ОНА – УСТОЗ
Онам Хурсандой Нормат қизи хотирасига
Гўдакликда кўрганим ўхшар энди эртакка,
Битган сатрларим ҳам ўхшар гўё эрмакка…
Онам пиширган ошлар, нонлари тотли эди,
Чўрткесарлик бобида ҳар сўзи отли эди.
Айтганини қилмасак, аямасдан урарди,
Орага тушмай отам, билмагандек турарди…
Қаттиққўл эди роса муаллим – катта мактаб,
Устозга итоат эт, дер эди онам ниқтаб.
Бирор айб қилиб қўйсак, онам билмаса дердик,
Отамдан кўра кўпроқ онамдан қўрқар эрдик.
Аслида ҳамма ота умри кўчада ўтар,
Келиб қолса, оналар қўли кўксида кутар.
Онанг қўрққан одамдан ҳайиқиш илк ҳурматдир,
Кейин ейсан таъзиринг ким ўрнидан турмабдир…
Оилада ота – шоҳ, вазири аъзам – она,
Бу ҳикматни билмаган эрур ажаб девона…
Қирқта жони бордайин қимирлашдан ўлмайди,
Шоҳ сохта бўлар балки, вазир сохта бўлмайди.
Ҳамма уйқуга кетгай, вазир эса сергакдир,
Осойишталик учун қирқта жони тиргакдир.
Байрамда ҳам оналар тек ўтира олмайди,
Набиралар жўжадек орқасидан қолмайди!
Мени одам қилгандир айтган ҳар бир сўзингиз,
Асли улуғ устозим – онажоним ўзингиз!
Менга қандай тарбия берган бўлсангиз, Устоз!
Боламни ҳам аяманг, одам бўлса, бўлар соз!..
Тўлқин ЭШБЕК
2002 йил 7 март
Сўнгги фикрлар