Олиманинг олтин қаноти

Олималик ҳар бир иқтидор соҳибаси учун улкан шарафдир!

Бу шарафга инсон умри бўйи ўқиш ва изланишлари, илму ижоди билан эришиши мумкин. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети “Этика ва эстетика” кафедраси доценти Лаълихон Муҳаммаджонова ана шундай орзулари камолот чўққисига эришган олима аёлдир.

унн13

ла4

ла2

ла1

оа8

У 1981 йилда Қўқон давлат институти, 1991 йилда Тошкент Сиёсатшунослик ва бошқарув институтини тамомлагач, Миллий университетимизда фаолиятини давом эттирган. 2005 йилда “Маърифатпарвар шоиралар – Дилшод Барно ва Анбар Отиннинг ахлоқий қарашлари” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган, фалсафа фанлари номзоди, доцент илмий унвонига эга.

Лаълихон Муҳаммаджонова иш фаолияти давомида ўзининг серғайратлиги, хушмуомалалиги, меҳнатсеварлиги, ўзига берилган вазифаларни масъулият билан адо этиши, ўз билим савиясини ўстириш устида доимий ишлайдиган ва бошқа ижобий фазилатлари билан ҳамкасблари ўртасида ажралиб туради.

Талабчан мураббий ҳар бир дарсга жиддий тайёргарлик кўриб, талабаларга қизиқарли, мазмунли маъруза ва амалий машғулотлар ўтказишга ҳаракат қилади. Ҳуқуқшунослик, Иқтисодиёт ҳамда Ижтимоий фанлар факултетлари талабаларига дарс ўтишда замонавий педагогик технологиялардан унумли фойдаланади. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг асарлари мазмун-моҳиятини ўзига хос маҳорат билан ёш авлод қалбига жо қилади. Талабаларнинг илмий-ахлоқий ва маърифий дунёқарашларини шакллантириш мақсадида дунёвий билимлар, буюк алломаларнинг дурдона асарларидан кенг фойдаланиб, дарсларни юқори савияда ўтказади.

Изланувчан олима 80 дан ортиқ илмий-услубий ишлар, жумладан, 4 та ўқув қўлланма, 3 та услубий қўлланма, 5 та ўқув дастури муаллифи. Айниқса, “Нотиқлик санъати”, “Жадид мутафаккирларининг ахлоқий эстетик қарашлари”, “Маънавиятнинг ахлоқий асослари”, “Этикет”, “Касб этикаси”, “Давлат хизматчиси этикаси ва имижи” каби ўқув қўлланмалари, “Амалий этика” услубий қўлланмалари илмий жамоатчилида катта қизиқиш уйғотган.

Сўнгги йилларда Лаълихон Муҳаммаджонова ташаббуси билан республика миқёсида 5 марта илмий-амалий анжуман ўтказилиши бу заҳматкаш олиманинг қанчалик ташаббускорлигини кўрсатади.

“Этика ва эстетика” кафедраси етакчи ўқитувчиси ҳисобланган Лаълихон Муҳаммаджонова барча маърузаларини янги педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда олиб боради.

Лаълихон Муҳаммаджонова жамоат ишларида ҳамиша фаол. У 1999 йилдан буён ЎзМУ хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият кўрсатмоқда. 2000 йилдан 2006 йилгача унверситет инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Омбудсман» вакили лавозимида ҳам фаолият олиб борган. 1999 йилдан бошлаб, университет кенгаши аъзоси. Республика “Олима аёллар” уюшмаси раёсати аъзоси, Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси пленуми аъзоси, Олмазор тумани хотин-қизлар қўмитаси раёсати ва пленуми аъзоси, туман “Олима аёллар” уюшмаси раиси.

У жамоатчи аёл сифатида республика хотин-қизлар қўмитаси таклифига биноан жойларда ўтказиладиган илмий-амалий тадбирларда, республика “Олима аёллар” уюшмаси томонидан ўтказилган илмий-амалий конференцияларда ўз илмий маърузалари билан мунтазам равишда қатнашиб келмоқда.

Лаълихон Муҳаммаджонова 2000 йилда “Олий таълим аълочиси”, 2006 йилда “Халқ таълими аълочиси”, 2011 йилда “Мустақилликнинг 20 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, республика хотин-қизлар қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси, Олмазор тумани ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси фахрий ёрлиқлари билан ҳам тақдирланган.

Лаълихон Муҳаммаджонова университет ва факультет жамоаси ўртасида ҳурматга сазовор инсон. У ўзининг ҳалоллиги ва талабчанлиги билан ажралиб туради. Файласуф олима ва тажрибали ўқитувчи сифатида ёш авлодни ватанимиз келажаги учун хизмат қилиш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Лаълихон опа ҳамиша миллий либосимизда юришлари, оқила аёлларга хос таралган сочлари, меҳрибон оналарга монанд муомаласи, ширин сўзлари ила минглаб талабалар-у мураббий ҳамкасбларини бирдек мафтун қилса ажабмас.

У табиатан ориятли, андишали ва бамаъни аёл. Оилада бахтли бека ва бахтиёр она! Уч нафар нафар фарзанди ва тўрт набираси оғушида умргузаронлик қилаётган олима аёлга ҳавас қилса арзийди.

Олиманинг олтин қанотларидан бири – бахтли оиласи бўлса, иккинчиси – оила каби муқаддас меҳнат жамоаси, илм ва ижод бўстонидир. Азиз устозга бахт осмонида ана шу олтин қанотлари ила узоқ йиллар самарали парвоз қилишларига тилакдошмиз.

 Азиза УСМОНОВА,

журналист

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *