Саид Аҳмад. Жажжи ҳикоялар
10 июнь – атоқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад таваллуд топган кун.
Саид Аҳмад (Ҳасанхўжаев Саидаҳмад) 1920 йил 10 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. У Тошкент рассомчилик билим юртида, Тошкент педагогика институтида ўқиган (1940-43). Меҳнат фаолиятини «Муштум» журналида бошлаган, сўнг Ўзбекистон радиокомитетида (1942-1943), собиқ «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида (1942-1947), «Шарқ юлдузи» журналида (1948-1950) ишлаган. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Тортиқ» 1940 йилда нашр этилади. Уруш ва урушдан кейинги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фелъетон, очерк ва ҳикоялар ёзган. Унинг «Эр юрак» (1942), «Фарғона ҳикоялари» (1948), «Муҳаббат» (1949) каби тўпламлари нашр этилган. У «Хазина», «Ҳайқириқ», «Раҳмат, азизларим» каби ҳикояларида иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлайди, уруш қаҳрамонларини улуғлайди.
Адиб ижодининг каттагина қисми ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялардан иборат. «Чўл бургути» (1960), «Чўл оқшомлари», «Одам ва бўрон, «Йўқотганларим ва топганларим» (1998), «Қоракўз мажнун» (2001), «Киприкда қолган тонг» (2003) каби асарлар муаллифи. «Уфқ» трилогияси (1964-74), «Жимжитлик» романи (1988), «Хандон писта» (1994), «Бир ўпичнинг баҳоси» (1995) ҳажвий тўпламлари, 3 жилдли «Танланган асарлар»и (2000) нашр этилган. Унинг юмористик маҳорати «Келинлар қўзғолони» (1976), «Куёв» (1986) комедияларида ёрқин намоён бўлган. Фелетон жанрида ҳам самарали ижод қилган. 1947 йил «халқ душмани» сифатида ҳибсга олинган. Сталин вафотидан сўнг оқланган. «Келинлар кўзғолони» дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг самарали фаолияти муносиб тақдирланган. У 1996 йилда «Дўстлик», 1997 йилда «Буюк хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган, 1999 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.
Эл севган адиб 2007 йил 5 декабрда вафот этган.
***
Саид Аҳмад. Жажжи ҳикоялар
ТАНСИҚ
Шаҳримизга ҳали қирдан лола келмаган эди.
Кексалар тўқсон чиқди-ю, оппон-соппон ҳали турибди. Битта қор ўтсин ундан кейин ҳамал киради, дейишарди
Аммо Чилонзор томонда турадиган бир темирйўлчи жувон очиқ машинада бир даста лола кўтариб ўтди.
Ҳамманинг кўзи унинг қўлидаги лолада. Ўтган ҳам, кетган ҳам қарайди. Машина тез юрганидан шамол лолани шундай ҳилпиратадики, офтобда у худди лов-лов ёнаётганга ўхшайди.
Шу пайт шамол лоланинг биттасини юлқиб олди-да, кўча ўртасига улоқтирди.
Машиналар катта тезлик билан бири кетидан бири учиб бормоқда. Шофёрлар лолага етай деганда руль буриб унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишади.
Мана шу аҳволда кун чошгоҳ бўлди. Лола ҳали ҳам кўча ўртасида чўғдек ёниб турибди. Машиналар ҳамон унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишяпти.
Йўловчилар юракларини ҳовучлаб ишқилиб машина босиб, эзғилаб кетмасин-да, деб ташвиш қилишади.
Охири кўчани тартибга солиб турган милиционер чидамади. Кўча ўртасига тушди.
Машиналар бири кетидан бири тормоз бериб тўхташди.
Постовой оҳиста бориб лолани олдида, фуражкаси тагидан чаккасига қистириб қўйди.
Машиналар ғиз-ғиз ўтиб турибди. Шофёрлар, йўловчилар чоррахага келганда машина деразасидан бош чиқариб, милиционер чаккасидаги лолага қарашади. Уларнинг юзида бир чиройли табассум порлайди.
Шу куни лола очилганини бутун шаҳар билди.
Одамлар дилига бу йил баҳор вақтлироқ киргандек бўлди.
БИР УМР…
Театр майдонидаги саҳн баҳор кезлари жуда гавжум бўлади.
Қари-қартанг, ёш-яланг скамейкаларга ўтириб олиб ўзларини офтобга товлашади. Кампирлар аравачаларда невараларини олиб келиб, ўзлари кўз ойнак устидан газетани ялагудек қилиб ўқишади.
Мен ҳам бўш пайтларимда шу ерда ҳордиқ чиқаришни жуда яхши кўраман.
Бир кун киоскадан газета олиб ўқиб ўтирган эдим, ёнимда ҳассасини скамейкага тираб бир хотин ўтирарди. Унинг олдидаги ҳаво ранг аравачада невараси ипи тугмасига боғлаб қўйилган қизил шарни ушлавололмай қийқиради. Кампир унга бепарво, ўтган-кетганларни томоша қилади.
— Неварами?— дедим. Кампир ўгрилиб қаради.
— Йўқ, айланай, чевара. Чевара ширин бўларкан. Онаси ёш. Дадасининг ўзи бола. Ўзим оёққа турғизиб бермасам эплашолармиди.
— Ҳали юрмайдими?
— Юриш қаёқда айланай. Энди той-той туряпти.
Биламан, болалар жуда айёр бўлишади. Кўтарадиган одамни топишса сира ерга оёқ қўйишмайди. Бу бола ҳам шунақа қилаётгандир. Кампирнинг меҳрибонлигидан фойдаланаётгандир.
— Юриб ҳам кетарди, қиш пайтида бола юришга эринади. Мана офтоб одамнинг елкасини қиздириб қолди. Энди юриб кетар.
Кампир шундай деб болани аравачадан олди. Икки қўлтиғидан ушлаб ерга қўйди. Бола аввалига тиззасини букиб тихирлик қилиб турди-да, кейин икки оёғини ерга тиради.
— Қани, амакингларга битта той-той туриб бергин.
Кампир уни қўйиб юборди. Бола худди ҳавода муаллақ қолгандек омонат туриб қолди, кейин бирдан олдинга шўнғиб кетди. Шу шўнғиганда ўнг оёғини кўтариб ташлади. Йиқилмади. Кейин яна бир марта шундай қилдию, маст одамдек гандираклаб юриб кетди. Тўрт-беш омонат қадам ташлаб орқаси билан ўтириб қолди. Кампир югуриб бориб уни кўтарди. Бола энди аравага ўтиргиси келмай, ерга тушишга хархаша қилаверди. Кампир уни ерга қўйишга мажбур бўлди.
Шу алпозда бола уч-тўрт марта юришга интилди. Охири пилдираб беш-олти қадам босадиган бўлиб қолди. Кампир хурсанд.
Уларга қараб туриб, ўйлаб кетибман.
Боланинг оёғи ерга тегди. Биринчи қадами бошланди.
Эҳ-ҳе, бу одам ҳали ҳаётда қанчадан қанча ерларни шу оёқ билан босиб ўтади. Умр бўйи…
ҲАЙКАЛ
Бухорода қадим иморатлар кўп.
Бу кўҳна шаҳар кўчаларида хаёлчан кезарканман бир тўда сайёҳлар боши булутга чулғанган минорага қараб туришганини кўрдим. Уларга кекса бир илмий ходим минора тарихини тушунтиряпти. Қулоқ солдим.
— Етти юз йил бўлган бу миноранинг қурилганига.
Сайёҳлар ҳайрат билан ёқаларини ушлашди.
Мен бу хил ёдгорликларни кўп кўрганман. Арманистондаги тўрт минг йиллик Двин ҳаробалари, Кегарт қалъаларини, неча минг йиллар муқаддам ёзилиб бизга етиб келгунча тошга айланган китобларни кўрганман. Шуларни одам яратган, уларда одам қўлининг изи бор.
Бухоро кўчаларида кезарканман жуда кўп хотиралар хаёлимдан ўтади. Асрлар қаърида қолиб кетган жангу жадалларни кўргандек, қилич-қалқонларнинг жарангини эшитгандек бўламан.
Буларнинг барини тарих шамоллари учириб кетди. Одамларнинг хотиридан юлиб кетди.
Аммо кўҳна деворда қолган беш бармоқ изи ҳали ҳам кўриниб турибди. Бу минг йиллар қаърида йўқ бўлиб кетган одам қўлининг изи. Шу азамат бинога ғишт терган меъмор қўлининг изи.
Одам қўлигина одамга абадий ҳайкал қўйишига ана ўшанда ишонганман.
Сўнгги фикрлар