Республика илмий-амалий конференциясига марҳамат!

Ахборот хати

«Марказий Осиё ва ислом цивилизацияси» мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси

2018 йил 14 май куни Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожидаги тарихий ўрнини, минтақа алломаларининг илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида ёш тадқиқотчилар ҳамда талабаларнинг олиб борган илмий-ижодий изланишлари ва тадқиқотлари натижаларини кенг тарғиб этиш, уларнинг илм-фан ривожи йўлида муносиб авлод бўлишдек эзгу интилишларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент ислом университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда тадқиқотчи ва талабаларнинг «Марказий Осиё ва ислом цивилизацияси» мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси ўтказилади.

Конференция қуйидаги шўъбаларда фаолият олиб боради:

  1. Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий-маънавий ва диний-маърифий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари;
  2. Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани ривожидаги ўрни ва аҳамияти;
  3. Инсонпарварлик, ўзаро тотувлик ва ҳурмат, инсоний бағрикенглик каби тамойиллар ­– Ислом цивилизациясининг асоси сифатида;
  4. Ислом маданиятининг мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётидага роли ва унинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни.

Биринчи шўъбада: Марказий Осиёдан етишиб чиққан Қуръон, тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, ислом тарихи, ислом манбалари, тасаввуф, тилшунослик ва адабиёт соҳаларида улкан илмий мерос қолдирган алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш, тадқиқ қилиш натижалари ва тарғиб қилишдаги услублар кенг ёритилади.

Илмий, оммабоп, бадиий ва ўқув адабиётлар ҳамда китобларни яратиш, ўқитиш, дарс бериш, тарғибот тадбирларини ташкил қилишдаги ёндашувлар, ОАВ, босма, даврий ва интернет нашрларида мақола, чиқиш, интервьюлар, ҳужжатли фильмлар тайёрлаш ҳамда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган масалалар кенг муҳокама қилинади, тегишли таклиф ва тавсиялар тақдим қилинади. Шунингдек ислом таълимотини аждодларимиз асарлари асосида маърифий тушиниш ва ўрганиш ҳам ушбу шўъбада таҳлил қилинади.

Иккинчи шўъбада: математика, алгебра, геометрия, ҳандаса, фалакиёт, география, кимё, биология, зоология, физика, медицина, архитектура-қурилиш, қишлоқ хўжалиги каби илм-фан соҳалари ривожига минтақа алломларининг қўшган ҳиссалари, ушбу илмларнинг назарий ва амалий асослари, уларнинг жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан турли тарихий даврлардаги эътирофи атрофлича таҳлил этилади.

Ушбу илмий соҳаларни янада ривожлантириш истиқболлари, олдинда турган долзарб вазифалар, шунингдек улуғ алломалар асарларида турли фан соҳаларига оид илгари сурилган илмий ғояларнинг ўзига хос жиҳатлари ва аҳамияти атрофлича муҳокама қилинади ва бу борада таклифлар берилади.

Учинчи шўъбада: ислом цивилизациясининг туб моҳиятини ташкил этадиган инсонларнинг ижтимоий тенглиги, ўзаро ҳурмат, тинчлик, барқарорлик, диний бағрикенглик, миллий тотувлик каби тамойилларнинг шаклланиши ва ривожланиши масалалари кўриб чиқилади ҳамда ислом динининг эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга қаратилган мазмун-моҳияти кенг ёритилади.

Ижтимоий тараққиётга хавф солувчи ҳар қандай ғоя – бағрикенглик тамойилига зидлиги, диний мутаассиблик, экстремизм, фундаментализм, терроризмга қарши туриши, зўравонлик “вируси” тарқалишининг олдини олиш, айрим ёшларнинг нотўғри диний қарашларга берилиши ва унинг оқибатлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда медиамаданиятни шакллантириш каби масалалар кенг муҳокама қилинади ҳамда бу борада ислом манбаларидаги қарашлар тақдим қилинади.

Тўртинчи шўъбада: мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида ислом маданиятининг тутган ўрни, ислом маданияти, санъати, жумладан, хаттотлик, наққошлик, ганжкорлик сингари соҳалар ривожи, аждодларимиздан ўтиб келаётган азалий қадриятларимизни асраб-авайлаш, келажак авлодни буюк алломалар илмий-маънавий мероси асосида тарбиялаш, юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш ва унинг истиқболлари ёритилади ва таҳлил этилади.

Бугунги глобаллашув даврида ёшларнинг онги ва тафаккурини эгаллаш, маънан заифлаштириш, миллий қадриятлардан узоқлаштириш каби маънавий таҳдидлар, “оммавий маданият” кўринишлари, ахборот хуружларидан ёшларни ҳимоя қилиш ва уларда мафкуравий иммунитетни тарбиялаш, “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори мазмун-моҳияти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилади.

Анжуманда иштирок этиш ва мақола тақдим қилиш шартлари: анжуманга ёш олим ва педагоглар, тадқиқотчи, магистрант ва иқтидорли талабалар илмий мақолани белгиланган талаблар асосида, ўзи фаолият олиб бораётган муассасанинг тавсияси, жиддий таҳрир ва илмий раҳбарнинг расмий тақризи билан бепул қабул қилиб олинади. Мақолалар ўзбек, рус, инглиз, араб тилларида топширилади. Анжуман натижаси бўйича илмий мақолалар тўплами нашр этилади. Анжуман иши бўйича хулоса ҳамда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Мақолалар 2018 йилнинг 14 апрелигача қабул қилинади. Мақола босма икки нусхада ва электрон тарзда тақдим қилинади. Матнда келтирилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига муаллифлар жавобгардир.

Анжуман иштирокчилари ғолиблари ҳар бир йўналиш (шўъба) бўйича алоҳида рағбатлантирилади ва муносиб иштирок этганлар I, II, III-даражали дипломлар, қимматбаҳо совғалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланади.

Мақола матни MS Office дастурининг WORD 97, 2003 муҳарририда, Times New Roman шрифти, 14 кегел катталиги, 1,5 интервалда бўлиши ва 5 бетдан ошмаслиги лозим.

Мақола матнлари таҳрир қилинган ҳолда А 4 ҳажмдаги қоғозга, юқоридан ва пастдан 2,5 см., чапдан 3 см., ўнгдан 1,5 см. жой қолдириб, 2 нусхада расмийлаштирилади.

Маърузачининг исми фамилияси, илмий даража ва унвони (ўнг юқори бурчак, курсивда, 10 кегель катталигидаги шрифт, 1 интервал), ташкилот ва шаҳар номи, мулоқот телефонлари жой коди билан электрон манзил (иккинчи қаторда) кўрсатилади. Сўнгра 1 интервал қолдириб, мақоланинг номи бош ҳарфлар билан ёзилади. Асосий матн 1,5 интервалли қаторларда ёзилади.

Манзилимиз: Тошкент шаҳар, Абдулла Қодирий 11, (почта индекси 100011) Тошкент ислом университети, “Ислом тарихи ва фалсафаси” факультети, “Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси.

Телефон: 2449470, 2440091; факс: 2440065; е-mail: isesco@tiu.uz, website: www.isesco.uz

Конференция мавзуси ва нашр этиш талабларига жавоб бермайдиган мақолалар қабул қилинмайди.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *