Халқ билан мулоқотда нутқ маданиятининг ўрни
Ҳар кунги фаолияти давомида халқ билан юзма-юз мулоқот қиладиган масъул
ходимнинг тафаккури кенг, нутқи равон бўлиши лозим. Тошкент Аэро ихтисослаштирилган божхона комплексида ўтказилган “Халқ билан мулоқотда нутқ маданиятининг ўрни” мавзуидаги давра суҳбатида бу ҳақда атрофлича фикр юритилди.
– Кўп китоб мутолаа қилган қилган кишининг дунёқараши, тафаккури ҳам, нутқ маданияти ҳам шунга яраша бўлади,– деди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек.– Адабий тилда сўзлашишга одатланишимиз зарур. Адабий тил – миллий ифтихоримиз, ғуруримиз ҳисобланади. Шевалар – халқнинг жонли тили, бироқ, ундаги айрим сўзлар адабий тил нормасига мос келмаса, яхшиси, уни одамлар билан мулоқотда қўлламаган маъқулроқ.
Мутахассислар фикрича, инсон нутқи бўлмаса, тил воситалари бўлмаса фикрлаш ҳам бўлмайди. Тафаккур бўлмаса, тил, нутқнинг ҳам бўлиши мумкин эмас. Тафаккур ва тил бир-бирисиз мавжуд бўлмаса ҳам, улар айнан бир хил ҳодиса эмас. Тафаккур ботиний олам инсон миясида умумлашган, тил билан ифодаланадиган инъикоси. Тил эса фикрни ифодалаш усули, уни қайд этиш ва бошқаларга, авлодларга етказиш воситасидир.
Тафаккур фақат инсонларга хос бўлган меҳнат ва нутқ фаолияти билан боғлиқ ҳолда мавжуд. Инсон тафаккури нутқ билан маҳкам боғланган ҳолда юзага чиқади ва унинг натижалари тилда қайд қилинади. Демак, тафаккур жараёнининг натижаси ҳамиша бирон-бир фикрдан иборат бўлиб, бу фикр тушунча, ҳукм, хулоса тарзида фақат тил воситасида намоён бўлади. Тил тафаккур билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, фикрни реаллаштирадиган, ӯзаро фикр алмашинув воситаси саналади.
Кундалик нутқимиз, муомаламиз фикр алмашув воситасидир. Маълум максадга интилиш нутқнинг доимий хусусияти бўлиб, маълум тарзда суҳбатдошга таъсир этиш натижасидир, чунки биз ҳеч қачон муайян мақсад ва вазифасиз гапирмаймиз. Нутқимизда ҳар доим ҳиссиётимиз ва гапираётган объектимизга муносабатимиз акс этади.
Нутқ санъати барча замонларда, ҳар қандай жамиятда алоҳида қадрланган. Нотиқнинг вазифаси у ёки бу фактларни келтиришгина эмас, балки улар воситасида талабаларда кучли ҳис-туйғулар уйғотиш, барча тингловчиларни шунга сафарбар этишдир.
Нутқ маданияти умуминсоний маданиятнинг таркибий қисми бўлиб, кишиларнинг юксак маданиятли бўлишларини белгилайди.
Нутқ воситалари орқали сўзлашиш, муомала жараёнидир. Тил умумийлик, нутқ эса хусусийлик белгилари билан фарқланадиган ижтимоий ҳодисалар бўлиб, иккаласи ҳам жамиятга хизмат қилади. Оғзаки нутқда талаффузнинг аҳамияти катта. Гапга усталикни талаффуз равонлигидан айрича тасаввур этиб бўлмайди. Оғзаки нутқда гап қурилишини ақл назорат қилиб боради. Бунда хотиранинг роли катта. Агар хотира суст бўлса, оғзаки нутқда гап тузилиши, сўз бирикмалари ўзаро мантиқан ва грамматик жиҳатдан боғланмай қолади. Оғзаки нутқни шакллантириш ва такомиллаштириш кўпроқ, ёзма нутқнинг такомилига боғлиқ. Ёзма нутқ юқори даражада бўлмас экан, оғзаки нутқ кўнгилдагидек бўлмайди. Ёзма нутқда эса тил воситаларини танлаш ва қўллашга тўлиқ имконият бўлади. Ёзма нутқни хоҳлаганча таҳрир қилиш мумкин. Ёзма нутқда оғзаки нутқдаги каби ҳаяжон бўлмайди. Нотиқ (ўқитувчи) шошилмасдан, ўйлаб нутқ тузади. Шу сабабдан ҳам ёзма нутқ оғзаки нутқдан кўра равон, аниқ ва изчилроқ бўлади. Ҳар қандай нутқни хоҳ у бадиий, хоҳ у илмий ёхуд расмий бўлсин ёзма равишда ифодалаш иншо дейилади. Ёзма нутқи равон бўлмаган нотиқ (ўқитувчи)нинг фаолиятини тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчининг ёзма нутқи барқарор ва қатъий бўлади, у ҳар доим аввалдан ўйланади ҳамда матнга туширилади.
Таниқли нотиқларнинг ҳеч бири ёзма нутқини такомиллаштирмасдан юқори мартабага эришмаганлар. Ёзма нутқ оғзаки нутқнинг ривожига бевосита таъсир этади. Оғзаки нутқ, асосан, ёзма нутқ асосида ривожланади. Ёзма машқлар бамисоли тафаккур машқларидир. Бирор воқеийлик ёки ҳодиса тўғрисида фикрлаш ёзма машқлар орқали такомиллашади. Нутқ бойлиги тилдаги ана шу имкониятлар, яъни бойликнинг унда қай даражада ўз аксини топганлиги билан белгиланади. Нутқда тилдаги ранг-баранг воситалар ўз ифодасини топган бўлса, бундай нутқ бой нутқдир. Ҳар бир киши ўз нуткига эътибор қилса, нутқ тузиш масъулиятини ҳис этса, нутқининг бой бўлишини таъминлаши мумкин.
Нутқ маданияти ва адабий тил меъёрларига риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчига айланмоғи лозим. Нутқ маданияти, муомала одоби ва нотиқлик санъати асослари бўйича радио ва телевидение дастурларида эшиттириш ва кўрсатувлар ташкил этиш зарур. Самимийлик, хушмуомалалик, одоблилик, ўзгаларга ҳурмат билан қараш каби фазилатлар барчамизнинг одатий ҳолимизга айланмоғи зарур.
Маърузачи “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбек халқ мақоллари” каби қомусий китоблар, шунингдек, маънавий оламимизни бойитишга хизмат қиладиган дурдона асарлар ҳар бир зиёли ҳамда масъул ходимнинг иш столида туриши ва ҳар куни уларни қунт билан ўқиб-ўрганиб бориши лозимлиги алоҳида таъкидлади.
Давра суҳбатида иштирок этганлар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Равшан Соатов,
Анвар Тоҳиров,
Тошкент Аэро ихтисослаштирилган божхона комплекси масъул ходимлари
Сўнгги фикрлар