ОЙДИН ОРЗУЛАР
Ажиб манзаралар
Кузда жануб томон, ёзда шимолга
Қушлар кўчиб юрар вақтнинг измида.
Неки пайдо бир кун тобе заволга,
Ҳаммаси ҳам эмас нақднинг измида.
Ёшликда куч сероб, ғайратинг отин
Жиловлашга катта ақл топилмас.
Телбанинг ишини ўнглармиш худо,
Имкон эшиклари тақ-тақ ёпилмас.
Нуроний кексалик келган онида
Қўлингда пул ўйнар, аммо сафосиз.
Совуқ идрок кезар унинг қонида:
Дунё бевафодир, умр вафосиз…
Қайтмоқликка бермай зарра кафолат
Тарк этар белни куч, кўзимизни – нур.
Баҳорлар қайтади, қайтмагай фақат
Ул ёшлик дамлари – илҳом ва сурур!
Бир пайтлар чоҳларни қилмасдан писанд
Чамалаб ўтирмай ўтардим ҳатлаб.
Ёшликда васлига шошганларимга
Энди жўнатаман хаёлда хатлар…
Ўтмишга тош отмас оқкўнгил одам,
Ойдин орзуларнинг оғушида ул.
Умидсиз қарамас келажакка ҳам,
Унинг қадамидан униб чиқар гул.
Саноқли йилларда ўзгарди ҳаёт,
Тушга ўхшаб қолди кечаги тузум.
Янги Ўзбекистон – ўзга бир баёт,
Янада ўктамроқ янграйди сўзим!
Тўлқин ЭШБЕК
2024 йил
Сўнгги фикрлар