«Бу жуда самимий ва фавқулодда қизиқарли ўтди. Очиғини айтсам, мен ўзим ҳам жуда ҳаяжонландим, лекин Президентимизнинг дўстона гаплари, бизга нисбатан берган юқори баҳоси — ҳаммамизни дарҳол тинчлантирди», дейди Ҳарвард талабаси Нилуфар Кўчимова.
Нью-Йоркда ташкил этилган учрашувда турли соҳа вакиллари бўлган 18 нафар ўзбекистонлик иштирок этди. Улардан аксарияти АҚШнинг молиявий пойтахтида яшайди, шунингдек, мамлакатнинг обрўли компанияларида меҳнат қилади.
«Шавкат Мирзиёев бу ердаги қайнаб турган ҳаётни кўриб, атрофдаги одамларнинг ҳаммаси ўз ишлари билан машғул эканлигига гувоҳ бўлиб, бизга ҳавас қилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, мана шундай улкан жамиятда ҳар биримиз тинмай ҳаракатда бўлиб, ўз мақсадларимиз сари илдам бораётганимиздан ниҳоятда ғурурланишини билдирди. Мамлакатимиз ҳам ривожланиши ва юксалишида мана шундай давлатлар тажрибасидан фойдаланишимиз, бу ерда олган билим ва маҳоратларимиз юртимиз равнақи учун сарфланиши зарурлигини айтиб, яхши ишларга чорлади», дейди ҳамсуҳбат.
Нилуфар давлат раҳбарининг «исталган пайтда Ўзбекистонга қайтиб, халқимиз учун хизмат қилиш, бу борада эса ватандошларга зарур ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилишини» билдиргани ҳақида айтиб берди. Нилуфар Кўчимова учрашувда иштирок этган ўзбекистонликлардан бири бўлиб, у президент олдида нутқ сўзлаган. Қуйида унинг сўзлари келтирилади:
«Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Миромонович! Аввалам бор, муҳим ишларингиз бўлишига қарамай, қимматли вақтингизни аямасдан биз билан учрашаётганингиз учун сизга катта раҳмат. Шу фурсатдан фойдаланиб, ушбу учрашувни ташкиллаштирган инсонларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Мен, Нилуфар Кўчимова, 23 ёшдаман. Бу йил Ҳарвард университети, ҳуқуқшунослик факультетининг магистратура бўлимига ўқишга кирдим. Ушбу нуфузли университетга ўқишга топширишимга сизнинг нутқларингиз ҳам катта туртки бўлди! Президентлик фаолиятингизнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиздаги қонун ҳимоя қилиш органлари камчиликларни танқид қилдингиз, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизимлардаги ходимларни ўз вазифаларини ҳаққоний бажаришларини талаб қилдингиз. Бу соҳадаги камчиликларни бартараф қилиш, бегуноҳларни оқлаш ҳақидаги нутқларингиз нафақат бизнинг оиламиз, балки республикамиздаги минглаб кишиларнинг кўнглидаги гаплар эди.
Ўшанда мен учун азиз бўлган инсон юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай қилган меҳнатларига қарамай, ноҳақ туҳматлар билан айблангани туфайли оиламиз изтиробда эди. Ўша кунларда сизнинг нутқларингизни эшитиб, жиноий жавобгарликка ноҳақ тортилган кўплаб бегуноҳ кишиларнинг оила аъзоларини кўзларига ёш олиб, сизни дуо қилишганини гувоҳи бўлдик. Сизнинг айни ўша талабларингиз туфайли кўплар қаторида менинг дадам ҳам озодликка чиқдилар. Бунинг учун биз сиздан жуда миннатдормиз!
Бугунги кунда ватанимизда янгиланишлар ва ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Буни жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида кузатяпмиз. Жумладан, сизнинг ташаббусингиз ва талабларингиз асосида суд ва прокуратура тизимида ҳам ижобий силжишлар рўй бермоқда. Очиғини айтиш керак, илгарилари одамлар суд ва прокуратура ходимларидан жуда қўрқишарди, улар нотўғри қарор чиқарса ҳам, ишлари янада оғирлашиб кетишидан қўрқиб, ҳар қандай аламларини ичига ютиб, индамай кетишарди. Охирги пайтларда бу нарса ўзгарди. Халқ ўз ҳуқуқини талаб қилишдан чўчимаяпти. Одамларда ўзига ишонч пайдо бўлди. Бу халқимизнинг сиз туфайли эришган катта ютуқларидан биридир! Ўзингиз айтганингиздек, бир нотўғри қарор чиқариш билан нафақат битта инсоннинг, балки унинг оила аъзоларию, қариндошларининг ҳам ҳаётини изтиробга қўйиш, уларни ер билан яксон қилиш ҳеч гап эмас! Шунинг учун қонун ҳимоя қилувчи органлар ходимлари ниҳоятда савияли, дунё қараши кенг, асосийси эса инсофли-виждонли бўлишлари муҳим, деб ўйлайман.
Мен бу ерда, ҳуқуқшунослик бўйича кучли илмга эга бўлган тажрибали профессорлардан билим ўрганиб, келажакда ватанимиз суд тизимини яхшилашга, ҳамда ҳуқуқшунослик олийгоҳларидаги ўқиш тизимини тубдан ўзгартиришга ва ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилмоқчиман. Лекин айни вақтда мен Ҳарвард университетида таҳсил олишим билан биргаликда ҳуқуқшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб боришга киришдим. Келажакда ушбу илмий ишим албатта юртимиз равнақи учун хизмат қилади, деган умиддаман.
Бугунги кунда бутун дунё юртимизда рўй бераётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатмоқда. Ана шундай катта ўзгаришларни амалга оширишда эса ҳар биримиз хорижий юртлардамизми, Ўзбекистондамизми, қаерда бўлишимиздан қатъи назар ўз ҳиссамизни қўшишишимиз бурчимиз деб ўйлайман».
Суҳбат сўнгида Нилуфар бир жумлага алоҳида урғу билан тўхталди: «Бўлиб ўтган учрашув мендаги ватанпарварлик туйғусини янада оширди. Президентнинг нақадар самимий экани, ватанимиз ва халқимиз фаровонлиги йўлида қилаётган саъй-ҳаракатлари нечоғлик кучли эканига амин бўлдим. Шу пайт Ўзбекистон фарзанди эканимдан, унинг ривожи учун интилишим зарурлигини англаб, кўксимда ғурур пайдо бўлди».
http://kun.uz/
Сўнгги фикрлар