Пропискангиз жойидами?

Пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилган мансабдор шахслар энг кам иш ҳақининг 15 бараваригача жарима тўлайди

  • Автор 
  • Пайшанба, 28 Апрель 2016

  Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 30 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 25 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида сўз юритилади.

Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш киритилди. Жумладан, 2232-моддасида – “паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш —

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади” деб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 84-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши қайд этилган:

«Ички ишлар органлари паспортлар берилганлиги, шу жумладан йўқотилган ёки амал қилиш муддати ўтган паспортлар ўрнига паспортлар берилганлиги фактлари ҳақида, бекор қилинган паспортлар тўғрисида ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар ойда, шунингдек турар жойни ижарага бериш шартномаси, текин фойдаланишга бериш шартномаси мавжуд эмаслигининг ёки турар  жойни ижарага бериш шартномасини, текин фойдаланишга бериш шартномасини мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя этилмаганлигининг аниқланган фактлари ҳақида ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига уч иш куни ичида маълум қилиши шарт».

Янги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ–296-сонли Қонуни билан тасдиқланган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 9, 249-модда) 5-банди қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилди:

«Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинганидан сўнг бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда, эр (хотин) Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида олинган доимий пропискани йўқотади».

Шунингдек, фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Янги Қонунга кўра, паспорт режимига риоя этилишини назорат қилиш бу борада ички ишлар органларига ёрдам бериш маҳалла, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳам юкланди.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *