Муҳаммад Юсуфнинг издошлари

Ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф билан бир даргоҳда —

«Ўзбекистон овози» газетаси таҳририятида бирга фаолият кўрсатган (1993 йил) давримиз сира ёдимдан чиқмайди. Раҳматли Устоз шоир таҳририятимизнинг етакчи ижодкор ходимлари — Ислом Ҳамро ва Ҳусан Эрматовга алоҳида меҳр билан қарарди.

Муҳаммад Юсуф Ислом Ҳамронинг илк шеърий тўплами —  “Шоир бўлдик сендан айрилиб” китобига меҳр ила сўзбоши ёзганда унга ҳавас билан қараганмиз.

Наздимда, Устоз шоирнинг эл дардини дангал айтиш ҳароратини айнан шу икки шогирди, издоши қалбларига жо қилиб олган. Буни кунда-кунора турли нашрларда, айниқса, ижтимоий тармоқларда чиқишларидан кузатиб, ич-ичимдан суюнаман. Агарки, устоздан маҳорат сирларини ўрганган ёшлар шундоқ етук ижодкор бўлиб улғайса, демак, бугун   Ислом Ҳамро ва Ҳусан Эрматовнинг этагидан тутган ёшлар ҳам бир кун албатта шу Устозлардек камолга етадилар.

ЎзМУ Журналистика факультетида маҳорат мактабини ташкил этган таниқли журналист, истеъдодли шоир Ислом Ҳамро 1966 йил 26 январда Навоий вилояти, Хатирчи туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаганидан буён республика газеталарида самарали  фаолият кўрсатиб келмоқда. Қатор йиллар у Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида хизмат қилиб, тележурналист сифатида ҳам танилган. Истедодли шоир сифатида ном қозонган Ислом Ҳамронинг мухлислари жуда кўп. Унинг “Шоир бўлдик сендан айрилиб”, “Жаҳонгирнинг қайтиши”, “Тазарру салтанати”, “Бағрибутунлик”, “Гўрўғлининг ўлими” каби кўплаб китоблари жавонларимиз жавоҳирига айланган.

Устозлик анъанасини жўшқинлик билан давом эттираётган шоир ва публицист Ислом Ҳамронинг маҳорат мактабига бўлғуси ёш қаламкашлар ҳамиша мунтазир.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири,

«Уч илдиз» маҳорат мактаби раҳбари

3

Эл бошига иш тушганда

Эл бошига иш тушганда

АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ МУҲИММИ ЁКИ ХАВФСИЗЛИК?!

Шу кунларда интернетга кирсангиз, фақат ваҳимали хабарларни ўқийсиз. Фалон давлатда касалланганлар сони бунчага етибди, фалон мамлакатда бунча одам вафот этибди… Рости, бундай ахборотлардан юрак безиллаб қолган кунларда ЎзАнинг яхши бир ташаббус билан чиққанидан хурсанд бўлдим. Чунки, мана, бир ҳафтадирки, uza.uz сайтида “Эл бошига иш тушганда” деган рукн очилиб, одамларни мулоҳазага чорлайдиган, эзгуликка бошлайдиган материаллар бериб бориляпти. Мен ҳам ана шу янги рукн боис айрим мулоҳазаларимни кескинроқ бўлса-да қоғозга туширдим.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси аниқланган биринчи бемор рўйхатга олинган кун – 15 мартдан буён ҳаммамизнинг кўнглимизда бир хавотир. Илоҳим, юртга тарқалиб кетмасин! Лекин минг афсуслар бўлсинки, айрим юртдошларимизнинг билиб-билмай қилган хатти-ҳаракатлари, эътиборсизлигу лоқайдлиги сабаб коронавирус деган бало юртимизга ҳам кириб келди. Ҳукуматнинг карантин эълон қилиши, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг жонфидоликларига қарамасдан тарқалди…

Икки ҳафтадан ошаяптики, ҳаммамизнинг нигоҳимиз телеэкранларга, диққатимиз, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга қаратилган. Ҳукумат кундан-кунга карантин чораларини қатъийлаштирмоқда. Шифокорлар телевизорда, ижтимоий тармоқларда тинимсиз коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда.

Президентимиз айнан юртимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида уч марта йиғилиш ўтказди. Уч марта халққа, яъни сизу бизга мурожаат қилди. Бу мурожаатларда ҳам асосий эътибор касалликнинг халқ орасида кенг тарқалиб кетмаслигини қаратилди. Давлат раҳбари аҳолини уйда ўтиришга, имкон даражасида кўчага чиқмасликка, қўл бериб кўришмасликка чақирди.

Хўш, натижа қандай бўлаяпти? Биз ҳукумат талабига, шифокорлар тавсиясига тўлиқ амал қилаяпмизми?

Афсуски, бу саволларга баралла “Ҳа”, деб жавоб бера олмаймиз.

Тўғри, касаллик аниқланган юртдошларимиздан 30 нафари тўлиқ соғайди. Минглаб юртдошларимиз карантин зоналаридан уйларига қайтмоқда. Бу нафақат фидойи шифокорларимиз, балки ҳаммамизнинг ютуғимиз, таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, илк ғалабамиздир. Лекин ҳали бу ютуқ, бу ғалаба билан мақтанишга эрта.

Чунки юртимизга бостириб кирган кўринмас ёв ҳали ортга чекинаётгани йўқ. Бир кун беш, иккинчи кун ўн, учинчи кун ўн олти, тўртинчи куни йигирма нафардан ошиқ юртдошларимизда коронавирус балоси аниқланмоқда.

Нега? Нима учун?

Чунки карантин талабларига бўйсунмаяпмиз. Шифокорлар тавсиясига риоя қилмаяпмиз.

Намангандаги ҳожи тўй…

Андижондаги курсдошлар учрашуви…

Тошкентдаги куёв навкар…

Ва ниҳоят куни кеча Жиззах вилоятининг Арнасой туманида ҳарбийдан қайтганини 24 нафар синфдоши билан “нишонлаган” аскар…

Улар кимлар ўзи? Элнинг, юртнинг душманларими? Ёки босар-тусарини билмай қолган бойвачча – “янги ўзбек”ларми? Уларга қонуннинг, карантин талабларининг, шифокорлар огоҳлантиришининг сариқ чақачалик аҳамияти йўқми? Агар бор бўлса, нега билганларидан қолишмаяпти? Нега ўзларининг, оила аъзоларининг, қўни-қўшни, маҳалла, охир-оқибат бутун бир халқнинг эртасини ўйлашмаяпти?

Нима, биз шу даражада оми халқмизми? Шу даражада саводсизми? Ёки шу даражада бўйнимиз йўғонлашиб, манмансираб кетганмизми? Агар шундай бўлмаса, нега кўра-била туриб ўзимизни оловга отаяпмиз?..

Мамлакатимизда илк коронавирус аниқланган бемордан касаллик юқтирганлар сони бир неча ўн нафарни ташкил этаяпти… Ноқонуний йўллар билан Туркия орқали Умра сафарига борган аёл туфайли бугун унинг қавму қариндошлари, таниш-билишлари, ҳаммаҳаллалари азият чекишаяпти…

Онасини сўнгги йўлга кузата олмаган фарзандларнинг аҳволини тасаввур қилаяпсизми?..

Агар тасаввур қилаётган бўлсангиз нега тўхтамаяпсиз?! Ахир ўша фарзандларнинг ўрнида сиз ҳам бўлишингиз мумкинку?..

Ҳамон бозорлар гавжум, ҳамон дўконлар тўлиб-тошган!

Нега? Нима учун?

Ахир ҳукумат карантин эълон қилинган биринчи кундан бошлаб такрор-такрор айтаяпти: Ўзбекистонда озиқ-овқат тақчиллиги бўлмайди! Захираларимиз етарли! Нарх-наво ошиб кетмайди. Ҳаммаси назоратга олинган.

Лекин шунга қарамасдан ўзингизни бозорга урасиз. Керак-нокерак озиқ-овқат захираларини уйингизга ташмалайсиз. Қўни-қўшни, ошна-оғайни билан фисқ-фужур ўчоғига олов қалайсиз: “Кеча саккиз қоп ун олиб келдим. Ўн қоп картошка, беш қоп пиёз харид қилдим…”

Телеэшиттиришлардан бирида айтилганидек, худо кўрсатмасин, бозорма-бозор, дўконма-дўкон юриб касаллик юқтириб олсангизчи? Йиққан-терганингиз, югуриб-елиб, бошқаларнинг ризқини қийиб тўплаган захирангиз сабил қолиб кетмайдими? Нега бу ёғини ўйламайсиз?

Қимматбаҳо машина минадиган бойвачча ватандошлар! Сиз ҳам коронавирусдан ҳимояланмагансиз. Агар сизнинг бир-икки миллион долларлик бойлигингиз бўлса, бугун хорижда миллиард-миллиард доллар маблағи бор, керак бўлса осмондаги ойдан “дача” учун жой олиб қўйган миллиардерларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолаяпти. Наҳотки шуларни эшитмаётган, ўқимаётган, кўрмаётган бўлсангиз?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда ҳокимият томонидан ёрдам сифатида берилган озиқ-овқат маҳсулотларини ерга отиб, ўзини камситилган ҳисоблаб, “кун қаҳрамони”га айланган аёл тасвирланган ведиолавҳа ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди. Кимдир аёлни ёқлади, яна биров унинг қилмишини қоралади. Мени эса бошқа нарса ўйлантириб қўйди. Нега биз давлатга, ҳокимиятга бу даражада ияк осиб олдик?

Ўқувчи мендан хафа бўлмасин. Мен шу аёл тимсолида кейинги пайтда орамизда урчиб бораётган НОШУКУРликнинг юзини кўрдим. Аёлни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган юртдошимизнинг тимсолида сохта обрў орттириб, машҳурликка эришиш илинжида юрган МАНҚУРТ кимса юз кўрсатди. Наҳотки шу аёлнинг қариндош-уруғи, қўни-қўшниси, маҳалладошлари орасида “Ҳой барака топкур, сени камбағаллигингда ҳокимиятнинг нима айби бор? Агар берилган ёрдамни назаринг илмаган экан, нега олдинг?” дейдиган мард топилмаган бўлса?..

Ҳокимият берган ёрдамни ерга отиб “машҳур” бўлган ҳамюртим, уни гапиртириб, тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб, тилга тушган синглим, ҳеч ўйлаб кўрдингизми, коронавирус юқтириб олган бир нафар бемор учун қанча-қанча юртдошларимиз карантинга олинаяпти? Юз нафарми? Икки юз ёки уч юз нафарми? Тўғриси, мен ҳам аниғини билмайман. Билганим шуки, 14 кунлик карантинга олинган ва олинаётган юртдошларимиз учун давлатнинг, давлат бюджетининг, яъни сиз билан мен даромадимиздан тўлаган (Агар ҳақиқатда ҳам солиқ тўлаган бўлсангиз!) миллиард-миллиард сўмлари сарфланмоқда. Ана шу маблағни сиз обрўсизлантирмоқчи бўлган ҳокимият, янаям аниқроғи, давлат сарфламоқда!

Шу ўринда яна бир шахсий таклифим ҳам бор эди-ки, қуйида баён этаман. Балки таклифим кимгадир маъқул келар, балки маъқул келмас…

Маълумки, мамлакатимизда аниқланган биринчи бемордан касаллик юқтирганлар сони ошкор этилди. Бу яхши. Кейинчалик беморнинг исм-шарифини ошкор қилганларни қонун бузганликда айблашди. Бу ҳам тўғри. Лекин бугун мамлакатда расман фавқулодда ҳолат эълон қилинмаган бўлса-да, биз фавқулодда ҳолатда яшаяпмиз. Назаримда, ОИТС каби касалликларда шахснинг исм-шарифини сир тутиш тўғри бўлар, лекин бугунгидек кўринмас душман билан курашаётган давримизда беморнинг кимлигини, қайси манзилда яшашини, касб-корини яшириш, зараримизга ишлаётгандек. Агар ҳар куни оммавий ахборот воситаларида қуруқ рақамларда эълон қилинаётган беморларнинг кимлиги, касби кори, яшаш манзили очиқ-ошкор айтилса, кутилган ва кутилмаган вазиятларнинг олдини олган бўлармидик.

Яна қайтариб айтаман, бу менинг шахсий фикрим.

Ижтимоий тармоқларда ҳар қандай шахсий фикрни тошбўрон қилиб, “машҳур”лик пиллапоясини забт этишга тайёр турган “ҳуқуқбон”ларга ҳам айтар сўзим бор: бугун бизга байроқ қилиб кўтараётганимиз айбсизлик презумпциясидан кўра халқимизнинг хафвсизлигини таъминлаш муҳимроқ. Зеро, ҳар қандай қонун халқ учун яратилади ва у халқ манфаатига хизмат қилиши шарт ва зарур.

ЎзАдаги қадрдон ва фидойи ҳамкасбларга эса бугунгидек эл бошига иш тушган, оғир ва ташвишли кунларда ўнлаб электрон оммавий воситалари орасида ўта вазиминлик билан, ҳалол ва ҳаққоний ахборот бериб бораётганлари учун алоҳида раҳмат айтаман. Зеро, ЎзА саҳифаларида ёзилаётганидек, бугун ҳаёт фақат коронавирусдан иборат эмас, Ўзбекистон аталмиш юртимизда ҳаёт давом этмоқда, деҳқон даласига барака уруғи қадаб, чорвадор молу қўйини яйловга ҳайдаб, қурувчилар кўпригу йўллар, муҳташам бинолар, зарурий иншоатларни қуриб, эртанги яхши ва ёруғ кунларимизга замин яратишяпти.

Ислом Ҳамроев,

“Адолат” газетаси бош муҳаррири.

ЎзА

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>