Оила, фарзанд ва юрт ардоғидаги азиз аёллар
Ҳар йили баҳор ўзгача тароват билан келади.
Баҳорнинг илк куни ўзбек халқининг ардоқли шоираси Зулфия таваллуд айёми билан бошланиб, бу ёғи 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига уланиб кетади.
Маҳалла-кўйлардан тортиб турли меҳнат жамоаларигача бу байрам шодиёналаридан диллар олам-олам завқ олади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройи катта залида бу йилги байрам тадбири “Оила, фарзанд ва юрт ардоғидаги азиз аёллар” деб номланди.
Эрта тонгдан Миллий университетимизда ўзгача бир кайфият ҳукм сурмоқда. Ҳамманинг юзида табассум, қалбида қувонч. Тадбир олдидан намойиш этилган видеоролик барчага баҳорий кайфият бахш этди.
Аёл шундай нафис хилқатки, унинг таърифига сўз ожизлик қилади. Аёл бу, энг аввало, оналаримиз, опа-сингилларимиз, вафодор ёримиз, ҳамкасбларимиз, умуман олганда, жамиятнинг негизи ҳисобланмиш оиланинг асоси, десак муболаға бўлмайди. Уларсиз ҳаётни бир тасаввур қилиб кўринг… Азиз аёлларсиз бизга самода порлаган қуёшу Ойнинг не кераги бор? Уларни, том маънода, ҳаётимизнинг мазмуни дея эътироф этсак ҳам кам.
Шундай нозик сиймосида бир олам дардни кўтариб юрадиган бардошли, матонатли аёлларимизга нисбатан бежизга бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади, дея таъриф берилмайди.
– Ҳаётимизда турли-туман саналарни байрам сифатида кенг нишонлаймиз. Шулар қаторида кўнгилларимизга гўзаллик ва хурсандчилик, файзу тароват олиб келадиган 8 март байрами алоҳида ўрин тутади. Биз билан бир сафда фаолият кўрсатишаётган аёл устозлар, профессорлар, олималаримизнинг ўрни беқиёс,– деди университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов барчани самимий қутлаб.– Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси экани, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда не-не улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар. Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган мазмундаги ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз. Миллий университетимизда ҳам олима аёллар, ёш истеъдод соҳибаси саналмиш талаба қизларимизнинг ўрни алоҳида. Улар республика ва халқаро танловларда университетимизнинг шарафини ҳимоя қилаётган талаба-қизларимиз эришаётган ютуқларидан ҳақли равишда фахрланамиз.
ЎзМУда ҳар йили байрам олдидан факультетлараро аёл мураббийлар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида турли спорт мусобақалар ўтказиш ўзига хос анъанага айланган.
Бугунги анжуманда ана шу мусобақа ғолибалари муносиб тақдирландилар.
Шунингдек, факультетлар ўртасида ўтказилган “Оила, фарзанд ва юрт ардоғидаги азиз аёллар” мавзуига бағишланган деворий газеталар танлови ғолибларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Азал-азалдан юртимизда аёлларга ҳурмат, эҳтиром юксак даражада бўлган. Зебуннисо, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин, Зулфия каби улуғ шоираларимиз номи дунёга достон. Бугунги кунда ҳам жамиятимиз тараққиётини, ўзбек илм-фанини оқила аёлларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Жамиятнинг қайси соҳасини олмайлик, таълим дейсизми, ишлаб чиқариш тармоқлари дейсизми, барча жабҳаларда аёлларимиз фаоллигидан ҳайратга тушасиз.
– Миллий университетимизда елка-елка бўлиб фаолият кўрсатишаётган қадрли ҳамкасбларимиз, ғурури ва ҳиммати баланд йигитларимиз бугун бизни бениҳоя хушнуд этдилар,– деди университет Хотин-қизлар қўмитаси раиси Лаълихон Муҳаммаджонова дил сўзларини изҳор этиб.– Анжуман олдидан улар Маданият саройи олдида илиқ сўзлар-у турфа гуллар билан қарши олдилар. Ректоратимиз ҳамда Касаба уюшмаси томонидан спортчи ўқитувчиларга такдим этилган совғалар ва катта байрам концерти кўнглимизни тоғдай кўтарди. Эъзоз топган маконингни азиз тутиш инсоний фазилатдир. Илоҳим, Юртимиз тинчлиги ва осойишталигига кўз тегмасин, Миллий университетимиздан файз-барака асло аримасин!
Аёл… Бу сўз замирида қанча маъно мужассам. Унинг майин табассумида баҳорнинг нафис шаббодаси, нурли нигоҳида қуёш шуъласи, бокира хилқатида мусаффо само мисол поклик акс этган. Бу дунёдаги бор гўзаллик ундан андоза олган, десак муболаға бўлмайди. Аёл ва баҳор сўзлари замирида қандайдир уйғунлик бор. Айнан ўша уйғунлик азиз аёлларимиз байрами баҳор кириб келиши билан нишонланишига сабаб бўлса ажаб эмас. Айтиш жоизки, тинч ва осойишта юртдагина меҳрибон бувижонлар, мунис оналар, қадрдон опа-сингиллар мана шундай эъзоз топади! Ўзбекистонда аёллар ва болаларга эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигига жумлаи жаҳон ҳавас билан қараётгани сир эмас. Бу ҳақда айрим хорижликларнинг ойнаи жаҳон ва радио эшиттиришлар орқали билдираётган сўзларини тинглаганимизда қалбда ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уради.
Анъанага кўра, дилрабо куй ва қўшиқлар байрамга янада файз киритди.
Анжумандан сўнг Тарих факультети бир гуруҳ фаол талабалари ва мураббийлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик Катта театрига ташриф буюрди. Ўзбек аёлининг тенгсиз тимсолига айланган афсонавий “Тўмарис” ҳаёти акс эттирилган режессёр Улуғбек Мусаевнинг 2 пардали саҳна асари барачанинг қалбини тўлқинлантириб юборди.
Бу серфайз ва латофатли анжуман қалбимизда она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини жўш урдиради, албатта.
Гўзал Очилова,
ЎзМУ Физика факультети 2-курс талабаси
Bayram haqiqatdan ham juda ajoyib o’tdi . Bunday e’tibor , hurmat uchun minnatdormiz . Hammani ko’zidagi quvonch bayramona kayfiyat bayramni yoqqanligidan bo’lsa kerak .
Ayol har davrda o’z o’rniga ega muqaddas zot . Ayol bu — bir umr farzandi kamolotini tilab mehri ila oilalarni quvonchga to’ ldiruvchi inson .
Yaqinlashib kelayotgan bayramlariz muborak bo’lsin . Aziz onajon-u , ayollarimiz yuzizdagi tabassum abadiy bo’lsin !!!
«Serfayz va latofatli anjuman»-?! Mening fikri ojizimcha, bu anjuman hisoblanmaydi. Qolaversa, sifatlashlardan ham biroz noto’g’ri foydalanilgandek, nazarimda.
Tengdoshimiz tadbirni juda ajoyib tarzda yoritib, faktlar bilan boyitganlar. Ammo tarix fakulteti talabalarining teatrga tashrifi biroz mavzu (tadbir) dan chetlashishdek, nazarimda!
So’zlardan to’gri va o’rinli foydalanib, jarayonlarni mazmunan mutanosiblikda yoritsalar, bundan-da ajoyib publitsistik materiallar muallifiga aylanadilar. Ijodiy parvozlarida mustahkam qanot hamda yuksak cho’qqilarni tilab qolaman!
Ayol — bu farishta!!! U bizning, avvalo onamiz, opamiz borinki singlimiz bo’lishi mumkin. Ona — bu qanday sehirli so’z. Bu so’zni eshitgan har bir insonning yodiga o’z volidasining qaynoq mehri, mehribon qo’llari-yu shirali ovozi keladi. Baxtimizga onajonlarimiz doimo sog’-salomat bo’lsinlar. Bayramingiz qutlug’ bo’lsin munis ayollar!!!
Menimcha, tengdoshimizning teatrga borganligini yozishi ham qaysidir ma’noda mavzuga yaqinroq. Chunki, teatrda ham ayollarimiz uchun «To’maris» hayoti aks ettirilgan spektakl qo’yilgan.
Ayol – bu ona, ona esa hayot demakdir. Ayol borki, hayot davom etadi, ayol borki, oila chirog’i o’chmaydi, ayol borki, borliq barhayot, olam bor. Ayolning baxti — oila baxti. Baxtli oilalarning ko’pligi esa — yurtning baxti! Shunday ekan, ayollarimiz bor bo’lsinlar! Baxtli bo’lsinlar! El hurmatida, e’zozlanib, qadrlanib, sevimli bo’lib yursinlar!
Tadbir juda ajoyib bo’ldi. Fursatdan foydalanib barcha ayollarni bayram bilan qutlayman! Tinch yurtimizga bayramlar yarashadi. Ilohim, har kunimiz bayram bo’lsin!
O’zbek xalqining ushbu bayrami yani 8-mart butun jahon nigohida bo’lganligi bizlarni g’ururga soladi. Bu bayram O’zbekiston Milliy Univarsitetida ham ko’tarinki o’tkazilgani maqolada o’z isbotini nopib turibdi.
Men yurtimizning bir nechta hududlarida, muassasalarida bo`lishga ulgurdim. Ishonch va samimiyat bilan ayta olamanki, Universitetimiz ayollaridek go`zal, ishda ham, undan tashqarida ham faol, mehribon ayollar boshqa hech qayerda yo`q! Nafosat va go`zallik bayrami muborak bo`lsin !
Savol: nega ayollar orasidan daholar chiqmagan?
Javob: Chunki, ayollar daho bo’lishdan ko’ra, daholarni dunyoga keltirishni afzal ko’radilar.
Aziz ayollar siz bizning doimo ardog’imizdasiz. Go’zallik va nafosat bayrami yana bir bor muborak!!!
Bugun yurtimizning har bir maskanida ayollarimiz va qizlarimiz ardoqda ekanligidan behad shod bòlasan kishi. Shunday kunlarga faqatgina shukrona aytish yarashadi
Ayollarni hurmat qilgan xalq hech qachon kam bo’lmaydi. biz bu haqiqatni hech qachon unutmasligimiz kerak. Ayollarimiz mamlakatimiz taraqqiyotida ham muhim o’rin tutadi.