УСТОЗ ВА ШОГИРД ҲАНГОМАСИ (Ҳазил)
Устознинг панд-насиҳатин,
Олмас баъзи талаба.
Тескари иш қилганини,
Ўзича дер – ғалаба!
“Ошкоралик”, деб қўяди,
Юзгачопар бўлса ким.
Устози ҳақ гапни айтса,
Ўтиролмас асло жим.
Маҳмадана бир талаба,
Устозин мот қилмоқчи.
Ёшлигида қандоқ бўлган?
Энди шуни билмоқчи.
– Маъзур тутинг,– депти дангал,
Қилмасдан ҳеч юз-хотир.–
Икки оғиз гап сўрасам,
Деманг-да оғзиботир.
Талабалик йилларингиз,
Қилмаганмисиз хато?
Бирор дарсга кечикмасдан,
Келармидингиз ҳатто?
– Кечикканман,– депти устоз,
Ростин олиб бўйнига.
Арқонини узун ташлаб,
Талабасин ўйинига.–
Қаттиққўлроқ эди устоз,
Киритмасди дарсига.
Тарбиясин тўғри англаб,
Чидардик “чораси”га.
– Имтиҳонда қай йўл билан,
Олардингиз зўр баҳо?
Саволлари чигал бўлиб,
Билмай қолсангиз гоҳо?
Бироз нўноқ талабалар,
Бўлган, дейсиз, ахир мўл.
Таниш-билиш кетмасмиди,
Топмасмиди ҳеч ким йўл?
– Сен ўзингча ўйлайсанки,
“Нозик жойдан” тутдим, деб.
Шу йўл билан устозимни,
Энди гапдан ютдим, деб.
Имтиҳонда гар қийналсак,
“Шпаргалка” жонимиз.
Бўлган эди таниш-билиш,
Тил топишган онимиз.
– Қизлар билан қай тарзда,
Муомала бўларди?
– Юрагига йўл тополсак,
Шунда кўнгил тўларди.
– Деворларга расм чизиб,
Кетганмисиз бирор пайт?
– Икки исм бош ҳарфини,
Деворга ҳам қилдим қайд…
– Папирос ҳам чеккандирсиз?
Деманг, савол хўб ғалат…
– Гоҳо чекар эдик биз ҳам,
Қилиб кўзни шамғалат…
– Байрамларда қиттак-қитак…
– Отганимиз рост, иним…
Энди эса ичганларни,
Кўрсам қўзир хўб жиним.
– Муштлашиб ҳам қолгандирсиз,
Безорини кўрганда.
– Кўзимдан ўт чақнаганди,
Бир барзанги урганда…
– Автобусга пул тўламай,
Қочгандирсиз эҳтимол?
– Битта ҳужжат кўрсатгандим,
Назоратчи бўлган лол.
У тушунган одам экан,
Мени мулзам қилмади.
Сариқ чақам йўқлиги-чун,
Устимдан ҳам кулмади…
– Бўлганмисиз дангасароқ?
– Шундоқ бўлиб қоларди.
Ўлда-жўлда баъзи ишлар,
Дилга ғашлик соларди.
* * *
Бу гаплардан талабаси,
Ғолиб санар ўзини.
Устоз эса салмоқ билан,
Шунда айтар сўзини:
– Ёшлик ким-чун бебошликдир,
Ким тўқликка шўх чунон.
Устозининг айтганини,
Қилмаган – хор бегумон.
Ота каби уришганин,
“Уноши” деб алқаган.
Одам бўлмоқ истаганлар,
Одобини сақлаган.
Таъзим бажо айлаб биз ҳам,
Мана етдик муродга!
Тарбияни олмаганлар,
Қолиб кетди уятга…
Тўлқин ЭШБЕК
JUDAYAM AJOYIB.
Бизнинг талабалик йилларидаги гаплардан хабардор экан бу шоир акамиз. яна шундай шеърлардан кутиб қоламиз.
AAAAJOYIB
HAR DOIM SHE’RLARNING USLUBIGA QOYIL QOLAMAN!
Domla savolga xo’b asal javob bo’libdi. Shunaqa she’rlar yana kutib qolamiz…
Нигорахон! Ҳаётда ҳамма нарса такрор-батакрор келаверар экан. Бир куни Сиз ҳам факультетимизнинг етакчи мураббийларидан бирига айланганингизда айнан шунақа талабаларга албатта дуч келасиз. Шунда балки шу шеърни ўқиб берарсиз. Балки, ундан ҳам зўрроғини ўзингиз ёзиб, бундан зўрроқ сайтлар орқали етказарсиз. Ишқилиб, ҳаёт шу тариқа давом этаверар экан-да…
Qoyil! 🙂
Yaxshi ustoz nodon shogirdini sukut bilan, yoki ushbu she’rdagi qabilida jazolasa kerak.
Qoyil! 🙂
Yaxshi ustoz betamiz tolibini sukut bilan, yoki ushbu she’rdagi qabilida jazolasa kerak.
Hazilomuz she’r bo’lgani bilan ammo mag’zini chaqsak bir olam ma’no bor. Buni qanday tushunish, xulosa chiqarish talabaning o’ziga bog’liq endi.
молодец супер