Адабиётга илк ҳавас уйғонган ёшлик чоғларимиз бадиий китобларни иштиёқ билан мутолаа қилиш баробарида газета-журналларда адиб ва шоирларнинг ижодий сафарлари ҳақидаги мақолаларини ҳам қизиқиш билан ўқирдик. Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг чўлқуварлар билан учрашувлари, суҳбатлари ўзи бир олам эди. Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Носир Фозилов каби ижодкорларнинг ижодий сафарда кўрган-кечирганлари, ўзаро ҳазил-мутойибалари ҳақидаги ҳангомалар ҳам ҳавас уйғотган.
Бундай ижодий анъаналар давом этиши ёш ҳаваскорларда қизиқиш, адабиётга меҳр уйғотиши шубҳасиз.
Бугунги адиб ва шоирлар ҳам “халқ ичига қучоқ очиб” боришни канда қилганлари йўқ. Буни турли нашрларда “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан” рукни остида ёритилаётган мақолалар, бадиалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бироқ… сафарнома ҳангомалари етишмай тургани ҳам бор гап.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, уюшманинг Тошкент вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков, публицист Бахтиёр Ҳайдар билан Бўстонлиқ туманининг сўлим Хондайлиқ қишлоғи сари йўл олар эканмиз, шууримдан шундай ўйлар кечди.
Ёш китобхонлар билан учрашув қизиқарли, сермазмун бўлиши аниқ, бироқ, ҳаммамиз кулишиб эслаб юрадиган бирор воқеа юз берармикин?
Бир гал ижодий сафарга чиққан ёзувчи-шоирларни йўл назоратчиси тўхтатганида Саид Аҳмад: “Мелиса болам, биз бемор олиб кетаяпмиз” деб Носир Фозиловни кўрсатибди. “Сарғайиб кетган бемор”ни кўрган назоратчи “вой-бў, ўтказиб юборибсизлар-ку, тез ҳайданг” деган экан…
Пойтахт шаҳримиздан Хондайлиқ қишлоғигача кенг ва равон йўлда бирорта олатаёқ кўтарган назоратчи чиқмади… (Қизиқ бўлмади…)
Осмонўпар тоғлар бағрида жойлашган Хондайлиқ қишлоғидаги 10-умумтаълим мактаби ҳовлисида таниқли адиб Асад Асил ўзгача қувонч билан кутиб олди. Унинг қувончи нафақат Тошкентдан бир гуруҳ адиб ва шоирлар келиши ёки ўзи интиқлик билан кутган ижодий учрашув бўлиши экан, балки… (у ёғини кейинроқ ўқиб, мазза қиласиз!)
Мактабнинг шинам зали ўқувчилар билан лиқ тўла. Ёш китобхонлар кўзидаги ҳаяжонни кўриб, беихтиёр ёшлигинг ёдингга тушади. Шулардек пайтимиз севимли ёзувчи-шоирларимизни кўриш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш ҳам катта бахт, деб билардик.
Энди билсакки, шундай бахтиёр ўғил-қизлар даврасида бўлиш ундан ҳам улканроқ бахт экан!
Аълочи ўқувчилар 1884 йилда шу қишлоқда таваллуд топган шоир ва публицист, ўз даврининг илғор зиёлиларидан бўлган аждоди Сидқий Хондайлиқий хотирасига бағишланган адабий кечага қизғин ҳозирлик кўришибди. Бир ўқувчи қиз даврага “Шарқ юлдузи” журналини кўтариб чиқди. Унда Асад Асилнинг Сидқий Хондайлиқий ҳақидаги мақоласини қизиқиш билан ўқиганини айтаркан, ўз таассуротларини сўзлаб берди:
– Буюк бобомизнинг асли исми-шарифи Сирожиддин Маҳдум Мирзоҳидохунд ўғли бўлиб, Сидқий Хондайлиқий тахаллуси билан ижод қилган,– деди у ҳаяжон билан.– Ёшлигида тош йўниб, унга ишлов бериш, хат ёзиш, турли безаклар тушириш, суратлар ишлаш билан шуғулланган. Китоб ўқишга иштиёқи биланд истеъдод соҳиби 1903 йилда Тошкентга борган. Тошкент адабий муҳитининг истеъдодли вакили, шоир, ҳаттот, таржимон Муҳаммад Шоҳмурод котибга шогирд тушган. Кўкалдош, Бекларбеги мадрасаларида таҳсил олган. Мискин, Хислат, Камий каби қаламкашлар билан дўстлашиб, шеър ёзиш сирларини ўрганган. Унинг шеърларида инсоний фазилатлар, муҳаббат мавзулари алоҳида ўрин тутади. Шоирнинг «Муҳораба», «Яшасун ёшлар», «Тоза ҳуррият», «Тазкираи имоми Аъзам», «Сад иршоди мулла Сидқий Хондайлиқий» («Мулла Сидқий Хондайлиқийнинг юз насиҳати»), «Мезони шариат», «Зарбулмасали Сидқий», «Ҳолоти Сидқий» каби асарлари маънавий меросимизга айланган. Буюк бобомиз 1934 йилда вафот этган. Сидқий Хондайлиқий кўчирган девон, баёз ва рисолалар, тошлавҳалар ҳамда чизган суратлари кутубхоналарда, 20 дан ортиқ босма ва қўлёзма асарлари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланади. 1998 йил Тошкентда Сидқий Хондайлиқийнинг «Танланган асарлар»и нашр этилган.
Бир ўқувчи Сидқий Хондайлиқий қаламига мансуб шеърни маромига етказиб ўқиди:
Ул шакарлаб айласа ноз ила ширин наво,
Тўтийи табъим тузар ул вақт аро қандин наво.
Беасар ёлғон фиғоним қайда етгай ул сори,
Сўзи дилдин чекмас эрсам, йиғлабон гар чин наво.
Тинмағур кўнглим тиниб бир лаҳза ором олмагай,
То анинг кўйиға бориб чекмаса чиндин наво.
Уйлаким чанг айлабон қаддим дуто, гар айласам,
Шоми ғамда ўлтуруб бўлғай (нетай) ойин наво.
Йиғлашур аҳволима раҳм айлашуб ваҳшу туюр,
Дашти ҳажр ичра чу қилсам инграниб гар мен наво.
Қайда Сидқий етқосен гулгун қаболар васлиға,
Чекмас эрсанг сидқ ила ҳар лаҳза сад рангин наво.
Ўқувчиларнинг чиқишлари адабий суҳбатга уланиб кетди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али азалдан аждодларимиз китобхон бўлганликлари, шунга яраша кўҳна заминимизда маданият ва маънавият юксак даражада равожлангани, шу юртдан ўнлаб алломалар, буюк шоирлар етишиб чиққани ҳақида сўз юритар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугун китобга бўлган муносабатлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу борада муҳим ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.
Атоқли адибнинг “Дунёдаги ҳар тўрт буюк инсондан бири – бизнинг бобомиз” деган сатрларини ёш китобсеварлар жўровозда айтганларида даврага янада файз кирди.
Маҳмуд Тоир, Адҳамбек Алимбеков, Бахтиёр Ҳайдарнинг юртимиз истиқлоли йилларида чоп этилган янги асарлар ҳақидаги дилтортар суҳбатлари ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Ёш китобхонлар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Муҳаммад Али аълочи ўқувчиларга янги нашр этилган китоблардан ҳадя этди.
Сафаримизнинг энг қизиқ жойи шунда бошланди.
Ижодий учрашувга келган мухлислардан бири – туман ФҲДЁ бўлими масъул ходимаси сўзга чиқиб, саксонинчи баҳорини қаршилаш арафасида турган отахон адиб Асад Асилга янги “Никоҳ гувоҳномаси”ни тантанали равишда топширди!
Кулги, ҳазил-мутойибалар авжига чиқди. (Биз гўё “куёвжўра”га ўхшаб қолдик). Ҳаяжонли дақиқаларда отахон адиб қанчалик ёшариб кетганини кўрсангиз эди!
Маълум бўлишича, оиласида ҳужжатларини кўздан кечирган отахон адиб “Никоҳ гувоҳномаси”ни тополмай қолган ва ФҲДЁга мурожаат қилган экан.
Даврага файз киритган “жўрабошимиз” Муҳаммад Али ҳам фурсатни бой бермади; садоқат ила қўша қариётган келин-куёвга бир даста гул ҳадя этди!
Адабий учрашув, ёш китобхонлар билан дилдан суҳбатлар бир ёқ, саксоннинг сарҳадида турган отахон адибнинг янги “никоҳи” бир ёқ бўлганини аския қилганча ортга қайтар эканмиз, улуғ боболари билан чин дилдан фахрланаётган ёшларга яна бир бора омад тиладик.
Тўлқин ЭШБЕК
http://ijod.uz
Сўнгги фикрлар