Президент Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячилари байрами арафасида, 10 январь куни Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди.

Президент Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди

Давлатимиз раҳбари бу ерга 2017 йил январь ойида келиб, ҳарбий таълимни такомиллаштириш, ўша пайтдаги Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти негизида мутлақо янги ўқув муассасаси ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Кўп ўтмай, Президентнинг тегишли қарори қабул қилиниб, бу ерда хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини мужассам этган Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди. 2018 йил январда Олий Бош Қўмондон мазкур янгиланган таълим маскани фаолияти билан танишган эди.

Бугун академия ҳам шароит, ҳам мазмун жиҳатидан тубдан ўзгарган. Аудиториялар компьютер техникаси, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Замонавий ситуацион марказ, тренажёрлар ташкил этилган.

Ўтган йили бу ерда модернизация ишлари давом эттирилиб, янги объектлар қурилди. Курсантларнинг ўқиши ва жанговар машғулотлар ўташи, спорт билан шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратилди.

Академия қошида мамлакатимизнинг барча ҳарбий таълим йўналишидаги олий ва ўрта махсус билим юртларида ўқув жараёни ва илмий ишларни мувофиқлаштирадиган Илмий-методик кенгаш тузилди.

Президентимиз ўқув муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар натижаси ҳамда фойдаланишга топширилган замонавий таълим инфратузилмаси объектлари билан танишди.

Ўқув биносида ҳарбий техниканинг асосий намуналари бўйича динамик компьютер тренажёрлар имкониятлари намойиш қилинди, академия курсантларининг ихтирочилик ва инновацион ишланмалари ҳақида маълумот берилди.

– Барча соҳалар қатори ҳарбий таълим бўйича ҳам доимо замон билан бирга қадам ташлашимиз, керак бўлса, ундан олдинда юришимиз зарур. Ҳарбийларимиз, курсант ва тингловчилар энг илғор, инновацион билим ва кўникмаларни эгаллаши, соҳа бўйича дунёдаги янгиликлардан хабардор бўлиши, доим изланиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз курсантларни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Ўқув хоналари, ётоқхона ва сузиш ҳавзасидаги шароитларни кўздан кечирди.

***

Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Шу куннинг ўзида Қуролли Кучлар Академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг миллий армиямизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоконференцалоқа орқали эса ҳудудлар раҳбарлари, ҳарбий округ ва ҳарбий қисмлар қўмондонлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Йиғилишда Қуролли Кучларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар сарҳисоб қилиниб, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг миллий армиямизни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш борасидаги фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Президентимиз 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакат ҳаётининг бошқа соҳалари билан бир қаторда ҳарбий қурилиш йўналишида кенг миқёсли модернизация ишлари амалга оширилгани, бу билан қисқа даврда аниқ натижаларга ҳамда Қуроллик Кучларимиз қиёфаси бўйича стратегик ёндашувни шакллантиришга эришилганини таъкидлади.

Ҳозирги ахборот маконидаги қарама-қаршилик, одамлар, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Аҳолини, аввало, ёшларни шундай руҳда тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

– Армия моддий жиҳатдан энг замонавий ва зарур воситалар билан таъминланган бўлиши мумкин, лекин аҳлоқий жиҳатдан заифлиги, жанговар руҳи, Ватанга содиқлик ва муҳаббат, унинг тақдири учун масъулият ҳисси йўқлиги ёки лоқайдлик тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг бошқа муҳим йўналишлари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш соҳасида келгуси ишларни ташкиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

 

http://uza.uz/oz/politics/khavfsizlik-kengashining-kengaytirilgan-yi-ilishi-b-lib-tdi-10-01-2020

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *