Одам савдоси

унга бефарқ қараш жиноятга шерик бўлиш билан тенг!

2

Кўп жиноятларни кўриб, негадир кўрмасликка олиб кетаверамиз. Бугун айрим соддадил ёшларга “йўл кўрсатаман” дея аслида уларни жаҳаннамдан қолишмайдиган жойларга равона қилиб юбораётган устамонлар кўпайиб кетаётганидан кўз юма олмаймиз. Ўша устамонлар аслида одам савдоси билан шуғулланаётганини очиқ айтишимиз лозим.
Бир куни меҳмонга келган дўстим Хидирали билан сайр қилиб юрган эдик, Чорсу бозори ёнидаги бир рекламага кўзиб негадир сесканиб тушди. Бир-бирига қўл бериб турган кимсаларнинг суратига тикилиб сўради:
– Қаранг, “Алданиб қолманг” деб ёзиб қўйибдими?
– Ҳа, бошқа давлатларда ишлаб келишингга ёрдам бераман, деб алдаб, лаққиллатиб кетадиганлар пайдо бўлибди,– дедим билганимча изоҳ бериб.– Қозоғистонгами, Россиягами олиб бораркан-да, кимларгадир қулдек сотиб келаркан…
Хидиралининг фиғони фалакка етди:
– Қишлоғимиздаги Ҳалимбой, Нортой, Эрпўлатларни (исмлари ўзгарган) биласан-а? Уларнинг бошларига қанақа ташвишлар тушганини биласанми? Ҳалимбой шаҳарда ўқийдиган укасидан хабар олишга келиб, Ақида деган аёл билан танишиб қолибди. Ҳатто, опа-ука тутинибди. У аёл ўзимизда иш излаб юрганларга ёрдам бериш билан шуғулланаркан. Яъни, Россия ва Қозоғистон республикаларига олиб бориб, ишга жойлаштирар экан. “Менинг фирмам орқали четга бориб ишлаганлар машина миниб келишяпти,– дебди у бир-иккита ҳовлиларни кўрсатиб.– Ишлаб келган пулларига шунақа данғиллама иморатлар қуряпти! Ҳозир замон шунақа ишбилармонларики!” Ҳалим лаққа ишонибди. Кўзига гижинглаган машина билан қасрдек уй кўриниб кетганда! “Бизга ҳам ўргатинг” деб ўзи илтимос қилибди. Шунда опаси: “Йўл бироз узоқлигини биласиз. Йигирматача одам топсангиз, ўзингизнинг йўлкирангиз чиқади! Бориш-келишингиз текинга тушади, билдийизми!” деб қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирибди. Ҳалимбой ҳовлиқиб келиб ўртоқларини кўндирибди. Нортой билан Эрпўлат ҳам қўшни қишлоқлардан ўнтадан йигитларни топиб келишибди. Манзилга етиб олиш ва ишни бошлаворишга атиги бир миллион сўмдан йиғишибди. Хуллас, ўзлари билан йигирма уч нафар азамат қайдасан Россия деб жўнаворибди.
– Шунча йигит битта аёлга алданибдими?
– Йўқ, аёл фақат Ҳалимни лаққа туширган. Ҳалим Нортой ва Эрпўлатни ишонтирган. Улар ўз навбатида танишларини авраган. Уч кун йўл юриб, бир жойга боришган. Уларни “ишга қабул қилган” киши аввал паспортларини олиб қўйган. Ҳалиги аёл кўздан ғойиб бўлгач, янги “хўжайин” шундай дебди: “Уйларингдан то шу ерга етиб келгунларингча ҳар бирингга йўл кира, овқат пуларингни мен тўладим. Аввал шу қарзларингни тўлайсилар. Бунинг учун камида икки ойдан ишлайсилар”.
“Ахир, биз йўлкира ва овқатимизга бир миллион сўмдан тўлаганмиз-ку?– Ҳайрон бўлиб сўрабди йигитлардан бири Ҳалимбойга қараб.– Наҳотки ўз ҳамқишлоқларингни алдаган бўлсанг?”
Ҳалимбой елка қисибди. Баҳсга “янги хўжайин” барҳам берибди:
“Ҳозир майда-чуйда гапларнинг ўрни эмас. Қани ишга киришинглар. Ҳар биринг учун яна қанчадан тўлаганимни биласанларми? Икки мингдан кўкидан тўлаганман! Қарзларингни ишлаб узганларингга жавоб тегади, ким бўйин товласа, ўзидан кўрсин. Уни шундай одамга сотаманки, туғилганига пушмон қилади…”
Хуллас, сал кам бир йилча йўқ бўлиб кетган ҳамқишлоқлар дабдаласи чиқиб қайтиб келишди. Тағин десанг, кўпчилиги кимлардандир қарз олиб, йўлкира қилиб келишибди… Қишлоққа келгач, ҳаммаси Ҳалимбойга ёпишди. У шўрлик отасининг туппағтузик ҳовлисини сотиб қутулди…
Хидиралининг гапларидан эсанкираб қолдим. Худди кимдир бошимдан бир челак муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Наҳот шу даражага етадиган кимсалар бўлса орамизда?!
Хўш, бунинг учун ким айбдор?
Бир-бирининг мамлакатига бориб ишлайдиганлар камми дунёда? Узоққа бормайлик, Ўзбекистонга ҳам қанча давлатлардан келиб ишламоқдалар? Биз улар билан ҳатто фахрланамиз-ку! Нега? Негаки, улар қонуний йўллар билан, муайян шартномалар асосида келиб ишламоқдалар. Уларни ўз номи билан чет эллик ишбилармонлар, тадбиркорлар деб атаймиз. Ўзга юртларга бориб ишлашни ихтиёр этганлар ҳам аслида ўзига хос ишбилармонлардир! Бир иш қўлидан келгани учун ўша ёқларга отланганларини изоҳлашга ҳожат йўқ. У ҳолда улар нега шундай аҳволга тушдилар?
Бор-йўғи ҳақ-ҳуқуқларини билмаганлари оқибатида шундай хўрликларга гирифтор бўлдилар.
Тегишли идораларнинг кўмагида қонуний асосда ишлаб келаётганлар ҳам каммас. Улар худди биздаги чет эллик ишбилармонлардан қолишмайди.
Хидиралининг кўнглини кўтариш илинжида шундай дедим:
– Яқинда мамлакатимиз парламенти одам савдосига қарши курашга хизмат қиладиган қонун қабул қилди! Энди шунақа товламачиларнинг пайи қирқилади!
– Ҳақиқат бор экан-ку!– Дўстимнинг юзи ёришиб кетди.– Шундай қонун қабул қилингани рост бўлсин.
– Давлатимиз халқимиз учун шунчалик жон куйдираётганини афсуски баъзилар тушунмайди-да,– дедим бош чайқаб.
– Менимча бу ҳамманинг ўзига боғлиқ,– деди Хидирали билағонлик қилиб.– Мана, ўша Ҳалимбойнинг укаси эллик гектар ердан қанча даромад қиляпти. Ўтган йили яна янги машина олди. Ҳалимбой укаси билан келишиб ишласа, четдан кўзлаганидан заёдроқ топиши мумкин. Нортойнинг Норбўта деган акаси ҳам қишлоқнинг олди одамларидан бирига айланган. Учта «Дамас”ини ижарага бериб қўйибди. Биттасини сен ҳайдайвер деб укасига берган экан, Нортойнинг ўзи ахмоқлик қилибди-да. Сиздан икки баравар бой бўламан, деб гуппиллабди. Эрпўлатнинг укаси Шерпўлат ҳам иккита дўконга хўжайин! Ҳозир қишлоқда сартарошхона, этикдўз устахонаси, новвойхона қуряпти! Шу укасининг ёнида ишласа ҳам бўларди-ку! Йигитга ўлим йўқ, у ўзини ўққа-чўққа урмаса бўлгани, деган гапни эшитганмисан?
Қишлоқдаги қадрдонларимни эслаганда беихтиёр юрагим орзиқиб, уларнинг қувончларига шерик бўлгим келади. Ўзларини хор қилиб юрганлар ҳам аслида менинг дардим, фожиамдек туюлади. Уларнинг олдида ўзимни гуноҳкордек ҳис этаман. Негаки, ўзим яшаётган шаҳарда “Алданиб қолманг” деган рекламалар наҳот кўзимни очмади? Нега у ҳақда вақтлироқ мақолалар ёзиб, газеталарда ёритмадим? Ҳамқишлоқларни бохабар қилмадим? Ахир, эл дарди ила яшаш биз журналистларнинг биринчи галдаги бурчимиз-ку! Мана, одам савдосига қарши кураш энди қонун асосида амалга ошадиган бўлди. Шу қонун моҳиятини қай биримиз эртаю кеч деҳқончиликдан қўли бўшамаётган ҳамқишлоқларимиз ҳузурига бориб тушунтираяпмиз? Бундай оғриқли саволлар ҳар бир онгли замондошимизга тинчлик бермаслиги шарт!
Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Яшаш учун берилган бебаҳо умрни ҳавога совурманг. Кимларгадир алданиб, шунақа хор-зор бўлиб юрманг, дея ҳайқиргим келади. Токи, қадринг қанча, қадрдон, деганда бош эгиб қолманг.

Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

https://uchildiz.livejournal.com/?fbclid=IwAR1t0hQP6LRnzBLJl3WhSL58vgEEBDG0KwxkOwYLGqts6-TEW6tI19jNg4w

 

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *