Пиримқул Қодиров: Чингиз Айтматов билан учрашувлар

Бундан қирқ йил бурун Чингиз Айтматовнинг «Жамила» қиссаси жуда машҳур

бўлиб кетган эди. Бу асарга Мухтор Авезов биринчи бўлиб юксак баҳо берган, кейин Парижда Луи Арагон «Жамила»ни дунёнинг муҳаббат ҳақидаги энг яхши қиссаси деб атаган эди.

п1

Мен ўша кезларда Москвада ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлардим. Иттифоқ ёзувчилар уюшмасида қирғиз адабиёти бўйича маслаҳатчи Туменбой Байзоқов билан бир хонада ўлтирардик.

Куз кунларининг бирида хонамизга Чингиз Айтматов кириб келди. Мен уни зангори экранда кўриб таниб қолган эдим. Ўрнимдан туриб саломлашаётганимда Туменбой мени Чингиз Айтматовга таништирди. Кўришиб, қур тортиб ўлтирдик. Шунда Чингиз Айтматов менга кутилмаган ажойиб гапларни айтди:

— Сиз тўғрингизда Мухтор Омархонович менга сўзлаган эди. «Ўзбекдан чиққан ёш ёзувчи сенинг авлодинг тўғрисида роман ёзибди, танишиб, қурдош бўлинглар» деган эди. Мен кеча Венгрия сафаридан қайтдим. Ўша ерда янги асарлар тўғрисида савол тушди. Мен сизнинг «Уч илдиз» романингизга Мухтор Авезов қандай баҳо берганини айтдим…

Камтарлик билан айтилган бу сўзлардан ҳаяжонланиб кетдим. Ўша пайтда ҳали ҳаёт бўлган Мухтор оға кўз олдимда улуғвор бир қиёфада гавдаланди. Бу бағри кенг адиб ўзбек, қозоқ, қирғиз халқларини доим иноқ қилишга интиларди. Мен учун қўл етмас баландликда юрган, биринчи асари биланоқ дунёга танилган Чингиз Айтматов Мухтор Авезовнинг устозларча ғамхўрлик билан берган маслаҳатига амал қилиб яқиндан танишмоқчи бўлаётгани мени жуда қувонтирди.

Биз у пайтда Москвада ёзувчилар уйида турардик.

Кечқурун Чингиз Айтматовнн Туменбой билан бирга уйга таклиф қилдим. Маъмурчилик иайтлар эди. Дастурхонга қора икра, қизил икра, уч юлдузлик арман коньяги қўйиб, ўзбекча палов дамлаб, уч соатча яйраб суҳбатлашдик.

Ёшимиз тенг экан. Оғир уруш йилларига тўғри келган ўсмирлик даврларимизни эсладик. Чингиз ҳам (тенгдошлик ҳуқуқидац фойдаланиб мен уни оти билан айта қолай) арчазор тоғлар этагига жойлашган қишлоқда ўсган экан. Буғдой ўриб, хирмон янчганларимиз, тайёрлов омборларига ғалла ташиб, оғир қопларни қийналиб кўтарганларимиз кўз олдимизда қайтадан гавдаланди. Оталаримиз Сталин қатағонларига учраганлари, биз оналаримиз билан иссиқ уйлардан бадарға бўлиб, кўч-кўч азобларини бошдан кечирганларимиз ёдга олинди. Чингиз Айтматов ота томондан бобосининг номи Пиримқул бўлганини, қирғизчада буни «Биримқул» деб талаффуз қилишларини айтди-да:

Бунинг маъноси нима?– деб сўради.

Пир – Оллоҳнинг сифатларидан бири. Маънавий ота ҳам Пир дейилади. Арабча Абду Оллоҳ дегани – Оллоҳнинг қули дегани. Ҳаммаси ўхшаш.

Бу талқин Чингизга маъқул бўлгани – юзи ёришиб кетганидан сезилди.

Орадан йиллар ўтиб, Чингиз Айтматов билан Тошкентда Осиё ва Африка ёзувчилари симпозиуми пайтида иккинчи марта учрашдик. Симпозиумга Қозоғистондан Абдужамил Нурпеисов ҳам келган эди. Чингиз Айтматов у билаи қалин дўст экан, меҳмондорчиликларга бирга боришди.

Симиозиум бир ҳафта давом этди. Сентябрь ойи, кунлар илиқ. Тушлик танаффуслардан бирида меҳмонлар очиқ ҳавода, табиати яхши жойда ёзилиб ўлтириш истагини билдиришди.

Абдужамил Нурпеисов Олмаотадан ўзининг «Волга»сини миниб оиласи билан келган экан. Мен ҳам «Волга» ҳайдаб юрар эдим. Икки машинада «Қичқириқ» деб аталадиган сув бўйидаги машҳур чойхонага бориб тушлик қилдик.

Чингиз Айтматов менинг машинамда эди. Қайтишда Эски Жўва орқали ўтдик. Олдинда усти очиқ юк машинасида ясан-тусан бир тойни олиб кетаётган атлас кўйлаклик жувонга кўзимиз тушди.

Тошкентдай шаҳри азимнинг марказида учраган бу манзара ўша кезларда «Алвидо, Гулсари» қиссасини ёзган ва инсонга садоқатли отни улуғлаган Чингиз Айтматовни жуда қизиқтириб қўйди.

Юк машинасида кетаётган тойнинг устига бахмал ва ипак матолар ёпилган. Уни олиб кетаётган забардаст аёл қўлларини юк машинасининг кабинаси устига қўйиб мағрур қиёфада бормоқда. Чингиз Айтматов тойчани эъзозлаб ясантиришларининг сабабини мендан сўради.

Ўғил туғилса, тўйига мана шунақа той совға қилинади.

Нега бу тойни аёл киши олиб боряпти?

Чунки бешик билан тойни она томон қариндошлар совға қилишади. Умуман, бешик тўйи оналар билан болалар учун қилинади.

Алжойиб одат экан! —деди Чингиз Айтматов.

п2

Мен ўғил тўйининг бошқа тафсилотларини ҳам айтиб бергунимча олдинда той олиб кетаётган юк машинаси Ҳадрадан ўнгга Чорсу томонга бурилди. Биз марказ томонга — чапга бурилишимиз керак эди. Лекин Чингиз Айтматов кўзини юк машинасидагй тойдан узолмай тикилиб турарди.

Кетидан борайликми? — дедим.

Яхши бўларди.

Абдужамил Нурпеисовнинг машинасини ўтказиб юбордим — улар марказга қараб кетди. Биз Чорсуга қараб бурилдик.

Юк машинаси Кўкча томондаги обод бир кўчага бориб тўхтади. Биз ҳам кетма-кет бордик. Кўча четида тупроқ уюми бор экан. Юк машинасини ўшанга тўғрилаб, тойни беозор тушириб олишди. Буни кўрган Чингиз ўзича мамнун бўлди.

Ичкарига кириб, тўй эгаларини табрикладик. Чингиз Айтматовни телевизорда кўриб таниб қолганлар дастурхон ёзмоқчи бўлишди. Лекин мажлисга етиб бориш кераклигини айтиб, тезгина хайрлашдик.

Кўчага қайтиб чиққанимизда Чингиз Айтматов:

Ўзбеклар от минган даврларини унутмаган экан, яхши! — деб Қувонч билдирди.

Эртаси куни Чингиз Айтматов бизнинг уйимизга меҳмон бўлиб келадиган эди. «Ёзувчилардан яна кимларни таклиф қилай?» деб ўзидан маслаҳат сўрадим. Чунки унинг ҳар ким билан ҳам суҳбатдош бўлгиси келмаслигини сезган эдим.

Ким бор… Шундай талантли ёшлардан? — деб сўради.

Бор… талантли адиб, ўзи бизнинг авлоддан… Одил Еқубов деб эшитганмисиз?

Эшитганман. Майли, танишайлик.

Айтилган куни Одил Ёқубов ҳам бизникига келди. Чингнз Айтматов у билан яқиндан танишганидан мамнун бўлди. Ўшанда бошланган қадрдонлик йиллар давомида ривожланиб борди. Етмиш олтинчи йилда бўлса керак, Чингиз Айтматов Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси»ни ўқиб, унга илиқ бир мактуб йўллаган экан. Бу мактуб кейинчалик матбуотда босилиб чиқди.

«Алвидо, Гулсари», «Оқ кема» асарлари жаҳон бўйлаб шуҳрат қозонган пайтларда Чингиз Айтматовнинг эътиборини кутиб турган нарсалар қанчалик кўп бўлганини, унинг нақадар банд эканини ўзимча тасаввур этар эдим. Шунинг учун эллик ёшлигимиз нишонланган 1978 йилда мен унга таклифнома юборишга иймандим. Шунга қарамай Чингиз Айтматов матбуот орқали бундан хабар топиб, илиқ бир телеграмма юборибди. Ёзувчилар уюшмаси адредига келган ва ўша кунларда «Ўзбекистон маданияти» газетасида чоп этилган бу қисқа телеграмманинг матни қуйидагича:

«Қадрли Пиримқул! Сени эллик ёшинг билан қувониб табриклайман. Сен ўз насринг билан ўзбек адабиётини юксалтирмоқдасан. Биз сен билан нафақат тенгдошлармиз, балки маслакдошлар ҳаммиз – мен шундай деб ҳисоблайман».

Кўриниб турибдики, Чингиз Айтматовдаги одамгарчилик ва самимий қардошлик йиллар ўтган сари юксалиб борди.

 

* * *

п3

 

Биз нафақат булутсиз кунларда, балки оғир ҳаётий синовлар пайтида ҳам Чингиз Айтматов билан бирга бўлишга интилдик.

1990 йилнинг ёзида Ўш вилоятида четдан келган ёвуз кучлар ўзбеклар билан қирғизлар орасига атайлаб низо уруғини сочган кунларда Чингиз Айтматов Москвадан қўнғироқ қилиб, мени сўрабди. Тополмагандан кейин Зиёд Исломович Есенбоевга ўзининг телефон номерини бериб, «Кечки пайт телефон қилсин» деб тайинлабди. У пайтда Чингиз Айтматов Кремлда М. Горбачевнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлар эди. Мен Ўш фожиаси ҳақида гап очилса, Чингиз Айтматовга нима дейишимни кун бўйи ўйлаб юрдим-да, кеч соат 11 ларда Дўрмондан унга қўнғироқ қилдим. Овози бўғиқ эшитилди, наридан бери саломлашди-да:

– Ўшда аҳвал жаман-ку! — деди.

– Хабарим бор. Раҳбарларимиз эл-юртии тинч сақлаб туриш учун иложи бўлган ҳамма чорани кўришяпти.

– Биз не қиламиз?

– Телефонда ҳеч нарса қилиб бўлмайди, Чингиз Тўрақулович! Иложи бўлса Сиз Тошкентга келинг, учрашиб, маслаҳатлашайлик.

– Бош вазирларинг ҳам шундай таклифни қилди.

– Тўғри таклиф! Сиз Тошкентга келсангиз, биз ёзувчи сифатида Ўшга бирга боришимиз мумкин. Сизни ҳамма яхши билади. Ўшда бизнинг ҳам китобхонларимиз бор. Ўшаларга мурожаат қилсак, икки элни тинчитишда раҳбарларга ёрдам беришимиз мумкин.

– Менинг ўйлағаним ҳам шундай. Катталардан рухсат олсам эртаёқ етиб бораман. Эрталаб хабарини бераман.

Ҳақиқатдан, эрталаб ўзимизнинг Вазирлар Маҳкамасидан қўнғироқ қилишиб, Чингиз Айтматов махсус самолётда учиб келаётганини, Тошкент-2 аэропортига қайси соатда қўнишини айтишди.

Мен Одил Ёқубовга қўнғироқ қилдим, Чингиз Айтматов билан телефонда гаплашганимизни, агар зарур деб топилса у билан Ўшга бирга боришимизни айтдим.

Кейин ҳаммамиз аэропортда учрашдик. Чингиз Айтматовнинг бир ўзига алоҳида самолёт берилган экан.

Ўшга бориб қўнганимизда энди кун ботаётган эди. Кўчаларда автомат таққан ҳарбийлардан бошқа ҳеч ким йўқ. Ваҳимали бронетранспортерлар юрибди. Хонадонларнииг эшик-деразалари берк, уйлар сув қуйгандай жимжит, магазинлар, бошқа жамоат бинолари ёпиқ.

Шундан кейинги воқеалар Чингиз Айтматовнинг «Известия» газетасида 1991 йилиииг 31 июлида бир саҳифа бўлиб босилган, ўзбекчаси Иброҳим Ғафуров таржимасида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномасида 9 августда чоп этилган эссесида жуда ёрқин акс эттирилган. Ўш фожиаси ёвуз кучлар томонидан ташкил эгилганлиги эссенинг «Тоғ кўчкиси устида қарғалар қағиллаши» деган сарлавҳасидан ҳам сезилиб туради.

Мен Чингиз Айтматов ёзган нарсаларни такрорламаган ҳолда, ҳақиқат ва шафқат шундай оғир вазиятларда одамга нақадар тансиқ туюлишини айтмоқчиман. Чунки икки биродар халқ вакилларини бир-бирига қарши гиж-гижлаган махфий кучлар зўр бериб ёлғон овозалар, уйдирма миш-мишлар тарқатмоқда эди. Бу ёлғонлар одамларни шафқатсизлик билан ўч олишга ундар эди. Шу вазиятда чин ҳақиқатни билиш ва уни одамларга айтиб, уларнинг дилида раҳм-шафқат туйғусини уйғотиш энг муҳим вазифа бўлиб қолди.

Аммо Ўшнинг собиқ раҳбарлари (кейинчалик улар фожианинг сабабчилари сифатида ишдан қувилиб жазо олдилар) бизни ҳашаматли кабинетларда соатлаб олиб ўлтиришди, катта зиёфат дастурхонлари ёзишди. Бегуноҳ одамлар ўлдирилаётган жойда зиёфат кўнгилга сиғадими?!

Биз тезроқ кўчага чиқишни, маҳаллаларга бориб, китобхонларимизни кўришни, улардан чин ҳақиқатни сўраб билишни истардик. Вилоятнинг собиқ раҳбарлари ҳақиқатни биздан яширишга интилаётганлари шундоққина сезилиб турарди. Қон тўкилишига ўзлари ҳам сабабчи бўлганликларини яшириш учун нуқул ваҳима қилишди, «кўчага чиқманглар, отишма тўхтагани йўқ, биз сизларни хавф-хатардан сақлаш ҳақида топшириқ олганмиз!» дейишди.

Фожиавий таассуротлар изтироби устига ёлғон-яшиқ гаплар азоби қўшилиб, Чингиз Айтматовнинг қон босими кўтарилиб кетди. Икки кечадан бери ухлаёлмагани, самолётда узоқ йўл босгани, энг кўп масъулият унинг зиммасига тушаётгани — ҳаммаси бир-бирига қўшилди. Докторлар келиб уни муолажа қилишди.

«Хатарли» деб ваҳима қилишган кўчаларга биз ўша куни бари бир чиқдик. Жунбушга келган одамлар билан маҳалла-кўйларда мулоқот қилдик, энг оғир фожиалар юз берган Қорасув мавзесига бориб, жабрдийдалардан кўнгил сўрадик. Касалхоналарга кириб, ярадорларнинг ҳолидан хабар олдик. Хавф-хатар чиндан ҳам бор эди. Чингиз Айтматов ўзининг эссесида бу ҳақда қуйидагиларни ёзган: «Ёзувчи сифатида одамларга сўз айтишимиз керак, шунинг учун келдик. Аммо бундай кескин вазиятда, қонли тўқнашувлар бўлаётган жойда бу ўта соддалик эди. Гуриллаб ёниб турган жаҳолат ёнига сўз билан бориб бўладими? Оломон тупурмайдими, тошбўрон қилмайдими? Лекин бизнинг ўзбек ва қирғиз китобхонлари билан узоқ йиллик қадрдонлигимиз бор эди, бизни кўплаб китоблар бир-биримизга боғлаб турарди. Улар кеча бизнинг китобларимизни ҳурмат-эътибор билан ўқиган бўлса, наҳотки бугун бизга қарши қўл кўтарса? Балки улар бизнинг бугунги дардларимиз, изтиробларимиздан огоҳ бўлишар, эҳтимол бизнинг сўзимиз баҳона бўлиб бир нарсани тушуниб етишар: бундай пайтда биттагина чора бор – зўравонликдан қатъиян воз кечиш, айиримачиликдан қатъиян воз кечиш, муаммони тинч йўл билан ҳал этиш»…

Чингиз Айтматов умид қилиб айтган бу сўзлар, хайрият, бекор кетмади. Ўша куни маҳалла-кўйларда учраган яхши одамлар бизни жоҳиллар тажовузидаи омон сақлади. Лекин бегуноҳ инсонларнинг бошига тушган даҳшатли фожиаларнинг гувоҳи бўлган пайтимизда дилимиз ўртаниб, кўзларимизга ёш қуюлиб келди. Буни ҳам Чингиз Айтматов ўз бадиасида ёзган.

Мақсадимиз икки биродар халқ вакилларини тенг кўриб, орага тушган ғуборни баҳоли қудрат тарқатиш бўлганлиги учун кўз ёшларимизни ичимизга ютиб, кўпроқ раҳм-шафқат ва одамгарчилик гўғрисида сўзладик.

Қирғиз адиби билан ўзбек ёзувчилари шундай пайтда бир тану бир жон бўлиб қон тўкилаётган хатарли жойларга келганларини бизнинг ўшлик китобхонларимиз яхшилик аломати деб билишар ва дилларида бор ҳақиқатни очиқ айтишар эди. Биз ўша куни ҳақиқат билан раҳм-шафқат бирга яшашини одамлар орасида юриб, амалда кўрдик.

Ўзбеклар орасида қирғизларни ўлимдац қутқариб қолган биродарлар бор экан. Қирғизлар орасида ўзбекларни уйларига яшириб бало-қазодан сақлаган одамларни ҳам учратдик. Қитобхонларимиз орасида юриб йиққан ҳақиқат зарраларимиз бизга руҳий мадад берди. Қечки пайт учовимиз телевизорга чиқиб, ҳар икки халқ орасидаги китобхонларимиз билан бир соатдан ортиқ мулоқот қилганимизда, жойларга бориб ўз кўзимиз билан кўрган ҳақиқатлар бизга жуда асқотди.

Ўшанда Чингиз Айтматовнинг ёнида туриб айтган гапларимизнинг туб маъноси шу эдики, юз берган фожиа учун халқларимиз айбдор эмас, балки зўравонлик ва алдамчилик воситасида ҳокимиятни эгаллашга интиладиган махфий кучлар айбдор. Вақти келиб бу ҳақиқат юзага чиқди. Истиқлол шарофати билан адолат ўрнатилди. Икки халқнинг дўстлигини қайта тиклашда давлат бошлиқларимиз жуда оқилона тадбирларни амалга оширганликлари, Президентимиз Ислом Каримов Қирғизистон президенти Асқар Акаев билан Ўш шаҳрида қайта-қайта учрашганликлари кўпчиликка маълум.

Чингиз Айтматов ҳам ўз бадиасида буни алоҳида таъкидлаб ёзади. Сўз орасида Одил Ёқубов билан мени эслаб камтарона бир гап айтади:

«Шундай қалтис пайтда бу йирик ўзбек романнавислари сиймосида ўзимга маслакдош одамларни топганим учун тақдирга шукрона айтаман».

Сўз навбати келганда биз ҳам улкан адиб Чингиз Айтматов билан қадрдонлигимиз ўнлаб йиллардан буён беғубор давом этиб келаётгани учун тақдирга шукрона айтсак арзийди.

Шахсан мен Чингиз Айтматовнинг йилдан йилга, асардан асарга ўтган сари ўз олдига тобора улкан мақсадлар қўйиб, уларга жасорат ва маҳорат билан эришиб боришига доим ҳавас билан қарайман.

Чунки дастлабки ютуқлардан эсанкираб қолиш ҳам мумкинлигини мен ўз бошимдан кечирганман. «Уч илдиз»дан кейин ёзилган «Қадрим» бўшроқ чиққанига сабаб шу бўлганини Чингиз Айтматовнинг «Алвидо, Гулсари», «Момо ер» қиссаларини ўқиганда сезганман. «Оқ кема», «Асрга татигулик кун» асарларини мутолаа қилганимда улкан ютуқлардан эсанкирамайдиган, шуҳрат юкини полвонларча кўтариб, янада баланд чўққиларга олиб чиқадиган адиб қанақа бўлишини Чингиз Айтматов тимсолида кузатганман. Шунинг таъсирида «мумкин экан-ку!» деган бир ишонч пайдо бўлган. Мен ҳам аввалги китобларимдан қаноатланмасдан, ижод отини қамчилаб, кейинги ёзганларимни иложи борича яхшироқ қилишга интилганман.

«Узум узумга қараб ранг олади» деганларидек, бир авлодга мансуб адибларнинг самимий ҳавасдан келиб- чиқадиган интилишлари адабиёт ривожини тезлаштирадигаи омил эканини амалда кўрганмаи.

Чингиз Айтматов билан мактуб орқали ҳам мулоқот қилганимизга битта мисол келтирмоқчиман.

1986-87 йилларда «Юлдузли тунлар»га адолатсиз сиёсий айблар тақилган, «Авлодлар довони» нашриётда териб қўйилган жойида ҳарфлари тарқатиб юборилган кезлар эди. Чингиз Айтматов катта давлат ва жамоат арбоби сифатида қанчалик банд бўлишига қарамай матбуот саҳифаларида Бобур Мирзо ва у ҳақдаги романни ҳимоя қилиш учун вақт ва имкон топди.

Ўша пайтларда унинг «Қиёмат» (ўзбекчада «Кунда» деб аталди) романи атрофида мунозарали фикрлар билдирилмоқда эди. Мен Чингиз Айтматовга мактуб ёзиб, аввало, «Юлдузли тунларни» ҳимоя қилгани учун миннатдорчилик билдирдим. Сўнгра унинг «Қиёмат» романида кўтарилган муҳим бир ҳаётий муаммони – турли диний эътиқодларга мансуб одамларнинг маънавий ҳамкорлигини – тарихда Акбар мисолида кўрганимни ва бу ҳақда роман ёзганимни айтдим.

Чингиз Айтматовдан кўп ўтмай жавоб келди. «Ассалому алайкум, Пиримқул қурдош!» — деб бошланадиган икки саҳифалик мактубда қуйидаги сатрлар бор эди:

«Сенинг буюк Акбар ҳақидаги мулоҳазаларинг, Акбарнинг турли динларни интеграция қилишга интилиши ўта замонавий мавзудир. Бунга, яъни, маънавий интеграцияга одамзод бари бир мурожаат қилади, чунки бугунги шароитда инсониятнинг омон қолишига имконият берувчи бирдан-бир йўл ана шудир. Бу ҳақда, албатта, ёз ва асаринг учун кураш. Шахсан мен ниятингни маъқуллайман».

Бу мактуб мен учун Чингиз Айтматов билан бўлган унутилмас учрашувлардан яна бири бўлди.

 

* * *

 

Сўнгги йилларда Чингиз Айтматов «Туркистон умумий уйимиз» деган ғояни қўллаб-қувватлаб, Тошкентга тез-тез келиб турадиган бўлди. Ўрта Осиё халқлари маданиятлари ассамблеяси унинг раҳбарлигида хайрли ишларни амалга оширмоқда. Бу ассамблеянинг Тошкентда ва Бишкекда ўтказилган анжуманларида Чингиз Айтматов билан яна кўп марта дийдор кўришдик.

Ҳамма учрашувларимизни якунлаб айтишим мумкинки, шундай ноёб инсоний ва ижодий фазилатлар эгаси бўлган Чингиз Айтматов билан қадрдонлигимиз қирқ йилдан буён беғубор давом этиб келаётганидан ифтихор қиламиз ва буюк адибимизга узоқ умр тилаймиз.

2000.

 пир

Пиримқул ҚОДИРОВ

“Қалб кўзлари” (Бадиалар, ўйлар, эсдаликлар) китоби,

Тошкент “Маънавият” 2001 йил, — 83-91

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *