Хато ва камчиликларга барҳам бериб, фаол ишлашда давом этамиз
ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимовга очиқ хат
Ассалому алайкум азиз Авазжон Раҳимович!
Журналистика факультетимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгангиз, бу даргоҳда етук кадрлар тайёрлаш борасида қилаётган саъй-ҳаракатларингиз учун Сиздан чексиз миннатдормиз.
Факультетимиздан Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, улуғ адиб Ўткир Ҳошимов ҳамда ўнлаб таниқли публицистлар, адиб ва шоирлар, телерадио журналистлар, матбуот котиблари, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиққани билан фахрланамиз. Бугун мамлакатимизнинг деарли барча оммавий ахборот воситаларида шу даргоҳда таҳсил олган етук кадрлар фаолият кўрсатмоқда.
ЎзМУ мутасаддиларидан иборат назорат гуруҳи факультетимиздаги ўқув жараёнлари, таълим сифати, тартиб-интизом масалаларини ўргандилар. Улар аниқлашган баъзи хатоларимиз ва камчиликларимизни тан оламиз ва тезорада тузатамиз. Бундай хатолар бошқа такрорланмайди.
Университетимизга, факультетимизга, умуман, бўлғуси журналист-кадрлар тайёрлашга қодир, профессор-ўқитувчи деган шарафли номга муносиб бўлиш лозимлигини тушунамиз. Баъзи касбини эплай олмаётганлар ўрнига айнан журналистика мутахассислиги бўйича диссертациялар ёқлаб ҳозирда ОАВда фаолият кўрсатиб юрган журналист-олимларни таклиф этамиз.
Шукрки, бугун ҳам факультетимизда катта ҳаёт тажрибасига эга профессор, доцент, фан докторлари бор. Улар билан бамаслаҳат иш тутган ҳолда ўша текширувчилар очиқ кўрсатган ва асослаб берган хато ҳамда камчиликларимизга тамомила барҳам беришга Сизни ишонтирамиз.
Азиз Устоз!
Буюк Миллий мақомга эга бўлган университетимизда Журналистика факультетини қайта тиклаш, таъбир жоиз бўлса, Россия, Белоруссия, Туркия ва бошқа ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма факультетлар ташкил этиш борасидаги улуғвор саъй-ҳаракатларингиз учун Сиздан миннатдормиз. Биз шунга яраша илмий ва ижодий салоҳияти юқори даражада бўлишимиз зарурлигини ҳам теран англаймиз.
Сизнинг Журналистика факультети фаолиятини янада такомиллаштиришдек улуғвор ишларингизга муносиб камарбаста бўлишга тайёрмиз.
Эҳтиром ила,
Журналистика факультети жамоаси
Сўнгги фикрлар