Устознинг ҳаётбахш қомуси
Журналист ўзи ким? У қандай бўлиши керак?
Шу жўнгина саволларга ўтган асрнинг саксон биринчи йили Журналистика факультетида устозимиз – филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаевдан жўяли жавоб эшитгандик.
– Журналистлар уч тоифага бўлинади: ижодкор, ташкилотчи ёки тадқиқотчи бўлиши мумкин,– деб тушунтирганди у талабаларга.– Ижодкор журналист қайси лавозимда ишламасин қўлидан қалами тушмайди. Соҳамиз учун ташкилотчилик ишларини дўндирадиган журналистлар ҳам керак!..
Устознинг ўзлари учинчи тоифага мансуб бўлиб “Очеркнавислик мактаби”ни яратган. Яна бир устозимиз – филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов “Публицистика мактаби”ни яратиш билан бирга ҳажвчи, масал жанрининг “қироли” сифатида ҳам донг таратган.
Йиллар мобайнида иккинчи тоифага мансуб бўлган Зиёд Есенбоев, Исмоил Сулаймонов, Расул Раҳмонов, Собир Қурбонов, Мақсуд Қориев, Тўлқин Қозоқбоев каби устозларнинг ташкилотчилик, бош муҳаррирлик маҳоратидан андоза олганлар ҳам кам эмас.
Биринчи тоифага мансуб журналистларнинг кўпчилиги турли нашрларда бош муҳаррир ва бошқа масъул лавозимларда фаолият кўрсатсада қаламини қўлдан қўймай ёшларга намуна кўрсатганлар. Айнан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (турли даврда ЎОДУ, ТошДУ) Журналистика факультетини тамомлаб, таҳририятларда жавлон уриб ижод қилган ва шу мўътабар даргоҳнинг фахрига айланган Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Эркин Аъзам, Азим Суюн, Усмон Азим, Хуршид Дўстмуҳаммад, Хайриддин Султонов, Маматқул Ҳазратқулов, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова, Саъдулла Ҳаким, Сирожиддин Саййид (бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин) каби устозлардан барча талабаларимиз ибрат олсалар арзийди.
Ўша уч тоифага ҳам бирдек мансуб бўлган устозлардан бири – Шавкат Миралимовдир.
Айни пайтда Матбуот назарияси ва амалиёти кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси бўлган устознинг “Умр дафтари”га разм солсангиз, ибратли ҳаёт йўлига ошно бўласиз.
Шавкат Аббосович 1942 йил Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. ЎзМУ (ўша пайтда Тошкент давлат университети) Журналистика факультети ва Москва шаҳридаги Ижтимоий фанлар академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1958 йилда Тошкент тепловоз-вагон ремонти заводида слесарликдан бошлаган. Сўнг қатор йиллар “Сирдарё ҳақиқати”, “Ёшлар овози” (ўша даврда “Ёш ленинчи”) газеталари, “Кино” журнали таҳририятларида, Тошкент вилоят ёшлар қўмитаси, республика Марказий қўмитасида, Тошкет вилоят партия қўмитасида турли лавозимларда фаолият кўрсатган. 1984 йилда Ташкент вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи вазифасига тайинлангач, 20 йил шу масъулиятли лавозимда самарали меҳнат қилди. Ўша суронли йилларда Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот давлат қўмитаси Ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви аъзоси, Ўзбекистон-Болгария Дўстлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари, раис вазифасини бажарувчи, Китобсеварлар жамияти вилоят бўлими, Халқ бирлиги ҳаракати вилоят бўлими бошқаруви раиси, Футбол федерацияси вилоят бўлими раҳбари, Омбудсман эксперти сифатида фаоллик кўрсатиб, ўзининг кўпқиррали истеъдодини намойиш қилган устоз 2004 йилдан буён бўлажак журналистларга таълим-тарбия бермоқда.
Шавкат Аббосовичнинг ташкилотчилик маҳорати Ташкент вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб юрган кезлари яққол намоён бўлган. У пайтлар компьютерни тасаввур қила олмасдик. Юртимиз мустақилликка эришиб, тараққиёт сари илдамлай бошлаган кезларда бу технологияни кўриб ҳайратга тушган эдик. Унгача шаҳар ва туман босмахоналари эски матоҳлар билан ишларди. Газетани босишга тайёрлаш учун қилинадиган ишлар ҳақида ўйласак энди юрак увишиб кетади. Мақолалар матнини териш учун “Линотип” деган машинада аввал қўрғошин эритиларди. Сувдек суюлиб қолган қўрғошин кичкина ҳарфларнинг қолипчаларига қуюлиб, матрица ясаларди. Газетанинг бир қатор ёзуви – битта матрица эди. Энг чатоғи – шу бир қаторда бирорта имловий хато ўтиб кетса ҳамма иш бошқатдан қиланарди, яъни, янги матрица тайёрланарди. Кейинги жараёнлардаги машаққатлар ундан кам эмасди. Энг мушкул жиҳати, бу соҳада кадрлар етишмаслиги эди. Эскикириб кетган жиҳозларни янгироғига алмаштиришга маблағ етишмасди.
Эски замонга айланган ўша даврда кўрган машаққатларимизни санайверсанг, эсинг оғиб қолиши ҳеч гапмас. Тошкент вилоятидаги 10 та босмахона ишини талаб даражасида йўлга қўйишнинг ўзи бўлмас эди. Буни бошидан ўтказганларгина яхши биладилар.
Бошқармамиз бошлиғи Шавкат Аббосовичнинг идораси пойтахт шаҳрида бўлса-да ўзини доим туманларда кўриш мумкин эди. Ойда бир марта ўтказиладиган Ҳайъат йиғилишлари ҳар гал бирор туман ё Чирчиқ, Ангрен, Бекобод каби шаҳар босмахоналарида бўларди. Бундан мақсад, қолган босмахоналарнинг директорлари, вилоятнинг туман, шаҳар газеталари муҳаррирлари ва бошқа мутасаддилари ўша жойдаги ҳамкасбларининг ишлари, ютуғ-у камчиликлари билан бевосита танишиб, муҳокама қилишарди.
Босмахона ходимларига яратилган шарт-шароитлар бошқарма бошлиғининг доимий эътиборида бўларди. Бир йиғилишда босмахона директорига айтган сўзларидан этимиз жимирлаб кетган:
– Мана шу зах хонада ишлаётган аёлнинг ўрнида сизнинг онангиз ёки рафиқангиз бўлганида қандоқ чидардингиз?– Қатъий оҳангда саволга тутди Шавкат Аббосович.– Ишчиларнинг оёқлари тагига пол қилиб беришнинг имкони йўқми?
Шундан сўнг бирорта босмахона ишчиларининг оёқларидан зах ўтмайдиган бўлди!
Босмахона қоғозсиз ишлай олмайди. Тонна-тонна қоғоз айланган жойда пул “ўйнайди”. Пул айланган жойда баъзиларнинг иштаҳаси очилиб кетади. Турли усулда талон-тарожлар, пул ўзлаштириш учун имкониятлар пайдо бўлади. Бугунги ҳуқуқий атама билан айтганда – коррупция билан шуғулланаман, деган нафс бандалари учун шароит етарли бўларди.
Шундай кезларда камина ҳам “тўр”га илиниб қолишимга бир баҳя қолгани сира ёдимдан чиқмайди… 1987 йили Қибрай туман газетасида ишлаб юрган кезларим Шавкат Аббосович шаҳар ва туман газеталари чоп этилишида “техник ижроси”, яъни, бадиий безатилишини кузатиб, мониторинг қилиб боришим учун бошқармага ярим ставкага ишга қабул қилди. Шу тариқа бошқарма бошлиғининг ёнида савлат тўкиб босмахоналарга, шаҳар ва туман таҳририятларига борадиган бўлдим. Бошлиқнинг ёнида “ишончли одами”дек кўринган ходими босмахона директорлари эътиборини тортди, шекилли, баъзилари мен орқали таниш-билишчилик қилишга киришди. Кеча ўқишни тамомлаб келган бўлса-да қишлоқликларга хос соддалиги кўриниб турган ёш ходимга дангал таклифини айтишди: “Устозингиз лимитдан ортиқ қоғоз берса, ҳар тоннасига минг сўмдан “шапка”сини берамиз”.
Умримда биринчи марта бунақа гапни эшитиб, вужудим титраб кетди. Мен қўрқиб эшитаётган гапни айрим босмахона директорлари қўрқмасдан, бемалол айтишаётганди. Худдики, бунақа гаплар “бўлиши керак”дек, сен қилмасанг, бошқалар эплайди, дегандек қарашарди.
Хуллас, тўртта босмахона директорининг “таклифи”ни бошлиққа амаллаб етказдим…
– Жуда яхши таклиф,– деди Шавкат Аббосович.– Сиз уларга нима дедингиз?
– Айтиб кўраман, дедим…
– Унда уларга айтинг, бошлиғимиз ўйлаб кўраркан, денг!
Бошлиқнинг жавобини эшитган ўша босмахона директорларининг юзлари ёришиб кетди.
Бироқ, менинг юрагим ғаш эди. Наҳот, шунақа жиноят кўчасига қадам қўяётган бўлсам…
Навбатдаги кўчма йиғилиш Чирчиқ шаҳар босмахонасида бўлди.
Вилоят бошқамасининг масъул ходими сифатида шаҳар ва туман газеталарини шарҳлаш учун сўзга чиққаним ҳамоно Шавкат Аббосович ғалати гаплар билан сўзимни бўлди:
– Сиз мўътабар газета, журналистика ҳақида гапиришга ҳаққим бор, деб ҳисоблайсизми?
– Тушунмадим,– дедим тилим ғўлдираб.– Ахир, журналистика факультетини тамомлаганман!
– Журналистика факультетида сизга бунақа тарбия беришмаган-ку?!– Бошлиғимизнинг авзойи ўзгариб залда ўтирганларга юзланди.– Ёш кадр, фикри теран, деган умидда бошқармага ўриндошликка ишга қабул қилганимизга икки ой ўтмасдан ўзгариб қолганини қаранг. Менга босмахоналарга лимитдан ортиқ қоғоз берсангиз “шапка”си бундоқ бўлар экан, дейдими-ей…
Бошимдан яшин ургандек бўлди…
Қулоқларим шанғиллаб, кўзим тиниб кетди…
Бошлиғимизнинг сўнгги гапини англай олмай қолдим, унга залда ўтирганлар кулиб юборишганига қараганда мен ҳақимда рисоласини келтириб гапирган. Қизиғи, олдинги сафда ўтирган айнан ўша “шапка” ҳақида гапирган босмахона директорлари ҳаммадан кўпроқ қийқириб кулишар, қўл силкиганча “бунақа афирисларга орамизда ўрин йўқ! Ҳайдаш керак уни!” дея тўнғиллашарди…
Ганграй-ганграй эшик томон отилиб, ташқарига чиқдим. Катта йўлда шитоб билан келаётган автобус тагига тушиб кетишимга бир баҳя қолди…
Амаллаб Қибрайдаги бир хонали уйимга етиб келдим. Оилам бекаси авзоимни кўриб қўрқиб кетди.
– Нима гап,– деб сўради у ётиғи билан.– Мажлисда бирор ёмон гап бўлдими?
– Қўявер,– дедим чайналиб. Рафиқамга нима деб тушунтиришга сўз тополмасдим.
– Ахир, устозингиз бормиди? Шавкат ака сизни хафа қилдириб қўймасди-ку…
– У киши келмади,– дейишдан нарига ўта олмадим ва кўрпачага гуп этиб ўзимни ташладим.
Энди нима бўлади? Кўч-кўронимни кўтариб қишлоғимга жўнашдан бошқа йўл қолдими? Қибрай туман газетасига ишга жойлаштирган, ёш кадр деб бир хонали бўлса-да уй олиб берган устозимнинг юзига оёқ қўйгандан баттар қилмадимми?!
Мудҳиш хаёллар гирдобида қанча ётганимни билмайман.
Бир маҳал эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглади.
Рафиқам югуриб бориб очаркан, остонада Шавкат Аббосовичнинг жарангдор товушини эшитиб, сесканиб кетдим.
– Укангизни кимдир хафа қилибди,– деди рафиқам.– Ичкарида юрагини чангаллаб ётибди…
– Ким хафа қилибди?– Сўради Шавкат ака.
– Билмадим,– деди рафиқам.– Шавкат акангизга айтмадингизми, десам, устозим йиғилишга келмади, дегандек бўлди…
– Қани, гаплашиб кўрайликчи, менинг укамни ким хафа қилибди?
Бошимни кўтариб, не кўз билан кўрайки, устозим бир пакет кабоб, нон ва бошқа егуликлар, ортида ҳайдовчиси битта телевизор кўтариб турибди.
– Мен сиз билан бирга тушлик қилмоқчиман,– деди устозим.– Улар билан бир дастурхон бошида ўтиришни ҳам истамадим…
Бу илтифотга жавобан зўрға шундай дедим:
– Кечиринг, одобсизлик қилдим…
Устоз шунда “карта”ни очди:
– Сизни жиноят ботқоғига ботирмоқчи бўлганлар биринчи бўлиб ҳайқирганларини, буни жазосиз қолдирмаслик керак, деганларини эшитдингизми? Улар жиноятига шерик бўлганларни ана шундай ҳолга тушуриб қўйишини кўриб қўйинг, деб атай шундоқ йўл тутдим. Сизга ўша куниёқ, бунақа қалтис йўлга кирманг, жиноят ботқоғига ботманг, деганимда, гапим қанчалик таъсир қилишини билмайман. Бироқ, энди сиз ҳеч қачон бунақаларга қўшилмаслигингизга ишонаман… Ўзингиз билмаган ҳолда катта иш қилдингиз…
– Қанақа иш?– Ҳайрон бўлиб юзландим устозга.
– Босмахона директорлари орасида шунақа нопок ишлар билан шуғулланаётганларини аниқлаб бердингиз,– деди устозим ўйчан бир ҳолатда.– Уларга қанақа чора кўришни ўзим биламан.
Кўп ўтмай ўша директорлар вазифасидан четлатилганини кўриб устозимнинг ҳақиқат учун қанчалик жонфидо эканини англаганман.
Беш йил университетда ўқиганим бир ёқ, устозимнинг бу тарбияси бир ёқ бўлган мен учун. Ҳар кимки ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим, деган ҳикматга мос воқелик бўлган эди ўшанда.
Яна бир қизиқ воқеа. 2004 йилда Тошкент вилоят ҳокимлигида бир ёшроқ ходим зимдан Шавкат Миралимовга чоҳ қазаётганини сезиб қолдим. Биздан анча ёшроқ ходим гўё мен билан сирлашган бўлиб, “босмахона директорлари бошқарма бошлиғига қоплаб пул бераркан” деса бўладими?!
У билан қанча баҳслашмайлик, худди “тепасида кўриб тургандек” жаврарди.
Кейин… Шавкат Миралимов пенсия ёшидан ўтгач, ЎзМУга доцент лавозимига келди.
Бошқарма бошлиғи лавозимини вилоят ҳокимлигидаги ўша ходим эгаллади. “Тўра” лақабли бу ходим бирор ишни қойил қилолмабди. Кўп ўтмай ишдан ҳайдалибди. Сўнг, бир газетага бош муҳаррир бўлиб ўтган. Хонасида маст ҳолда хўб ҳунарлар кўрсатгани, ўзига ўхшаган учарларга таҳририят гувоҳномасини пуллагани оқибатида бу вазифадан ҳам ҳайдалганини эшитдик. Ўзгаларга қазиган чоҳига ўзи йиқилиш қанақа бўлишини “Тўра” мисолида кўрдик.
Устознинг фаолиятини, эзгу ишларини кўрмасдан иғво қилганлар қай тариқа жазосини олганини кўриб, хулоса чиқардик…
***
Ҳаётда шундай воқеалар юз берадики, ўша пайтда кимнинг ким эканлиги яққол намоён бўлади. 1989 йил бошида республикамиз боши узра қора булутлар пайдо бўлиб, Наврўз байрами таъқиқланди. Нима эмиш, бу – диний байрамлигини аниқлаганмиш… Ўша пайтда атоқли шоирлардан бири республика газеталаридан бирида “Наврўз ўрнига март ойи охирида Навбаҳор байрами ўтказиш маъқул” деган мазмунда мақола ёритганида ҳамманинг энсаси қотган.
У пайтда бирор лавозимдаги киши юқорироқ ташкилотдагиларга қарши гапирса, партиядан ўчириб, вазифасидан четлатар, бошига эса не-не кўргуликларни солишдан тоймасдилар.
Худди шундай хатарли дамларда Шавкат Миралимов қанчалик миллатпарварлигини кўрсатди. Халқимизнинг азалий қадриятларидан бирига айланиб кетган Наврўз байрамининг ҳеч қанақа динга алоқаси йўқлигини исботлаб марказга хатлар юборган. Москвадан келган мутасаддилар билан гаплашиб, Наврўз ҳақидаги бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтгани ҳақида кейинчалик Анишчев ўз хотираларида ёзган.
1989 йил 24 июнь куни республикамиз раҳбари бўлган Ислом Каримов ташаббуси билан 1990 йилдаёқ Наврўз байрами тикланиб, юртимизда кенг нишондланадиган бўлди.
Шавкат Миралимовнинг “Наврўз”, “Наврўз тарихи” деб номланган бир нечта рисолалари ўқувчиларнинг маънавий мулкига айланди.
Матбуот, ноширчилик билан ҳамиша ҳамнафас устозимиз Шавкат Миралимов ўша кезларда яна бир хайрли ишга қўл уриб, вилоятда “Наврўз” нашриётини ташкил этди. Унга устоз адибимиз Оқилжон Ҳусанов директор, камина бош муҳаррир этиб тайинландик.
Шу нашриётда қатор йиллар давомида Тошкент вилоятида яшаб ижод қилишаётган қанча ёш қаламкашларнинг тўплам-у китобларини чоп этдик.
***
Юртимиз мустақилликка эришгач, кўпқаватли уйларда маҳалла тизимини яратиш ҳаракати бошланди. Шунда Шавкат Миралимов биринчилардан бўлиб Яккасарой туманида қатор кўпқаватли уйларни бирлаштириб, “Истиқлол” маҳалласига асос солди ва унга оқсоқоллик қила бошлади.
1994 йилда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамғармасини ташкил этишда фаол қатнашиб, Тошкент шаҳрида жамғарма тизимини яратди ва унга биринчи раҳбар этиб сайланди. У айни пайтда республика “Маҳалла” ҳайрия жамғармаси бошқаруви ўринбосари ҳисобланиб, кўп вазифаларни шараф билан адо этарди.
Устознинг маҳалла тизимида кўрсатган фаоллиги ҳақида Ҳусан Иброҳимовнинг “Ўзбек мўъжизаси”деб номланган эсселар тўпламида атрофлича ёритилган.
Ўша кезлар жамғармамизда масъул лавозимда ишлаган таниқли адиб Оқилжон Ҳусанов устоз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Осмон тўла юлдузлар” деб номланган ҳужжатли қиссасини яратган.
Ташкилотчи журналист матбуотдан ҳеч қачон йироқлашмайди. Шавкат Миралимов Тошкент шаҳар “Маҳалла” хайрия жамғармасининг “Маҳалла” газетасини ташкил этиб, унга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовни жамоатчилик асосида бош муҳаррирликка таклиф қилди. Каминани унга ўринбосар этиб тайинлади. Шу тариқа севимли адибимиз билан анча вақт бирга фаолият кўрсатганимни фахр билан эслаб юраман.
– Тошкентдан кўплаб алломалар, адиблар, улуғ инсонлар етишиб чиққанини яхши биламиз. Дўстимиз Шавкат Миралимов ана шу улуғ инсонлар ишини давом эттираётган фидойилардан биридир,– деган эди устоз адиб Ўткир Ҳошимов.– Унинг “Маҳалла меҳри” китобида пойтахтимиз маҳаллари, ўтмиши ва бугуни ёрқин акс этган.
Аслида шундай, бу мавзуда атоқли адибдан ўтказиб бирор сўз айтишимиз мушкул. Дилда борини айтадиган бўлсак, “Маҳалла меҳри” китобини Шавкат Миралимовнинг ўз элига, маҳалласига меҳрининг ифодаси, дегимиз келади.
***
Оиладан бошланар йигитнинг бахти, деганларидек, инсон аввало оиласида тинч-омон бўлсин. Ҳикоямиз қаҳрамони Шавкат Миралимов ҳам ҳавас қилса арзигулик бахтиёр хонадон соҳиби. Олти фарзанд, ўн нафар набираларини камолга етказаётган устозимиз умр йўлдоши Света она билан бахтли умр кечиришади. Гоҳо хонадонларига соғиниб борсам, устознинг оила бекасини Ойдинхон, дейишини эшитиб, дилим яйраб кетади.
Устозимиз ҳалол ва фидокорона меҳнатлари, жамоат ишларидаги фаоллиги учун “Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги”, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги”, “Матбуот аълочиси”, “Маҳалла жонкуяри” каби қатор эсдалик нишонлари ва ўнлаб Фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган.
Мақолага Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан ёритилган хушхабардан олинган бир жумла билан нуқта қўямиз:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 июлдаги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида жорий йил 2 май куни “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маълумки “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналар тақдирланадилар.
2018 йилда Тошкент шаҳридан 183 нафар ҳамшаҳарларимиз “Меҳнат фаҳрийси” кўкрак нишони билан мукофотландилар. Тошкент шаҳар ҳокимлигида ушбу тақдирланганларни 61 нафарига мукофот тантанали тарзда топширилди.
— Мамалакатимиз, пойтахтимиз ҳаётида қутлуғ иш, қутлуғ тадбир бўлиб ўтди. Бутун умрини ҳалол меҳнат қилиб, жамоат ишларида яхши хизмат кўрсатган, яхши кўрсатгичларга эришган бир гуруҳ меҳнат фаҳрийларига давлат раҳбари томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони” топширилди,– дейди “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, тарих фанлари номзоди, доцент Миралимов Шавкат Аббасович.– Бундай юксак мукофотни байрам арафасида бизга берилиши, камтарона меҳнатимизни юксак қадирланиши, доимий эътиборда бўлаётганлигимиз учун Президентимизга раҳмат айтамиз.
Улуғ адиб Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда, журналист ва олим, ташкилотчиликда маҳорат мактабини яратган устозимиз Шавкат Миралимовни жонли қомусга қиёс этгимиз келади. Бу ҳаёт қомусидан баҳраманд бўлаётган Журналистика факультети талабалари ҳам шу қадар бахтиёрдирлар.
Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Ulug’ ustozlarga yana bir ustoz bergan ta’riflari haqiqatdan ham ajoyib, inson o’z aybidan uyalishi, ustoz hamisha bizni to’g’ri yo’lga boshlovchi inson ekanligi, o’z aksini topgan ushbu maqolani o’qib, men ham o’yga toldim. Men ham ustozlarim izidan borib ularning ishonchini oqlayapmanmikan?…..
Bu maqolani o’qiganimda o’zimda benihoyat ulkan baxtni his qildim,shunday buyuk insonlar o’qigan fakultetda tahsil olayotganimdan juda xursandman,Ustoz haqida shunday ajoyib fikrlar bildirilgan bu inson bilan uchrashish orzusi uyg’ondi,Shavkat Abbosovich bilan uchrashuv tashkillashtirib bersangiz sizdan juda xursand bo’lardik,xurmatli Ustoz.
Жуда яхши таклиф. Ҳаракат қиламиз.
Ko‘rgan-kuzatganlaringiz dalillari asosida, donolik qudrati haqida o‘git beribsiz…