Тошлоқ маҳаллаларидан ташаббусли таклифлар

ЎзМУ Ахборот хизмати: Фарғонадан хабарлар

тош3 тош1 тош2

 Фарғона вилояти Тошлоқ тумани аҳолиси ўтган йилда агросекторда тадбиркорликни ривожлантиришда сезиларли муваффақиятларни қўлга киритди. Бунга “Ахшак Файзли Барака нон” масъулияти чекланган жамиятнинг кўп тармоқли фаолиятини мисол сифатида кўрсатиш мумкин. МЧЖга раҳбарлик қилаётган ёш тадбиркор Музаффар Маҳмудов мева-сабзавотларни сақлаш, қадоқлаш ва юклаш майдони, миллий ва европа таомлари ошхонаси ҳамда дам олиш мажмуасини барпо этиб, унда кўплаб ўзига ўхшаган ёшларга ишчи ўринлар яратди.

Туман ҳаётида янги давр нафаси уфуриб тургани турли соҳаларда иш юритиш ва бошқарув тизимига кўплаб ёшлар кириб келиши, меҳнат жараёнини замонавий менежмент талабларига мувофиқ ташкил этилишида ўз ифодасини топмоқда. Бу тўғрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмунини аҳоли ўртасида Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари иштирокида кенг муҳокама қилишга бағишланган тадбир давомида сўз юритилди. Тадбирда Тошлоқ тумани барча маҳалла фуқаролар йиғини раислари, туман прокурори Баҳромжон Исмоилов, маҳалла маслаҳатчилари, участка нозирлари, ҳотин-қизлар кенгаши вакиллари ва бошқа фаоллар иштирок этди.

ЎзМУ доценти Эркин Рўзиматов сўз олиб, Мурожаатноманинг устувор йўналишлари мазмунини очиб берди, унинг туман ҳаётига даҳлдор бўлган жиҳатларини атрофлича таҳлил қилди.

– Юртбошимизнинг парламентга Мурожаатномаси 4,5 соатдан ортиқ вақт давомида миллий телевидение орқали намойиш этилди. Маъруза миллатимиз тараққиётида янги тарихий босқич бошланганини яна бир бор тасдиқлади ва барча жабҳаларда эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, янги режаларни амалга оширишнинг аниқ ҳаракат хариталарини кўрсатиб берди,– дейди Қорота маҳалла фуқаролар йиғини раиси Турсуной Султонова.– Маҳалламизда барча маиший-коммунал муаммолар ўз ечимини изчил топмоқда. Ногиронлиги мавжуд инсонлар, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳимояси масалалари ҳал этиляпти. Тиббиёт ва ички ишлар ҳодимларига маҳалла ҳудудидан уй-жой ажратилиши, ўз вақтида фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва жиноятчиликни олдини олишга яхши замин яратди. Туманимизнинг барча ҳудудларидаги бўш ерлардан унумли фойдаланиш учун уларнинг майдонини қайта сарҳисоб қилинди. Хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишга кенг имкон яратилмоқда.

Ўтган йили туманда 50 та хусусий боғча очилди. Бу қанча болаларимизни тарбия ва таълим жараёнига жалб этилишини, янги иш ўринлари яратилишини таъминлади.

Тадбир давомида сўзга чиққан Сўғбоши маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурмуҳаммад Мелибоев, Қўрғонча маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Йўлдошев, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Юлдузхон Мелибоева, Заркент маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мукамбар Соипова ва бошқалар Юртбошимизнинг парламентга Мурожаатномасида таълим, маънавий- маърифий ишлар, бошқарув тизими соҳаларидаги амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз муносабатларини билдирдилар ва ўзлари бошқараётган маҳалла фуқаролари номидан республикамиз ижтимоий ҳаёти учун аҳамиятли бўлган қатор таклифларни баён этдилар. Жумладан, “Маҳалла фаолияти” йўналишида олий тоифали мутахассислар тайёрлаш, барча даражадаги таълим муассасалари ўқув жараёнига “Оила силсиласи” фанини киритиш, нонвой ва якка тартибда ўз автомобилида ҳайдовчилик қилаётганларга тушунарли механизмда солиқ тўлаб, қонуний фаолият олиб боришлари учун қулай тартиб ва ҳужжат юритишни йўлга қўйиш, туман маҳаллалари гузарларида кутубхоналар ташкил этиш учун хоналар ажратиш, йигитларни ҳарбий хизматга чақириш тўловини мўътадил миқдорда белгилаш каби таклифларни билдирдилар.

Учрашув давомида туман маҳалла фаоллари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, оила тотувлиги, миллий маданият ва урф-одатларни сақлаб қолиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 Ёқутхон Маматова,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти, филология фанлари доктори

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *