Таълимда талабчанлик яхши, аммо…
Муқаддас Китоб Қуръони Каримнинг “Ол-и Имрон” сурасида битилган:
“фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар” деган оятни такрор-батакрор ёд оламан. Ҳар гал ёдга олганимда илму маърифатга интилган иқтидорли ёшлар кўз ўнгимдан ўтаверади. Бир пайтлар (қирқ йилча бурун) илмга чанқоқ талаба бўлган кезларимиз қандай бўлмасин китоб ўқишга интилардик. Кутубхонамиздан топа олмаган китобимизни бошқа жойлардан ахтарардик. Баъзан китоб дўконига қўшимча “Букинический” деган расталар ташкил этиларди. Унда баъзилар ўзлари фойдаланиб бўлган китобларни чиқариб арзонрон нархларда сотишарди.
Менинг ўша “Букинический” деган растани жуда яхши кўрардим. Кўпинча излаган китобларни ўша жойдан топардим. Китобга, илмга интила-интила ҳаётда кам бўлмадик. Тараққийпарвар жамиятда замонавий ахборот технологияларидан ҳам ортда қолаётганимиз йўқ.
Бугунги зиёлиларга, айниқса, илмга интилаётган ёшларга ҳавасимиз келади. Интернетдан хоҳлаган китоб ёки бошқа ёзма манбангизни топишингиз мумкин.
Шунга яраша таълим тизими замонга яраша қайсидир маънода ўзгариши, янада такомиллашиши керак эди. Бир ёмонликнинг бир яхшилиги, деганларидек, сўнгги ойларда юз берган коронавирус балосига қарши кураш асносида эълон қилинган карантин шароити таълим тизимини тубдан ўзгартириб юборди. Энди юзма-юз дарс беришлар чекланиб, виртуал оламда – масофадан “сўзлашиш” такомиллашиб кетди.
Шу аснода 2020 йил март ойининг сўнгги кунларидан бошлаб масофавий таълим реал воқеликка айланди. Модул тизими такомиллаштирилиб, профессор-ўқитувчилар ўқитадиган фанларидан ҳар бир мавзуга маъруза матнларини, видеодарсларини, слайдлари ва амалий машғулот топшириқларини жойлаштириб чиқдилар. Шунча ишни бекаму кўст бажариш профессор-ўқитувчиларга ҳам осон бўлмаганини изоҳлаб ўтиришимга ҳожат бўлмаса керак.
Бу саъй-ҳаракатларимизни минглаб талабаларимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олдилар, албатта. Билим оламан, деган талабалар учун бу жуда катта қулайлик ҳам туғдирган эди. Исталган пайтда модулни очиб, керакли фанни очиб кўриб, ўзини қизиқтирган мавзусини ўрганавериши мумкин.
Минг афсуски, талаба ёшларимиз орасида ҳам ҳар қадамда тирноқ орасидан кир қидирадиганлари йўқ эмас. Бир пайтлар ўқиб кетган бир собиқ талабамизнинг дарсни бузиб ўтириши ва бошқа антиқа саъй-ҳаракатлари “Қашқирлар макони” фильмидаги жарроҳпошшолик Метиннинг ўзгинаси эди. Фақат, уни “тарбиялаш”да Пўлатнинг усулидан фойдаланиш бизга асло тўғри келмасди…
Заҳар солмоқ эмиш чаённинг иши, деганларидек ўша бола ўқишни амаллаб битириб кетганидан кейин ҳам тарбия топмабди. Бир ижтимоий тармоқ орқали таълим олган муқаддас масканига йўлини топиб “тош” отди. Нима эмиш, карантин шароитида талабалар ўқишга бормаётгани учун тўлов-контракт пулининг ярмини тўласа ҳам етармиш…
Бу билан у талабаларга яхши кўринмоқчи бўлгани кўриниб турарди. Буни қарангки, бир гуруҳ талабалар боплаб унинг адабини бердилар. Яъни, масофавий таълимнинг афзалликларини асослаб, аввалгидан бир неча баробар кўп илм олиш имконига эга бўлаётганларини баён этдилар.
Яна шунга ўхшаш антиқа “даъват”лар асло аҳли донишларнинг иши эмасдур. Демак, бу йўлда ҳеч ким пул талашмайди, билъакс, илмга интилаверадилар.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири
To’g’ri, ushbu tizimni bir vaqtlar orzu qilardik. Endi bu voqelikka aylandi. Ko’pchilik uchun qulay bo’ldi, ba’zilar uchun esa hech nima o’zgargani yo’q. Ammo shuni aytish kerakki, baribir partada o’tirib dars tinglagan, o’wituvchilarimiz ruhini sezganimiz, kezida mimika orqali javob berishlarimiz — ajoyib narsa edi… Illo, yana o’sha go’zal kunlarimizga qaytajakmiz!
Ha aslida biz ham shunday tizim yolga qo’yilishini istar edik. Lekin kursdoshlar bilan birgalikda darslarni muhokama qilib bir birimzni fikrimga yuzma yuz fikr bildirish boshqachada.