Тақдир табассуми
Касб байрамимиз бу йил ҳам жуда файзли бўлди.
Бу йилга алоҳида “урғу” беришим боиси шуки, сўнгги ойларда мамлакатимиз ғоят оғир синовларни бошидан кечирмоқда. Дунёни таҳликага солган пандемия “бўрони”, Сардобадаги сув тошқини, юртимизнинг чекка туманларидаги даҳшатли довуллар…
Мард ва олижаноб Юртбошимизнинг қатъий иродаси ва узоқни кўзлаб қилаётган саъй-ҳаракатлари ҳамда халқимизнинг сабр-бардош ила ташлаётган хайрли қадамлари туфайли фалокатлар даф бўлмоқда, муаммолар бартараф этилмоқда.
Элимиз олдиндаги ойдин кунларига ишонч билан боқмоқда.
Ўзи шуларсиз ҳам муаммоларимиз кам эмас. Қанча бунёдкорлик ишлари, қишлоқ хўжалиги, санайверсак, эҳ-ҳе…
Ҳар лаҳзада қанча чақалоқлар туғилиши, қанча беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ёш авлодни ўқитиш, тарбиялаш, аҳоли бандлигини таъминлаш… Санайверган билан адоғи кўринмас ташвишлар…
Шундай кезда мамлакатимиз ижодкорлари бўстонида “Масс-медиа фондидан журналистиканинг Олтин фондига” деган хайрли ташаббусдан дилимиз яйраб кетди.
Бу ҳақда Комил Алламжоновнинг телеграм каналида баён этилган қуйидаги сўзлар хаста дилларга хушнудлик бахш этарди:
“#xavfsizyordam лойиҳасини давом эттирган ҳолда журналистика ва телекоммуникация соҳасининг 100 нафар вакиллари рўйхатини шакллантирдик. Мазкур рўйхатнинг асосини журналистика соҳасида узоқ йиллар фаолият юритган фахрийлар ташкил қилди, шунингдек саломатлигини тиклаш учун даволанаётган ҳамда турли оилавий сабабларга кўра ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган журналистлар ҳам киритилди. Рўйхатни шакллантиришда, тегишли ташкилотлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги журналистлар гуруҳлари яқиндан ёрдам беришди.
Фонд томонидан рўйхатдагиларга икки босқичда жами 150 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади. Хусусан, биринчи босқичда уларнинг уйларига озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами етказилиш бошланган бўлса, кейинги босқичда уларнинг ҳар бирига махсус пластик карточкаларда 1 млн сўмдан пул маблағлари тақдим этилади.
Биз бугунги синовли кунларда моддий ёрдамга муҳтож ҳамкасбларимизни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солишни ўз бурчимиз деб биламиз”.
Шундай қилиб 25 апрель куни ўша телеграм каналида ёзилганидек “Масс-медиа фондидан журналистиканинг Олтин фондига” хайриясидан баҳраманд бўлган эдик.
Юқорида айтганимдек, касб байрамимиз жуда файзли бўлди. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев йўллаган байрам табриги руҳий қанот бахш этган этиб турган бир пайтда “Ишонч” газетаси Бош муҳаррири Ҳусан Эрматовнинг бир қоп совға-саломларидан бошим осмонга етди. Ноёб китоблар, қимматбаҳо совғалар солинган катта пакетда 1 миллион сўм нақд пул ҳам бор экан!
Байрам куни Масс-медиа фонди масъул ходимлар ҳам махсус пластик карточкада 1 миллион сўм пул маблағлари ҳадя этиб кетдилар!
Миллий журналистикамизнинг Олтин фонди омон бўлсин, дея дуо қилиб қолдим!
Очиғи, икки йил илгари саратон хасталигига чалиниб, оғир жарроҳлик операциялари туфайли омон қолгандим. Барибир, бу анчайин оғир дард экан. Яна қанча яшашим фақат ўткир кимёвий дори-дармонларга боғлиқ бўлиб қолганди…
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар Ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар Ижодий уюшмаси, халқаро Пресс-клуб, Масс-медиа фонди, республика Маънавият ва маърифат маркази (ҳамда Тошкент шаҳар ва Олмазор туман бўлимлари) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида фаолият кўрсатишаётган азиз Устозлару инсонпарвар масъул ходимлар шу кунгача узлуксиз ҳолимдан хабар олиб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб туришибди. Мен истиқомат қиладиган Олмазор туманидаги “Жийдали” маҳалласи раиси ва ходимлари, Устозу шогирдлар, ҳамкасблар, дўстларим кунда-кунора ҳолимдан хабар олишади.
Шифокорлар муолажаси бир ёқ, ана шу меҳрибон Инсонлар мадади бир ёқ бўлиб, ғаройиб мўъжиза юз берди. Саратоннинг оғир туридек аянчли хасталикдан тамомила соғая бошлаётганимни ҳис этиб яшаяпман!
Ўткир кимёвий дорилар таъсирида оппоқ қордек оқариб кетган сочу қошларим сўнгги икки ой орасида қорайиб, ўзимнинг асл ҳолимга кела бошладим!
Умрим бўйи қора сочларнинг оқариб кетганини кўп кузатганман. Бироқ, оппоқ соч қорайганини кўрмагандим. Тақдир табассумини қарангки, бу мўъжизани ўз бошимда кўриб Оллоҳнинг қудратига, марҳаматига қойил қолиб, шукроналар айтаяпман.
Шу билан бир қаторда мени хасталик жангалига ташлаб қўймай, шунчалик меҳрибонлик кўрсатишаётган олижаноб Инсонларга, дуолар қилишаётган меҳрибонларга таъзимдаман.
Эзгу ниятим, асл мақсадим шулки, яна қанча яшаш, соғ-саломат юриш насиб этса, она Ватаним ва азиз халқимга сидқи-дилдан хизмат қилавераман!
Умримнинг энг катта мазмуни ҳам шулдир.
Эҳтиром ила
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар