Парвоз хавфсизлигини таъминловчи етук кадрлар тайёрланади
Ҳар куни самога парвоз қилаётган самолётлар хавфсизлигини таъминлаш учун аввало етук кадрлар тайёрлаш лозим.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Абдураҳим Абдушукуров Еропа Иттифоқи Erasmus+ дастури доирасида бажарилаётган Flight safety and airworthiness – a master programme (FSAMP) лойиҳасининг ҳамкор мамлакатлар бўйича лойиҳа менежери Дейвид Кемпбел (David Campbell) билан суҳбатида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Давлат Техника университети, Лондоннинг Кингстон университети (Буюк Британия), Европа Иттифоқидан Римнинг Сапиенза университети (Италия), Валенсия Политехника университети (Испания), Россиядан Ульяновск фуқаролик авиацияси олий авиацион билим юрти, Самара давлат авиация университети, Москва давлат энергетика институти, Узоқ шарқ федерал университетилар бош ҳамкорлар ҳисобланадилар.
Лойиҳани амалга ошириш 2016-2018 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг бош мақсади – парвоз хавфсизлиги ва парвозга лаёқатлилиги (биринчи галда самолётларнинг техник яроқлилиги, иккинчиси, учувчининг руҳий ҳолати ва ҳоказолар) мавзуиларида магистрлик дастурини ишлаб чиқишдан иборат.
Мутахассислар фикрича, парвоз хавфсизлигининг учта жиҳати мавжуд. Яъни, техник жиҳати, инсон омили (бошқаруви) ва ҳавода ҳаракатланишнинг метеорологик таъминоти.
Суҳбат давомида лойиҳа иштирокчилари, жумладан, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари ҳам ана шундай мураккаб вазифаларни маҳорат билан бажарадиган етук кадрлар тайёрлаш, бу борада амалга ошириладиган асосий ишлар ҳақида фикр алмашилди.
Бахтиёр Холматжонов,
ЎзМУ Физика факультети Астрономия ва
атмосфера физикаси кафедраси доценти
Сўнгги фикрлар