Пиримқул Қодиров сабоқлари
Адибнинг “Ён дафтар”идан
Бетакрор асарлари билан миллионлаб адабиёт ихлосмандлари қалбини забт этган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировдан катта маънавий мерос қолди.
1951 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаган истеъдод соҳиби Москвадаги Максим Горький номидаги Адабиёт институти аспирантурасига кирди. “Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1954-1963 йилларда Москвада собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси қошида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи, 1963-1976 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими лавозимида ишлади.
1990-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиб, парламентнинг Фан, маданият ва таълим қўмитасида фаолият кўрсатди.
Таниқли ёзувчи узоқ йиллар республикамизнинг турли газета-журналлари таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида ижод аҳли билан ҳамнафас бўлган.
2008 йилда адиб таваллудининг 80 йиллиги бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланди. Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов шу муносабат билан Пиримқул Қодировга йўллаган табрик хати унинг қалбида умрбод муҳрланиб қолганди.
“Истиқлол руҳи Сизнинг ижодингизга янги куч-қувват ва илҳом бергани сўнгги йилларда ёзилган асарларингизда яққол намоён бўлиб турибди,– деган илҳомбахш сўзлар битилган ушбу табрик хатида.– Хусусан, шу улуғ ва табаррук ёшда ҳам ҳормай-толмай ижод қилиб, “Тил ва эл”, “Амир Темур сиймоси” сингари пухта изланиш ва тадқиқотларга бой китоблар яратганингиз ёш адиблар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади”.
Давлатимиз раҳбарининг ҳурмат ва эътиборидан нақадар мамнун бўлган улуғ адиб унга жавобан дил сўзларини шундай ифода этган: “Сиз қанчалик банд бўлишингизга қарамай менинг камтарона роман ва қиссаларимни ўқиб чиққанингиз, уларга заршунослик нигоҳи билан қараб, теран маъноли фикрлар билдирганингиз учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман,– деб ёзганди Пиримқул Қодиров.– Сизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли янги китобингиз маънавий ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлиб, бу асарда миллий маданиятимизнинг бой тарихи, бугунги ривожи ва порлоқ истиқболи ёрқин тафаккур ёрдамида жуда теран таҳлил этилгандир. Адабиётимиз шу буюк маънавият хазинасининг марказий қисмидан ўрин олганлигини Сиз улуғ адибимиз Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшайдир” деган сўзлари мисолида яққол кўрсатиб бергансиз. Мен эллик йилдан буён бу доно сўзларни дилимда такрорлаб баҳра оламан. Бугун адабиётимизга Сизнинг шунчалик катта ғамхўрлик кўрсатаётганингиз бизни юксак ижодий камолотга ундайди. Бошқа адиблар қатори мен ҳам бутун умримни, бор куч ва қобилиятимни миллий маънавиятимиз ва унинг узвий қисми бўлган адабиётимизни юксалтиришга сарф этаман”.
Ўтган асрнинг ўрталаридан то бугунгача ўтган давр ўзбек адабиётини атоқли адиб Пиримқул Қодиров ижодисиз тасаввур этиш қийин. Унинг “Студентлар” деган биринчи китоби 1950 йилда нашр этилганидаёқ Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия каби устозлари эътиборини қозонганди. Адабиёт ихлосмандлари қалбидан роппа-роса ярим аср илгари – 1958 йилда илк бора чоп этилган “Уч илдиз” романи ўрин олганди. Шундан сўнг, “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977),“Юлдузли тунлар” (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (2000) романлари ҳам китобхонларнинг маънавий мулкига айланган. Адибнинг “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Акромнинг саргузаштлари” каби қиссалари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган. Бу асарлар турли даврларда бир неча бор нашр қилиниб, ўз мухлисларининг эътиборини қозонгани баайни ҳақиқат.
Атоқли адиб асарларини қанчалик мароқ билан ўқисангиз шунча маънавий завқ оласиз.
Меҳрга пайваста асарлари ила қалбимни ром айлаган улуғ адиб меҳригиёсидан кўплаб ёш қаламкашлар қатори камина ҳам баҳраманд бўлганимда ўзимни нақадар бахтиёр ҳис этгандим.
Юртимиз мустақиллиги миллатпарвар адибга туганмас илҳом бахш этганини унинг сўнгги йилларда яратилган қатор романлари, истиқлолни дилдан тараннум этувчи ўнлаб мақолалари мисолида кўриш мумкин. 2001 йилда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Қалб кўзлари” тўпламидан ўрин олган бадиалар, ўйлар ва мақолаларида юрт истиқлоли қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан сўз юритилган.
Шу табаррук ёшда ҳам устоз қўлидан қалами тушмади. Қатор тарихий романлари билан адабиёт мухлисларининг қалбларини забт этган адиб “Амир Темур сиймоси” асарида буюк Соҳибқирон Амир Темур, “Юлдузли тунлар”да шоҳ ва шоир Мирзо Бобур, “Авлодлар довони”да бобурийлар сулоласи давомчилари Ҳумоюн ва Акбар, “Она лочин видоси”да Гавҳаршод бегим ҳамда суюкли ўғли Мирзо Улуғбекларнинг, шу билан бир қаторда уларга замондош бўлган қанчадан-қанча тарихий шахсларнинг ёрқин сиймоларини ғоят юксак бадиий маҳорат ила яратган бўлса, 2009 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” романида темурийлар сулоласининг бетимсол давомчиси бўлган Соҳибқироннинг садоқатли ўғли Шоҳруҳ Мирзо ҳамда умр йўлдоши бўлган, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийдек дилбар шахсларга меҳрини берган фидойи она – Гавҳаршод бегимнинг ёрқин сиймолари ўз аксини топганди.
“Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” романи “Она лочин видоси”нинг тўлдирилган ва табиийки, Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи каби улуғвор ўғли Шоҳруҳ сиймоси билан бойитилган нашридир.
– Темурий тарихида қирқ йилдан ортиқ тахтда ўтирган ва Соҳибқирон отасининг улуғвор ишларини ўзига хос тарзда давом эттирган Шоҳруҳ Мирзо ҳақида жуда кўп маълумотлар тўпладим,– деганди Пиримқул Қодиров ўз мулоҳазаларини баён этар экан.– Мазкур манбаларни синчковлик билан ўрганганингиз сари бу буюк бобокалонимизнинг ҳам қанчалик улуғвор шахс, доно шоҳу мард ва танти инсон бўлганини англайверасиз. Тарихдан яхши маълумки, Соҳирқироннинг сўнгги юриши, минг афсуски, унинг ҳаётига хотима қўйган. Узоқни кўра билган, кексалик боғларига қадам қўйган отасининг аҳволини жуда яхши тушунган донишманд ўғли Шоҳруҳ Мирзо отасининг бу юришига қарши бўлади…
Ўз ибораси билан айтганда “узоқ тарихни телескоп билан кўра оладиган” адиб буюк аждодлар ҳаётини ўз кўзи билан кузатгандек уларни бетакрор бадиий лавҳаларида тасвирлар эдики, мутолаа қилган ўқувчи кўз ўнгида ўша асар қаҳрамонларининг улуғвор сиймолари гавдалангандек бўларди.
Ўзбек адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшган устоз адиб Пиримқул Қодировнинг хизматлари юксак баҳоланиб, 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2006 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Раҳматли устоз билан 2010 йил 21 декабрь куни видолашгандик…
Устознинг маънавий меросини батафсилроқ ўрганиш мақсадида набиралари Хуршид Қодиров билан хонадонларига бордик. Устознинг қизлари Яхшигул опа раҳматли ота-оналарининг чироқларини ёқиб ўтирибди…
Узоқ йиллар улуғ адибнинг заҳматли меҳнатларига шоҳид бўлган иш столи, мўъжазгина кутубхонасига разм солиб кўнглим алланечук бўлиб кетди.
Хонанинг бир бурчидаги шкафда буюк ёзувчининг тахлам-тахлам қўлёзмалари, катта сумкада сон-саноқсиз “Ён дафтар”лари қалашиб ётибди.
Қўлёзмаларни варақлаб кўрдим. Аксарияти адиб ҳаётлиги чоғида газета-журналларда, китобларида ёритилган. (Уларни ҳам эътибор билан ўрганамиз).
“Ён дафтар”ларга разм солдим. Эътибор билан ўрганилса, анча-мунча қуйма фикрлар битилган экан. Албатта, уларнинг кўпчилиги машҳур асарларга жо бўлиб кетган. Полиздан олинган қовун таъми ўзгача бўлгани каби адибнинг қуйма фикрларини “Ён дафтар”идаги қўлёзмаларидан ўқишнинг ҳам гашти бўлар экан.
Раҳматли устозимиздан мерос қолган қўлёзмаларни тақдим этгани учун қизлари Яхшигул опага ва набиралари Хуршиджонга самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Пиримқул Қодировнинг “Ён дафтар”ларида қолган битикларини оққа кўчириб, адабиёт ихлосмандларига тақдим этиб боришга ҳаракат қиламиз.
Бу маънавий дурдонани ҳозирча “Пиримқул Қодиров сабоқлари” деган умумий сарлавҳа остида ёритиб боришга жазм қилдик.
***
Мана ҳозир учинчи минг йиллик арафасида парвардигор мустақил Ўзбекистонга янги бир уйғониш ва юксалиш даврини насиб этмоқда.
***
Ватан хавфсизлигини, барқарорлик ва тараққиётни таъмин этишда Амир Темурнинг буюк ибрати ва ўлмас анъаналари биз учун юксак бир миллий мезон бўлиб хизмат қилади.
***
Маърифат – шундай чексиз фазилатки, уни эгаллаганингиз сари, ҳали жаҳонда сиз билмайдиган миллатлар ва уларнинг сирли ажойиботлари беҳад кўплигини билиб борасиз.
***
Асрлар давомида илму фан ривожланди, тафаккур улғайди, халқлар ўз тарихлари ҳақида теран ва ҳаққоний тасаввурга эга бўлдилар. Шунинг натижасида дунёдаги энг умри узоқ ва баҳоси баланд яна бир неъмат – маънавий қадриятлар эканлиги кўпчилик халқларга аён бўлди.
***
Бузуқлик деганда Амир Темур, аввало, ахлоқий бузуқликни, шаҳват, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликни назарда тутади. Бундай иллатларни қатъиян тақиқловчи қонун ва фармонлар чиқаради. Бу қонунларни бузувчилар бўлса, уларни аёвсиз жазолайди.
***
Бобур ва Акбаршоҳ сиймосида Амир Темур асос солган соғлом авлод тарбиясига оид яхши анъаналарнинг энг ёрқин самарасини кўрамиз.
***
Аёллар ва суюкли умр йўлдошларининг номини улуғлайдиган тарихий обидалар яратиш Амир Темурдан бошланган бир оилавий анъана эди.
***
Самарқандда Амир Темур қурдирган энг улкан мадраса ва масжид Бибихоним номига қўйилганини ҳозир бутун дунё билади.
Шоҳруҳ Мирзо отасининг бу эзгу ишини давом эттириб, Ҳиротда ва Машҳадда Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим номига иккита мадраса қурдиради.
***
Миллий истиқлол – шу миллатга мансуб бўлган илғор ва фозил кишиларнинг фикрда, сўзда, ишда чинакам мустақил бўла олишларидан таркиб топади.
***
Қадимдан Туркистон деб аталган бу диёр ўзининг уч минг йиллик тарихи давомида фақат маълум бир асрларда четдан келган Қутайба, Чингизхон, чоризм каби фотиҳларга қарам бўлган. Қолган асрларда шу заминдаги мустақил давлатлар ҳудудида ҳаёт кечирганлар.
Нашрга тайёрловчи:
Тўлқин ЭШБЕК
Давоми бор. Сайтимиздан кузатиб боринг.
Pirimqul Qodirov saboqlari
Adibning “Yon daftar”idan
Betakror asarlari bilan millionlab adabiyot ixlosmandlari qalbini zabt etgan atoqli adib, O`zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirovdan katta ma’naviy meros qoldi.
1951 yilda Toshkent davlat universiteti (hozirgi Mirzo Ulug`bek nomidagi O`zbekiston Milliy universiteti)ni tamomlagan iste’dod sohibi Moskvadagi Maksim Gorkiy nomidagi Adabiyot instituti aspiranturasiga kirdi. “Abdulla Qahhorning urushdan keyingi ijodi” mavzusida nomzodlik dissertatsiyasini himoya qildi.
1954-1963 yillarda Moskvada sobiq ittifoq Yozuvchilar uyushmasi qoshida o`zbek adabiyoti bo`yicha maslahatchi, 1963-1976 yillarda O`zbekiston Fanlar akademiyasining Til va adabiyot instituti katta ilmiy xodimi lavozimida ishladi.
1990-2000 yillarda O`zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi deputati bo`lib, parlamentning Fan, madaniyat va ta’lim qo`mitasida faoliyat ko`rsatdi.
Taniqli yozuvchi uzoq yillar respublikamizning turli gazeta-jurnallari tahrir hay’ati a’zosi sifatida ijod ahli bilan hamnafas bo`lgan.
2008 yilda adib tavalludining 80 yilligi butun mamlakatimiz miqyosida keng nishonlandi. Muhtaram Yurtboshimiz Islom Karimov shu munosabat bilan Pirimqul Qodirovga yo`llagan tabrik xati uning qalbida umrbod muhrlanib qolgandi.
“Istiqlol ruhi Sizning ijodingizga yangi kuch-quvvat va ilhom bergani so`nggi yillarda yozilgan asarlaringizda yaqqol namoyon bo`lib turibdi,– degan ilhombaxsh so`zlar bitilgan ushbu tabrik xatida.– Xususan, shu ulug` va tabarruk yoshda ham hormay-tolmay ijod qilib, “Til va el”, “Amir Temur siymosi” singari puxta izlanish va tadqiqotlarga boy kitoblar yaratganingiz yosh adiblar uchun ibrat namunasi bo`lib xizmat qiladi”.
Davlatimiz rahbarining hurmat va e’tiboridan naqadar mamnun bo`lgan ulug` adib unga javoban dil so`zlarini shunday ifoda etgan: “Siz qanchalik band bo`lishingizga qaramay mening kamtarona roman va qissalarimni o`qib chiqqaningiz, ularga zarshunoslik nigohi bilan qarab, teran ma’noli fikrlar bildirganingiz uchun chin qalbimdan minnatdorlik bildiraman,– deb yozgandi Pirimqul Qodirov.– Sizning “Yuksak ma’naviyat – yengilmas kuch” nomli yangi kitobingiz ma’naviy hayotimizda unutilmas voqea bo`lib, bu asarda milliy madaniyatimizning boy tarixi, bugungi rivoji va porloq istiqboli yorqin tafakkur yordamida juda teran tahlil etilgandir. Adabiyotimiz shu buyuk ma’naviyat xazinasining markaziy qismidan o`rin olganligini Siz ulug` adibimiz Cho`lponning “Adabiyot yashasa, millat yashaydir” degan so`zlari misolida yaqqol ko`rsatib bergansiz. Men ellik yildan buyon bu dono so`zlarni dilimda takrorlab bahra olaman. Bugun adabiyotimizga Sizning shunchalik katta g`amxo`rlik ko`rsatayotganingiz bizni yuksak ijodiy kamolotga undaydi. Boshqa adiblar qatori men ham butun umrimni, bor kuch va qobiliyatimni milliy ma’naviyatimiz va uning uzviy qismi bo`lgan adabiyotimizni yuksaltirishga sarf etaman”.
O`tgan asrning o`rtalaridan to bugungacha o`tgan davr o`zbek adabiyotini atoqli adib Pirimqul Qodirov ijodisiz tasavvur etish qiyin. Uning “Studentlar” degan birinchi kitobi 1950 yilda nashr etilganidayoq Abdulla Qahhor, Oybek, Zulfiya kabi ustozlari e’tiborini qozongandi. Adabiyot ixlosmandlari qalbidan roppa-rosa yarim asr ilgari – 1958 yilda ilk bora chop etilgan “Uch ildiz” romani o`rin olgandi. Shundan so`ng, “Qora ko`zlar” (1966), “Olmos kamar” (1977),“Yulduzli tunlar” (1979), “Avlodlar dovoni” (1988), “Ona lochin vidosi” (2000) romanlari ham kitobxonlarning ma’naviy mulkiga aylangan. Adibning “Qadrim”, “Erk”, “Meros”, “Botirlar va baxillar”, “Yayra institutga kirmoqchi”, “Akromning sarguzashtlari” kabi qissalari ham katta qiziqish bilan kutib olingan. Bu asarlar turli davrlarda bir necha bor nashr qilinib, o`z muxlislarining e’tiborini qozongani baayni haqiqat.
Atoqli adib asarlarini qanchalik maroq bilan o`qisangiz shuncha ma’naviy zavq olasiz.
Mehrga payvasta asarlari ila qalbimni rom aylagan ulug` adib mehrigiyosidan ko`plab yosh qalamkashlar qatori kamina ham bahramand bo`lganimda o`zimni naqadar baxtiyor his etgandim.
Yurtimiz mustaqilligi millatparvar adibga tuganmas ilhom baxsh etganini uning so`nggi yillarda yaratilgan qator romanlari, istiqlolni dildan tarannum etuvchi o`nlab maqolalari misolida ko`rish mumkin. 2001 yilda “Ma’naviyat” nashriyotida chop etilgan “Qalb ko`zlari” to`plamidan o`rin olgan badialar, o`ylar va maqolalarida yurt istiqloli qanchalik bebaho ne’mat ekanligi, uni ko`z qorachig`idek asrash har birimizning muqaddas burchimiz bo`lmog`i lozimligi haqida kuyunchaklik bilan so`z yuritilgan.
Shu tabarruk yoshda ham ustoz qo`lidan qalami tushmadi. Qator tarixiy romanlari bilan adabiyot muxlislarining qalblarini zabt etgan adib “Amir Temur siymosi” asarida buyuk Sohibqiron Amir Temur, “Yulduzli tunlar”da shoh va shoir Mirzo Bobur, “Avlodlar dovoni”da boburiylar sulolasi davomchilari Humoyun va Akbar, “Ona lochin vidosi”da Gavharshod begim hamda suyukli o`g`li Mirzo Ulug`beklarning, shu bilan bir qatorda ularga zamondosh bo`lgan qanchadan-qancha tarixiy shaxslarning yorqin siymolarini g`oyat yuksak badiiy mahorat ila yaratgan bo`lsa, 2009 yilda “O`zbekiston” nashriyotida chop etilgan “Shohruh va Gavharshod” romanida temuriylar sulolasining betimsol davomchisi bo`lgan Sohibqironning sadoqatli o`g`li Shohruh Mirzo hamda umr yo`ldoshi bo`lgan, Mirzo Ulug`bek va Alisher Navoiydek dilbar shaxslarga mehrini bergan fidoyi ona – Gavharshod begimning yorqin siymolari o`z aksini topgandi.
“Shohruh va Gavharshod” romani “Ona lochin vidosi”ning to`ldirilgan va tabiiyki, Sohibqiron Amir Temurning o`zi kabi ulug`vor o`g`li Shohruh siymosi bilan boyitilgan nashridir.
– Temuriy tarixida qirq yildan ortiq taxtda o`tirgan va Sohibqiron otasining ulug`vor ishlarini o`ziga xos tarzda davom ettirgan Shohruh Mirzo haqida juda ko`p ma’lumotlar to`pladim,– degandi Pirimqul Qodirov o`z mulohazalarini bayon etar ekan.– Mazkur manbalarni sinchkovlik bilan o`rganganingiz sari bu buyuk bobokalonimizning ham qanchalik ulug`vor shaxs, dono shohu mard va tanti inson bo`lganini anglayverasiz. Tarixdan yaxshi ma’lumki, Sohirqironning so`nggi yurishi, ming afsuski, uning hayotiga xotima qo`ygan. Uzoqni ko`ra bilgan, keksalik bog`lariga qadam qo`ygan otasining ahvolini juda yaxshi tushungan donishmand o`g`li Shohruh Mirzo otasining bu yurishiga qarshi bo`ladi…
O`z iborasi bilan aytganda “uzoq tarixni teleskop bilan ko`ra oladigan” adib buyuk ajdodlar hayotini o`z ko`zi bilan kuzatgandek ularni betakror badiiy lavhalarida tasvirlar ediki, mutolaa qilgan o`quvchi ko`z o`ngida o`sha asar qahramonlarining ulug`vor siymolari gavdalangandek bo`lardi.
O`zbek adabiyoti xazinasiga barakali hissa qo`shgan ustoz adib Pirimqul Qodirovning xizmatlari yuksak baholanib, 1994 yilda “Shuhrat” medali, 1998 yilda “El-yurt hurmati”, 2006 yilda “Buyuk xizmatlari uchun” ordenlari bilan mukofotlangan.
Rahmatli ustoz bilan 2010 yil 21 dekabr kuni vidolashgandik…
Ustozning ma’naviy merosini batafsilroq o`rganish maqsadida nabiralari Xurshid Qodirov bilan xonadonlariga bordik. Ustozning qizlari Yaxshigul opa rahmatli ota-onalarining chiroqlarini yoqib o`tiribdi…
Uzoq yillar ulug` adibning zahmatli mehnatlariga shohid bo`lgan ish stoli, mo`’jazgina kutubxonasiga razm solib ko`nglim allanechuk bo`lib ketdi.
Xonaning bir burchidagi shkafda buyuk yozuvchining taxlam-taxlam qo`lyozmalari, katta sumkada son-sanoqsiz “Yon daftar”lari qalashib yotibdi.
Qo`lyozmalarni varaqlab ko`rdim. Aksariyati adib hayotligi chog`ida gazeta-jurnallarda, kitoblarida yoritilgan. (Ularni ham e’tibor bilan o`rganamiz).
“Yon daftar”larga razm soldim. E’tibor bilan o`rganilsa, ancha-muncha quyma fikrlar bitilgan ekan. Albatta, ularning ko`pchiligi mashhur asarlarga jo bo`lib ketgan. Polizdan olingan qovun ta’mi o`zgacha bo`lgani kabi adibning quyma fikrlarini “Yon daftar”idagi qo`lyozmalaridan o`qishning ham gashti bo`lar ekan.
Rahmatli ustozimizdan meros qolgan qo`lyozmalarni taqdim etgani uchun qizlari Yaxshigul opaga va nabiralari Xurshidjonga samimiy minnatdorchilik bildiramiz.
Pirimqul Qodirovning “Yon daftar”larida qolgan bitiklarini saralab, oqqa ko`chirib adabiyot muxlislariga taqdim etib borishga harakat qilamiz.
Bu ma’naviy durdonani hozircha “Pirimqul Qodirov saboqlari” degan umumiy sarlavha ostida yoritib borishga jazm qildik.
***
Mana hozir uchinchi ming yillik arafasida parvardigor mustaqil O`zbekistonga yangi bir uyg`onish va yuksalish davrini nasib etmoqda.
***
Vatan xavfsizligini, barqarorlik va taraqqiyotni ta’min etishda Amir Temurning buyuk ibrati va o`lmas an’analari biz uchun yuksak bir milliy mezon bo`lib xizmat qiladi.
***
Ma’rifat – shunday cheksiz fazilatki, uni egallaganingiz sari, hali jahonda siz bilmaydigan millatlar va ularning sirli ajoyibotlari behad ko`pligini bilib borasiz.
***
Asrlar davomida ilmu fan rivojlandi, tafakkur ulg`aydi, xalqlar o`z tarixlari haqida teran va haqqoniy tasavvurga ega bo`ldilar. Shuning natijasida dunyodagi eng umri uzoq va bahosi baland yana bir ne’mat – ma’naviy qadriyatlar ekanligi ko`pchilik xalqlarga ayon bo`ldi.
***
Buzuqlik deganda Amir Temur, avvalo, axloqiy buzuqlikni, shahvat, ichkilikbozlik va giyohvandlikni nazarda tutadi. Bunday illatlarni qat’iyan taqiqlovchi qonun va farmonlar chiqaradi. Bu qonunlarni buzuvchilar bo`lsa, ularni ayovsiz jazolaydi.
***
Bobur va Akbarshoh siymosida Amir Temur asos solgan sog`lom avlod tarbiyasiga oid yaxshi an’analarning eng yorqin samarasini ko`ramiz.
***
Ayollar va suyukli umr yo`ldoshlarining nomini ulug`laydigan tarixiy obidalar yaratish Amir Temurdan boshlangan bir oilaviy an’ana edi.
***
Samarqandda Amir Temur qurdirgan eng ulkan madrasa va masjid Bibixonim nomiga qo`yilganini hozir butun dunyo biladi.
Shohruh Mirzo otasining bu ezgu ishini davom ettirib, Hirotda va Mashhadda Mirzo Ulug`bekning onasi Gavharshodbegim nomiga ikkita madrasa qurdiradi.
***
Milliy istiqlol – shu millatga mansub bo`lgan ilg`or va fozil kishilarning fikrda, so`zda, ishda chinakam mustaqil bo`la olishlaridan tarkib topadi.
***
Qadimdan Turkiston deb atalgan bu diyor o`zining uch ming yillik tarixi davomida faqat ma’lum bir asrlarda chetdan kelgan Qutayba, Chingizxon, chorizm kabi fotihlarga qaram bo`lgan. Qolgan asrlarda shu zamindagi mustaqil davlatlar hududida hayot kechirganlar.
Nashrga tayyorlovchi:
To`lqin ESHBEK
Davomi bor. Saytimizdan kuzatib boring.
Tinib-tinchimas ustozimiz o`zining ustozi yaratgan xazinani yuzaga olib chiqayotgani ham biz uchun ibratdir. Bu bebaho bitiklarning davomini kutib qolamiz.
Салом Тўлқинбек! Жуда савобли ишга қўл урибсиз, ука. Пиримқул ака битмас-туганмас маънавий хазина эди. Унинг меросини ўрганишни сизга ким маслаҳат берган бўлса ҳам отасига раҳмат! Бу ишни боплаб эплайсиз. Пиримқул аканинг романини номидан “Уч илдиз” деб сайт яратганингизда бир тасанно дегандик. Раҳматли ёзувчининг қанча бадиаларини топиб сайтингизга жойлаштирганингизда яна бир бор қойил қолгандик. Энди “ён дафтар”ларини ҳам шунчалик ўрганиб “битиклар”ини яратаётганингиз жуда катта савоб. Устозийизни ёшини, ижодий йўлини берсин сизга. Чарчаманг.
Ҳурмат билан Адҳамбек домлангиз.
Ёзувчидан қанчалик катта мерос қолганини ҳис қилдим. Пиримқул Қодировнинг «Ён дафтар»лари ҳам хазина экан. Битикларнинг давомини кутамиз. Бу «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»дан сермазмунроқ бўладиганга ўхшайди.
Улуғ адибнинг ёш ижодкорлар учун туганмас тарбиявий аҳамияти эга китоблари билан машҳурдир.
Пиримқул Қодировнинг ўлмас асарлари миллатимиз адабий тафаккурига қойилган мангу ҳайкалдир.