Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
биринчи мажлиси бошланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Бу ҳақда ЎзАдан олинган хабар-у лавҳалар билан танишиб борамиз.
Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов очди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Мажлисда ташкилий масалалар кўриб чиқилади. Сенат Раиси, унинг ўринбосарлари, тегишли қўмиталар, комиссиялар раислари сайланади.
***
Президент Шавкат Мирзиёев Сенат мажлисида нутқ сўзламоқда
Сенат мажлиси Олий Мажлис Сенатини шакллантириш очиқлик ва транспарентлик каби демократик тамойиллар асосида миллий сайлов қонунчилиги талабларига асосан амалга оширилгани таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлисларида 84 нафар сенатор сайланди. Юқори палатанинг бошқа 13 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.
Давлатимиз раҳбари янги таркибдаги Сенат аъзоларини юксак номга сазовор бўлганлари билан самимий табриклади.
– Олий вакиллик органи аъзоси бўлиш ҳар бир сенатор учун нафақат катта шараф, балки улкан масъулият ҳам эканини барчангиз яхши тушунасиз. Сенатор – бу аввало халқ ва давлат ишончини қозонган инсон, – деди Президент.
***
Президент: Мажлислар мутлақо бўлмайди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев халқ манфаатлари нуқтаи назаридан қилинадиган ишлар ҳақида мулоҳаза билдирди.
Халқ билан мулоқот қилиш тизими йўлга қўйилгани натижасида масъулиятли раҳбарларнинг аҳолига ҳузурига бораётгани натижасида ўткир муаммоларга гувоҳ бўлмоқда ва уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилмоқда. Шундай амалий ишлар натижасида уйида абгор шароитда яшаётган, касалига дармон бўладиган дориси йўқ одамларни учратмоқда.
Бундай амалий ишлар раҳбарларимиз мажлисбозлик қилиш орқали эмас, бевосита халқ олдига бориб ишлаш кераклигини кўрсатмоқда.
Президентимиз бундан кейин мажлислар мутлақо бўлмайди, деб алоҳида қайд этди.
Сенаторлар ҳам ҳудуди манфаатидан келиб чиқиб, ҳудудида яшаётган одамлар дарду ташвишларини билиб фаолият олиб бориши даркор. Бунинг учун уларнинг олдига бориш, улар билан оддий тилда сўзлашиш, одамлар дардига қулоқ тутиш керак.
Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА
***
Президент: 2020 йилда аёллар масаласига жиддий эътибор қаратамиз
Сенатнинг биринчи мажлиси давом этмоқда. Унда Президент Шавкат Мирзиёев парламент юқори палатасининг келгусидаги устувор вазифалари юзасидан нутқ сўзламоқда.– Бу йил яна бир устувор йўналиш – хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратамиз. Яқинда Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов хотин-қизлар қўмиталари вакиллари билан Сирдарё туманида уйма-уй юриб, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганди. Ўрганиш давомида жойларда аёллар муаммолари кўплиги аён бўлди. Шундай оилалар борки, уйида гилами йўқ, дори-дармон олишга пули йўқ, йиғлашга кўзида ёш йўқ. Бундай шароитда яшаётган аёлларнинг аҳволини ким тасаввур этади?
Қандай қийин бўлмасин, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган, қийин шароитда яшаётган аёлларга манзилли ёрдам берамиз, уйма-уй юриб аҳволини ўрганамиз. Энди мажлисбозлик, тадбирбозликни камайтирамиз, аниқ ишга ўтамиз. Энди сенатор илгаригидай мудраб ўтирмайди, у даврлар ўтди. Битта аёлнинг аҳволини яхшилай олсак, одамларнинг кайфияти, оилаларда вазияти ўзгаради. Боласи эртага яшашга имконият бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
***
Шавкат Мирзиёев: Сенатор сўровига беписандлик – халққа беписандликдир
Олий Мажлис Сенати биринчи йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев парламент сўрови бўйича тўхталиб ўтди.
Парламент сўрови юбориш институтидан кенг фойдаланила бошлади. Кейинги пайтда тегишли идораларга 700 парламент сўрови юборилган. Ушбу сўровларга берилган жавоблар талаб даражасида эмас.
Бироқ, бу сўровларнинг сифати, натижадорлиги бўйича ҳам муаммолар бор.
Лекин парламент, яъни сенатор сўровига беписандлик – халққа беписандликдир, деди Президент.
Парламент сўровидан келгусида кенгроқ фойдаланиш, таъсирчанлигини ошириш, сўров бўйича керакли жавоб берилиши, амалий натижаси бўлиши зарур.
***
Сенатор — қонунларни саралаб, халқимиз манфаатларига мосларини танлаши даркор
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев бўлиб ўтган сайловлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Сайлаган халқимиз ҳам кечаги халқ эмас, сайланган депутатлар ҳам кечаги депутат эмас, деб алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Сенатор – халқимизга яқинроқ, ҳамма масалаларни чуқур таҳлил қилиб, сўнг қарор қабул қилиши зарур.
Ҳозирги сенаторларга бугунги тарихий йилларда сенатор бўлиш насиб қилди. Сенатор ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган, катта турмуш тажрибасига эга кишилар.
Шу нуқтаи назардан улар қонунларни саралаб, халқимиз манфаатларига мосларини танлайди. Токи келгусида ўша қонунлар халқимизга манфаат берсин.
Сенаторлар жонажон Ватанимизга бефарқ бўлмаган инсон сифатида келгусида барчага ўрнак бўлади. Дунё тан олаётган янги Ўзбекистоннинг қонунчилик, адолат нуқтаи назаридан мақсадларини амалга оширувчилар – бу сенаторлардир.
Ўз навбатида, сенаторлик юксак шараф, ўн карра, юз карра масъулиятдир.
Президент Сенат нафақат тажрибали, ҳаёт тажрибасига эга, балки профессионал жиҳатдан ҳам ҳар жиҳатдан етук эканига эътибор қаратди. Улар орасида иқтисодчилар, ўқитувчилар, журналистлар, тиббиётчилар, жамоат ташкилотлари билан бирга илмий даражага эга домлалар бор.
Сенат томонидан ўтган даврда муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Тўй ва бошқа мросимларни тартибга солиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Бу халқимиз манфаатига хизмат қилади. Эндиликда буни амалда таъминлашга этибор қаратиш зарур.
***
Шавкат Мирзиёев: Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида парламент юқори палатаси ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.
Ижтимоий масалаларни ҳал этиш мақсадида муҳим дастурлар қабул қилиниб, шу асосда катта ишлар амалга оширилаётгани, парламентнинг юқори палатаси аъзолари ҳам бу борада ташаббус ва аниқ таклифлар киритиши зарурлиги таъкидланди.
– Сенатнинг ҳар бир қўмитаси ўз фаолият режасини ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб шакллантириши лозим. Ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур. Бу амалиёт аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради, – деди Президент.
Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш ва унинг ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиш, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ҳисоботларини мунтазам муҳокама қилиб бориш, ёшлар ва таълим масалалари сенаторларнинг доимий эътиборида бўлиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Шунингдек, Олий Мажлиснинг юқори палатаси мамлакатимизда коррупцияга ва жиноятчиликка қарши кескин курашиш муҳитини яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олишда, давлат идораларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш борасидаги ишлари устидан назоратни кучайтиришда фаол бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, халқаро алоқаларини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш учун замин яратиш ҳам муҳимлиги таъкидланди.
***
Ижро органлари раҳбарлари олдига одамларни рози қилишга қаратилган вазифа қўйилади
Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар, хотин-қизлар, тадбиркорлик каби йўналишларда ҳудудларда доимий иш олиб борилишини таъкидлади.
Айниқса, иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорлар ҳимояси эътибор марказида бўлади.Қарздорлик учун тадбиркорнинг ҳисобини ёпиб қўйиш мумкин эмас. Эндиликда бу маҳаллий кенгаш қарори асосида амалга оширилади. Токи, тадбиркор орқасида суянадиган таянчи борлигини ҳис этсин. Унга ишлаш учун, қарзини узиш учун имкон бериш керак.Аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишда масъуллар олдига кескин талаблар қўйилмоқда. Халқ ишончига сазовор бўлган сенаторлар ҳам бу борада масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур.Ҳисобот-ҳисобот учун эмас, муайян ҳудудда аниқ ўзгаришлар бўлишига эришиш зарур.
Ижро ҳокимияти органлари амалий ишларга урғу бериши, яна бир таъкидлайман, камроқ мажлис – кўпроқ одамларни рози қилишга интилиши лозим, деб қайд этиб ўтди давлатимиз раҳбари. Бу борада Бош вазир ва бошқа ижро органлари раҳбарлари олдига шу мақсадга қаратилган кўндаланг масала қўйилади.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/izhro-organlari-ra-barlari-oldiga-odamlarni-rozi-ilishga-ara-20-01-2020
Сўнгги фикрлар