Опангизнинг жуфти ким?
Бўлғуси журналистларга ижодий маҳорат мактаби
Кулги устаси Обиджон Асомовнинг бир ажойиб аскиясини эшитганман; айрим таннозлар ўғилчасини етаклаб кўчага чиқса, бегона йигитларнинг олдида мени «Опа» деб чақиргин деркан… Эрга текканини яшириш, ўзини ҳали қиз бола қилиб кўрсатиш мақсадида шундай йўл тутаркан. Баъзи ёш оталар эса шунақа пайтда ўғлига мени «Ака» дегин, деб тайинлаб қўяркан.
Чиндан ҳам кулгили гап. Кўнгил кўчалари одамзодни не кўйларга солмайди, дейсиз. Бироқ, ҳаётда, ўз оилаларида ҳам «Опа»га айланиб кетишган айрим оналарни қандоқ тушуниш мумкин?
Шаҳримизда айрим ёш оналар – Она ёхуд ойи, ая деган мўътабар сўзни эшитишдан мосуво. Томдан тараша тушгандек Онани – Опа дейиш нега бунчалик «оммалашиб» кетмоқда? Муомала мезони бузилмаяптими?
Ҳар бир қавмнинг ўз номи бор. Сени туққан, кўксидан сут бериб эмизган аёл – Онанг бўлади! Ул мўътабар зотни самарқандча, қашқадарёча, сурхондарёча шевангда Эна, бухороча – Нана, бошқа шеваларда – Ойи, Ая, Волида десанг ҳам майли. Туркий лисонимизда Она сўзининг синоними бисёр. Энг муқобили – Она!
Отанг кимлигини таърифлаб ўтиришимизга ҳожат бўлмаса керак. Отажонингга ҳам эркаланиб – Дада, Ада десанг, айб эмас. Ишқилиб, ўзинг тушунибтушунмай, Пахан, демасанг бўлгани. Ўрислар ҳам отец ё папасини «Пахан» демайди. (Пахан – қамоқхонадаги зўравонларга нисбатан айтилса керак…) Оғизга носни солиб, «биззи пахан ундоқ иш қилади» ёки «биззи бобой бундоқ қилади» дейиш аслида падарибузрукворга нисбатан ҳурматсизликдан бўлак гап эмас!
Оилада сендан каттаси ўғил бўлса – Ака. Унинг ҳам ҳурматини жойига қўй. Исмини айтиб, сенсирамагин. Билъакс, қай биринг ака ё укалигинг билинмай қолади. Акангнинг жуфти ҳалолини – Янга дегин. Баъзи шеваларда – Келинойи, Кеннойи, Кеннайи, Чеча дейилиши ҳам мумкин. Булар – тилимизнинг бойлигидан. Янгангни зинҳорбазинҳор Опа демагин (Буни қарангки, кеннойисини – Опа деб чақирадиганлар ҳам йўқ эмас). Беандишалик бўладия! Келинни опа десанг, унинг эри, яъни ўз аканг сенга «почча» ҳисобланиб қолмайдими?!
Оилада сендан каттаси қиз бўлса – Опа! Ҳақиқий опанг ўша бўлади! Ҳар қандай қизалоқ укалик бўлган пайтиданоқ табиий равишда Опа деган эъзозли номга мушаррафдир.
Опа деганимиз шунчалик эъзозга лойиқки, Она каби меҳру мурувват кўрсатишга угина қодир. Она уйда йўқ маҳалда унинг ўрнини меҳрибон опалар баҳоли қудрат боса олиши мумкин. Оналарини эъзозлаб, опа дегувчилар ҳам эҳтимол шундай туйғуларга сармаст бўлгандирлар. Барибир, Она ўз ўрнида, Опа эса – опалигича қолиши лозим.
Энг бой тилимизда ҳам Опа сўзининг синонимини эшитмаганман. Инсоннинг энг яқин қариндошлари, бир қориндан талашиб тушиб, битта сийнадан сут эмган жигарбандлари – ака, опа, ука, сингилнинг бошқача номлари бўлмаса керак.
Опанинг эри – почча бўлади, вассалом!
Почча деганимиз ҳам оиламизнинг энг азиз кишисидир. Келин қанчалик яқин бўлса, оилада куёв ё поччанинг ҳам ўрни ундан каммас.
Онасини «опа» дейдиганлар Отасини ким деб чақиришаркин? Ахир, Опанинг эри – Почча бўладику?! Отани «Почча» дейиш қанчалик хунук, беўхшов эшитилса, Онани «опа» дейиш ҳам худди шундай эриш туюларкан. Бир мантиқсиз гап навбатдаги мантиқсизликни пайдо қилмоқда.
Кўчакўйда, ишхоналарда ҳам бирор аёл билан опаука тутунсак, албатта «поччамиз ким»лигини сўрашниям унутмаймиз.
Демак, Она билан Опанинг фарқи бор.
Тошкентлик бир жияним ўзича кулги қилганди: «Ия, сиз опайиззи она деркансиза? Нима у – ооннаа?..»
Ўз оналарини Опа деб тили чиққан ўғилқизларда заррача гуноҳ йўқ. Гўдаккинага ўзингни ким деб таништирсанг, шундай чақираверадида. Самарқандлик бир жўрам онасини ҳанузгача «чеча» деб чақиради. Катта ҳовлида амакиларига қўшилиб, ўша оиланинг катта келини ҳисобланмиш Онасини шунақа дейишга ўрганиб қолганмиш. Ақли кирганида эса Она дейишга тили келишмас эмиш…
Эшитган қулоққа жуда кулгили. Бироқ, тасаввур қилинг, катта шаҳарда, ё бир вилоятда ҳамма онасини «чеча» дейиши одатга айланиб қолса борми?..
Фарғоналик бир дўстимиз «онани бизда буви дейишади» деганида, ёқамни ушлагандим. Ахир, отаоналарнинг оналари буви бўлмайдими? Йигирма яшар ёшгина онасига ўғли ёки қизалоғи «буви» деб мурожаат қилсая. Уни «қаритиб» қўйганлари шу бўлмайдими? Мантиқан ўйлаб қаралганда бувининг ҳам оилада ўз ўрни бўлади. Унинг турмуш ўртоғини бува деймиз.
Ана, туғуруқхона эшиги олдида бахтиёр инсон гул кўтариб турибди. Оталик бахтига мушарраф бўлганидан қувончи ичига сиғмайди!
Туғруқхона эшигидан унга ким пешвоз чиқмоқда? Чақалоғини кўтариб чиққан аёл ўз фарзандига Онами ёки Опа?..
Тўлқин ЭШБЕК
“Адашган қиз қисмати” (2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва
санъат нашриётида чоп этилган) китобидан олинди.
Сўнгги фикрлар