Одамнинг яхшиси

Яхши одамлар ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, чатоқлари ҳар бири ўзгача

чатоқдир… (Лев Толстойнинг бахтли ва бахтсиз оилалар ҳақидаги битикларига ўхшатма).

Чатоқлар ҳақида ҳар куни ҳар қадамда гап-сўзлар бўлаверади. Негадир яхши одамлар ҳақидаги гаплар қулоққа камроқ чалинади. Яхшиларни гапириш учун одамнинг ўзи кенгфеъл, оқкўнгил, ҳар жиҳатдан яхши бўлиши керак. Афсуски, ана шу кенгфеъллик етишмайди гоҳида…

Яхшилар ҳақидаги гапингни ҳар ким ҳар хил тушунади, савиясига яраша турлича талқин қилишади. Биз талабалик давримизда Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Оқилжон Ҳусанов, Ғабуллоҳ ас Салом, Нажмиддин Комилов каби раҳматли устозларга жуда ҳавас билан қараганмиз. Бетакрор ижоди билан бир қаторда улар инсонийлик бобида ҳам ҳар жиҳатдан ибратли, ҳавас қилса арзигулик эдилар.

Шу устозларнинг бирор марта баланд овозда гапирганларини эшитмаганмиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам оғзиларидан бирор қўпол сўз чиққанини билмаймиз. Улар атрофида кўп юрган бўлсак-да, бирор ножўя қилиқларини кўрмаганмиз.

Яхши одам қандоқ бўлади, деган саволга ҳеч иккиланмасдан юқорида номлари зикр этилган Устозлардек бўлади, дегим келади.

Афсуски, улар ҳаётлик чоғларида шу гапларни айтсам ёки ёзсам, кимлардир хушомадгўйликка йўярди… Бу фикрларим қанчалик холислигига энди ҳеч ким шубҳа қилмаса керак…

Бугун талаба-ёшларимизга яхши инсонлардан ибрат олиш зарурлиги ҳақида гапирар эканман, ўтиб кетган Устозларнинг муборак номларини тилга олишим камлик қилишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Ёшлар аввало ўзлари кўриб-билиб юрган Устозлардан ибрат олишлари мақсадга мувофиқдир. Ана шундай Устозлик даражасига етган, феъли-атвори, инсонийлигини ибрат қилиб кўрсатса арзийдиган замондошларимиз ҳам кам эмас. (Ибрат қилиб кўрсатсак арзийдиган шундай замондошлар ҳақидаги ҳикоямизни ҳали узоқ давом эттирамиз). Улардан бири – таниқли адиб ва журналист Собир Ўнардир.

Собиржон билан танишиб дўстлашганимизга 40 йил тўлмоқда. 1981 йили ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетининг 2-курсига ўтган кезларимизда улар 1-курсга қабул қилинган эди. Талабалар ётоқхонасида қўшни хоналарда турганмиз, бирга пахта далаларида жавлон урганмиз.

Ўқишни тамомлагач, Собиржон “Ёшлик” журналида адабий ходим сифатида фаолиятини бошлаб, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир вазифаларида фаолият кўрсатди. Унинг қисса ва ҳикоялардан иборат «Орзуга тўла қишлоқ» (1989), «Овлоқ адирлар бағрида» (1990), «Чашма» (1991), «Чамбилбелнинг ойдаласи» (2006), “Бибисора” (2011) китобларини иштиёқ билан ўқидик.

У 1993 йил Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида ҳамиша фаол.

Собир Ўнарни мухлислари истеъдодли публицист сифатида ҳам яхши билади. Унинг яқинда нашрдан чиққан “Олдинда ёнган маёқ” деб номланган бадиий-публицистик мақола, суҳбат ва эсселаридан иборат тўпламини мутолаа қилсангиз, турфа тақдирлар-у, ҳаётнинг ажиб манзараларига руҳан ошно бўласиз .

Собир Ўнарнинг инсонийлик фазилатлари юқорида ҳавас билан номларини тилга олган Устозларникидан қолишмайди. Қирқ йилдирки, унинг бирор марта баланд овозда гапирганини, нохуш сўз айтганини эшитмадик. Аксинча, катталарнинг ҳурмати, кичикларнинг иззатини жойига қўйишни, ёш ижодкорларга меҳр кўрсатиб, тўғри йўлга бошлашни Собир Ўнардан ўрганиш, таъбир жоиз бўлса, ундан ибрат олиш керак, дегим келади. Бу жиҳатдан уни улуғ Устозларнинг инсонийлик мактабини давом эттираётган ҳақиқий зиёлилардан бири, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мақоламизга “Одамнинг яхшиси” дея жайдаригина сарлавҳа қўйдик. Шу аснода одамнинг яхшиси қандоқ бўлади, деган жўнгина саволга ҳам мухтасар жавоб беришга ҳаракат қилдик. Мақсад – яхши одамлардан ибрат олишга чорлаш.

Оддийлик – энг буюклик, деганларидек, мана шу жайдаригина сарлавҳамиз замирида ўзига яраша ҳикматни топа олсангиз, демак, одамийлик мактабидан сабоқ олишга маънан қодирсиз!

 Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

филология фанлари номзоди

1

Собир Ўнар: Бу омонат дунёда кимнингдир этагидан тутиб “устоз”, дея алқаш ҳам фазилат бўлиб қолди

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи Собир Ўнар билан ўзбек насрининг тараққиёти, бугуни ва келажаги – ютуқ ва камчиликлари ҳақида ЎзА мухбири суҳбатлашди.

– Ҳақиқий ижодкор учун қандай имкониятлар яратилиши керак. Аслини олганда ижодкорга камтарингина қаламни тебратиб, олам маъноли бадиий асар ёзиш учун шароит керакми?
– Аввало, шароит ҳақида сўз кетар экан, ижодкор хоҳ шоир, хоҳ ёзувчи бўлсин, биз тан олиб айтишимиз керак, ижодкорларга ҳеч бир замонда бугунги кундагидек имконият яратилмаган. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз даврида табиий газдан фойдаланиш техникаси кашф этилмаган. Нефт – ердан чиққан мой, “ер мойи” деб аталган. У халқ хўжалигига жорий этиш учун нақ беш юз йил керак эди. Шундоқ экан, Ҳирот уйлари(ҳужралари)ни сандаллар воситасида илитилган. Сиз билан суҳбатлашар жараёнимда юртимизда қишнинг совуқ нафаси келаётгани учун кўз ўнгимда ўша даврнинг қиш манзаралари гавдаланди.

Куни кеча ўзимиз қишлоқда яшаб кўрган аҳвол ҳам аввал бундай эмасди. Бугун қишлоқ одами ҳам шаҳарлик ҳам замонавий “камфорт” ҳаётга ўрганди.

Талабалик пайтларимиз – совуқ кезлари уй кийимимиз асосан чопон эди. Бугун чопонларнинг умумий “тиражи” китобларникидан минг чандон кўп. Бироқ уларни (айримларни ҳисобга олмаганда) ҳеч ким киймайди. Чопоннинг асосий вазифаси кийим даражасидан чиқиб хўжа кўрсин, сарпо вазифасини ўтаб қолди.

Майли энди, гап шароит ва имкониятлар ҳақида эди. Гап келганда, тилинг “қичийди“-да. Ҳазрат Навоий бизга замондош бўлиб ва агар “пропискаси” Юнусободда бўлганида эди, вақтида уйига иссиқ сув оқими (отопление) берилмагани учун ЖЭКга нолиб борган бўлар эди ва бу замондошлар орасида биз Навоийни Навоий қилиб кўтармас эдик ҳамда умрининг бир қисми расмиятчиликлар ичра ўтиб кетар эди.

Айтмоқчи бўлганим шуки, бугунги шароит билан у замоннинг фарқи ер билан осмончадир. Алқисса, кейинги йилларда ижодкорларнинг яшаш, дам олиш, ишлаш қулайликлари шу даражада бўлдики, бу бировнинг тушига ҳам кирган эмас. Муҳтарам президентимиз гарчи ёзувчилар учун Дўрмон ижод боғида етарлича таъмирланган, барча қулайликларга ва шароитларига эга маскан яратилган бўлса-да, тағин Зомин ва Паркент туманларида яна ижодкорлар учун замонавий ижод уйларининг қуриб берилаётгани каби шароит қайси достон ва яна қайси эртакда бор.

Энди бир шундай даврда ёзиш, яхши ёзиш учун кимдан ўпкалаш керак? Ҳар ким ўзидан ўпкаласин. Ялқовлигидан, истеъдодининг сустлигидан нолисин.

Қандингни ур, ижод қил, ўзингни кўрсат! Бошқа гап йўқ.

– Бугун ўзбек ижодкорларнинг эришаётган ютуқлари, насрда салмоқли асарлар ёзаётган ижодкорларга тўхталсангиз. Бугун ҳам ўз ўрнида романлар, қиссалар, ҳикоялар ёзилмоқда. Бироқ оммалашиш даражаси сустроқдек, наздимизда. Сиз шу йўналиш вакили сифатида ёзилаётган асарларнинг бадиий савияси ҳақида нималар дея оласиз?
– Сирасини айтганда, ўзбек адабиёти ҳамма замонда каби ҳозир ҳам сусайиб қолгани йўқ. Бугунги кун насри ҳақида сўз кетса, тўхтамасдан йигирмадан ортиқ яхши ёзувчини санай оламан. Шеърият ҳақида гап кетганда, қирқдан ортиқ шоирни бемалол санаб бераман. Шунда ҳам хотирам панд бериб камида йигирма-ўттиз нафар шоир эсдан чиқиб қолади. Фақат улар орасида “биз-чи, даштда лайлак қўриб юрибмизми?” дегувчилардан чўчийман.

Ахборот тарқатувчи тармоқлар кўп. Шуларнинг ичида юзлаб адабиёт тарғиботчилари бор. Ижтимоий тармоқ орқали бугун “лоп” этиб шов-шув кўтарган адиб эртага қумга сингган сув каби йўқ бўлиб кетади.

Абдулла Қодирийдан, яъни ўтган асрнинг йигирманчи йилларидан мустақилликка қадар юзта роман ёзилганми-йўқми, билмайман, аммо қизиқувчи бир киши санаб кўрсин, йигирма беш-ўттиз йил ичида ўша даврдан камида уч баробар кўпроқ роман ёзилди. Уларнинг орасида “Ўтган кунлар”, “Сароб”, “Улуғбек хазинаси”, “Навоий” даражасидагилари йўқдир балки, бироқ тарғибот қилиниб, чет тилларга таржима қилинса, муносиблари бор.

Навқирон авлод дея аталаётган Исожон Султон, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Шойим Бўтаев, Улуғбек Ҳамдам, Зулфия Қуролбой қизи, Саломат Вафо, Исмоил Шомурод, Наби Жалолиддин, Абдуқаюм Юлдошев, Қўчқор Норқобиллар яқин йиллар ичида бир нечтадан роман ёзишди. Буларнинг ҳеч бири бошқасидан кам эмас. Лекин адабий нашрларда фақат уларнинг айримлари тўғрисидагина сўз боради. Адабиётдаги умумий нутқларимиздан фахрланишимиз керак. Уни сара намуналарини дунё бўйлаб тарғиб этишдек катта сиёсат юритилаётган бир даврда баъзи адабиётшунос олимларимизнинг тарафкашлик, маҳаллийчилик оқимларидан чиқолмаётганлиги ачинарлидир.

– Бугунги кун ижод оламига орзу ва умидлар билан кириб келаётган ёшлар ҳақида, уларга устозлик қилиш машаққати ва роҳатли томонлари тўғрисидаги фикрларингизни билмоқчи эдик (!)
– Юқорида номлари зикр этилган адибларимиз элликни қоралаб, бир икки одим ошиб ҳам кетишди. Аммо улар етмишни қоралаган Эркин Аъзамдан кейин пайдо бўлган авлод. На услубда, на ҳаётда бир-бирини такрорламайди. Мумтоз адабиёт борасидаги илми ҳақида ҳеч нарса деёлмайман, аммо жаҳон адабиётининг нодир намуналарини ўқиб келишмоқда. Ўзларининг асарлари мустақил равишда хориж тилларига таржима қилдириб, ўзлари ҳам жаҳонга бўй чўзаётганлари бир талай. Бироқ уларнинг ортидан ҳам бир думалаб катта бўлиб қолган бошқа авлод улғайиб келмоқда. Булар анча муросасиз, бир қадар ўжар, ўзбилармон авлод каттароқ қадам ташлаб энг олдинги қаторга ўтиб кетгиси бор. Уларда икки қусур мавжуд. Биринчиси, аксарияти рус тилини билишмайди, русчада нашр этилган мумтоз асарлардан бехабар. Иккинчи, тил ғализлиги билан ҳеч ҳисоблашмайди. Имло хатолар, жумла тузишдаги камчиликларини тан олмайди. Мактаб кўрмаган. Ёзувчи эмиш ўзларича. Бу аҳмоқона гап. Шуларни кўриб биз “етмишвой“лардан, булар эса “элликвой“лардан кўра сабрсизроқмикан, деб қўрқиб қоламан гоҳида.

“Ёшлик” журналида йигирма тўққиз йил, бундан бу ёғи адабий нашрларда ишлаб юриб амин бўлдим, наср шундай ғалати жанрки, у ҳам сабр-тоқатни, ҳам ёнишни талаб этади. Сабр қилган билан ёнмаса, яхши эпик асар яратиши мушкул. Нима бўлганда ҳам, ҳар бир ёзувчиман дегани ёшларга – кичикка малака ўргатиши керак. Албатта, ёзувчиликнинг мактаби йўқ. Мундоқ-бундоқ қилгин, деган билан ўрганилиб қолмайди. Аммо ёш авлодни танқид қилиб туриш, ёзганларини баҳолаб туриш, ёзган бадиий асари юзасидан суҳбатлашиш, дўстона таклиф бериш яхши албатта. Бу ҳам бир олижанобликнинг бир кўриниши. Бу билан устознинг истеъдоди камайиб шогирдники ўсиб кетмайди. Ёшлар келажагимиз. Уларга меҳр-мурувват кўрсатсак, эртага бир кун олдимиздан чиқади.

Шу ўринда бугун орамизда бўлмаган адибларимиз эсга тушади. Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг эътирофига сазовор бўлиш осон эмас эди. Эътироф этилганлари эса кам бўлмасди. Муҳими, улардан меҳр мурувват, маслак, насиҳат олганлар адабиётда, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишди. Ҳозирги адабиёт майдонининг аксарияти уларнинг шогирдлари ёки Ҳалима Худойбердиевани олинг, ўнлаб шогирдлари бор. Опа шеърият оламида ўзининг такрорланмас мактабини яратиб кетди. Бу мактабдан юзлаб ёшлар неча ўн йиллар давомида баҳраманд бўлишларига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Бу чайқалиб, тебраниб, торайиб бораётган омонат дунёда кимнингдир этагидан тутиб “устоз”, дея алқаш ҳам фазилат бўлиб қолди. Ўз навбатида устозлар ҳам шогирдларига меҳрини аямаслиги керак. Ёшларга эса бундан ортиқ далда, бундан ортиқ куч қувват бўлмайди.

https://xs.uz/uzkr/post/sobir-onar-bu-omonat-dunyoda-kimningdir-etagidan-tutib-ustoz-deya-alqash-ham-fazilat-bolib-qoldi

***

ЭЛБОШИЛАР

Биласизми, биродар, шу ёшга келиб каминанинг асосий мавзуларидан бирига айланаётган бу гап чиндан ҳам жуда муҳим. Ҳа, ҳар элга бош керак. “Минг ишчига бир бошчи” деганлари сингари. Мазкур фикрни, эҳтимол, бир парда кўтарибон айтмоқ зарур. Эсингизда, албатта, бултур қиш анча забтига олувди. Икки ҳафталаб қор эримай, шаҳар йўлларида ҳам юришга ноқулайлик пайдо бўлувди: йўлларда ҳам машина тагидан тушган палахса-палахса муз, айланиб ўтасан, қияликлар ҳам ялтираб музлаб кетган. Қисқаси, совуқ ва қор одамларни керагича бездириб қўйган. “Кунига бир матал”, – дер эди раҳматли отам. Қирқ йилдан зиёд давлатнинг молини боққан содда одамнинг топиб олган муҳим фалсафаларидан эди бу.

Энди ўйласам ва мағзини чақсам: ҳар куннинг ўз матали бор, бугун кечагига ўхшамайди, дегани экан. Мисол, довдир-шовдир сурон солиб юрган кечаги одам бугун йўқ. Отам чуқур хўрсиниб, ичида бир нарсалар деб, сўнг баралла: кунига бир маталда-е, деб юборар эди. Қиш-қировли кунларда қишлоқдан уч-тўртта таъзия хабарини эшитдим. Ҳаммаси ҳам қариндош – бориш керак. Аммо ҳаво бундай: ўзингни хатарга қўйиб ҳайё-ҳуйт деб таваккал қилолмайсан.

Ниҳоят эрув бошланди. Тоғам янгам билан чамаси икки ойдан бери Тошкентда эди. Етмишдан ошиб бобой бўлганда пойтахтдаги ўғлиникида қишни илим-иссиқ ўтказгиси келади-да. Қишлоқда бўлса ўт ёқиладиган биргина печка атрофида неваралари билан жой талашиб ётар эди. Ёшлигида қор-ёмғирда қўра-қўтон кезавериб оёқни совуққа олдирган. Кейин ҳам бир палакат бўлиб оёғи синиб икки ой гипсда ётган, йиллар ўтгани билан жойи симиллаб туради. Муҳими, олти боланинг ташвишидан қутулган. Янаям мен учун кераги – умри молдўхтир, зоотехникликда кечган бу одам ўта зиёли, ўқиган, адабиётнинг шайдоси, тағин табобатга, тарихга, диний йўриқларга қизиқиб ўзича кашфиётлар ҳам қилиб юради.

Минғирламайди, шикоят қилмайди, аниқ ва лўнда гапни яхши кўради. Отиниям айтмабман: Худойқул Тинибеков. Қўшработда тақдири чорва билан боғланиб ўсганнинг бари билади. Шу одам менга Ҳусан Ҳакимов ҳақида кўп ҳикоялар сўзлаган. Мен унда ёш эдим ва шундан келиб чиқилган бўлса керак, ўша инсонга ихлос қўймаганман. Тоғам бўлса гапираверади: ниҳоятда каллали одам, жу-уда камгап, сиёсати чатоқ, индамай туриб жонингни олади. Ҳай энди, шу одамнинг нимаси яхши экан. Биринчи курсни битирувдимми, ишқилиб, қишлоқда саланглаб юрган эдим, тоғам ўғлидан хабар жўнатибди: Собир тез кийиниб келсин, Қўшработга, Ҳакимовнинг тўйига бориб келамиз. Эски “Москвич”га ўтириб тириллаб жўнадик. Тошкентни кўриб қўйган йигит Қўшработга ўхшаган қишлоқни писанд қиладими? Бироқ Самарқанддан Қўшработга қараб ошувда жуда катта боғ кўрдим. Ўзиям учи-қуйруғи йўқ. Аниқ ҳажмини айтолмайман, лекин нариги ёғи Саксончел қишлоғига туташиб кетган, бу ёғи қўрғон бошланмасдан то у тугагунча – ўнг бет яшнаб ётибди.

Чўл эди, дашт эди, сув йўқ эди, э қаддингдан аканг! Худойқул тоғам гидлик мақомида, каминага ҳафсала билан тушунтириш бермоқда: Ҳусан аканинг иши, икки йилда шу ишни қилди, артезиан чиқарди, тош йўл ётқизди, атрофини ўради. У пайтлар бу ишлар давлатнинг пули ҳисобидан қилинарди, тушунаман. Лекин кўчатниям давлат ўс­ 6 Собир ЎНАР тирармиди, яйдоқ даштни ҳам ўзлаштир, дермиди ёхуд ўзи келиб экиб берармиди – шуниси қизиқ. Қизиқки… бир он ўйланиб туриб қолдим. Тўй ўтганига икки-уч кун бўлган, биз қутлуғ бўлсинга кирган эканмиз. Тоғам билан оқсоқол бирга ишлаган – хабарим бор, аммо ўзини танимайман. Қанақадир чала битган, поли бор-у, эшик-ромлари қўйилмаган бир уйга бошлаб киришди. Ўн-ўн беш йигит ғимирлаб юрганидан билса бўладики, ҳали тўйнинг тафти ўтмаган, ҳовлидаги ўчоқ тагида ҳам ўтин тутаб турибди.

Бизни алоҳида столга бошлашди. Нариги столда тўртбеш чоғли бир-биридан семиз зотлар хурсанд, бир-бирининг гапини эшитяптими, эшитмаяптими, мастонамастона сузилиб нуқул кулади. Охирида “оббо, акам-ей” дейди. Ким акаси экан? Мен – ҳушёрман-да. Биз ўтирмоқчи бўлган столнинг бошида бир катта ғўла турибди. Мўла деса ҳам бўлади. Унинг нималигини сиз билмайсиз, биздан сўранг: бу томонда қир кўп, тоғ, адир кўп, ҳаммасининг ҳам номи бор деб ўйлайсизми – йў-ўқ. Шу сабаб чўпон-чўлиқлар мол ортидан юриб, бекорчиликда, эрмакка атрофидаги тошлардан уйиб мўла ясашади – одам бўйидир, паст ё баланддир, ишқилиб, бир белги-да. Эртасига қарабсизки, анов Салим чўпоннинг мўласи, оқмўла, қорамўла, Абдулланинг сойи, Солининг сойи, Токли сой, Оқ зов, Қора зов – бир белги, хуллас. “Мўла” пича бош кўтарган бўлиб, хиёл бош чайқади. Ёнидаги столга ишора қилгандай бўлди. Тоғам пилдираб бориб “мўла”нинг қўлидан тутмоқчи эди, у қўллар илтифотни сезмаган каби фотиҳага ёйилди. Тоғам тамом довдираб, “ёшлар бахтли бўлсин, ёшлар бахтли бўлсин!” деб икки марта омин қилиб юборди.

Бизга эса бари бир – бегонаман. Тоғам бўлса тиззамга бир туртди: хапа, деб қўйди. Сўнг илтижоли бир суратда “мўла”га термулди.

– Кўринмайдилар, – деди “мўла”. Аммо кўзи юмуқ. – А-а, Ҳусан ака, энди бизам инвалид одам, катта давраларга ярамаяпмиз. Тўй куни издиҳом катта деб тортиндик, ака. Обком келган тўйга бизга йўл бўлсин.

– Шундай денг, унчалик эмасдир. Обком бова дов-доска қипкепти, қўйинг десам қўймади.

– Эшитдим-эшитдим, “Волга” қуллуқ бўлсин, ака.

Тоғам шундай деб, қанчалиги эсимда эмас, киссасидан камтарона тўёна чиқарди. Ярим қарич келадиган икки қош бир кўтарилиб тушди. Қора-қизил рангдаги сергўшт бурун тагидаги оғиз ҳаракатга келиб:

– Боря! – деб бақирди. Новча бир йигит келиб қўл қовуштирди. – Қолган вино-пиноларингдан опкел-да.

Новча ғойиб бўлди. “Мўла” ўша-ўша ҳолатда: на тебранади, на чой ичади, на бошқа гапиради. Мўла-да! Э, қаддингдан, э, уста Худойим! Тоғам қулоғимга шипшиди:

– Тўёнаям ёқмади. Вино-пино деганини кўрдинг, ароқ демади. Биз отдан тушган бўлсак. Шундай деди-ю, тоғам кулиб юборди. Афтидан, бу сиёсатни кўп кўриб юргани учун ўзини тутолмади. Бу одамнинг қўлида ишламаётган бўлса – энди барибир эмасми? Столда егулик сероб, калла-поча ҳам бор. Тўйдан кейин ҳам қўйлар сўйилаётганининг белгиси бу. Бироқ бу нарсалар ҳали менинг мижозимга ботмас эди. Уйда онам тайёрлаган қатиққа нон тўғраб есам, подшодай юравераман. Бу дов-доскалар, бу ҳашаматлар… Қабул қилолмас эдим-да. Ёшлик қилардим чоғи. Ҳа, дарвоқе, бундан ҳам ёшроқ вақтим – саккизинчи синфда бир синфдошим билан таътилда “Қўшработ” совхозининг ғалла хирмонига ишлашга келганмиз. Бир ярим ой кечаю кундуз ишлаганмиз. Охири безор бўлиб қочиб кетганмиз. Хирмон мудири Бегмат Усмонов ортимиздан бир оз чойчақа ва хирмондан кафсан жўнатиб юборган. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам шилдир шўрва ичамиз. Тегирмони нон. Охири ёқмайлар кетган. Биздан каттароқ Абдурайим аканинг ташаббуси билан бир куни кечаси боққа ўғирликка кирдик. Узум айни пишган пайт. Иккита катта ит вовиллаб келиб қолди-ку. Қочибсуриниб, ким тиконли симга кийимини илдириб, ким тупроққа думалаб, ишқилиб, хирмонжойга ҳаллослаб қутулиб келиб кўрпага бурканамиз. Орқамиздан биров қувганини кўрмадик. Бироқ эртаси куни ошпазимиз Эшбой акага бир аёл икки челак узум ташлаб кетибди.

– Ёш боллар бор экан, уйидан олисда очирқаниб юргандир, беринг, есин,– дебди.

Ана холос. Ким бўлди экан бу валломат. Йўқ, аслида билар эдик, Ҳакимовнинг чорбоғи, уйи шу ерда, боғи катта, кўриб юрардик, болалик-да – кундузи оқ, қора кишмиш, тойфи, оламантўйди деган узум бошларининг симларда осилиб хор бўлиб ётганини кўриб, кечаси бир додини бермайликми, деган режалар бўлган. Не тонгки, саргузаштимиз боягидай ниҳоя топган. Бу Ҳакимовнинг ишимиди ёки кампирининг шахсан ҳомийлиги эдими – шу топда хаёл опқочди. Бунга сари тоғам:

– Ҳусан ака, бу жияним бўлади. Журналист бўлмоқчи, ўқияпти, мақолалар ёзади, – деди.

Оқсоқол бирйўла икки кўзини ҳам очиб менга ўқдек қаради. Аҳамият бергани мени саросимага солди. “Ўша ўғирлик қилиб юрган сен бола энди журналист бўлмоқчимисан?” деган каби таъқиб қилаётгандай туюлди. Лекин оқсоқол:

– Қуйинг, ичинглар, – деди-да қўйди. Кўзлари ҳамон юмуқ. Оқсоқол (энди “мўла” демайман) тоғам айтгани сингари ҳар балони билса, демак, мени ҳам билади деган хавотир ич-этимни тирнади.

– Ҳамро кеп-кетди, – деди Ҳусан ака. – Тоға кепти-да, бу йигит Ҳамро тоғанинг невараси-да, укасининг ўғли.

– Ҳамзанинг, – деб қўйди оқсоқол. Шу ҳолатида у биздан бошқа кимнингдир суҳбатини олиб, ичида маъқул кўриб ўтирганга ўхшарди. Мен ҳайрон қолдим: отамни билар экан, Ҳамро бобом-ку, қўлида йилқичи. Қойил.

– Ҳамро қочиб-пусиб кетди. Калонов уни тузлайман деяпти. Тузламайди. Қишлоққа борганда айтинг, Исмоилнинг тракторини акт қилиб кетсин. Ана энди бу ёқлари бошқа гаплар. Биз сизга “мўла”- дан ибратли оқсоқол ясаб берамиз. Тоғам мудом тилдан қўймай мақтайдиган одам шу – Ҳусан Ҳакимов. У замонларда, биласиз, бир туманда ўнтага яқин совхоз бўларди. Ҳакимовнинг хўжалиги эса “Биопункт” дейиларди. “Пангат” хўжалиги ҳам шунинг ичида, йилқичилик, қўйчилик, ғаллачилик тармоқлари бор, боз устига Пойариқнинг Кўлтўсин, Ғаллаоролнинг Лалмикор деган жойларини ҳам хўжалик ҳисобига киритган, яъниким юзлаб эмас, балки минглаб ишчилари бор эди. Мустақиллик йилларида йилқичиликни хусусийлаштиришга жон-жаҳди билан қарши тургани боис ҳозир ҳам сақланиб қолган. Билмадим, тағин қаерда бор – Жиззахда “Конний завод” – от хўжалиги бор деб эшитардим, ҳозир ҳам бормикан, бироқ мана, мен айтяпман – Қўшработда бор. Пангатнинг ўзини токзор боғ қилиб юборди. Сув чиқмайдиган қир-адирлар ҳам токзор бўлди. Очиғи, бу ишларни бир одам қўли билан бунёд этолмайди-ку. Одамларнинг бошини қўшган, ишлатган, ҳақ берган. Натижада “Бу дунёда Пангат, у дунёда – жаннат” деган мақол пайдо бўлди. Ободончилик ишини пухта қилар эди.

Тоғам: “У одам деярли ухламас эди, кечаю кундуз юрар эди, бошқаларниям тиндирмас эди, – дейди. – Вилоятга борсаям, обрўси катта, хўжалик учун бир катта нарса ундирмай қайтмас эди”, – дейди. Ҳозир тирик бўлганида, балки, жудаям катта бир фермерлик хўжалигига бош бўларди. Лекин оқсоқолчилигининг зўр белгиси – биронта ишчисининг бурни қонашига йўл қўймаган. Четдан бировларни аралаштирмаган. Боя Ҳамро бобом ва Исмоил тракторчи ҳақида гап бўлди. Бобом Ҳакимовнинг йилқи-биячилик хўжалигининг бир фермасида бош чўпон эди. Аввал ўзимизнинг қишлоқда, сўнг Лолаҳовуз қишлоғида. Чўпон деганиям бола-чақали, еярмон-ичармон дегани-да. Хашак, арпадан уйига опкетиши бор, йилқига жондор (бўри) тегса ё касалланса, ҳалоллаб сўйиб олсаям, зоотехник (Жўрақул Калонов – ҳозир 90 ёшни қоралаб қолди, тарих билимдони, зўр одам)ка молнинг калласини кўрсатиб, ҳаром ўлди, деб тураверади. Албатта, ҳаддидан ошса, Ҳакимов ҳам, Калонов ҳам қараб турмайди. Ишнинг машаққати аён. Шу боис, Ҳамрони Калоновга тузлатиб қўймайман, деяпти. Бу – раҳбарнинг ишга инсоф кўзи билан қараётганининг белгиси. Энди, Исмоил ака дедик. У киши ҳам бизга амаки. Ўзи зўр, жуда оқкўнгил одам. Ичишни бир йил ташлаб, иккинчи йили меъёридан ҳам ошириб ичиб юрадиган одати бор эди. Шу ҳолда пат-патининг рулига ўтириб кетаверар эди. Етмишни қоралаяпти, умринг узун бўлгур, ҳалиям одати шу: бир йил ташлайди, бир йил обдон ҳиссасини чиқаради. Кунларнинг бирида… Э, бу қизиқ воқеа жуда. Унда отаси Облоқул бобом – Ўнар бобомнинг укаси, уруш қатнашчиси, чарс, валломат одам – тирик эди. Ўша куни бўлим касссири маош тарқатган экан. Акам шериклари билан пўла бўлгунча ичган. Яна Зармитанданми, қаердандир бир яшик пиво ҳам олган. Трактор кабинасига ортволиб, кайф зўр, қўшиқни ванг қўйиб келаверган. Қишлоқ йўли тик, қияликлардан иборат, ўнқир-чўнқир, тор. Опаси Саломат аммам Қўрғонтепанинг пастида туради, тракторининг овозидан таниб Исмоилжон билан кўришиб-сўрашиб қолайин деб йўлга чиқса, тепада трактор тарр-тарр қилиб турганмиш-у, акам рулда ётиб олиб уйқуни ураётганмиш. Бир маҳал трактор секин орқага тисарилибди. Аммам вой-вой, ҳой-ҳой, ким бор деганча қолаверибди, транспорт орқага тисарила-тисарила бошқарув йўқолгач, пастга қараб қулаб кетибди. Бир думалабди, икки думалабди, ниҳоят, масофаси бир чақиримча келадиган сайҳонликка тик қиядан сочилиб-парчаланиб думалаб кетибди. Ўртада Омон муаллимнинг уйи бор, уйига зарар қилмай чорбоғининг деворларини бузиб ўтиб кетибди. Сойдаги сувга иккита баллон етиб борибди, тракторнинг қолган қисми йўлда сочилиб адо бўлган. Худонинг сақлаганини қаранг: трактор биринчи қулаган заҳотиёқ кабина эшиги очилиб, акам тушиб қолган экан. Яна қизиғи, ўша бир яшик пивоси ҳам қучоғида эмиш. Аммам буни кўрмаган экан, ой-ҳой, Исмоилжоним нима бўлди, қаранглар, деб айюҳаннос солиб бақирармиш. Қарашса, акам бир яшик ароқ қўйнида, етиб келган одамларга ҳиринг-ҳиринг кулиб ётганмиш. Бирор жойи лат емаган. Ҳа, яратган Эгам сақлайман деса, қирқ йиллик қирғиндаям сақлайвераркан. Акамизнинг омон қолгани яхши – Худо қайтариб берди, ахир. Айби ҳам ўзи билан. Лекин мен бошқа нарсани айтаман: Ҳакимов бу воқеани эшитиб хурсанд бўлмагани аниқ, жазаваси қўзигандир балки, шунга қарамасдан акамни кечирганини қаранг!

“Кал бўлсам ҳам, тароғим тиллодан” деганлари сингари амаким ориятчил одам, Ҳакимов қанча сўраттирсаям, бормай юрди. Ҳамро отам иккита баллонни отига хуржун қилиб Қўшработга оборса, директор: бўлди ҳисоб, Исмоилжонга айт, қочиб юрмай бир келсин, дебди. Исмоил акам барибир бормади: юзи чидамади, шекилли. Охири орқасидан бир янги “Беларус” жўнатибди оқсоқол. Акам шуниям минолмай бир муддат қийшанглаб юрди. Отасидан даккими, таёқми егач рулга ўтирди. “Беларус”ни миниб пенсияга чиқди, аммо оқсоқолнинг вафотигача унинг кўзидан қочиб юрди. Исмоил акамнинг меҳнаткашлиги, оқкўнгиллиги, балки орияти ёққандир, эҳтимол, жўжабирдай жон – шуни ўйлагандир, ҳар нечук, кечиргани бор гап. Ўзи катта қалбли одамларнинг меҳриям катта бўлади, шекилли. Ҳа, Ҳакимов Қўшработнинг оқсоқоли эди. Одамларнинг бошини қўшишни яхши эпларди. Неча райком, неча обком билан ишлади – ҳурмат-обрўйини йўқотмади. Қўл остидагиларга қўрс, қўпол муомалали бўлиб туюлди, аммо бирортасига зуғум қилмади. Шунинг учун тоғам у кишини тилдан қўймайди. Мана, у одам дунёдан ўтгандан кейин ҳам туманга уч-тўрт раҳбар келиб-кетди. Лекин бирортаси “Э, бу оқсоқолнинг боғ-роғлари қаровсиз қопти-ку”, деб саъй қилмади. Энди, уларнинг ичида ҳам фидойилари бўлгандир-ку, аммо айтаманки, юрт оқсоқоли бўлолмадилар чоғи. Бўлмаса Ҳусан Ҳакимов шу боғларни Қўшработ халқи есин, тўйсин, даромад қилсин, соясида сояласин деб қилган-ку, ўтин бўлсин, кесиб печига ёқсин демагандир-ку. Гапнинг ўролиям шу-да. Энди ҳикоямизнинг бошидаги ҳангомага қайтамиз. Эрув бошлангач тоғам билан қишлоққа кетяпмиз. Қир-адирларда анчадан бери муз қотган қорлар ғалати тарзда, янги жилғалар ясаб пастликка оқиб тушади. Йўллар чети лойқа-бўтана сувга тўлган, асфальт йўл тагидаги қувурлардан сув тўлиб оқиб чиқаётир. Ҳайрон бўлманг: лалмикор буғдой, махсар экилган шудгор ерларнинг оқиб тушаётган лойлари кейин қаерга тўпланаркин? Охири бахайр бўлсин, ишқилиб. Шу куни тоғам билан иккита жойга кириб фотиҳа қилдик. Ҳаммаёқ билч-билч қилиб ётибди.

Исмоил акамнинг кампири Ойсара чечаям яқинда қайтиш қилган. Маъракаси ўтди, эндиям бормасам, тоза уят. Бироқ юқорига машина чиқолмади. Тоғамни пастда, машинада қолдириб ўзим пиёда чиқиб келдим. Ўзиям тиззамгача жиққа ҳўл бўлди. Лекин қарзимдан қутулдим.

Эртаси куни тағин икки жойга кириб “қўл қайтариб” чиқиб ортга жўнадик. Кечасиям илмилиқ ҳаво бўлгани учун эрув кучайиб текис жойлардаям шарқираб бўтана оқиб ётибди. Кўлтўсинга етганимизда кўприк тагига сув сиғмай сел асфальт устидан оқаётганининг устидан чиқдик. Бир тўда одамлар чиқиб томоша қилаётир. Биз, ўтсак бўладими, деб сўрадик. Ўтаверинг, деб қўйди бири. Қўрқа-писа ўтиб олдик. Шу кўйи Ғаллаорол туманига қарашли Гулчамбар, Оқтош қишлоқларидан ҳам ўтдик.

Эртаси куни ўша биз ўтган қишлоқлардан бирини сел ювиб кетгани ҳақида шумхабар тарқалди. Яхши гапдан кўра ёмони тез ёйилади. Ҳартугул, қурбонлар бўлмабди. Кейинги кун укам телефон қилиб қолди: “Кўлтўсиндаги, кеча сизлар ўтган кўприкни бир соатдан кейин сел бузиб, ундан бошқа йўлнинг бир қисминиям катта жар қилиб ўйиб ташлабди. Шукрки, одам оқмаган”. Ана энди шу талафотгаям роса бир йил бўлди. Кўкламдан ёзгача Кўлтўсин орқали юрувчи транспорт воситалари бир неча чақирим наридаги Довтепа қишлоғи орқали чанг-лой кўчадан айланиб ўтадиган бўлишди.

Ёзда Ғаллаоролнинг Оқтош, Кўчарбулоқ қишлоқлари кўприклари янгиланди. Айниқса, Кўчарбулоқда бундай сел-тошқинларга бемалол дош берувчи катта кўприк қурилди. Лекин Кўлтўсинда… ёзда ҳув йўлни жар қилиб бузиб кетган жойга одамлар шахсий ташаббус билан иккита каттакон қувур ётқизиб, устидан шағал-тош тўкиб чиқишибди. Енгил машина, микроавтобуслар амаллаб ўтса бўладиган қўлбола кўприк. Бироқ катта ҳажмга эга юк транспортлари, автобуслар ўтолмайди. Бу йўлдан ҳар куни турли юмуш билан юзлаб эмас, минглаб одамлар ўтади. Тошкент, Жиззах, Сирдарёдан Кўлтўсин, Накурт, Қудуқча ва Қўшработнинг ўнлаб қишлоқларига Заркент, Зармитан қўрғонларига, жумладан, бизнинг Қудуқча, Тумановул, Майинтепа, Камаровул, Жобутой, Қурисой, Қувкалла қишлоқларига ҳам шу йўл орқали ўтилади. Илгари одамлар йўлнинг ўйдим-чуқурлигидан нолишарди. Энди шу йўл ҳам ғанимат бўлиб қолди. Бояги қўлбола кўприк баҳорнинг илк сели келгандаёқ оқиб кетади. Шундай катта ва серқатнов йўлга муносиб кўприк солиш нима учун бошқаларни қизиқтирмайди – ҳайрон қоласан киши. Бир ойдан ошди, тоғам янгам билан яна Тошкентга келган. Қиш-қировли кунларда қишлоқдан бирин-кетин икки жаноза хабарини эшитдик. Орада бир ҳафтача илиқроқ, ёғин-сочинсиз кунлар ҳам бўлди. Барибир йўлни ўйлаймиз. Кечаги гаплашганимизда тоғам Кўлтўсинда кўприкнинг йўқлиги, бир йилдан бери раҳбарлар эътибор бермаётганини айтиб нолиди.

– Собир-эй,– деди сўнг,– бурун юз қўйли одамни катта бой дер эдик. Шу айби учун улар қулоқ ҳам бўлиб кетишди. Ҳозир қишлоқларнинг ўзида бурунги бойлардан юз карра бойлар бор. Машинанинг зўридан минади, уйини қават-қават қилиб қуради, тўйига фалон минг доллар сарфлаб, номдор артистни чақириб керилади. Иномарка машиналари хароб йўллардан юрса, бу йўлларни эрта-индин келиб давлат қуриб, созлаб бериши керакдай ҳаммага қўшилиб нолиб юраверишади. Қанақа юраги қотиб кетган одамлар булар?

– Тоға, булар асли давлатдан юлиб бой бўлишни фазилат деб билишади. Халқ фаровонлиги деб пул сарфлашга ор қилишади. Шунақа пишиқ бойлар булар.

– Эҳ, Ҳусан Ҳакимов яшамади-да шу кунларда. Барисини уйидан қувиб чиқиб тикка қилмасмиди! Ў, ноинсоф, пулинг бор экан, молинг бор экан, уйингнинг ичини ялтиратгунча бу ёққаям қара, кўр бўлгур, дерди. Ҳа, айтарди шу гапларни. Ёки кўприклар учун мутасадди бўлганнинг эшиги олдида итдай ётиб оларди. Ҳай, аттанг, қадри ўтди-да раҳматлининг. Яқинда дунёдан ўтган биринчи адабиёт устозим Омон ака Қўчқоров тоғамнинг тенгқури эди. Маъракаси ҳам ўтибди. Йўлни ўйлаймиз. Қўшиқдаги “йўллар олис, отим ориқ, етолмайман-ей” деган сатрлар эсга тушади. Ҳолбуки, бу йўлларга полвон отлар ҳам дош бериши қийин энди. Қишлоғимиз узун сойнинг икки бетида жойлашгани учун орада 4–5 та кўприк қурилган. Бултурги сел уларниям омон қолдирмаган. Бир эпини қилиш одамларнинг ўзига ҳавола. Ҳокимга ёзадими, у келиб кўриб, ёрдам берамиз, дейдими, охир-оқибат, барибир гап ўзларида қолади. Бир ташаббускор оқсоқол жон куйдирмаса қийин. Мана, йўлга чиқдик ҳам дейлик. Ғаллаорол, Маржонбулоқ йўли билан энди юриб бўлмайди. Чунки Кўлтўсиннинг бултурги кўприги ўрнида бугун ҳайҳотдай жарлик бор. Жарлик тагига қилинган омонат кўприкни кичкина сел ҳам чалпак қилиб ташлайди. Шу боис Самарқанд ёки бўлмаса Жомбой, ундан Пойариқнинг Эшимоқсоқ қишлоғи орқали Челак, Митан, Қўшработни айланиб бориш керак. Унда камида 70 чақирим ортиқча йўл босишга тўғри келади.

Тоғамга айтдим:

– Ҳадеб Ҳакимов деяверманг. У одам энди кетди. Ҳозиргилар жуда закунчи. Бировга бир нарса дейиш қийин. Бор йўлдан юриб тураверамиз. Шунисигаям шукр. Биздан кўра кўлтўсинликларга қийин, чунки жарлик бир қишлоқни қоқ иккига ажратиб қўйди. Уларга қийин бўлди, бизлар бўлса… шу қишлоқдан ўтиб-қайтувчи йўловчилармиз, холос. Шундай эмасми? Эртага отланаверинг, йўлга тушамиз! Йўлга тушармиз, бориб ҳам келармиз. Тасаввур қиламан: чўққисоқол, чорпахил, юзни қоралаган оқсоқол Ҳакимов 200 та йилқиси бор янги замон бойи Абдулланинг дарвозасини уряпти. Абдулла чиқиб чолни жеркияпти. Тахминан бундай дейди: “Ну и что! Транспорт налогини бензинга қўшиб тўлаяпманми – тўлаяпман. Фермер хўжалигидан йўл солиғини қуртдай ундириб олишяптими – олишяпти шоввозлар! Олиб қаёққа бекитишяпти? А, қаёққа бекитишяпти? Ана, ўшалар қуриб беришсин кўприкни! Сизнинг замонингиз ўтди, бобой!” “Бобой” мулзам тортиб қолар эди, эҳтимол. Эҳтимол, чиндан ҳам замони ўтганига афсус чекарди, лекин ўзибўларчиликка чидай олмас эди. Оқсоқолчилик шунда керак! Ҳа, ҳар элга бош керак!

 

“Ёшлик” журнали, 2012 йил, 6-сон.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *