«Қоятошим»
Ҳар бир китобхон ўзи ўқиган янги китоби қалбига яқин бўлса, унда ўз қалбини
кўра олса, ўша китобга меҳри ҳам бўлакча бўлади. Аёл қалбининг оғриқларини, изтиробларини, қувончларини, жасоратини, сабру бардошини ўктам сатрларда ифода этган оташнафас шоира Фароғат Худойқулованинг «Қоятошим» шеърлар тўплами ҳам шундай меҳрингизга сазовор бўла оладиган китоблардан бири бўлди. Шоиранинг 16 ёшдан бошлаб, то бугунгача бўлган даврда ёзилган шеърлари ҳар биримизнинг қалбимизни ларзага солади. Шоиранинг «Қасд», «Ишқ қасрини ёқинглар», «Сўзга жон бахшида эт», «Навқирон ёшимда», «Арслон юракли аёл», «Қоятошим», «Оқ хатлар»,»Дунё оналари» шеърлари ўзининг ижтимоий ва бадиий жиҳатидан баландлиги билан ўз мухлислари қалбидан жой олиб улгурган. Биз барча китобхонларга «Қоятошим» китоби қалбингиз жавонларидан жой олмоғига ишонамиз ва муаллифдан бунданда гўзал асарлар кутиб қоламиз.
ҚОЯТОШИМ
Совуқ шамолларни тўсиб тургувчим,
Бўроннинг тилини кесиб тургувчим.
Елкасини қора қорлар босса ҳам,
Чўғнинг устида тик ўсиб тургувчим.
Ёмғир ювиб турган, энг нодир тошим,
Қумларга қўшилиб соврилган ёшим.
Йиллар болта урган чок кўксингизга —
Бош қўйсам, синарми, сабру бардошим?
Баҳор кетганда ҳам гул қоплаган, тош,
Юлдузли осмону, ой ўпмаган, тош.
Мен қайларга кетдим, бахтимни излаб,
Йўлимга термулиб кўз қоқмаган, тош.
Койийсиз:— сўз аяб болаларингдан,
Жигарингдан ўнган лолаларингдан.
Шеър дардида ёниб-куйганинг қурсин,
Дарёлар тошмаса нолаларингдан.
Совуқ шамолларни тўсиб тургин деб,
Бўроннинг тилини кесиб тургин деб.
Шаҳдингиздан улгу улашсангиз ҳам,
Музнинг устида тик, ўсиб тургин деб.
Оқибатсиз дўстлар томон бўлдим мен,
Алданиб, ранг-рўйи сомон бўлдим мен.
Энг яхши болам шу дедингиз элга,
Ҳамма болангиздан ёмон бўлдим мен.
Кўзни йўлингизмас, тоғларга тикдим,
Пойингизга эмас, ўйларга чўкдим,
Кечиринг, дейишга тилим бормасдан,
Кўнглимни бир парча қоғозга тўкдим.
Куйсаму ўзгалар дардин олмасам,
Севсаму дилларга титроқ солмасам.
Сиздай боғ бўлишга етмаса қурбим,
Сизга ўхшамасам, ўхшай олмасам,
Сиз мени кечирманг,
Онажонгинам,
Сиз мени кечирманг,
Онажонгинам.
2010
ДУНЁ ОНАЛАРИ
Она қалби оёққа турса,
Ўғлим сира бўлмайди уруш.
Зулфия
Қайдадир, дунёнинг бир чеккасидан
Келмоқда “нон” деган ҳасратли нола.
Қўлида қуролу гўдак чоғидан
Ором нелигини билмаган бола.
Бир ёнда жаҳолат, бир ёнда террор,
Уруш тортиб борар юлқиб комига.
Кимнингдир бошини юлиб кетар ўқ,
Кимнингдир снаряд тушар томига.
Қайдадир, дунёнинг бир чеккасини
Сув босиб, тоғ қулаб, яксон бўлмоқда.
Қайдадир чаманлар саҳро бўлиб боз,
Қайдадир вабо, сил кучга тўлмоқда.
Ҳар қандай офатдан асрасин Худо!
Мудраб қолма ногоҳ, кўнглинг тўқ Аёл.
Болангни балодан асролмай туриб,
Аёлман дейишга ҳаққинг йўқ, Аёл!
Жажжи гўдагингнинг ширин туш кўриб,
Ором олмоғини кўрмоқ ўзи бахт.
Эрталаб сайраган озод қуш билан
Намозда ёнма-ён турмоқ ўзи бахт.
Жаҳолат оловин ёққанлар асли
Одам эмас, улар – қузғун боласи.
Ўзингга ўзингни қайраб қўймасин
Пистирмада турган ёвнинг оласи.
Керакмас қурбонлик, бўлди, бас, етар,
Элларга Оролнинг дарди етмасми?
Йигирма ёшида чимилдиқ кўрмай
Кетган йигитларнинг қони тутмасми?
Кўкка ўрлаб турсин буғдой хирмонинг,
Ёвқараш қилмасин ўзга миллатлар.
Буюк масканингга интернетлардан
Кириб келолмасин офат, иллатлар.
Шундай экан, Аёл, инсон деган бор –
Маърифат эшиги томонга юрсин.
Бугунмас, эртамас, шу лаҳзаданоқ
Дунё оналари оёққа турсин!..
2010
АРСЛОН ЮРАКЛИ АЁЛ…
Ўзбекистон халқ шоири
Ҳалима Худойбердиева хотирасига
Туркий сўзлар боғидан безовта эсган шамол,
Атиргул ифорингиз димоққа олиб келган.
Юлдуз тўла осмоним, ҳайқириб оққан дарём,
Ҳар сатрингиз дилларга нидолар солиб келган.
Бўронга бўй бермаган жонона дарахт сизсиз,
Дарахт-ки, бир миллатнинг шаъни, ори, ғурури.
Сўнг манзилга кузатиб, юраклар карахт сизсиз,
Сиз билан тотли эди давраларнинг сурури.
Чуғур-чуғур қилишиб, чарх урсак пойингизда,
Сийлагансиз, пок тилак, тонгги дуолар билан.
Солланиб, йўл олдингиз олисларга лутф ила,
Юракда гумбурлаган яшин, садолар билан.
“Буюк қушлар” ёнида ёруғликка учганим,
Нодираи Давронга қўлин тутганим, хайир.
“Илк мухаббат“, “Садоқат”, “Ҳурлик ўти” қучганим,
“Оқ олмалар” пишганда ойга етганим, хайир.
Шу эл учун фидолик унвонини таққансиз,
Кўксимдан оққан мотам, кўзларимга сиғмайди.
Арслон юракли аёл, қуёшдек юксалди деб,
Озод Ўзбекистоннинг ботирлари йиғлайди.
Энди Сизни соғинсам, султонгинам, гулгинам,
Моҳларойимнинг сокин кулбасидан йўқлайман…
2018
ОҚ ХАТЛАР
1
Кетдим,
Билмасам-да борар еримни,
Мен севиб юракни олдирдим.
Кўнглимни қолдириб уйнинг ичида,
Калитни қўшнига қолдирдим.
Тишни тишга босинг, борманг ортимдан,
Андуҳга тўлса ҳам кўнгил халтангиз.
Майли, муҳаббатим рангида бўлсин
Унутган кунингиз кийган пальтонгиз.
Майли, шеърларимни сочинг шамолга,
Боғларга улашинг кўйлакларимни.
Туфлиларим артсин бир гард қолдирмай
Соғинчлар тўкилган йўлакларимни.
Фақат сиз мен учун тўкилманг, йўқ-йўқ,
Жавобсиз севгимга ўзимман қурбон.
Ҳар тонг бағрингизга босиб қўйинг жим,
Менсиз ичикмасин яшил соябон.
Ҳар тонг дон улашинг кабутарларга,
Қуёшнинг қўлларин ўпсин деразам.
Атиргул сувига ухланг чўмилиб,
Бўғмасин ўн беш йил олдинги қасам.
Оқ тунлар ошиқсин ҳузурингизга,
Ҳижрон деган уюр оқ отлар борсин.
Бахтимнинг олтинранг аравасида
Гул боғич боғланган оқ хатлар борсин.
Энди осмонимга қайта кўз тикманг,
Кетдим
кўнглингиздан ёмғирдай оқиб.
Сувратимни солманг чўнтагингизга,
Ойнинг ўчоғида юборинг ёқиб…
Кетдим…
2
Ташлолмангиз суратим йиртиб,
Ўртанинг кўп унутайин деб.
Билолманг ҳеч бу хаёлингиз
Ҳаётимга бермоғини зеб.
Адашмайман, тонги йўқ тундай
Нигоҳимда сўниб журъатим,
Таъқиб этсин бир умр шундай
Кўксингизда қолган суратим.
3
Учрашолмас куз билан баҳор,
Учрашолмас икки дил танҳо.
Бир муҳаббат ибтидосидан
Бир муҳаббат топса интиҳо.
Тош отилар ишқ эли томон,
Гул отганда пардек қўлларим.
Унутолмай севинг сиз ёмон,
Айри тушиб турса йўлларим.
Ўртамас деб ўзга ёр васли,
Дил дафтарим сўзга тўлдиринг.
Келиш вақти ўтганди асли,
Кетиш вақти етмай ўлдиринг.
4
Сочларнинг бўйини шамоллар кўрди,
Кўнгилнинг тубини хаёллар кўрди,
Умрнинг шавқини заволлар кўрди,
Нега биз кўрмадик, нега, азизим?
Боғларда қишни ёз овутиб ўтди,
Тоғларда ойни сой совутиб ўтди,
Юракдан севгимиз тобути ўтди,
Нега биз сезмадик, нега, азизим?..
5
Ишқингиз тош солди тўртта ёнимга,
Лек, қизил гулларни кутгандим ҳаргиз.
Менинг доғ юрагим исён рангида,
Сиз севган юраклар – Нилуфар, Наргиз.
Кўксимда минг йиллик шаҳд ўсаётир,
Интиҳо билмагай қайғузорингиз.
Бу қандай бахтсизлик, шунда ҳам менга
Бахтимдай туюлса сизнинг борингиз.
Армонлар сизга ҳам танишми, ёки
Ўзгалар умрида хавотирмисиз?..
Хиёнатдами ё муҳаббатда ҳам
Шундайин ботиру баҳодирмисиз?..
Кечмоқ-чун сиз осон йўллар топгайсиз,
Менинг-чи, юрагим қонга тўларкан.
Умримни осмонга, қушларга бериб,
Майсалар, тошларни севсам бўларкан!..
Ахир, доғ юрагим исён рангида…
Yoz Farog’at bilayn, [25.02.20 11:01]
6
Пайт келарми, пойинг кўзга сургали,
Кўшкингда ой бирлан хаёл сургали,
Пайт келарми, садоқатдан тож кийиб,
Ҳуснинг давлатида даврон сургали…?
2012
ҲАҚИҚАТГА ҚЎЙИЛГАН ҚАФАС…
Ўзбекнинг оташин шоири
РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК хотирасига
Ишонч бузолмасми эски дорларни,
Суянмоқ истасак виждонимизга?
Қуёш тарк этмасми машъум ғорларни,
Тўзимлар тиласак мўрт жонимизга!..
Мудраган мудраса бўлиб муттаҳам,
Юртнинг ботирлари отилиб кетса.
Бўғзимизда қолса олов ҳам, дуд ҳам,
Тириклар хоинга сотилиб кетса.
Кўзимиз ўйилса кўрганимиздан,
Эшитиб том битса қулоқларимиз.
Тоғлар тўқайларнинг пойини ўпса,
Оғуга кон бўлса булоқларимиз…
Оҳ, бунча азобли бедор яшамоқ!
Мудрамоқ аслида ундан ҳам азоб!
Чиқарми қисматнинг саҳифаси оқ,
Қадим манбалардан ахтарсам жавоб?
Қайси маъволарда чашмалар оқмай,
Кўксимдан кўзимга тошиб чиқар қон.
Ўғлинг сендан олис кетдими, боқмай?..
Дардинг ололмасдан, она Туркистон?..
2
Ортиқ чидаб туролмас ёмғир,
Таъқиб қилар шоирни булут.
Борлиқ ичра бир севги сағир –
Ўтган кундай бўларкан унут.
Ой шохида тушкун япроқлар
Алла айтар шоирга сўнг бор.
Тонгни қучиб сўнган титроқлар
Ва мангуга кузатган дилдор…
Баридан, тун, сен бўлдинг огоҳ,
Чидаб бердинг олмасдан нафас.
Шоирни маҳв этди-ку ногоҳ
Ҳақиқатга қўйилган қафас…
3
Сен томондан эсар майин ел –
Туйғуларнинг баланд парвози.
Эй сен, мудроқ, юрагимни тил,
Яшил сукунатнинг овози.
Руҳим – саҳро, чайқаламан гоҳ,
Пўртана – сўз ва кескир овоз.
Кўролмасман кўзларингни, оҳ,
Майин елни илғайман, холос.
Боғлар – шаддод ёмғир остида
Чўмилишар кўйлагин ечиб.
Бораяпман севмоқ қасдида
Сен томонга умримдан кечиб…
4
Оҳудайин ҳуркак юрагим билан
Қанча нигоҳларни сараладим мен.
Қайсики дўстимга суянч бўлай деб,
Қайсики ғанимни яраладим мен.
Кескир қилич каби қанотим дами,
Кўкка юксалтирар умид тулпори.
Тонгларим тонгларга уланиб ҳали,
Пойимда ястанар чўққининг қори.
Ою юлдузларга аён қисматим,
Тўлғониб дард чеккан дарёга аён.
Ҳеч нега арзимас қилган хизматим
Ва умрим саҳроси бесарҳад, шоён…
Исмимни мангуга олиб қайтаркан
Покланган мақбарлар кўркли шукуҳи,
Сўнг бор юрагимда зобитлар ўпган
Байроқдай ҳилпирар Туркистон руҳи..
2013
КУТАМАН
“Китоб—Тошкент” поезди жилар,
Ҳавода чайқалиб ингранар очун.
Кутишдан умид йўқ,
Кузатиш ўлим,
Ўзимни батамом унутганим чин.
Поезд тутқичига умрим шиддати
Осила-осила, узилган кезлар.
Юрагим ёшлари кипригимгамас,
Ўтли релисларга тизилган кезлар.
На-да севилмоққа,
На-да севмоққа,
Тўзғин хаёлларим бермаган имкон.
Қўлларимдан ушла, етакла замин,
Нафас олмоғимга ёрдам бер осмон.
Қор ёғса битарми,
Қон оққан ярам?..
Вокзал — кўзларимдай ҳуввилаб борар.
О, унинг кетиши, сўзсиз кетиши,
Ўқувсиз табибдек кўксимни ёрар.
Шунда ҳам кутаман,
Лекин у ҳақда,
Бирор кимса хабар, бир сўз айтмайди.
Тушимда поездлар қайтар ҳар саҳар,
Лекин у ҳеч қачон қайтмайди.
1994
ИШҚ ҚАСРИНИ ЁҚИНГЛАР
Отасининг кўзига,
Акасининг кўзига
Тик боқмаган қизларнинг
бахти йўқми, Энажон?
Номардга сир айтмаган,
Ваъдасидан қайтмаган,
Қизлар ўзи давлату
Тахти йўқми, Энажон?
Севилиб йўл топмаган,
Севиб тонги отмаган,
Оққуш бўлиб учгану
Ойнинг юзин ёпмаган.
Сўқмоқ йўлдан юрганлар,
Тушида туш кўрганлар,
Кўз ёшига соч ювиб
Дардин қўшиб ўрганлар.
Қошу киприкларига,
Тегиб юлдузлар куйган.
Тилаклари пок қизлар,
Бағри тошларни суйган.
Қиз ҳолидан кулганлар,
Лола баргин юлганлар.
Чин ёридан воз кечиб
Ўлмай туриб ўлганлар.
Отасининг кўзига,
Акасининг кўзига
Тик боқмаган қизларнинг
Кўзларига боқинглар…
Кўзларига боққанлар,
Ҳасратида оққанлар,
Қиз кўксидан ўт олиб
Ишқ қасрини ёқинглар,
Дунёларни ёқинглар!…
1994
Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар