Президент Мурожаати уйғоқликка чорлайди
Олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан
Мамлакатимизда охирги йилларда барча соҳаларда бўлгани сингари таълим тизимида, хусусан олий таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотлардан кўзда тутилаётган энг олий мақсад мамлакатимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига киришида муносиб ҳисса қўшадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун бўлиб ўтган Олий Мажлисга Мурожаатномасида, “Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик” деб алоҳида тўхталиб ўтдилар. Олий таълим тизимида олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар сифатида уларга босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилишини келтириш мумкин.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, олий таълим босқичма-босқич бозор муносабатларининг тўлақонли субъектига айлантирилиб,академик ва молиявий мустақиллик тамойиллари асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу эса университетларнинг бошқарув тузилмасини фаол ўзгартиришга, функцияларни мақбуллаштиришга, янги молиялаштириш манбаларини топишга, замонавий таълим усулларини шакллантиришга ва таълим сифатини оширишга ундайди. Халқаро майдонда олий таълим муассасаларининг фаолияти, бинобарин, уларни бошқариш тобора корпоратив тус олмоқда. Олий таълим контекстида ҳар доим университетларнинг мустақиллиги, академик эркинликлари ва таълим сифатини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлиб келган. Бугунги кунда олий таълимни бошқариш тизимларининг мустақиллиги, жамоавийлиги ва шаффофлиги бутун дунёдаги энг самарали фаолият кўрсатаётган университетларнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Европа университетларининг Буюк Хартиясида (Болония, 1988 йил 18 сентябрда тасдиқланган) олий таълим мустақиллиги университетларнинг фундаментал тамойилларидан бири, деб тан олинади.
Шу ўринда савол туғилади олий таълим мустақиллиги нима ва қандай баҳоланади? Умуман олганда, институционал мустақилликнинг учта асосий шаклини ажратиб кўрсатиш мумкин: бошқарув, академик ва молиявий. Шу билан бирга ходимлар штатларини шакллантириш эркинлиги, яъни кадрлар мустақиллиги университетнинг маъмурий мустақиллигига сингдирилади. Мазкур тасниф энг аввало америка олий таълим тизимига нисбатан қўлланилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқимиз билан бирга барпо этилаётган янги Ўзбекистонда олий таълим тизимини бошқарувида туб ислоҳотларнинг дебочаси сифатида университетларга академик ва молиявий мустақилликнинг берилиши қуйидаги ижобий ўзгаришларга асос бўлади:
— олий таълимга бўлган жамият талабининг ўсиб бориши ва олий таълим тизимида рақобатнинг кучайишимеҳнат бозорининг сифатли кадрлар билан таъминлаш имкониятини беради.
— хусусий олий таълим муассалари билан давлат секторидаги олий таълим муассаларининг рақобатга кириши учун тенг имкониятларнинг яратилишига асос бўлади.
— давлат ва хусусий шериклик асосида олий таълим тизимини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилади.
— эркин рақобат муҳитини яратиш орқали олий таълим тизимида сифат кўрсаткичларини оширишни рағбатлантиради;
— давлат университетларидамолиявий ресурсларини оқилона тақсимлаш тизими яратилади,натижагайўналтирилган молиялаштириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштиришни рағбатлантиришга хизмат қилади;
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу ислоҳотлар мамлакат олий таълим тизимининг халқаро ареналардаги нуфузини оширишга, профессор-ўқитувчиларнинг мақомини кучайтиришга, бир сўз билан айтганда Ўзбекистонда бошланган учинчи ренессанс даврининг пойдеворинимустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шуҳрат ТОШМАТОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
Ўқув ишлари бўйича проректори
Сўнгги фикрлар