Халқимизнинг эртанги кунга ишончи, яхши яшашга интилиши ва иштиёқи ортмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда
амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 19-20 май кунлари Андижон вилоятида бўлди.
Президентимиз 2017 йил 2-3 июнь кунлари вилоятга ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишар экан, бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берган эди. Ўтган вақт мобайнида ана шу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ўтган йилги ташрифдан сўнг ишлаб чиқилган 2017-2018 йилларга мўлжалланган дастурга мувофиқ, вилоятда 2017 йилда умумий қиймати 1,5 триллион сўм бўлган 3 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида иқтисодий-ижтимоий соҳаларда сезиларли ўсишга эришилди. Муҳими, одамларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб, яхши яшашга интилиш ва иштиёқи ортди. Бу юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим самарасидир.
Давлатимиз раҳбарининг Андижонга бу галги сафари давомида аввалги ташриф асносида берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар ижросининг бориши, аҳолининг талаб-эҳтиёжи билан бевосита танишиш ва бу борадаги келгуси режаларни белгилаш диққат марказида бўлди.
Президентимиз ўтган йили Андижон тумани Хакан қишлоғида “Milana teхtilе” масъулияти чекланган жамиятининг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш лойиҳаси билан танишган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 9 миллиард сўм инвестиция киритиш, 200 янги иш ўрни яратиш шарти билан корхонага Хакан қишлоғида бир гектар ер майдони ва фойдаланилмай турган бино “ноль” қийматда берилди.
Корхона “Алоқабанк” вилоят филиалидан олинган 2 миллиард сўм кредит ҳамда 7 миллиард сўм ўз маблағи ҳисобидан уч қаватли бино қуриб, замонавий жиҳозлади. Хориждан келтирилган тикув дастгоҳлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бу ерда аёллар ва болалар учун ишлаб чиқарилаётган 20 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотларининг асосий қисмини экспорт қилиш режалаштирилган. Энг муҳими, фабрика ишга туширилиши билан тумандаги 200 нафардан ортиқ хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Шу ерда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурининг Андижон вилояти мисолидаги концепцияси намойиш қилинди. Ушбу дастур меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик, ҳунармандлик, фермерлик, касаначиликка ўргатиш орқали уларга даромад манбаи яратиб беришга қаратилган.
– Андижонда аҳоли зич жойлашган. Бир-иккита завод бир фоиз аҳолиниям иш билан таъминлай олмайди. Бу ерда одамларни фақат тадбиркорлик, ҳунармандлик орқали боқиш мумкин. Хонадонларга маблағ ва зарур ускуналар бериб, иш юритишни ўргатсак, одамлар ўзини ўзи боқади. Оиласини озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминлашга қийналмайди. Сарфлаган пулимиз бир йилдан кейин икки ҳисса бўлиб қайтади. Одамларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка ўргатишнинг иқтисодий механизми мана шундай бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Андижон вилоятига ўтган йилги ташрифи чоғида дори-дармон ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам топшириқлар берган эди. Ушбу кўрсатмалар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон туманидаги “Zamin Bio Health” масъулияти чекланган жамияти инсулин дори воситаси ишлаб чиқариш корхонасини барпо этди.
Туманнинг Хартум қишлоғида жойлашган бу завод Марказий Осиёда ягона бўлиб, йилига 10 миллион флакон дори воситаси ишлаб чиқариш қувватига эга.
Шу пайтгача инсулин юртимизга четдан келтирилган. Заводнинг ишга туширилиши билан ушбу дори воситаси импорти ҳажми камаяди, валюта тежалади, қолаверса, нарх пасаяди. Масалан, ҳозирги пайтда бир флакон инсулиннинг бозор нархи 36 минг сўм бўлса, мазкур корхона бу дорини 20 минг сўмдан етказиб бериши мумкин.
Лойиҳа қиймати қарийб 28 миллиард сўм бўлган заводга Германия, Франция, Швейцария, Хитой, Ҳиндистондан замонавий ускуна ва технологиялар келтириб ўрнатилди.
– Бу жуда долзарб ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа, – деди Шавкат Мирзиёев завод мутасаддилари билан мулоқотда. – Инсулинга эҳтиёжи бор бемор дори тополмаса, ҳаёти хавф остида қолади, чорасини кўрмаган, деб биздан норози бўлади.
Президентимиз маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бозорга кириб, рақобатбардош бўлгунча уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, дори субстанцияларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш бўйича топшириқлар берди.
Шу ерда «Zamin Bio Health” масъулияти чекланган жамиятида кукунли антибиотик ишлаб чиқариш, вилоятда фармацевтика саноатини ривожлантиришга оид бошқа лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
19 май куни Андижон туманидаги «Andijan Silk.Co» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси пиллани қайта ишлаб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича йирик мажмуани ишга туширди. Президентимиз корхона фаолиятига старт берувчи рамзий тугмани босди. Бу ерда амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги қарори асосида ташкил этилган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан бугунги кунда тармоқни жадал ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни жалб этиш, ипак қуртини янгича усулда парваришлаш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш орқали пилла сифати ва миқдорини ошириш, аёллар ва ёшларни доимий иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Andijan Silk.Co» қўшма корхонасининг қурилиш ишларига 5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Пиллани қайта ишлашни ташкил этиш учун 2 миллион 100 минг доллар эвазига Хитойда ишлаб чиқарилган ип йигирув ва тикув машиналари келтириб ўрнатилди. Натижада 150 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Жорий йил охиригача ишчилар сони 300 тага етказилади.
Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 300 тонна пилла қайта ишланади. 2018 йилнинг ўзида 5,1 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.
– Бутун дунёда сифатли ипак матоларга талаб катта. Бундан йилига уч марта даромад олса бўлади. Демак, пиллачиликни ривожлантириш, кўпроқ барг берадиган тут плантацияларини кўпайтириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда трикотаж, чарм-пайабзал, қурилиш материаллари, ип-калава ва газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ўтган йилги ташрифи давомида Асака туманида замонавий иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси билан танишган эди. «Асака» банкининг туман филиалидан лойиҳа учун 1,5 миллион доллар маблағ ажратилиб, «Сабо ҳамкор» МЧЖ томонидан 5,8 гектар майдонда гидропоника усулида банан ва помидор етиштириладиган 2 та иссиқхона барпо этилди. Туркиянинг «Asya Modern Serachilik» компанияси билан тузилган шартномага асосан ушбу маблағ эвазига хориждан иссиқхона ускуналари олиб келинди.
«Сабо ҳамкор» МЧЖ томонидан бу ерга қўшимча 500 минг доллар маблағ сарфланиб, умумий қиймати 2 миллион долларлик лойиҳа жорий йил март ойида тўлиқ ишга туширилди.
25 минг туп помидор кўчати экилган 1 гектарлик иссиқхонада жорий йилда 300 тоннагача ҳосил олиш ва қўшни давлатларга экспорт қилиш мўлжалланмоқда. 2 гектарда ташкил этилган иссиқхонада тажриба тариқасида 5 минг туп банан кўчати парваришланмоқда. Банандан биринчи мавсумда 250-300 тонна ҳосил олиш кутилмоқда.
Президентимиз банан етиштирилаётган иссиқхонани кўздан кечирди. Уни кенгайтириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва сақлаш шароитини яратиш, ҳосилдорликни ошириш юзасидан тавсиялар берди.
Давлатимиз раҳбарига иссиқхоналарнинг компьютер орқали бошқариладиган совутиш ва мўътадил иқлим яратувчи тизими ҳақида ҳам маълумот берилди. Замонавий технология асосида иссиқхоналарга ўз вақтида керакли ҳарорат, минерал ўғит ва намлик берилади.
Туркиялик ҳамкорлар кўчат парваришидан то ҳосил етиштиришгача бўлган жараённи назорат қилиб бориш учун агрономлар жалб қилган. Шунинг ҳисобига 2-3 ойда етиладиган помидор ҳосилини 1-1,5 ойда олиш, икки йилда уч марта банан етиштириш мумкин бўлади.
Шавкат Мирзиёев кам иш кучи сарфлаб юқори ҳосил олиш имконини берувчи бундай иссиқхоналарни кўпайтириш кераклигини таъкидлади.
– Мамлакатимизга импорт қилинадиган банан пишмасдан узилади. Табиийки, бундай мевада витамин ва озуқа моддалари кам бўлади. Юртимизда бундай тропик меваларни етиштириш ҳар жиҳатдан фойдали бўлади, қолаверса, валюта тежалади, – деди Президентимиз.
Шу ерда 2018-2019 йилларда Андижон вилоятида аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарига Андижон вилоятида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Жорий йилда мазкур йўналишдаги 40 лойиҳа ижроси натижасида 32 минг тоннадан зиёд сут, 400 тоннадан ортиқ гўшт етиштирилади. Тармоқда жами 649 иш ўрни яратилади.
Ўтган йили вилоятга ташрифи давомида Президентимиз Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Андижон филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Ҳозирги кунда филиалда 9 илмий ходим фаолият юритмоқда. Вилоятда давлат ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Агар 2016 йилда ўрмон хўжалиги ерларида атиги 8 гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлса, режага кўра жорий ва келаси йилда бу кўрсаткич 830 гектарга етказилади. Адир ва тоғолди ҳудудларида писта, ёнғоқ, нўхат, ловия етиштирилиб, кўплаб доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади.
Давлатимиз раҳбари филиалда инновацияларни ривожлантириш бўйича фонд тузиш, вилоятда заъфарон ва наъматак каби доривор ўсимликлар етиштириш бўйича иқтисодий зона ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
– Ўрмон хўжалигида инновация қилмасак, даромад олиш қийин, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шунинг учун Андижон вилояти ўрмон хўжалигида инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича 3 йилга мўлжалланган махсус қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.
Жорий йилда 11 тумандаги 300 гектар майдонда янги ҳовузлар барпо этилиб, балиқ етиштириш ҳажми 450 тоннага оширилади. Бундан ташқари, томорқаларда ҳамда 1050 гектар шоли майдонида Хитой ва Вьетнам технологиялари асосида балиқ етиштириш йўлга қўйилади.
Президентимиз балиқчилик, паррандачилик ҳисобидан аҳолининг гўштга эҳтиёжини таъминлаш кераклигини таъкидлади. Шунга мувофиқ, тармоқда ҳосилдорликни камида 12-15 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Вилоятда мева-сабзавот экспортини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, тўқимачилик кластерини ташкил этиш, ип йигирув ва тўқув маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди. Бундай чора-тадбирлар қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли даромад манбаини янада оширишда муҳим омил бўлиши таъкидланди.
Президентимиз Улуғнор туманидаги «Шаҳриобод» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.
Бугун Шаҳриобод маҳалласи бутунлай янги қиёфа касб этган. 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган қишлоқдаги 22 кўп қаватли уйнинг томлари янгиланиб, атрофида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 7,3 минг квадрат метр майдонга брусчатка ётқизилди, ёритиш чироқлари, ўриндиқлар, 1 минг 570 метр масофага лотоклар ўрнатилди. Уйлар ёнида тандирхоналар қурилди. Бундан ташқари, маҳалла идораси, тўйхона, ҳаммом, мини-маркетлар барпо этилди.
Маҳалла ҳудудида жойлашган туман “Баркамол авлод” маркази, 20-умумтаълим мактаби, 3-мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланди.
Давлатимиз раҳбари оқсоқоллар билан суҳбатда мамлакатимизда кенг кўламда бошланган қишлоқларни ободонлаштириш дастури одамлар ҳаётига янги мазмун олиб кираётгани, бундан одамларнинг кўнгли тоғдай кўтарилиб, эртанги кунга ишончи ортаётганини таъкидлади.
– Муборак Рамазон ойи кунларида Андижон вилоятига ташриф буюриб, тадбиркорлар ва аҳоли билан учрашаётганимиз, вилоят келажаги учун катта-катта режалар қилаётганимиз замирида чуқур маъно бор, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу улуғ кунларда амалга ошираётган ишларимиз андижонликлар ва бутун халқимизга хайр-барака олиб келсин, обод қишлоқларимиз кўпайсин.
Шу куни Улуғнор тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоселектор шаклидаги йиғилишда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, қўшимча манбалар топиш ҳисобидан иш ўринлари ташкил этиш, таълим, тиббиёт соҳаларини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифининг иккинчи куни Шарқий ҳарбий округга қарашли қисмда бўлиб, янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ҳарбий қисмларда бир қатор таркибий-ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди – озиқ-овқат таъминоти бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинди, ўқув бинолари, ётоқхоналар, спорт зали ва майдонлари замонавий таъмирланмоқда. Бу ҳарбий хизматчиларнинг бутун куч-ғайратини профессионал малака ва жанговар шайлигини оширишга қаратиш имконини бермоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳарбий хизматчиларнинг спорт машғулотларида қатнашиш жараёни билан қизиқди.
– Ҳарбийларимиз жисмонан бақувват, маънан юксак, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардаларимизга муносиб бўлиши керак, – деди Президентимиз. – Бунинг учун улар жисмоний машғулотлар билан бирга, ҳар куни китоб ўқиши, тил ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур.
Ҳарбий қисм хизматчиларининг маънавиятини юксалтириш учун дам олиш кунлари бу ерда олимлар ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказилади, саҳна асарлари намойиш этилади.
Шавкат Мирзиёев аскарлар, зиёлилар билан суҳбатлашди. Учрашувда шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигига етарлича эътибор қаратиш, бунинг учун зиёлилар, маънавият тарғиботчилари билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш, жойларда фаолият юритаётган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Президентимиз вилоятга ташрифи давомида Андижон шаҳрида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, уй-жойга эҳтиёжини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан қизиқди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ўтган йилги ташрифи доирасида Андижон шаҳрининг «Ўзбегим» маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилаётган 7 қаватли 5 та уй билан танишиб, бу ерни замонавий массивга айлантириш бўйича тавсиялар берган эди.
Собиқ консерва заводининг ўрни бўлган бу ерлар қаровсиз, кўримсиз жойлар эди. Президентимизнинг топшириғидан сўнг бу ерда 5 та уй қурилиб, 2017 йил декабрь ойида ўз эгаларига топширилди. Уйлар билан бирга ҳудудга оройиш бериб турган замонавий инфратузилма барпо этилди, атрофга ўриндиқлар ўрнатилиб, болалар майдончалари, мини-маркет, дўкон, новвойхона, автотураргоҳ қурилди.
Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида ҳудудда яна 9 та, шаҳар бўйича жами 14 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Турар-жойларни жорий йил сентябрь ойида ўз эгаларига топшириш кўзда тутилган.
Маҳалланинг шимолий қисмидаги ҳовлилар ўрнига ҳам кўп қаватли уйлар, 1000 ўринли мактаб, 280 ўринли боғча, меҳмонхона, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш режалаштирилган.
Президентимиз Андижонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш долзарб эканини инобатга олиб, шу йилнинг ўзида қўшимча яна бешта 7 қаватли уй қуриш бўйича топшириқ берди.
– Шу тариқа бу йил Андижон шаҳрида 19 та, яқин йилларда жами 50 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Янги уйлар Андижонда уй-жойга эҳтиёжни таъминлашга эришиш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Андижон шаҳрининг 2035 йилгача мўлжалланган Бош режаси ва шаҳарда амалга ошириладиган бошқа ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш-реконструкция қилиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Бугунги кунда Андижон шаҳрида 422 минг аҳоли 15 минг гектар жойда истиқомат қилмоқда. Президентимизнинг ўтган йилги топшириғи асосида “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан шаҳарнинг янги бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда Андижон тумани ва қисман Олтинкўл тумани ҳудудидан 6 минг 300 гектар майдонни Андижон шаҳрига қўшиш кўзда тутилган.
Президентимиз Бош режада кўзда тутилган мақсадларга эътибор қаратди. Андижон шаҳридаги Девонабой масжиди ҳамда Ю.Отабеков кўчасини капитал реконструкция қилиш лойиҳалари юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини берди. Мазкур кўчадан оқиб ўтувчи канал бўйи ободонлаштирилиб, атрофида одамлар дам оладиган сайилгоҳ барпо этилмоқда. Ҳозирги кунгача каналнинг 500 метр қисмидаги ишлар бажарилган, Мустақиллик байрамигача 3,5 километрлик қисми тўлиқ обод этилади.
Шавкат Мирзиёев барча лойиҳаларни бажаришда сифат ва муддатга эътибор қаратиш, узоқ келажакни ҳисобга олиш кераклигини таъкидлади.
Сўнгги фикрлар