Руҳий уқубатдан халос этган мақола
Ҳаётда баъзи гап-сўзлардан ҳушёр тортасан, тинчингни ўйлаб тилингни
тийиб юраверасан. Минг афсуски, баъзи гап-сўзлар асабингни эговлайди, дилингни жароҳатлайверади. Шулардан бири — баъзи таниқли сиймолар бошига тушган мусибатлар учун қайсидир арбобни «айбдор» дея фисқу фасод тарқатиш… Миллатимиз фахрига айланган атоқли шоиру ёзувчилар, санъаткору илм-фан фидойилари, диний уламолардан бирортасининг бошига ташвиш тушса, айбни давлат раҳбарларига тўнкаш — энг маккор, энг разил, энг манфур ғаламисларнинг иши эканлигини дангал айтишга ўрганишимиз керак! Элимиз қалбидан мангу жой олган замондошимиз, раҳматли ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида маҳзун гаплар қулоққа чалинганида дилимизнинг бир четида оғриқ туярдик. Наҳотки… дейишдан нарига ўта олмасдик. Қора ниятига «етаётган» ғаламислар эса ўзларича масрур эди…
Қуйидаги мақолада ана шундай ғаламисларнинг кирдикорлари ниҳоятда теран нигоҳу аниқ исботи билан фош этилганини ўқиб енгил тортдим. Яъни, «Тафсири Ҳилол»дек бебаҳо китоблари, эл орасида қанча суҳбатлари, сермазмун амру маъруфларидан бизни баҳраманд этган замондошимиз ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир пайтлари юртни тарк этишига Биринчи Президентимизнинг мутлақо айби йўқ экан! Ҳамма балони ўшанда ҳам қайсидир ғаламислар уюштиргани ошкор этилибди!
Ўша ғаламислар ўла-ўлгунча улуғ сиймоларни ёмонотлиқ қилиши, улардан сўнг зурриёдлари, уларнинг кирдикорларига алданиб қолган баъзи ақлиноқислар сувни лойқалатишда давом этиши аниқ… Шунақа нусхаларнинг «нағорасига ўйнаб» қолмаслик, билиб-билмай кимларгадир шубҳа билан қарамаслик, улуғ инсонларнинг ёмонотлиқ бўлишига йўл қўймаслик, айниқса, ёшларимизнинг онгини заҳарлашларига бепарво қарамаслик, энг муҳими, ҳаётда тўғри хулоса чиқариб яшаш учун ҳам қуйидаги мақолани эътибор билан ўқишингизни истардик.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Шайх ҳазратларининг ҳаёти: Юртни тарк этиши, дин, сиёсат ва фуқаролар уруши
ЭКСКЛЮЗИВ СУҲБАТ
Ҳазратнинг ибратли асарларини биламиз, лекин қийинчиликда, Ватандан йироқда ўтган кунларидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Шайхнинг ўз юртини ташлаб кетишига сабаб бўлган воқеалар шу вақтгача кенг оммага очиқланмаган ва ислом илми аҳли мазкур воқеаларга ойдинлик киритишни эп билмаган эди.Биз Шайх ҳазратларининг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқ билан 1993 йилда Ҳазратнинг муфтийликдан истеъфога чиқиб, Ўзбекистонни тарк этиши, ҳижратдаги ҳаёти, юртга қайтиш сабаблари, ҳаётий тамойиллари, Рамзан Қодиров билан қандай яқинлиги ҳақида суҳбатлашдик.
Исмоил Муҳаммад Содиқ ўша даврларда отасининг Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган сабабни уларнинг ҳаётларига таҳдид бўлганида, деб кўради ҳамда Тожикистонда кўтарилган фуқаролар уруши билан боғлиқ эканлигини айтади.
Маълумки, 1993 йиллар Тожикистонда фуқаролар уруши авжига чиққан паллалар эди. Бу мамлакатда Ислом уйғониш партияси ва яна 3 номдаги сиёсий фирқалар амалдаги ҳокимиятга қарши бош кўтарган. Ўзбекистонда ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни мазкур партияни қўллаб-қувватлашда, молиялаштиришда айблашган. Шайхни бундай туҳматда айблаганлар уни Биринчи Президент билан алоқаларини бузишни мақсад қилган эди. Шайх ҳазратлари бу иғволарни рад этганларида Тожикистондаги Ислом уйғониш ҳаракати партиясининг ишлари ноўрин эканлиги бўйича кўрсатма бериш сўралади.Шунда Шайх ҳазратлари, яъни Ўзбекистон муфтийси Тожикистон мусулмонлари хатти-ҳаракатини қоралаб чиқиши, Тожикистондаги ўзбекларга зарар етишини ўйлаб, бундай кўрсатма беришдан бош тортади. Оқибатда, иғвогарлар ташаббуси билан диний идора фаолиятида тафтиш олиб борилади, ҳазратнинг ҳаётларига таҳдид қилинади. Вазият оғир тус ола бошлагач Шайх ҳазратлари она-Ватанини тарк этишга мажбур бўладилар.Шайх ҳазратлари билан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ўртасида муносабатлар ёмонлашгани ҳам айтилади. Бироқ, бу гап-сўзларни Шайхнинг фарзандлари тасдиқламади. Унинг далолат қилишича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф авваллари баъзи масалалар юзасидан шахсан Биринчи Президент билан учрашиб турган. Кейинчалик ўртадаги одамлар орқали мулоқот қилган. Юқоридаги туҳматлар ҳам ўртадаги айрим иғвогарларнинг уйдирмаси бўлган. Шайхга шахсан учрашиб вазиятни тушунтиришга, муносабатларни жойига қайтаришга имкон берилмаган. Улар ўртасидаги низо орадаги айрим кимсалар туфайли келиб чиққан. Келишмовчилик юзма-юз рўй бермаган. Шу сабабли ҳам ҳар икки тарафни айблаш ноўрин бўлади.Шайхнинг Ўзбекистонни тарк этиш сабабини унинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқ қуйидагича хотирлайди.— Тарихни ўрганамиз, таҳлил қиламиз деймиз. Лекин, бунинг учун жуда кўп омилларни ҳисобга олишга тўғри келади. Ҳозирги кунда ўша вақтни кўрмаган, у даврда яшамаган одамлар ўзлари кўрмаган нарсаларини таҳлил қилишлари, менимча, нотўғри бўлади. Жуда кўп ҳолатлар борки, гувоҳ бўлмаган инсон вазиятни аниқ билмасдан тўғри хулосага бормаслиги эҳтимоли бор. Шу сабабли ўша даврларга баҳо беришда эҳтиёт бўлиш лозим.
Йиллар давомида ёпиқ бўлган давлат (Совет Иттифоқи назарда тутилмоқда), бирданига ошкоралик, қайтақуриш, нисбатан сўз эркинлигига юз тутди. Бошқа тизимда яшаб турган одамлар, бирданига янги тизимга ўтиб қолди. Шу жумладан, мусулмонларга ҳам нисбатан диний эркинлик берилди. Эркинлик орқасидан мусулмонларга яхшиликлар ҳам бўлди, аммо мана шу эркинликдан ўз мақсади бўйича фойдаланмоқчи бўлганлар топилди. Янги партиялар пайдо бўлди, улар ўз шиорлари билан чиқишди ва маълум ислоҳотларга эришишга уринишди. Мисол учун, бир оилани бошқариш қийин бў
лгандек, катта бир давлатни бошқариш ҳам мушкул, албатта. Хусусан, давлатда ўзгаришлар бўлиб турган вақтда уни бошқариш янаям мураккаблашади. Ҳазратимиз ана шундай мураккаб вазиятда дин пешвоси сифатида фаолият юритган. Ўша вақтларда қўшни Тожикистонда фуқаролар уруши рўй бераётган эди. Афғонистонда ҳам вазият ўта нотинч бўлган. Совет иттифоқ бўлиниб, янги давлатлар шаклланаётган давр эди. Марказий Осиё минтақасининг ўзи мураккаб вазиятда бўлган.
Ҳазратни юртни ташлаб чиқиб кетишларига жуда кўп омиллар, сабаблар бор эди. Ўша вақтдаги ҳукумат билан алоқалар, юрт ичидаги мусулмонларнинг ўзаро келишмовчиликлари тез-тез содир бўлиб турарди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мана шу омиллар сабабидан ҳазрат ўзларининг ҳаётлари учун хавф туғилганини идрок этганлар. Ўзбекистондаги мусулмонлар орасида ҳам Тожикистондаги каби вазият юзага келмаслиги эҳтимолини ўйлаб, ватанни тарк этишга мажбур бўлганлар.
— Биз, биламизки Шайх ҳазратлари СССР Олий Кенгашининг халқ депутати ҳам бўлган. Уларда депутатлик, сиёсий партия тузиш каби мақсадлар ҳам бўлганми?
— Менинг билишимча, Шайх ҳазратлари сиёсатга аралашишга доим қарши бўлганлар. Яъни бевосита сиёсатчи бўлишни мақсад қилмаганлар. Ўз ваколатларига кўра, сиёсатчилар билан мулоқот қилишларига тўғри келарди. Лекин, ўзлари партия очиш, сиёсий оқим қилишни истамаганлар. Партия тузиш таклифларига ҳам рад жавобини берган эдилар. Ҳазратнинг сиёсат йўлида дин суиистеъмол қилинмаслиги бўйича алоҳида фикрлари бўлган. Ўзлари ҳам ҳаракат қилмаганлар ва таклиф қилганларни ҳам рад этганлар. Депутат бўлишдан мақсадлари сиёсатчи бўлиш эмасди. Шайх 5 та республика — Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг муфтийси бўлганлар шу сабабли ҳам депутатлик мандатидан фойдаланган ҳолда, мусулмонларнинг баъзи масалаларини ҳал қилишни мақсад қилгандилар. Шунда ҳам улар аввалдан депутатликни кўзлаб номзодларини кўрсатмаганлар, бошидан режа қилмаганлар. Муфтийликка сайлангач, охирги кунларда депутатликка номзодларини илгари сурган эдилар…
«Шайх ҳазратлари Ўзбекистонни тарк этгач ҳам, юрт соғинчи она юртдаги мусулмонлар ташвиши билан яшашда давом этганлар», дея хотирлайди Исмоил Муҳаммад Юсуф. Ўғилларининг далолат қилишича, Шайх ҳазратлари Ўзбекистондан келган танишлардан аввал она юртдаги мусулмонлар аҳволини суриштирар эканлар. Ҳазратнинг Ўзбекистондаги мусулмонларнинг ҳолати, давлатимиздаги дин ва мусулмонларга муносабатлари борасида мақоламизнинг кейинги қисмида сўз боради.
Сўнгги фикрлар