Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи мажлиси тафсилотлари

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик

палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлиси бошланди.

Бу ҳақда ЎзАдан олинган хабар-у лавҳалар билан танишиб борамиз.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси бошланди

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.

Биринчи мажлиснинг Муваққат котибияти, Саноқ комиссияси ҳамда Овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинди ва кун тартиби тасдиқланди. Марказий сайлов комиссияси раиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, қуйи палата Спикерини сайлаш учун Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилди. Мазкур кенгашнинг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.

Давлатимиз раҳбари Спикернинг билим ва тажрибаси, фидойилигини таъкидлаб, унинг ва палатанинг ишига муваффақият тилади.

— Сизлар тарихий даврда тарихий депутатлар бўлиб сайландиларингиз. Бунга ҳар куни, ҳар дақиқа муносиб бўлишингиз, халқчил қонунлар қабул қилиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишингиз керак, — деди Президент.

Шундан сўнг мажлисга раислик қилиш ваколати Спикерга ўтди. Нурдинжон Исмоилов мажлис котибиятига келиб тушган, 5 та сиёсий партия фракцияси раҳбарлари томонидан фракциялар тузилганлиги тўғрисидаги таъсис баённомаларини ўқиб эшиттирди. Шунга асосан Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари рўйхатга олинди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Спикерининг янги таъсис этилган биринчи ўринбосари лавозимига депутат Акмал Саидовни, Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитовни, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовни ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Борий Алихоновни сайладилар.

Мажлис давом этмоқда.

***

Президент депутатларни халқ ишончига сазовор бўлгани билан табриклади

Президент депутатларни халқ ишончига сазовор бўлгани билан табриклади

Хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлиси бўлиб ўтмоқда. 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.
Давлатимиз раҳбари Қонунчилик палатаси депутатларини халқ ишончига сазовор бўлиб, юксак мақомга эга бўлгани билан табриклади.
– Парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлар Ўзбекистонимиз учун катта сиёсий имтиҳон бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Халқимиз бу синовдан ёруғ юз билан ўтди, десак, муболаға бўлмайди.
Президентимиз янги сайланган депутатларнинг 48 нафари аёллар, 9 нафари ёшлар эканини мамнуният билан таъкидлади.
Сайловлар аҳолининг сиёсий фаоллигини юксалтириб, халқимизнинг партияларга нисбатан ишончи билан бирга талабчанлигини ҳам кучайтиргани қайд этилди.
– Сайловолди ташвиқотларда сиёсий партиялар томонидан жамиятимиздаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўплаб ваъдалар берилди. Халқимиз ана шу ваъдаларнинг амалда бажарилишини кутмоқда. Буни чуқур ҳис қилишингиз, сайловчи ҳар доим кўз олдингизда туриши керак, – деди Президент.
Партиялар фракциялари ўзларининг истиқболдаги режаларини аниқ белгилаб, уларни тизимли равишда амалга оширишига ишонч билдирилди.
Давлатимиз раҳбари сайлов кампанияси даврида айрим камчиликларга йўл қўйилганини қайд этиб, уларни таҳлил қилиш асосида сайлов тизимини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда ҳукумат аъзолари, марказий идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
 ***

 

Шавкат Мирзиёев: Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам уйғоқ бўлади

Шавкат Мирзиёев: Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам уйғоқ бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида депутатлар олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди. 
 
– Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади, – деди Президент.
Қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланиши зарурлиги таъкидланди.
Ўтган беш йил давомида палата фаолияти сезиларли даражада жонланиб, 540 та қонун ёки 2010-2014 йиллардагига нисбатан 2 баробар кўп қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Сайлов кодекси каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, охирги икки йилда тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар ишлаб чиқила бошланди.
Қуйи палатага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича жойларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Шундан сўнг 400 дан зиёд қонун лойиҳасидаги мингга яқин нормалар фуқароларимиз билдирган таклифлар асосида такомиллаштирилди. Аҳоли томонидан билдирилган фикрлар, танқидий мулоҳазалар инобатга олиниб, 16 та қонун лойиҳаси рад этилди ва ташаббускор идорага қайтарилди. Ҳолбуки, 2010-2014 йилларда бирорта ҳам қонун лойиҳаси қайтарилмаган эди.
Шавкат Мирзиёев депутатлар асосий эътиборни қонунлар халқ манфаатини қанчалик ифода этишига қаратиши лозимгини таъкидлади.
– Дарҳақиқат, халқ вакиллари бўлган депутатлар ўз ваколатига асосланиб, жасур, талабчан ва қатъиятли бўлиши, фуқароларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган қонунлар қабул қилинишига йўл қўймаслиги шарт. Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак, – деди Президент.
***

Таъсирчан парламент назорати – самарали ижро ҳокимияти омили

Таъсирчан парламент назорати – самарали ижро ҳокимияти омили

 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент назоратини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. 
Ўтган даврда парламент назоратининг янги шакл ва механизмлари ҳаётимизга кириб келди. Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – “Ҳукумат соати” институти жорий этилди. Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни қуйи палата мажлисида кўриб чиқиш амалиёти татбиқ қилинди.
– Таъсирчан парламент орқали самарали ижро ҳокимияти фаолиятини йўлга қўйишга эришамиз. Шу сабабли халқ орасида мунозарага сабаб бўлаётган муаммолар юзасидан масъул раҳбарларнинг парламент ва маҳаллий кенгашларга тушунтириш бериш тартибини жорий қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қонунчилик палатаси қўмиталари ва бошқа таркибий тузилмалари назорат-таҳлил ишларини кучайтириши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Қуйи палатада ташкил этилган Давлат бюджети бошқармаси бюджетни шакллантириш ва ижроси устидан самарали назорат ўрнатишга хизмат қилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида давлат томонидан катта ҳажмда маблағлар йўналтирилмоқда. Лекин уларнинг тўғри ва унумли ишлатилишини назорат қилиш борасида шу ҳудудлардан сайланган депутатларнинг иштироки деярли сезилмаяпти. Ҳолбуки, жойларда ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш, коррупция ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Шу боис халқ вакиллари ўз ваколатига асосланиб, таъсирчан назорат ўрнатиши зарурлиги таъкидланди.
– Бюджетдан сарфланадиган ҳар бир сўм учун Молия вазирлиги халқ вакиллари олдида ҳисобот бериши, барча идоралар давлат маблағининг аниқ мақсадлар учун ишлатилиши бўйича парламентдан ҳайиқиб туриши лозим. Шунда тартиб бўлади, шунда ҳамма депутат билан ҳисоблашадиган бўлади, – деди Президент.
***

Президент: Халқ ишончини ҳар биримиз ўз жойимизда амалий ишлар билан оқлашимиз керак

Президент: Халқ ишончини ҳар биримиз ўз жойимизда амалий ишлар билан оқлашимиз керак

Президент Шавкат Мирзиёев парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
- Афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтармоқда. Ўзингиз айтинг, қани бу масалада халқ вакилининг обрўси? Парламентга ва депутатга бўлган ҳурмат шуми? Бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, — деди давлатимиз раҳбари.
Президент парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қилди.
Сайловчи ва депутатнинг ўзаро муносабатларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, интернет тармоғи орқали парламент ва депутат сўровини шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш даркорлиги таъкидланди.
– Халқ билан мулоқот тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш имкониятини берадиган электрон портал ва мобил иловаларни ишга тушириш лозим. Токи ана шу тизим орқали сайловчи депутатнинг кундалик ишини кузатиб бориш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлсин. Яъни, депутат фаолиятига унинг сайловчилари бевосита баҳо берсин. Ана шундагина фуқаро ва парламент ўртасида халқимиз биздан кутаётган ҳақиқий кўприк пайдо бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
“Менинг фикрим” веб-портали ишини такомиллаштириш, унга тушаётган мурожаатларни телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида депутатлар, мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Президент депутатлар ўзининг юриш-туриши, муомала маданияти, одоби ва этикаси билан барчага ибрат ва намуна бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини жорий этишни таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг якунида халқ ишончи ҳақида гапирди.
– Ана шундай ишонч, ҳурмат ва эътиборга муносиб бўлиш – бу жуда катта бахт. Бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ана шу ишончини ҳар биримиз ўз жойимизда амалий ишлар билан оқлашимиз керак. Бу бизнинг нафақат фуқаролик, балки энг аввало, она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, улар бўйича палатанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
***

 http://uza.uz/oz/politics/prezident-khal-ishonchini-ar-birimiz-z-zhoyimizda-amaliy-ish-20-01-2020

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>