Профилактика – қалб шаффофлигини таъминлайди
Тинчлик-осойишталик – энг азиз неъмат.
Бир пайтлар севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов “Инсоният тарихи – урушлар тарихидан иборат” деб ёзганида нақадар ҳақ эди. Инсоният тарихининг қайси асрига ё даврига эътибор қаратманг, қандайдир урушлар, хунрезликлар ҳақида ўқиб, этингиз жунжикади.
Бугун биз тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган дориломон замонда яшаётганимиздан ғурурланамиз. Бироқ, маҳалла-кўйларда гоҳо қандайдир хунрезлик, безорилик ва бошқа жиноятлар содир этилаётганидан ҳам асло кўз юма олмаймиз. Хўш, бундай иллатларга барҳам бериш учун қандай йўл тутмоқ лозим?
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9 февраль куни ўтказилган видео-селектор йиғилишидаги фикрлари кенг жамоатчилигимизда катта қизиқиш уйғотди. Унда асосан Ички ишлар органлари тизимидаги аҳвол муҳокама қилинган эди.
Давлатимиз раҳбари танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши, муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқлашга ва уларнинг ечимини топишга қаратиш, якуний натижа учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилиш, ишда аниқ тартиб ва қатъий интизом ўрнатиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатлар илдизини қуритиш – ички ишлар органларининг устувор вазифаси эканини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Профилактика куни» деб белгиланди.
Албатта «Профилактика куни» тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу мавзуда телеканалларимизда ёритилаётган кўрсатувлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ҳозирги аҳборот асрида тобора ривожланиб бораётган ахборот технологиялари ва тармоқлари ёшлар онгига қанчалик салбий таъсир кўрсатаётганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ёшлар масалалари мамлакатимиз тараққиёти ва равнақи билан бевосита боғлиқ экан, бу муҳим вазифаларни ҳал этишда ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, уларни турли ҳил маънавий, мафкуравий таҳдидлардан асраш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида, Олмазор туман маҳаллалари ва меҳнат жамоаларида прокуратура ва Ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда, давра суҳбатларида турли жиноятчиликлар, жумладан, терроризм ва бошқа бузғунчиликларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш каби мавзулар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Унда асосий эътибор жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини кўрсатишга, аҳолини ҳушёрликка, огоҳликка чақириш, жиноятчиликка қарши муросасизлик билан ёндашиш масаласига қаратилмоқда. Зотан, “Оммавий маданият” ниқоби остидаги асли ғайримаданият ёшлар онгига қанчалик салбий таъсир кўрсатаётганини ҳар қадамда кузатиш мумкин. Енгил-елпи ҳаётни тарғиб этувчи баъзи фильмлар, мусиқа ва клиплар айрим ёшлар учун оддий воқелик бўлиб қолаётганига бефарқ қараш асло мумкин эмас. Ахборот хуружлари ёшларимиз онгига салбий таъсир кўрсатаётгани кўп муаммоларни туғдирмоқда. Ёшларни бундай мафкуравий таҳдидлардан муҳофаза этишда профилактика муҳим ўрин тутади. Ахборот хуружлари – бу шахсга, муайян ташкилот ва давлатга йўналтирилган таъсир бўлиб, унинг асл мақсади ўша шахс, ташкилот ва давлатни нормал ҳаёт тарзи бузилишига хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, ахборот урушида энг аввало психологик қонуниятлар инобатга олинади, чунки унинг асосий мўлжали – инсон онгидир. Шу каби таҳдидлар учун ўзига яраша ҳимояланиш қуроллари ҳам ишлаб чиқилмоқда. Шу ўринда биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрларини эслаш масадга мувофиқдир: “Энг муҳими, қалбимизда ғуруримиз, билагимизда кучимиз бор экан, биз тинчликни ҳимоя қилишга, унга хавф солаётган кучларга қарши курашишга, қаддимизни тик тутиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга қодирмиз. Бизни қўрқитмоқчи бўлаётган ғаламислар шуни билиб қўйсинки, биз ҳеч кимга бош эгмаганмиз ва ҳеч қачон бош эгмаймиз. Бунда бизга миллий ғоямиз ва мафкура ғоявий таянч ва асос бўлади”.
Инсон онгига тез таъсир ўтказувчи ахборот-психологик қурол оммавий ахборот воситалари, компьютер ўйинлари, интернет тизими ёрдамида инсон онгига салбий таъсир кўрсатади. Бундай мафкуравий хуружларга қарши курашда халқ билан мулоқотнинг самарали усулларидан бири – профилактикадир. У моҳиятан қалб шаффофлиги ва соғлом фикрлаш учун замин яратади. Бугунги ёшларга уни кўрма, буни ўқима, дея сунъий тўсиқ қўйишнинг имкони йўқ. Уларга энди оқ билан қоранинг, нима яхши-ю, нима ёмонлигини фарқлаб кўрсатиш, тўғри тушунтириш зарур. Профилактика ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Ёшларда қизиқиш уйғотаётган маънавий-маърифий суҳбатларда, профилактика тадбирларида уларни қизиқтирган ҳар қандай саволга асосли жавоб бериш лозим. Жиноят содир этган айрим ёшларнинг қилмиши кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниши бундай саъй-ҳаракатлар таъсирчанлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу борада ёшларни огоҳликка, ҳушёрликка даъват этиб бориш мақсадга мувофиқдир. Айтайлик, ЎзМУда ўтказиладиган «Профилактика куни» тадбирларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар оқибатини акс эттирувчи фильмлар, видеороликлар намойиш этилади. Сўнг, бу борада талабаларнинг фикрлари ўрганилади. Энг қизиғи, талаба-ёшларнинг бундай салбий иллатларга нисбатан муносабати (аниқроғи, нафрати!) кишини бефарқ қолдирмайди. Демак, талабалар бу мавзуда ўзаро суҳбатларида ҳам фикрлашади. Шу тариқа ёшлар ўртасида ўзига хос тарғибот ишлари давом этаверади.
Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деган сатрлар замирида улкан маъно мужассам. Яъни, эзгуликка йўғрилган ҳар қандай саъй-ҳаракатлар ўзининг тотли меваларини бераверади.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар