Президент Ўзбекистон олимпия терма жамоасини чемпионлик билан табриклади

Табрик матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.

Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган футбол бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиблари – Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоларига

Азиз фарзандларим!

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Барчангизни футбол бўйича Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг финал ўйинида ғоят оғир ва ноқулай об-ҳаво шароитида том маънода матонат ва жасорат намунасини намоён этиб, ғолибликни қўлга киритганингиз билан ўз номимдан, кўпмиллатли халқимиз номидан самимий муборакбод этаман.

Сизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. Бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади.

Эл-юртимиз сизлар каби мард ва жасур, фидойи ўғлонлари билан, юртимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади.

Барчангизни бағримга босиб, сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, жонажон Ўзбекистонимизнинг шон-шуҳратини дунёга тараннум этишда доимо ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

_______________________________________________________

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпиони

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпиони

Хитойда 23 ёшли футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал баҳсида Ўзбекистон ва Вьетнам ёшлар терма жамоалари ўзаро баҳслашди.

Биринчи бўлимнинг 8-дақиқасида Достонбек Ҳамдамов бурчакдан тўпни Рустамжон Ашурматовга узатди ва ҳимоячимиз ушбу вазиятдан унумли фойдаланиб, тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Ҳисоб – 1:0. 41-дақиқада дарвозамиз томон қўйилган жарима тўпини вьетнамлик Нгуен Куанг Хаи муваффақиятли амалга оширди ва ҳисобни 1:1 кўринишига олиб келди.
302493_680.jpg
302472_680.jpg
302492_680.jpg
«Қор жанги»нинг иккинчи бўлимини футболчиларимиз кўк либосда ўтказди. Ушбу таймда ҳар иккала жамоа вакиллари қатор ҳужумлар уюштирган бўлса-да, аммо ҳисоб очилмади. Шу тариқа асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди.
Қўшимча вақтнинг иккинчи бўлими якунланишига бир дақиқа қолганида бурчакдан оширилган тўпни Андрей Сидоров дарвоза томон оёғи билан йўллади ва терма жамоамизнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионига айланди.
 Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
***
Жсиртки
2018 йил 27 январь куни жонажон Ўзбекистонимиз тарихи зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзсак арзийдиган воқеа юз берди. Тошкент вақти билан соат 13.00 да бошланган Осиё чемпионлиги учун футбол мусобақасини бутун қитъамиз ишқибозлари, айниқса, сўнгги босқичларда Ўзбекистонлик тенгдошларидан мағлуб бўлган Япония, Жанубий Корея ҳамда шу лаҳзаларда худди биздек ғалабадан умидвор бўлган Вьетнам халқи бир тан-у бир жон мисол умумнигоҳ бўлиб футболчиларимизга кўз тикиб турдик. Ҳамма ўз дили ва тилида Худодан мадад ва омад тилаб турганини айтмасак ҳам бўлади. Ниҳоят, Ўзбекистон жамоаси ғолиб бўлганида курраи замин ва бошимиз узра Ҳумо қуши яна бир бора қанот қоқиб ўтгандек бўлди, дейди Дониш домла ҳаяжон ва завқ билан.
Ўша лаҳзаларда ЎзМУ Журналистика факультетида махсус сиртқи бўлим талабаларига машғулот ўтаётган эдик. Тарихий воқеа журналистика сабоқларига пайваста, ҳамоҳанг бўлиб кетди. Илоҳим, бўлғуси ҳамкасбларимизга ҳам то абад мана шундай зафарларимиз ҳақида жўшиб-жўшиб ёзавериш насиб этаверсин.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *