг бирга сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконда ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечирганлари.

Минтақалар халқларининг бирга сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконда ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечирганлари қуйидаги қатор хусусиятлар билан тавсифланади.

Биринчи хусусияти. Минтақадаги қадимий маданиятлар археологлар томонидан топилган кашфиётлар, бир томондан, уларнинг ўзига хослиги, иккинчи томондан, қўшни цивилизациялар билан яқин алоқаларини кучлилигини кўрсатади.

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё узоқ асрлар давомида халқлар ва цивилизациялар ўртасида фаол мулоқотга хизмат қилди.

Икки минтақанинг ўзаро яқин ҳамкорлиги натижасида янги билим ва фалсафий қарашлар, тиббиёт ва астрономия, жўғрофия ва математика, геодезия ва меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар, юксак маданий ва маънавий-маърифий қадриятлар кенг ёйилди.

Минтақаларимиз халқлари бир неча бор умумий давлатчилик тузилмалари таркибида, шу билан бирга, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконда ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечирганлар.

Иккинчи хусусияти. Ўрта Осиё минтақасида давлатчилик асослари шаклланди ва тарихда чуқур из қолдирган Хараппа цивилизацияси, Сўғдиёна, Бақтрия, Хоразм, Аҳамонийлар давлати, Юнон-Бақтрия ва Кушон подшоликлари, Туркий хоқонлик, Темурийлар ва Бобурийлар империялари пайдо бўлди.

Учинчи хусусият. Ривожланган инфратузилма минтақа халқларига азалдан қадимги Рим, қадимги Хитой (Буюк Ипак йўли) билан муваффақиятли савдо қилиш, Ҳиндистон билан савдода эса энг машҳур йўллардан бири қадимги Бақтрия (Буюк Ҳинд йўли) орқали юриш имконини берган.

Марказий ва Жанубий Осиё азалдан ишончли савдо йўллари билан боғланиб, Яқин Шарқ, Европа ва Хитой мамлакатлари учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган.

Интенсив савдо, миграция оқимлари, илмий ғоялар алмашинуви ва маданиятларнинг ўзаро таъсири Марказий Осиё ва қўшни Жанубий Осиё ўртасида яқин кўп қиррали алоқаларни шакллантирди.

Тўртинчи хусусият. Бу икки минтақа ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихи глобал  ривожланиш жараёнига сезиларли таъсир кўрсатди. Бу буюк маконни ҳақли равишда жаҳон цивилизациясининг энг қадимги бешиги деб ҳисоблаш мумкин.

Масалан, Ўрта Осиёнинг жануби-ғарбидаги энг кўп ўрганилган маданий ёдгорликлар қаторига Олтинтепа цивилизацияси киради. Археологларнинг топилмалари Олтинтепа цивилизациясининг Месопотамия яқин Шарқдаги қадимий давлатлар билан яқин алоқаларини кўрсатади.

Бешинчи хусусияти. Марказий ва Жанубий Осиё халқлари умумий маънавий — ахлоқий қадриятларга ега бўлиб, уларда энг буюк шоир ва мутафаккирлар-Юсуф хос Ҳожиб, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Абдурахмон Жомий, Мухаммад Хайдар, Махтумқули, Мирзо Голиб, Рабиндранат Тагор, Абай, Садриддин Айни ва бошқа кўплаб асарлар мужассамлашган.

Халқларимиз ўртасидаги ана шундай ўзаро қалин алоқалар жадал интеллектуал ва маърифий юксалишни таъминлади.

Бу жараён дунёга Чарака ва Сушрута, Брахмагупта ва Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний ва Форобий, Беруний, Ибн Сино сингари яна кўплаб етук олим ва мутафаккирларни етказиб берди.

Улар инсоният илмий ва фалсафий тафаккурининг бўлғуси ривожини бир неча аср олдиндан белгилаб бердилар.

Буюк олимлар – Абу Райҳон Беруний ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари тарихи, илм-фани ва маданиятининг чинакам энциклопедиясидир.

Бобур ўзининг фундаментал асари “Бобурнома”да қайд этганидек, “ўн олтинчи асрда Афғонистон ҳудуди орқали Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида турли моллар ортилган минглаб туялардан иборат карвонларнинг мунтазам қатновлари йўлга қўйилган”.

Унинг фармонига биноан савдо йўллари бўйлаб карвонсаройлар, қудуқ ва сардобалар бунёд этилган.Афсуски, тарихий вазият тақозоси билан ўн тўққизинчи асрга келиб, икки қўшни минтақанинг алоқалари узилиб қолди.Ўзаро зиддиятлар кучайиб, кескин можароларга айланиши туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўсиқлар пайдо бўлиб, чегаралар ёпилди.

Ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даври тугаб, унинг ўрнини қарама-қаршилик ҳамда ишончсизлик муҳити эгаллади. Бунинг салбий оқибатларини биз ҳозирги вақтда самарали трансчегаравий йўллар мавжуд эмаслиги, савдо-иқтисодий алоқалар яхши ривожланмагани ҳамда маданий-гуманитар муносабатлар салоҳияти тўлиқ ишга солинмагани мисолида ҳам сезиб, ҳис этиб турибмиз.

 

  1. Марказий ва Жанубий Осиё савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари

Маҳсулот ва хизматлар ҳамда инвестицияларнинг эркин ҳаракати учун, транспорт-коммуникация ва энергетика инфратузилмаларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ушбу масалалар ечимига амалий ҳисса қўшган бўлур эди.

Бунинг учун ота-боболаримиз мажлис ва қурултойлар, лойя жирға, васи мушаварат ва сабха каби йиғинларда тўпланганларидек, минтақадаги мамлакатлар ўртасида долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун инвестициявий ҳамкорлик ва кооперацияни чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича йиллик минтақалараро форум ўтказиш зарур.

Бундай мулоқотлар доирасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар янги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётлар салоҳиятини ривожлантириш ва уларнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган аниқ дастур ва лойиҳаларни уйғунлаштириш имкониятини беради.

Шунингдек, минтақадаги мамлакатлар ўртасида кўптомонлама Иқтисодий ҳамкорлик битимини тузиш масаласини қўшма экспертлик таҳлилидан ўтказиш зарур.

Ўзбекистонда кейинги йилларда очиқ ташқи сиёсатнинг фаоллашуви хорижий мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланишига муҳим пойдевор бўлмоқда. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар сезиларли даражада кенгайди, халқаро ва минтақавий долзарб муаммоларни ҳал этишда халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик кенг йўлга қўйилмоқда.

Президентимиз илгари сурган янгича ташқи сиёсат туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ҳамда транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун ишончли замин яратилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз ўзаро манфаатли алоқаларни Осиёнинг бошқа давлатлари доирасида кенгайтиришда ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда.

1-жадвал.

2020 йилда Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро
(товар билан) савдоси (млн.долл)

 

Марказий Осиё мамлакатлари Қозоғистон Қирғизистон Тожикистон Туркманистон Ўзбекистон Жами Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмасида ички ҳудудий савдо улуши (%)
Қозоғистон 796,2 791,4 128,0 2916,5 4632,1 5,5
Қирғизистон 794,1 37,3 11,8 341,3 1184,5 21,0
Тожикистон 909,7 36,8 7,8 333,8 1288,1 28,3
Туркманистон 145,9 8,0 12,2 440,3 606,4 4,5
Ўзбекистон 2856,3 878,6 360,6 342,4 4437,9 13,3
Жами 4706,0 1719,6 1201,5 490,0 4031,9 121149,0

 

Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудида 75,3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган бозор шаклланади. 2020 йилда минтақанинг умумий ялпи ички маҳсулоти ҳажми 291,1 миллиард долларни, ташки савдо айланмаси 142,5 миллиард долларни ташкил этди (1-жадвал).

Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти сўнгги йилларда 5-7 фоиз оралиғида юқори ўсиш суръатларига эга бўлди, ҳатто 2020 йилги коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироз даврида ҳам бу борадаги кўрсаткичлар фақат Қозоғистон ва Қирғизистонда салбий жиҳат касб этди. Жаҳон банки прогнозларига кўра, Марказий Осиё давлатлари 2021 йилда ЯИМ ўсишининг ижобий динамикасини тиклаш ва 2022 йилда ўсиш суръатини ошириш имкониятига эга бўлади.

2020 йилда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида умумий савдо айланмаси (хизматлар савдосидан ташқари) 12,2 миллиард долларни, умумий ташқи савдо айланмаси 145,5 миллиард долларни ташкил этди. Бундан ташқари, уларнинг умумий ташқи савдо айланмасида ички ҳудудий савдо улуши 8,4 фоизга тенг бўлди (2-жадвал).

 

2-жадвал.

Марказий Осиё мамлакатларининг ЯИМ ўсиш суръатлари динамикаси

 

(%) 2017 й. 2018 й. 2019 й. 2020 й. 2021 й. (прогноз) 2022 й. (прогноз)
Қозоғистон 4,1 4,1 4,5 -2,6 2,5 3,5
Ўзбекистон 4,5 5,4 5,6 1,6 4,3 4,5
Туркманистон 6,5 6,2 6,3 1,8
Қирғизистон 4,5 3,8 4,5 -8,6 3,8 4,5
Тожикистон 7,1 7,3 7,5 4,5 3,5 5,5

 

Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ички ҳудудий савдода иштирок этиш даражаси турлича эканини таъкидлаш лозим.

Масалан, минтақанинг умумий савдо айланмасига нисбатан улар ўртасидаги савдо ҳажмида Қозоғистон ва Туркманистоннинг улуши энг паст бўлиб, тегишлича 5,5 ва 4,5 фоизни ташкил этади. Тожикистон ва Қирғизистоннинг ички ҳудудий савдодаги иштироки энг юқори бўлиб, тегишлича 28,3 ва 21,0 фоиз атрофида бўлиб келяпти. Ўзбекистон 13,3 фоиз кўрсаткич билан ўрта ўринни эгаллайди.

Қозоғистон ва Туркманистон ташқи савдоси, асосан, МДҲ мамлакатларига (Европа, Хитой, Россияга) етказиб бериладиган углеводородларнинг экспортдаги устунлиги туфайли минтақавий бозорга камроқ эътибор қаратади ва импортнинг аксарияти ҳам шу мамлакатларга тўғри келади.

Марказий Осиё мамлакатлари товар экспортининг асосий қисми қазилма табиий бойликлар ва уларни бирламчи қайта ишлаш маҳсулотлари (барча товар экспортининг 70-80 фоизигача) булишига қарамай, улар бу борада ўзаро нисбатан анча кам даражада бир-бири билан савдо қилади.

Жумладан, 2020 йилда Тожикистоннинг умумий экспорт ҳажмида олтиннинг улуши 58,1 фоизни, Қирғизистонда 50,2 фоизни ва Ўзбекистонда 38,3 фоизга тенг бўлса, Қозоғистоннинг 66 фоизга яқин ташқи савдосини асосан Европа Иттифоқи мамлакатларига сотиладиган минерал маҳсулотлар ташкил этди. Туркманистон экспортининг асосий улуши ёки қарийб 70-80 фоизи табиий гази бўлиб, у асосан Хитойга йўлланади.

Шу боис, уларнинг учинчи мамлакатларга экспорти (нефть, газ ва қимматбаҳо металлар) ҳажмларини ҳисобга олмасак, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо улуши анча юқори бўлади. Бунда фойдали қазилмалар бўлмаган товарлар учун Марказий Осиё давлатлари минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларига жавоб берадиган ички ҳудудий савдо ҳажмини, айниқса, тайёр маҳсулотларни кўпайтириш учун катта истиқболга эга.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари минтақа доирасида савдо операцияларини амалга оширишда товарлар етказиб бериш учун энг қисқа масофаларга эга ва бу уларга транспорт харажатларини тежашда афзалликлар беради. Минтақада халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини ҳамкорликда яратиш эса экспорт маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб беришда транспорт харажатларини камайтиришга имкон яратади.

Таъкидлаш керакки, Марказий Осиё минтақасининг барча мамлакатлари экспорт ҳажмини ошириш ва уларнинг ташқи савдосини диверсификация қилиш, янги ташқи бозорларга чиқиш, шунингдек, янги транспорт йўлларини яратиш ва улардан фойдаланишдан манфаатдор. Иқтисодий ҳамкорликнинг самарали ташкил этилиши ҳар бир давлатнинг кенг кўламли ислоҳотларни ва демократик ўзгаришларни муваффақиятли руёбга чиқаришда, халқаро майдонда ўз нуфузини мустаҳкамлашда ва аҳоли фаровонлигининг ошишини таъминлашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши керак.Ушбу лойиҳа етакчи халқаро молия институтлари томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Бу темир йўл тармоғининг қурилиши ҳар икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа йўлни очиш, шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, ушбу трансчегаравий темир йўлни фойдаланишга топшириш Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг инклюзив иқтисодий ривожи учун мустаҳкам замин яратади.Мазкур темир йўл тармоғи Ҳинд-Ганг текислигини Таксила, Гандара, Термиз сингари тарихий шаҳарлар орқали Евроосиёнинг жанубий ҳудуди билан боғлаган, Уттарапатха номи билан маълум қадимги шимолий савдо йўлининг ўзига хос замонавий шакли бўлади.

Ҳиндистонни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган “Шимол – Жануб” транспорт коридори мана шундай трансминтақавий инфратузилмани ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишнинг ёрқин намунасидир.

Бундан ташқари, Трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳаси келгусида мамлакатларни Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа етакчи давлатлари билан боғлаши мумкин. Бу эса “Бир макон, бир йўл” ташаббуси мақсадлари билан ҳам уйғундир.

Замонавий ўзбек-туркман мулоқотида савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларига алоҳида эътибор қаратилган. Икки мамлакат Президентлари транспорт соҳаси иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканини бевосита таъкидламоқда. Туркманобод-Фароб авто ва темир йул кўприкларининг очилиши юксак баҳоланиб, Жанубий ва Марказий Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатларига транскавказ транспорт йўлаги ҳамда Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Умон халқаро транспорт йўналиши очилиши Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва Қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарур.

Бу жараёнга мамлакатларимиз ва БМТнинг ихтисослашган тузилмалари етакчи экспертларини кенг жалб этиш муҳимдир.

Замонавий иқтисодиётда ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва ахборот тизимлари бирлигида қуйидаги омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга:

  • замонавий ахборот технологияларига асосланган бизнес инфратузилмасининг мутлақо янги турини яратиш;
  • ахборот технологиялари ва маҳсулотларига инвестициялар улушининг кўпайиши, чунки ҳозирги кунда корхонанинг муваффақияти унинг ҳажмига эмас, балки тезлиги, мослашувчанлиги ва глобал тармоқлардан фойдаланиш қобилиятига боғлиқ;
  • замонавий алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда, компаниялараро ва уларнинг ичидаги алоқалар сонининг кўпайиши, иерархик тузилмалар аста-секин горизонтал тизимлар билан алмаштирилмоқда;
  • ахборот қурилмалари нархини кескин пасайиштиришга қаратилган якуний фойдаланувчилар учун ахборот маҳсулотлари ва хизматлари секторининг ортиши;
  • маҳсулотлар ва хизматларнинг электрон бозорларини жадал ривожлантириш;
  • халқаро бизнес юритиш шартларини эркинлаштирилиши натижасида глобал миқёсда ахборот оқими устидан давлат назоратининг камайиши;
  • янги фаолият турларининг вужудга келиши ва янги иқтисодиётда талаб қилинадиган мутахассислар номенклатурасининг ўзгариши.

Рақамли платформаларнинг ривожланиш соҳасидаги ёрқин мисоллардан бири сифатида Алибаба электрон савдо тизимига эга бўлган Хитой компаниясини келтириб ўтиш мумкин. Ундан фойдаланиш тажрибаси шуни кўрсатадики, маълумотлар тўплаш жараёни иқтисодиётнинг турли секторларига экспансия учун ўта рақобатли устунликлар яратади. Алибаба бу – оддийгина рақамли платформа эмас, балки платформалар экотизимидир. Тушунарлики, бундай экотизим қудрати алоҳида платформалар кучидан катта бўлади. Ҳатто АҚШ ҳам ҳозирги кунда бу пойгада ютқазмоқда, чунки у ерда турли платформаларни интеграция қилишга тўғри келади, Хитойда эса бу соҳада ривожланиш самарадорликни ошириш ҳисобига – бир платформадан бошқа платформага қараб ўтиш аста-секинлик билан рўй берди.

Экотизимларнинг ривожланишига қуйидагилар таъсир этади:

  • Инвестицияларнинг ўсиши;
  • Маълумотларни сақлаш тизимларини такомиллаштириш;
  • Интернетга боғланиш тезлигини ошириш;
  • Сунъий интеллект соҳасидаги ишлар;
  • Гиперконвергент бозор инфратузилмасинин ривожланиши;
  • Булутли хизмат кўрсатишни ўсиши (IaaS).

Рақамли трансформация манфаатдор томонлар томонидан қўллаб-қувватланади:

  • давлат томонидан – соҳани тартибга солиш, нормалар ва тартиб-қоидаларни белгилаш, қўллаб-қувватлаш чораларини таъминлаш нуқтаи назаридан, шунингдек, рақамли парадигмага ўтиш учун ишлаб чиқариш лидерларини рағбатлантириш;
  • иқтисодиёт тармоқларининг етакчи корхоналари томонидан – экспертлар ҳамжамиятини бирлаштириш, маълумот алмашиш доирасида ривожланиш учун ресурслар ва уларга киришда рақамли хизматлар, стандартлаштириш, ишонч ва хавфсизлик даражасини таъминлаш;
  • инновацион компаниялар томонидан – янги рақамли хизматлар ва истеъмолчиларга мўлжалланган маҳсулотлар пайдо бўлишининг асосий драйвери сифатида кўриш.

Сўнгги вақтда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жадал ўсиб бораётгани, дунёнинг баъзи минтақаларида аҳоли кескин озиқ-овқат тақчиллигини бошидан кечираётгани кузатилмоқда.

Бундай таҳдидларни бартараф этиш бўйича Дастур ишлаб чиқиш учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) шафелигида мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиш муҳимдир.

Мазкур ҳужжат ишлаб чиқариш кооперацияларига оид лойиҳаларни амалга ошириш, илғор технологияларни татбиқ этиш, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва тегишли тадқиқотлар ўтказиш каби вазифаларни назарда тутиши зарур.

  1. Ҳавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва ҳавф-хатарларга қарши курашиш. Минтақада “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари.

 

Терроризм, экстремизм, трансмиллий, хусусан, кибермакондаги жиноятчиликка қарши фақат биргаликда самарали кураш олиб бориш мумкин.

Бу борада дастлабки қадам сифатида БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси иштирокида Гиёҳвандликка қарши қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш зарур.Кучларни бирлаштириш зарур бўлган асосий йўналишлардан яна бири – терроризм ҳавфига қарши курашдир.

Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча мамлакатларида жадал саноат ва демографик ўсиш жараёни глобал иқлим ўзгаришлари шароитида юз бермоқда.Бундай вазиятда сув ресурслари тақчиллиги, атроф-муҳит ва атмосферанинг ифлосланиши, тупроқ қатламининг емирилиши ва чўлланиш барчамизга дахлдор муаммолар ҳисобланади.

Тобора умумбашарий тус олиб бораётган Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият экологик таҳдидларнинг ўта салбий таъсирига яққол мисол бўла олади. Бу фожианинг оқибатларини юмшатиш, келгусида инсониятни бундай офатлардан огоҳ этиш учун барча чораларни кўриш керак. Бу борада табиат билан уйғун бўлишга интилиб яшаган аждодларимизнинг тажрибасига таяниш зарур.

Рақамли режимга ўтиш учун очиқлик ва жамоатчиликнинг иштироки принципиал жиҳатдан муҳимдир ва рақамли саноатнинг экотизимларини шакллантириш рақамли иқтисодиётнинг асосий ечимига айланмоқда. Рақамли саноатнинг экотизими – бу рақамли хизматларнинг инновацион ривожланиши ва тарқалиши учун шарт-шароитларни таъминлайдиган муҳит, рақамли маҳсулотлар, дастурлар ва қурилмалардан иборат.

Экотизимни яратиш нафақат ташкилий, балки технологик жараёндир. Чунки айнан рақамли технологиялар экотизим иштирокчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларни автоматлаштиришга, бизнесни глобал миқёсда кенгайтиришга имкон беради. Гартнер, Инc. (NYSE: IT) – етакчи глобал тадқиқот ва консалтинг компанияси – ҳар қандай бизнесни активлари, жараёнлари ва функционал бўлинмалари ёпиқ тизим сифатида эмас, балки ташкилотдан ташқарида ҳам очиқ чегаралари бўлган платформалар тўплами сифатида кўриб чиқишга чақиради. Ҳозирги ривожланаётган технологик йўналишлар бешлигида «экотизим кучи» иккинчи ўринни эгаллайди.

Экотизимдаги муносабатлар ва алоқалар комплекси нафақат бизнеснинг муваффақиятига, балки инсон атроф-муҳити ҳолатига, инсоннинг ушбу муҳитни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш қобилиятига ҳам таъсир қилади. Ушбу таъсир комплекси бизнес экотизимининг институционал хусусиятини ўз ичига олади. Шу сабабли, ташкилий ҳодиса – бизнес экотизими – ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги, технологик хавфсизлиги ва касбий лаёқат нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.

 

  1. Марказий ва Жанубий Осиёнинг илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш, дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш.

Машҳур сайёҳлик брендларини, янги ва қулай сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини, жумладан, қизиқиш тобора ортиб бораётган “зиёрат туризми”ни ривожлантириш, вакцинация бўйича ўзаро тан олинган сертификатлар асосида “Янги шароитдаги туризм” концепциясини кенг жорий этиш зарур.

Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти доирасида Марказий ва Жанубий Осиё бўйича халқларнинг тарихий ва маданий меросини оммалаштиришга қаратилган Дастур ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда, Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” мавзусида халқаро форум ўтказиш зарур.

Минтақадаги мамлакатлар аҳолисининг катта қисмини ташкил этадиган ёшларни жалб этган ҳолда, таълим ва илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш устувор аҳамият касб этмоқда. Ёшлар –бебаҳо бойлик эканини яхши англаймиз.

Мамлакатлар ва халқларнинг тақдири ва келажаги – айнан ёш авлоднинг қандай таълим ва тарбия олиши, улар учун қандай шарт-шароит ва “социал лифт”ларни яратиб берилишига бевосита боғлиқ. Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш зарурдир.

Биргаликда қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларини, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш зарур. Шу муносабат билан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратиш зарур.

Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё халқаро институти қошида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчиларидан иборат Экспертлар кенгашини тузиш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиш зарур.

Резолюция лойиҳасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари минтақавий боғлиқлиги бўйича юқори даражадаги доимий форумларни мунтазам ўтказиб боришга тайёрликни акс эттириш ҳам мақсадга мувофиқдир.

  1. Марказий Осиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш.

Давлат ва жамиятнинг барқарор тараққиётини белгилайдиган сиёсий жараёнлар ўз-ўзидан шу мамлакат ички ва ташқи омиллари билан бевосита боғлиқдир. Айнан шу омиллар ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этмагунча, ривожланмагунча, инсон феномени, унинг тақдири, миллий манфаатлар, миллий ва диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик масалалари бир ёқлама, ёки бўлмаса, юзаки қарашлар гирдобида қолиб кетади. Шу маънода Ўзбекистон жамиятида ҳам минтақавий масалаларни ривожлантириш, ўзаро қўшничилик алоқаларини ривожлантириш, бир макон – муштарак мақсад сари қадриятлар ва манфаатлар ягоналигини эътироф этиш борасида охирги беш йилликда Марказий Осиё мамлакатлари билан самарали ва кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларига кенг тус берилди.

Маълумки, жаҳон мамлакатлари ўртасида юз бераётган савдо-иқтисодий муносабатларнинг замонавий тенденциялари – халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашув имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини чуқур тадқиқ этиш зарурлигини долзарб масалага айлантирмоқда. Бундай шароитда миллий иқтисодиётлар олдида жаҳон ҳамжамиятига самарали интеграциялашувни чуқурлаштириш орқали ташқи иқтисодий сиёсатни доимий такомиллаштириб бориш вазифаси туради.

Минтақавий ҳамкорликнинг асосий тамойилларига: а) тенглик; б) ихтиёрийлик; в) ўзаро ишонч ва ҳурмат; г) миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик; д) ички ишларга аралашмаслик тамойилларини киритиш мумкин. Минтақавий ҳамкорлик мураккаб тарихий жараён сифатида иқтисодий, маданий, ижтимоий, сиёсий ҳамкорлик тизимидан иборат бўлиб, улар ўзаро чамбарчас боғланган.

Мазкур ташрифлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро манфаатли бўлган глобал масалалар бўйича қарор қабул қилинди: хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва экология соҳаларида.

Авазада ташкил этилган навбатдаги учрашув ўзининг умумий сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугун минтақамиз яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиб бораётгида ҳам ўз мазмунини акс этади. Янгисиёсий муҳитни шакллантиришда Олий даражадаги мунтазам учрашувлар минтақанинг бетакрор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан қабул қилинган 2017–2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Албатта, ушбу йўналишдаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш кўп жиҳатдан Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга боғлиқ.

Стратегия доирасида олиб қарайдиган бўлсак, 2017 йилнинг ноябрь ойида мамлакатимизда, Самарқанд шаҳрида БМТнинг шафелигида ташкил этилган «Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш» масалаларига қаратилган халқаро доирадаги конференцияда ҳам минтақада хавфсизлик масалалари, ижтимоий-маданий ва сиёсий жабҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида стратегик муҳим дастурлар қабул қилинади.

Охирги беш йилликда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи товарлар айланмаси динамик тарзда ўзгариб турганлигини кўриш мумкин бўлади. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида умумий товар айланмаси йилда 2016 йилда 24232,2 млн. АҚШ долларини, 2017 йилда бу харажатлар 26566,1 млн. АҚШ долларини, 2018 йилда – 33815,3 млн. АҚШ доллари, 2019 йилда – 41751 млн. АҚШ доллари, 2020 йилда – 36299,3 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 10322,4 млн. АҚШ долларини ташкил этган.

Яъни, 2021 йилнинг январь-апрель ойлари якунларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларига экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоиз ошди. Шу даврда Ўзбекистоннинг умумий экспортида Марказий Осиё давлатлари улуши сезиларли – 19,9 фоиз ошди, яъни экспортнинг деярли бешдан бир қисми минтақа мамлакатларига тўғри келди.

Шунингдек, давлатимизнинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорт динамикаси ҳам йилдан йилга ижобий аҳамият касб этиб бормоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси таҳлилларига кўра, бу минтақалардаги умумий экспорт ҳажми 2016 йилда – 12094,6 млн. АҚШ доллари, 2017 йилда – 12553,7 млн. АҚШ доллари, 2018 йилда – 14257,9 млн. АҚШ доллари, 2019 йилда 14758,7 млн. АҚШ доллари, 2020 йилда – 15127,7 млн. АҚШ долларини ва 2021 йил биринчи чорагида эса 3482 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Минтақа мамлакатлари ўта хавфли эпидемия бўлган COVID-19 пандемиясининг иқтисодий-ижтимоий оқибатларини имкон қадар енгиб ўтишга бел боғлаган бир шароитда ўзаро узоқ муддатли ҳамкорлик ва минтақавий муҳим соҳаларда интеграциялашув ва барқарорликни таъминлаб бориш долзарб, ва қолаверса, стратегик аҳамиятга эга бўлган масала эканлигини ҳис қилмоқда, етарли чораларни кўришга интилмоқда.

Мисол учун, агар ўтган йилга назар ташлайдиган бўлсак, Марказий Осиё мамлакатларига қарийб 150 миллион долларлик енгил автомобиллар экспорт қилинган, бу эса барча автомобиллар экспортининг 85 фоизидан ортиқдир. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига экспорт қилиш ҳажмини янада ошириш истиқболлари улкан. Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда минтақа давлатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 142,6 миллиард долларни ташкил этди, шундан 12,7 миллиард доллари ёки 8,9 фоизи ички минтақавий савдо улуши ҳисобланади.

Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муҳим бўлган масалалар, кенг кўламли ва узоқ муддатли лойиҳалар, шериклик дастурлари марказида – инсон, унинг шаъни ва жамиятдаги фаоллиги масаласи ётади. Агар минтақа маданияти, тили, урф-одатлари, тарихий генизисига назар ташланса, улардаги мавжуд имкониятлар ва яратилган ижтимоий-маданий, иқтисодий-сиёсий мезонлар муштараклик ҳосил қилиб келган. Шу омилларни ҳисобга олганда, мақсад ва талаблар, стратегик режалар ҳам ягона макон, ягона ҳудуд, ягона истакдан келиб чиқади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлиги, олий даражадаги бундай учрашувлар мунтазамлик тусини олаётгани минтақамизнинг ноёб ва улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга имкон яратаётганлиги борасидаги фикр таъкидланди.

Д.Аҳроровнинг таҳлилига кўра: Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 90 фоизи суғорма деҳқончилик учун ишлатилмоқда. Сув қишлоқ хўжалигининг асоси ҳисобланади ва бу тармоқ Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим роль ўйнайди, чунки қишлоқ хўжалиги соҳаси бу мамлакатлар ЯИМнинг 10 фоизидан 45 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Келажакда Марказий Осиёда сув манбаларининг камайиб бориш тенденцияси рўй бериш эҳтимоли мавжуд.

Бугун Ўзбекистон жамияти илгари сураётган ташаббуслар, янги ғоялар фақат ўзининггина эмас, балки қўшни ҳудудлар, қардош халқлар маданияти, урф-одатлари ва ижтимоий характерини уйғунлаштириш масаласи эканлигини, яқин қўшнилик асосларини мустаҳкамлаш стратегияси ётганлигини Марказий Осиё мамлакатлари юқори баҳоламоқда ҳамда ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамламоқда. Бу эса, ўз навбатида, минтақий ижтимоий-иқтисодий интеграциялашув масалаларини юқори босқичга кўтаришга муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Иқлим ўзгариши — глобал таҳдид сифатида намоён бўлаётганлиги сабабли жаҳон ҳамжамияти ушбу муаммони инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. Ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик мамлакатлар иқлим ўзгариши борасидаги ҳаракатлар учун катта миқдорда ресурсларни мобилизация қилишларига тўғри келади. Чунки, иқлим ўзгариши табиий офатларнинг кучайиши каби ва бошқа олдиндан аниқ айтиш қийин бўлган бошқа кўпгина оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Марказий Осиё давлатларида саноатлаштиришнинг жадаллашиб бориши ва аҳоли сонининг кескин ортиб бориши ҳамда иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада ошиши жараёнларида “яшил иқтисодиёт” принципларини ривожлантириш нафақат маълум бир давлатни, балки бутун минтақани барқарор ривожлантириш имкониятларини беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Экологик кодекс лойиҳасининг ишлаб чиқилганлиги, унинг қабул қилиниши экологик қонунларни яхлит бир қонунда умумлаштириш имконини беради. Шунингдек, сўнги 3-4 йил ичида Орол денгизининг қуриган тубидаги 2 млн. ер майдонида ўрмонлаштириш ишларининг хамда “яшил ҳудудлар” ва “яшил белбоғ”ларнинг барпо этилиши Конвенция ижросининг амалий тадбирларидир.

Таъкидлаш жоиз, бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача иқлим ўзгариши бўйича стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Стратегия асосида ишлаб чиқиладиган “Йўл харитаси” мамлакатимизда иқлим ўзгаришларига мослашиш борасида манзилли чора-тадбирларни мақсадли амалга ошириш имконини беради.

Халқаро миқёсда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди, яъни Оролбўйи минтақаси экологик инновация ва технологиялар ҳудуди этиб белгиланган.

“Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммитида “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириши Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ экани, шу муносабат билан “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш борасида чоралар кўрилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Келгуси йили “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказиш, шунингдек, “яшил” истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида “яшил” иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.

“Яшил” истеъмол маданият авваломбор, экологик масъулиятни ҳис этган ҳолда юриш-туриш, таббиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш мақсадларида ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини ривожлантиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу ҳислатларни эса, инсоннинг ёшлигидаёқ онгида сингдириш ўз самарасини бера олади. Шу сабабли экологик маданият, таълим-тарбия борасида ҳам ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам кенг мухокамалар мавзуси бўлди. “Яшил» иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурнинг амалга оширилиши экологик маданиятни юксалтиришга имкон беради.Ушбу чора-тадбирларнинг давлат дастурлари асосида амалга оширилиши эса, минтақада барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг маълумотларига кўра 2017 йилда жаҳонда 82 млн киши сурункали озиқ-овқат етишмовчилиги муаммосига дуч келган. Дунёда тўйиб овқат емайдиган кишилар сони охирги йилларда кетма-кет ошиб бормоқда. Осиёнинг қарийб ярим миллиард аҳолиси озиқ-овқат етишмаслигидан азият чекади. Масалан, Бангкокда 6 ойликдан 2 ёшгача бўлган ҳар учинчи бола тўйиб овқатланмайди.

Бутун дунёдаги қашшоқ аҳолининг аксарият қисми қишлоқларда яшайди. Қишлоқ аҳолиси сув таъминоти, санитария, электр ва соғлиқни сақлаш каби ҳаётнинг энг асосий неъматлари етишмовчилиги ёки умуман йўқлигидан ҳам азият чекади.Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқот институти (IFPRI) тақдим қилган “Глобал озиқ-овқат сиёсати-2019” ҳисоботида ана шу фактлар баён этилган. Институт 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти – дунёда қашшоқликни камайтириш, очлик ва тўйиб овқатланмасликни тугатиш учун стратегиялар ва ечимлар ишлаб чиқишдир. Институтнинг минтақавий ва мамлакат дастурлари дунёнинг кўплаб давлатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат билан мунтазам равишда таъминлаш стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим рол ўйнайди. Ушбу муаммоларни ҳал этишга ташаббуслар минтақада сезиларли даражадаги ижтимоий-иқтисодий тараққиётга умид бағишлайди.

Агар Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари минтақавий интеграция, ўзаро савдо ва хусусий секторни ривожлантириш учун шароитлар ярата олса, минтақада иқтисодий ривожланиш билан бирга, маҳаллий аҳолининг янада рақобатбардош ва соғлом бўлиш, тўлақонли (баланслашган) овқатланиш имконияти ҳам ошади.

Минтақа аҳолисининг 60%дан ортиғини ёшлар ташкил этишидан келиб чиқиб, ёшлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш катта аҳамиятга эга. Минтақаёшлари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қиладиган Марказий Осиё ёшлар Ассоциациясини тузиш минтақавий ҳамкорлик истиқболини белгилайди.

Марказий Осийода барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналиши – экстремистик ғояларга қарши қатъий курашишдан иборатдир. Кўпинча ҳаётга энди қадам қўяётган ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда. Марказий Осиё – аҳолининг ёши бўйича энг “ёш” минтақалардан биридир: бу ерда аҳолининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади ва бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан анча юқоридир. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда Нью-Йоркда бўлиб ўтган сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу ташаббусларни Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари қўллаб-қувватлагани ёшлар ўртасида радикал қарашлар тарқалишининг олдини олиш, тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтаришга тайёрлигимизнинг амалдаги яққол ифодаси сифатида намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилга ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари, 2030 йилгача мўлжалланган «Ёшлар стратегияси», Ёшлар манфаатлари бўйича бутунжаҳон ҳаракатлар дастури, 2020 йил декабрь ойида ташкил этилган «Ўзбекистон ёшлари» форумида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Жаҳондаги глобаллашув жараёнлари, инновацион жамиятга бўлган эҳтиёж, фан-техника тараққиёти ёшлар учун кўплаб имкониятлар яратиши билан бир қаторда, уларнинг олдига тезкор қарорлар қабул қилиш, инновацион тафаккурни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш каби кўплаб талабларни қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2017 йилдаги 72-сессиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Конвенция лойиҳаси ёшлар сиёсати бўйича миллий ва хорижий экспертлар, соҳа мутахассислари, халқаро ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар ҳамкорлигида пухта ишлаб чиқилиб, 2017 — 2020 йилларда ўтказилган турли халқаро форум ва конференцияларда кенг муҳокама қилинди.

Марказий Осиё дунёдаги энг ёш минтақа бўлиб, аҳолисининг ўртача ёши 27,6 ёшни ташкил этади. Минтақа аҳолисининг 50 фоизга яқини Ўзбекистон Республикасига тўғри келади. Концепция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ёшлар — 2030» стратегиясида белгиланган «Ёшлар манфаатларини кўзлаб, улар билан ишлаш» бош тамойилига асосланади.

Концепция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ёшлар парламентлари, Ёшлар комиссияси, ёшлар ташкилотлари, ёшлар сиёсати бўйича миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фаол ёшлар ва бошқа кенг илмий доиралар ва жамоатчилик вакилларининг муҳокамалари, таклиф ва тавсиялари асосида ишлаб чиқилди.

БМТнинг 2015 йил қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал кун тартибида туризмга иқтисодиётнинг мамлакатлар барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган асосий тармоқлардан бири сифатида муҳим аҳамият қаратилган. Хусусан, туризм янги иш ўринлари яратиш, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ортиши, савдо ва экспортнинг ўсишига таъсир кўрсатади ҳамда дунёдаги маданий хилма-хилликни сақлашга ёрдам беради.

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (БМТ ЖСТ) маълумотига кўра, туризм соҳасидан келаётган йиллик даромад жаҳон экспортининг қарийб 7 фоизи ва жаҳон ЯИМнинг 10 фоизини ташкил этмоқда. 400 тармоқни қамраб олган туризм йилига 1,5 триллион доллардан зиёд даромад келтираётган соҳа сифатида сўнгги йилларда дунё миқёсида барқарор ўсишни кўрсатаётган ягона тармоқдир.

Давлатимиз раҳбари амалдаги транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини, шу жумладан Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларини имкон қадар тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга чақирди. Президентимиз Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди. Шунингдек, туризм маҳсулотларининг бутун доирасини қамраб оладиган “Бир саёҳат – бутун минтақа” қўшма дастурини амалий рўёбга чиқаришга киришиш ғоясини илгари сурди.

Туризм соҳасидаги ўзгаришлар миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири бўлиб, у ҳудудларнинг жадал ривожланишини таъминлай олади. Таҳлиллар соҳага тегишли асосий кўрсаткичларнинг ижобий динамикасини кўрсатди. Хусусан, 2016-2019 йиллар оралиғида Ўзбекистонга ташриф буюрган халқаро сайёҳларнинг сонида сезиларли ўсиш кузатилди. Солиштириш учун, 2016 йилда мамлакатга 2 миллион чет эллик сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 3,3 баробарга кўпайиб, 6,7 миллионга етди.

2018 йилда чет эллик сайёҳлар сони 2017 йилга нисбатан 98%га, сайёҳлик фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар сони эса 131%га кўпайди. Эътиборли жиҳати шундаки, сайёҳлар сонининг ошиши турли ҳудудларда турлича рўй бермоқда. Мисол учун, Марказий Осиё мамлакатларидан ташриф буюрганлар сони йиллик ўртача 22-25 фоиз атрофида кўпайган бўлса, узоқ хорижий мамлакатлар фуқаролари орасида йиллик ўсиш 50 фоизни ташкил этди.

Жаҳон туризм ва сайёҳлик кенгаши маълумотларига кўра, 2019 йилда туризм ва сайёҳлик соҳасининг жаҳон ялпи ички маҳсулотига бевосита ва билвосита қўшган ҳиссаси 8,9 триллион (жаҳон ЯИМнинг 10,9 фоизи) долларга тенг бўлган. Дунё бўйлаб ҳар ўн киши туризмга алоқадор соҳаларда фаолият олиб борган.

Пандемиянинг бошланиш нуқтаси 2019 йилда кўрсатилган туристик хизматларнинг умумий ҳажми 1,5 млрд. доллардан ошган бўлса, экспорт кўрсаткичлари 1,3 миллиардга етиб, умумий хизматлар экспортининг 38,2 фоизини ташкил этди ва 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилиш орқали аниқ натижаларга эришилди:

Бизнинг минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради. Евроосиёнинг “юраги”да жойлашган минтақамиз Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприк бўлиб, Россия ва Хитой цингари йирик давлатлар билан чегарадошдир. Минтақамиз табиий ресурсларга бой, бу ерда кўплаб мамлакатлар ва бутун минтақалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳияти мавжуд. Айни пайтда Марказий Осиёда қудратли давлатларнинг манфаатлари кесишмоқда, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган барча салбий жараёнлар таъсирини ҳис этмоқда.

Бугун мамлакатнинг етакчи ғоявий ташкилоти саналган Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида миллий ғояни кенг тарғиб этиш, бунёдкорлик руҳини ялпи ижтимоий ҳаракатга айлантириш мақсадида “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маънавий ва маданий ҳамкорликнинг долзарб масалалари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикасига ташрифи чоғида қилган маърузаларида “Маданий-гуманитар алоқалар ва маънавий қадриятлар ҳамдўстлик мамлакатларини ҳамиша бирлаштириб келаётган кучдир”, дея таъкидладилар.

Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолиятида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро маданий-гуманитар ва маънавий-маърифий алоқаларни янада юқори даражага кўтаришга қаратилган муҳим тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон республикаларининг Ўзбекистондаги элчихоналари масъул ходимлари иштирок этиб, бундай учрашувларни тез-тез ташкил этиш ҳамда “Халқ дипломатияси” механизмини янада кучайтириш борасида ўзларининг таклиф ва тавсияларини беришди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган бир қатор муҳим ташаббуслар қаторида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё  жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббус алоҳида муҳим аҳамиятга эгадир.

 

8.Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш ва транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш.

Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирувчи асосий омиллардан бири жараёнда иштирок этишдан манфаатдорлик ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида қайд этганидек: «Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир»[2]

Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлик жараёнларидан манфаатдор. Унинг манфаатлари минтақа манфаатларига мутаносиб. Ўзбекистон ташқи сиёсатда прагматик сиёсат олиб бориб, минтақавий ҳамкорлик жараёнлари ривожига хизмат қилаётган бўлса, ички сиёсатда бозор иқтисодига асосланган демократик жамият қуриш учун одимламоқда; бугунги мураккаб даврдаҳамкорлик учун рақобат ва зиддият эмас, муштараклик ва тўлдирувчанлик муҳимроқ.

Шу билан бирга минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш асослари сифатида энергия захираларини, жумладан газни хорижга сотишда ва қайта ишлашда Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон, ўртасида ҳамкорликни кучайтириш истиқболли эканлиги илгари сурилади. Бу уларда газ захираларининг кўплиги билан асосланади.

Бунинг учун биринчидан, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон минтақавий газ форумини тузиш, ўзаро фаолиятларни айнан ана шу орқали мувофиқлаштириш ва келажак стратегиясини ишлаб чиқиш зарур. Уни ташкилот эмас форум деб номланишида ўзига хослик бўлиб, унда уюшиш ва ихтиёрийлик устуворлик қилади. Президентимиз таъкидлаганидек, муносиб келажакни таъминлаш учун асосий вазифаларимиздан бири савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратишдир[3]

Минтақавий газ форуми тузилса, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Ғарбга газ қувурларини тортиш орқали коммуникация тизимини шакллантириш ҳамда келгусида Буюк ипак йўлини қайта тиклаш учун етарли молиявий ва коммуникацион асос яратилади.

Маълумки, хом-ашё сотишдан кўра тайёр ёки ярим тайёр маҳсулот сотиш кўпроқ фойдали. Мутахассисларнинг фикрича, газдан 2000 дан ортиқ маҳсулот олиш мумкин. Юртимизда газдан 200 дан ортиқ тайёр маҳсулот олиш имконияти мавжуд. Мулоҳаза учун оддий мисол газ хом ашёсининг 1 м3 жаҳон бозорида бугунги кунда ўртача 0,18-0,25 АҚШ долларига баҳоланаётган бўлса, ундан олинган тайёр маҳсулот 1-2 АҚШ долларига баҳоланади. Республикада газни қайта ишлайдиган бир нечта йирик корхоналар барпо этилди. (Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Сурғили кони негизидаташкил этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси). Қашқадарёда ҳам Hunday engineering Co., Lmd.компанияси иштирокида завод барпо этилмоқда (3-жадвал).

3-жадвал.

Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ қазиб олиш ва экспорт, импорт ва ички эҳтиёжлари

 

 

Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон томонидан давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақида шартнома имзоланди. Ушбу шартнома муддатсиз бўлиб, денонсация қилинмайди, у уч қўшни давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди[4]

Минтақада мазкур тажрибани оммавийлаштиришга эҳтиёж катта. Шундай экан биз Туркманистон, Қозоғистондаги газ хом ашёсини қайта ишлашни йўлга қўйишда ташаббус кўрсатишимиз истиқболли.

Муштарак сиёсий иродамиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида минтақамиз яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда барқарор ривожланиш маконига айланиб бормоқда.

Минтақамизда янги сиёсий муҳит шаклланишида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.Ўз навбатида, Президентимиз бу борада Аваза саммитида Ўзбекистоннинг таклиф ва қарашларини билдирди.

Биринчи. Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида қатъий қадамлар ташлашни талаб қилмоқда.Узоқ муддатли истиқболда янги ўсиш нуқталари ва тараққиётимизнинг янги драйверларини белгилаб олиш ғоят муҳимдир. Ҳудудлараро савдо-сотиқни янада кенгайтириш зарур. Эркин савдо тартибига тўлиқ ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчи. Муштарак стратегик манфаатларимиз йўлида биз минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш.

Учинчи. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, миллий иқтисодиётлар ва аҳоли нуфусининг ўсишини ҳисобга олсак, минтақанинг энергетик хавфсизлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Тўртинчи. Пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муаммолари кескин тус олмоқда. Жаҳоннинг маълум бир минтақаларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши ва уларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда.

Бешинчи. Афсуски, пандемия ҳамон аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиб, иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бунинг учун вакцинация сертификатлари ва тест натижаларини тан олиш мақсадида ягона ахборот тизимини ишга туширишни, юқумли касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашда тажриба алмашишни ҳамда тиббиёт ходимларини тайёрлашни кенгайтиришни, ҳаётий муҳим дори-дармонларни ишлаб чиқариш учун фармакология ва кооперация соҳасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилинди.

Олтинчи. Минтақадаги экологик муаммолар доимо барчамизнинг диққат-эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Орол денгизининг ҳалокати оқибатларини юмшатиш учун барча зарур чораларни кўриш, ҳамкорлик кўламини кенгайтиришимиз керак.

Шунингдек, мамлакатларимизнинг иқлим ўзгаришларига мослашуви, шу билан бирга, ресурсларни тежайдиган технологияларни кенгроқ татбиқ этишга кўмаклашадиган “Марказий Осиё учун “Яшил кун тартиби” минтақавий дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.        Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири мамлакатимиз ва Марказий Осиё транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш саналади.

Бинобарин, Президентимизнинг парламентимизга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини жаҳондаги ҳамда минтақадаги асосий бозорларга олиб чиқадиган ишончли транспорт ва транзит йўлакларини изчил шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилган эди.

2018 — 2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш бўйича комплекс дастурида Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой халқаро транспорт йўлаклари, шунингдек, Эрон (Бандар-Аббос, Чабаҳар) ва Покистон (Гвадар, Карачи) денгиз портларига чиқиш учун трансафғон транспорт йўлагини қуриш бўйича эришилган келишувларни жадаллик билан ҳаётга татбиқ қилишга алоҳида аҳамият берилган. Қайд этиш керакки, 2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг учрашуви якунлари бўйича Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт-коммуникация йўлагининг муҳим участкасини амалга оширишга киришилди: Амударё орқали Туркманобод — Фароб темир йўли ҳамда автомобиль йўли кўприклари очилди. Натижада юк ташиш ҳажми 2,5 баравар кўпайди. Ўзбекистон — Туркманистон — Каспий денгизи — Бокуга чиқиш орқали Жанубий Кавказ — Тбилиси — Карс йўналиши бўйича тўғридан-тўғри транспорт-коммуникация магистралини яратиш ғоясини амалга ошириш ҳамда Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларнинг Қора денгиз бўйидаги портларига чиқиш имконияти очилмоқда.

Бундан ташқари, 20 йиллик музокаралардан сўнг Хитой ва Марказий Осиёни Қирғизистон орқали боғлайдиган темир йўл қурилишида ҳам жиддий силжиш юз берди. Мисол учун, 2017 йилнинг 25 — 27 декабрь кунлари ХХР, Қирғизистон ва Ўзбекистон делегацияларининг Тошкентда бўлиб ўтган уч томонлама учрашувида Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой лойиҳасини жадал рўёбга чиқаришга қаратилган амалий қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2018 йилнинг охирига қадар йўналишни аниқ белгилаш, техник-иқтисодий асослантиришни ишлаб чиқиш ҳамда уни молиялаштириш масалаларини ҳал қилиш кутилаяпти.

Ушбу йўлак Хитойдан юкларни энг қисқа масофа бўйлаб Марказий Осиё орқали Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларига, Транскавказ йўлаги орқали Европага етказиб бериш имкониятини яратади. Ўзбекистоннинг юқори даражадаги транспорт-транзит салоҳияти шароитида юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг иқтисодий устуворлиги янада аёнлашади. Темир йўл транспорти инфратузилмаларини шакллантириш бўйича дастлабки келишувларга эришилганини Марказий Осиё минтақасининг транзит позицияси кучайиши ва Марказий Осиё ҳамда Афғонистоннинг дунё иқтисодиётига интеграция бўлиши, минтақа мамлакатларининг иқтисодий салоҳияти ҳамда фаровонлигини оширишда навбатдаги долзарб қадам сифатида кўриш лозим. Бунда мазкур ташаббусларнинг амалий рўёбга чиқарилиши Марказий Осиёни нафақат халқаро транзит бўғинига, балки Жанубий Осиё, Осиё — Тинч океани ҳавзаси минтақаси, МДҲ, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги трансконтинентал иқтисодий маконнинг муҳим бўғинига айланишига ҳам замин яратади.

Буларнинг барчаси пировардида Ўзбекистоннинг барча йирик ташқи иқтисодий шериклари билан муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ҳамда ривожланган давлатлар, Ҳиндистон, Эрон, Покистон сингари жадал суръатлар билан равнақ топаётган мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради.

 

Мавзу юзасидан саволлар:

  1. Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлиги Ўзбекистон учун қандай имкониятлар эшигини очади?
  2. Ҳамкорликнинг энг усувор йўналишлари қайси соҳаларда кўпроқ ривожланади?
  3. Икки қўшни минтақа алоқаларининг ўн тўққизинчи асрга келиб узилишининг асосий сабаблари?
  4. Глобаллашув даврида бу икки минтақанинг мустаҳкам ҳамкорлиги дунё иқтисодиёти ва сиёсатига қандай таъсир кўрсатади?
  5. Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик бўйича янги моделининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат?
  6. Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг асосий йўналишлари?
  7. Минтақанинг иқтисодий ва экологик муаммолари нималардан иборат?
  8. Минтақа энергетика ва озиқ-овқат хавсизлигинининг моҳияти нимадан иборат?
  9. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан сиёсатида қандай ўзгаришлар юз берди?
  10. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар пандемия даврида қандай ривожланмоқда?
  11. Марказий Осиёда Ўзбекистон олдида қандай янги вазифалар туриши мумкин? Пандемиядан кейин бирон бир ўзгаришлар бўлиши мумкинми?
  12. 2020 йил февраль ойидан Марказий Осиё мамлакатларида Silk Road визаси тартибини жорий этиш режалаштирилган эди. Ўзбекистоннинг туризмни қайта тиклаш режаларини ҳисобга олган ҳолда, бу жараён қайси босқичда? Пандемия унга қандай таъсир қилди?
  13. Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида маҳсулот ва хизматлар ҳамда инвестицияларнинг эркин ҳаракати масалалари
  14. Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида темир йўл тармоғининг қурилиши, минтақанинг транзит салоҳиятини ошиши, юкларнинг ташиш муддатларини қисқартириши
  15. Марказий ва Жанубий Осиёда рақамли ҳамкорликни кучайтириш.
  16. Минтақадаги мамлакатларда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўсиб бориши, озиқ-овқат тақчиллигини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар.
  17. Марказий ва Жанубий Осиёда терроризм, экстремизм, трансмиллий, жиноятчиликка қарши биргаликда кураш олиб бориш
  18. Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча мамлакатларида саноат ва демографик ўсиш жараёнини иқлим ўзгаришларига таъсири.
  19. Марказий ва Жанубий Осиёда “Янги шароитдаги туризм” концепциясини жорий этиш.
  20. Минтақада таълим ва илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш.
  21. Марказий ва Жанубий Осиёда қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларини, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш.
  22. Минтақадаги мамлакатларнинг ўзаро боғлиқлиги ва тараққиёти такомиллаштириш йўналишлари.

 

Асосий адабиётлар:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқи. https://president.uz/uz/lists/view/4484
  2. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. – Тошкент: “Ўзбекистон” НМИУ, 2017.- 592 б.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг “ Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви” даги нутқи https://president.uz/uz/lists/view/4534
  4. Мирзиёев Ш.М. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси. // Халқ сўзи. 2020 йил 29 декабр.
  5. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиѐевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи. http://president.uz/uz/lists/view/1063.
  6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиѐевнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Марказий Осиѐ ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиѐт йўлида ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи. http://www.press-service.uz/uz/lists/view/1227.

 

Қўшимча адабиётлар:

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида. 841-сон. 20.10.2018 й.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 2017 йил 7 февраль, ПФ-4947-сонли Фармони.
  3. Садыков А.М. Новая стратегия развития Узбекистана. – Ташкент, «Узбекистан», 2019, 536 с.
  4. Обид Ҳакимов. Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш – тараққиётни таъминлаш омили // Янги Ўзбекистон № 125 (381), 2021 йил 22 июнь
  5. Г.Махмудова. “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференцияси янги иқтисодий имкониятлар эшигини очади. https://telegra.ph/Markazij-va-ZHanubij-Osiyo-minta%D2%9Bavij-%D1%9Ezaro-bo%D2%93li%D2%9Blik-Ta%D2%B3didlar-va-imkoniyatlar-hal%D2%9Baro-konferenciyasi-yangi-i%D2%9Btisodij-imkoniyat-07-30
  6. Юлдашев Ш.Г. Глобальные геополитические вызовы и перспективы сотрудничества стран Центральной и Южной Азии. https://uza.uz/ru/posts/globalnye-geopoliticheskie-vyzovy-i-perspektivy-sotrudnichestva-stran-centralnoy-i-yuzhnoy-azii_288832
  7. О. Хакимов. Возможности «связать» Центральную и Южную Азию рассмотрят в Ташкенте. https://review.uz/post/vozmojnosti-svyazat-centralnuyu-i-yujnuyu-aziyu-rassmotryat-v-tashkente
  8. А. Неъматов, А. Каримов. Стратегия Узбекистана по выстраиванию большой трансрегиональной коннективности. https://review.uz/post/strategiya-uzbekistana-po-vstraivaniyu-bolshoy-transregionalnoy-konnektivnosti
  9. О. Хакимов. Развитие торгово-экономического и инвестиционного сотрудничества между странами Центральной Азии – как фактор обеспечения их развития. https://review.uz/post/razvitie-torgovo-ekonomicheskogo-i-investicionnogo-sotrudnichestva-mejdu-stranami-centralnoy-azii-kak-faktor-obespecheniya-ix-razvitiya
  10. О. Хакимов. Центр экономических исследований и реформ оценил нереализованный потенциал взаимной торговли между странами Центральной и Южной Азии. https://review.uz/post/centr-ekonomicheskix-issledovaniy-i-reform-ocenil-nerealizovanny-potencial-vzaimnoy-torgovli-mejdu-stranami-centralnoy-i-yujnoy-azii

 

[1] Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда. Янги Ўзбекистон газетаси. № 165 (421), 2021 йил 17 август, сешанба

[2] Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиѐевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи. http://president.uz/uz/lists/view/1063.

[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиѐевнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Марказий Осиѐ ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиѐт йўлида ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи. http://www.press-service.uz/uz/lists/view/1227.

[4] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиѐевнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Марказий Осиё ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиѐт йўлида ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи. http://www.press-service.uz/uz/lists/view/1227.

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *