Номуносиб ўқитувчи унвонга тавсия этилмайди!
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Кенгашининг
кенгайтирилган мажлиси бу гал кескин, муросасиз руҳда ўтди. Танқидий-таҳлилий фикрлар очиқ-ошкора муҳокама этилди.
Анъанага кўра, Кенгаш аввалида бир гуруҳ педагог-ўқитувчиларга профессор ва доцент унвони, фалсафа доктори (PhD) ва (DSc) дипломлари топширилди. ЎзМУ Бош Илмий котиби Ноибахон Мамадалиева берган маълумотга кўра, охирги бир ярим йил давомида 150 дан ортиқ педагог-ўқитувчилар профессор ва доцент унвонларига, 100дан ортиқ фан доктори ва фалсафа доктори илмий даражаларига эга бўлиб, университет илмий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилган.
Кенгаш кун тартибидаги биринчи масала юзасидан ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майда Ўзбекистон Миллий университетига ташрифи ҳамда “2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида” мавзусида сўз юритар экан, мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси ҳақида бандма-банд танқидий-таҳлилий фикрларини баён этди.
Кенгаш мажлиси кун тартибаги иккинчи масала бўйича ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нажмиддин Қодировнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5729-ПФ-сонли Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида университетда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида”ги ахбороти тингланди.
Айтиш ўринлики, бу борада университетда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат маркази” билан ҳамкорликда талабаларнинг Медиа марказида, Талабалар турар-жойларида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, улар ҳақида ОАВда ҳозиржавоблик билан ёритиб борилди.
Кенгашда ЎзМУ Биология факультети декани Тўхтасин Абдураҳмонов ташаббуси билан Беларусь давлат университети билан ҳамкорикда очиладиган янги қўшма таълим дастури ҳақида таклиф киритди ва таклиф бир овоздан маъқулланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Кенгаш кун тартибига биноан бир гуруҳ педагог-ўқитувчилар профессор ва доцент унвонларига тақдим этиладиган бўлди. Бош Илмий котиб Ноибахон Мамадалиева улар ҳақида маълумот берди.
Муҳокамалар чоғида ЎзМУ Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Ғолибжон Ботиров шундай эътироз билдирди:
– Тегишли Низомга биноан хайфсан интизомий жазосини олган ўқитувчининг номзодини профессор ёки доцент унвонларига тақдим этиш мумкин эмас…
Қизғин муҳокамалардан сўнг Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғининг фикри маъқулланиб, профессор ва доцент унвонларини олишга талабгорлардан уч нафари “Овоз бериш бюллетени”га киритилмади.
ЎзМУ Ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Ғофир Эшонқулов ва Магистратура бўлими бошлиғи Нурали Мажидовнинг “Малакавий-битирув ишлари, магистрлик диссертацияларининг талаб даражасида бажарилганлик ҳолатини ўрганиш натижалари ҳақида”ги ахборотларида бу борадаги камчиликлар, хусусан, хом-хатала “тадқиқот”лар, илмий раҳбарларининг бепарволиги, кафедра мудирининг лоқайдлиги борасида аниқланган камчиликлар рўйи-рост очиб ташланди.
ЎзМУ Ректори бу масалага ўз муносабатини билдирар экан, шундай деди:
– Ўз ишига шу қадар лоқайдлик билан ёндашган баъзи педагог-ўқитувчилар қандай қилиб профессор ёки доцент унвонларига талабгорлик қилишмоқда? Уларни ҳам “Овоз бериш бюллетени”га киритилишига қаршиман.
Шу тариқа яна шундай педагог-ўқитувчилардан баъзиларининг номзоди профессор ва доцент унвонларига тақдим этилмайдиган бўлди.
– Бундай педагог-ўқитувчиларнинг маошларини 1 сентябрдан эътиборан ошириш-оширмаслик масаласи реал ҳал қилинади,– деди ЎзМУ ректори.– Август ойида профессор-ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш пайтида ҳам уларнинг мана шу камчиликлари албатта эътиборга олинади. Биз таълим сифатини янада ошириш, аввало муносиб профессор-ўқитувчилар қатламини тўғри шакллантириш ҳақида ўйлаяпмиз. Бугун бу давр талабига айланганини ҳар бир профессор-ўқитувчи теран англаб олмоғи зарур.
ЎзМУ Ректори галдаги муҳим вазифалар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритди.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар