Олий таълим муассасалари учун социология фани қанчалик муҳим

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек

номидаги Ўзбекистон Миллий университети, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида “Ахборотлашган жамиятда замонавий социологиянинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Олий таълим муассасалари учун социология фани қанчалик муҳим

Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган анжуманда соҳадаги янгиликлар хусусида сўз борди.
Мазкур университетда социология бўлими 30 йилдан буён фаолият юритади. Бу соҳада таҳсил олган мутахассислар мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида социологик тадқиқотларни олиб боришда иштирок этмоқда. Анжуманда социология бир муддат эътибордан четда қолгани, ҳатто баъзи таълим муассасаларидан олиб ташлангани хусусида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Шунингдек, социология фанини ўқитишнинг назарий-методологик жиҳатларини такомиллаштириш, замонавий социологиянинг бугунги ҳолати, хорижий тажриба ва ундан фойдаланиш имкониятлари, социология оламидаги асосий тенденциялар, халқ билан мулоқотда амалий социологик тадқиқотлардан фойдаланишнинг аҳамияти каби масалаларга эътибор қаратилди.
– Жамиятда қачон социологга эҳтиёж туғилади, бу соҳада халқаро амалиёт ва мамлакатимиз тажрибаси қандай, Ўзбекистонда “Социологлар мактаби” қай даражада ривожланган, деган савол туғилиши табиий ҳол, – дейди социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Сабоҳат Калонова. – Бу анжуман кўпчиликни қийнаб келаётган ана шундай саволларга жавоб топишда муҳим аҳамият касб этди.
Илмий анжуманда юртимизда социологик тадқиқотларни ташкил этиш, барча таълим муассасаларида социология фани ўқитилишига эришиш, давлат бошқаруви, жамоат ташкилотлари, идора, илмий марказларни профессионал социолог кадрлар билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистон социологлари ассоциациясининг истиқболдаги фаолиятига оид таклифлар билдирилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА

http://uza.uz/oz/education/oliy-talim-muassasalari-uchun-sotsiologiya-fani-anchalik-mu—01-05-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *