Суҳбат асносида, бир пайтлар бу дурдона ҳикматни қайсидир мансабдор «Устоз отангдек улуғ» деб бузиб гапирганини эшитгани ҳамоно битта ёзувчи ва актёр унга хушомад ургандек ойнаи жаҳонга чиқиб шунақа хато гапларни урчитгани маълум бўлди, дейди Дониш домла ҳайратга тушиб.
Қуйида «Устоз отангдан улуғ» мақолининг илму маърифатга қанчалик пайвасталиги изоҳланган мақолалар билан танишинг.
Суратда: шайх Абдулазиз Мансурнинг ўнг тарафида ўтирган Тўлқин Эшбек (Дониш домла) мақоллар замиридаги ҳикматлар ҳақида сўз юритган эди.
***
ГАР УСТОЗ РОЗИ-ТАНГРИ РОЗИДУР
Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» оятидир, демак, Ислом дини–энг аввало маърифат динидир. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия», «маориф»деган маъноларни англатади. Ислом динининг асосий ва муқаддас китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Муслим ва имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифларида қуйидагиларни айтадилар:
«Ким талаби илм йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осонлаштирур. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жамъ бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, албатта, уларнинг устиларидан сакинат нозил бўлур, уларни раҳмат қамраб олур, уларни малоикалар қуршаб олур ва уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Устознинг мавқеи шунчалик улуғ даражага кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз устоз деб тушунишимиз лозим! Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди. Шу ўринда устоз ва муаллим деб кимга айтилишини билиб олишимиз фойдадан холи бўлмайди. Устоз ва муаллим деганда фақатгина махсус синф ёки аудитория ичида, ёзув тахтаси олдида туриб дарс берган одам, ёки бутун халққа машҳур бўлган ва ҳамма ҳурмат қиладиган олимгина тушунилмайди. Агар устозингиз шундай мақомда бўлмаса уни эъзозлаб ҳурмат қилишда камчиликка йўл қўйишингиз асло оқланмайди. Балки, бирор соҳада билим берган, бирор китобни ўқишингизда ёрдам берган, қайсидир тилни ўргатишда фойдаси теккан ёхуд ўзининг маслаҳатлари билан илмингиз ошишига ҳисса қўшган ҳарқандай одам сиз учун устоз мақомида бўлади ва зиммангизда динимиз томонидан бериб қўйилган унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари қарор топади.
“Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Танг
ри розидур”, дейди Алишер Навоий ҳазратлари. Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадрият
ларимиздан ҳисобланиб, бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Ота ўз ўғлини устозга шогирдликка бераркан, “эти сизники, суяги бизники”, дея лутф қилган. Бу билан устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдирган. Устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор иқтидору ҳунарини унга юқтиришга интилган. Оилавий муҳитда етарли талабчанлик кўрмаган болани қатъий тартиб-қоидага кўниктирган.
Ўтган улуғларимиз, солиҳ салафларимиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканлигини яхши ҳис этганлар. Ва шунга кўра муомала қилганлар. Чаҳориёрлардан Али разияллоҳу анҳу: «Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Истаса, сотиб юборсин, истаса, қул қилиб олсин!», деган эканлар. Бурҳонул-Ислом Зарнужий (раҳимаҳуллоҳ): «Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади», дейдилар. Шунинг учун улуғ халқимизда «устоз отангдан улуғ!» деган ҳикматли сўз бор.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади: “Агар комил устоз ким деб сўрасалар, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамизли кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак. Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши деб айтсалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродга етказади…”
Кейин шогирдлик одоби ҳақида гап кетади. Улар саккизта, дейди муаллиф. «Устозга биринчи бўлиб салом бериш, устоз олдида оз гапириш, бошни эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югуртирмаслик, масала сўрамоқчи бўлса, олдин ижозат олиш, устоз жавобига эътироз билдирмаслик, устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик, ўтириш-туришда ҳурматни тўла сақлаш».
Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Д.Абдуқодиров
Имом Фахриддин ар Розий ИУМБЮ мудири
http://diyonat.uz/index.php/765-agar-ustoz-rozi-tangri-rozidur
***
Илм чироғи ўчмагай
- muslim.uz
- — Нояб 16, 201
(Алақ сураси, 1-оят)
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Алишер Навоий
Муборак каломининг нузулини «Ўқи!» деб бошлаган, илмга, маърифатга чақирган ва ҳар бир амалда хулуси ният ва илмни шарт қилган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар бўлсин!
Умматларига икки дунё саодатининг илмини ўргатган, башариятни жоҳилият зулматидан маърифат зиёсига олиб чиққан сарвари коинот, хотамул анбиё ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлар бўлсин!
Дунёга эндигина келган чақалоқ гўёки оппоқ қоғозга, топ-тоза дафтарга ўхшайди. Дунё ҳаёти бошлангач, дафтарга у кўрадиган, эшитадиган, сезадиган барча нарсалар ёзила бошлайди. Демак, инсон ҳаётининг илк лаҳзаларидан бошлаб беихтиёр илм ола бошлайди. Аммо «илм» сўзи луғатда «билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш» каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга «ҳақиқатни худди воқеликдагидек идрок қилиш илмдир» деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.
Муқаддас Ислом динимизни ҳам илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг наздида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Илм – энг фазилатли амал. Чунки у – икки дунё саодатининг калити. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, Аллоҳ ва Унинг Расулининг йўлига етакламаган илмда хайр йўқ. Шунинг учун инсон фойдали илм ўрганиб, унга амал қилса, ўша илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амал қилмаган одам илмнинг ҳаммоли бўлади, холос. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам манфаатсиз илмдан паноҳ сўраганлар.
Ислом дини инсонга илм ўрганишни, манфаатли билимлар соҳиби бўлишни, жаҳолатни йўқ қилишни буюради. Зеро, инсоннинг яратилиш ғояси Аллоҳни таниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиб, динимизнинг кўрсатмаларига амал қилишдир.
Мавлоно Румий айтганидек, «Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади». Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса талаби илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир.
Ислом динида илм Аллоҳ таолонинг розигини олиш ва солиҳ амал қилиш мақсадида ўрганилади. Ихлос билан ўрганилган илм инсонни Аллоҳга яқинлаштиради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлига эргаштиради, соҳибининг даражотларини юксалтиради. Чунки мусулмон инсон учун энг азиз неъмат иймондир. Иймон учун эса илм зарур, илмсиз иймон-эътиқод бўлмайди. Шунинг учун Қуръони каримда зиёда қилиниши сўралган биргина неъмат илмдир:
«Роббим, менинг илмимни зиёда қил!»
(Тоҳа сураси, 114-оят)
Инсон учун энг буюк даража Аллоҳнинг наздида ҳурмат қозонишдир. Аллоҳ таоло бу даражага эришишнинг йўлини ҳам кўрсатиб, шундай марҳамат қилган:
«Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлиларингиз энг тақводорларингиздир»
(Ҳужурот сураси, 13-оят)
Демак, Раббимизнинг наздида ҳурматга сазовор бўлиш воситаси тақво экан, яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг дийдоридан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқиш экан. Бундай бахт-саодатга кимлар мушарраф бўлади? Бу саволнинг жавобини ҳам Қуръони каримдан топамиз:
«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар».
(Фотир сураси, 28-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, инсон вафот этганда савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам вафот этса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақа, манфаат оладиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар» (Имом Муслим).
Ўйлаймизки, ушбу оят-ҳадислар илмнинг нақадар буюк фазилат эканини тушуниб етиш учун кифоядир.
Илмнинг ўзи шу қадар фазилатларга эга экан, уни ўргатган олимлар, устозлар, мураббий ва муаллимларнинг фазли қанчалар улуғ бўлади? Албатта, бизни илм денгизидан, ҳикмат сарчашмаларидан баҳраманд қилган устозларимизнинг даражотлари бениҳоя юксак бўлади.
«Устоз отангдан улуғ» дейди доно халқимиз. Ҳар бир инсонни, у ҳарчанд кўп илмга эга бўлмасин, бир камтар устоз ўқитган, тарбиялаган бўлади. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Илм фақат ўқиб-ўрганиш билан ҳосил бўлади. Бу эса толиби илмдан ирода, қатъият, ғайрат-шижоат талаб қилса, устоздан меҳр, талабчанлик ва тоғдек сабр-матонат талаб қилади. Бу фазилатлар билан неъматлантирилган зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳида энг юксак даражотларга эга бўладилар.
Бизнинг аждодларимиз, бобокалонларимиз ана шундай толиби илм бўлганлар, илм ўрганишни ўзларига фарз деб билганлар, илм ўргатишни ўзларига бурч деб билганлар, пок ният билан илм уммонидан дуру жавоҳирлар қидирганлар. Диёримиз, она Ватанимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган даврдан бошлаб ўлкамиз илму маърифат масканига айланди, сон-саноқсиз масжиду мадрасалар бино бўлди, улардан минг-минглаб буюк алломалар, улуғ зотлар етишиб чиқди. Халқимизнинг чинакам ифтихори бўлмиш бу олиму уламолар, фозилу фузалолар башариятга мударрис бўлдилар, Ислом нурини бутун оламга таратдилар, бутун дунёни илму маърифатга, кутубхоналарни китобларга тўлдирдилар.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, ал-Фарғоний, Замахшарий, Беруний, Ибн Сино каби минглаб буюк ватандошларимиз жаннатмонанд Ватанимизнинг довруғини бутун курраи заминга, жумлаи жаҳонга ёйдилар. Мана, минг йиллардан ошдики, бутун дунё бизни Бухорийнинг, Термизийнинг авлодлари деб эҳтиром қилади.
Биз ана шундай улуғ аждодларнинг авлодимиз, улар қолдириб кетган битмас-туганмас илмий мероснинг, улкан хазинанинг ворисларимиз. Юртимиз истиқлолга эришганига чорак аср тўлган бугунги дориломон кунларда сизу бизнинг, ёшларнинг вазифаси янада илмга берилиш, фан-техника тараққиёти туфайли эришган барча билимларни эгаллашдир. Зеро, юқорида айтганимиздек, Ислом дини инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун манфаатли бўлган ҳар бир билимни илм деб ҳисоблайди, баъзилар ўйлаганидек, илмни диний ёки дунёвий деб фарқламайди. Ватанимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим вазифаси ҳар бир соҳада ўз мутахассисларимизни, олимларимизни етиштиришдир. Шундай экан, илм-фаннинг қайси йўналиши бўлишидан қатъи назар, ўзлигимизга қайтишимиз, миллий қадриятларимизни тиклашимиз, олим бобокалонларимиз қолдириб кетган қўлёзмаларни ўқиб, ўрганиб, улардан ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб бера оладиган билим ва кўникмалар ҳосил қилишимиз лозим.
Кези келганда шуни айтиш керакки, ботил ҳаққа эргашса, тараққий этади, бироқ ҳақ ботилга эргашса, таназзулга юз тутади. Бунга минг йиллик тарих шоҳиддир. Ғарб олами Исломдан илмга чанқоқликни, изланувчанликни ўрганди, мусулмонлар тўплаган билим ва тажрибаларни ўзлаштирди ва натижада бугунги кунда улкан тараққиётга эришди. Минг афсуслар бўлсинки, Ғарбдан жаҳолат, тушкунлик, беҳаёлик, ҳашаматга ва маишатга ружу қўйишни ўрганган Шарқ халқлари таназзулга юз тутди, тараққиётдан орқада қолиб, ўзгаларга қарам бўлди.
Эътибор берайликки, моддий, иқтисодий жиҳатдан мисли кўрилмаган тараққиётга эришган Ғарб олами маънавиятсиз бўлгани сабабли оила, маданият, поклик масаласида таназзулга юз тутди. Марсга сунъий йўлдош учираётган, дунёдаги ҳар бир инсонни виртуал олам орқали бир-бири билан боғлаган Ғарб олами маънавий бузуқликни, турли разолатларни табиий ҳол деб тушунадиган бўлиб қолди, натижада инсоният бедаво касалликларга дучор бўлди, ақл бовар қилмас даражада даҳшатли оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқилиб, улар тирик инсонлар устида синаб кўрилди.
Демак, тажриба ёки ҳисоб-китоблар натижасида ҳосил қилинган ҳар қандай билим ҳам инсонга фойда беравермайди. Илм фақат эзгу мақсадлар йўлида, тинчлик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик, тараққиёт йўлида ўрганилиши керак экан. Акс ҳолда олимларнинг баъзи илмий тажрибалари асносида кашф қилинган ихтироларидан қирғин қуроллари пайдо бўлмаган бўлар эди. Шунинг учун бугунги кунда илм излаган ҳар бир инсон аввало пок ният, эзгу мақсад билан ишга киришсин, ўрганаётган ҳар бир илмини фақат яхшиликка ишлатсин.
Худди шунингдек, динимизга оид илмларни ҳам фақат хулуси ният билан, Аллоҳнинг розилиги учун, илм талабини фарз ибодат билиб ўрганиш лозим. Уни кимлар биландир баҳслашиш, илмини кўз-кўз қилиш, динни ниқоб қилиб, турли дунёвий, ғаразли мақсадларига эришиш воситаси қилиб олиш гуноҳи кабирадир. Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг диний саводсизлигидан, ўз тарихини, Ислом тарихини, дунё тарихини билмаслиги, сиёсий онгининг пастлигидан усталик билан фойдаланиб қолаётганлар кўпайиб қолди. Уларнинг фикрий хуружлари, мафкуравий алдовларига учаётган баъзи ғўр ёшлар оқу қорани танимай, ўзига, оиласига, Ватанига ва энг ёмони, мусулмон деган юксак номга, Аллоҳнинг динига лой чапламоқдалар, қора кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб, манқуртга айланиб қолмоқдалар.
Шунинг учун ҳам ота-боболаримизнинг асрий орзуси бўлмиш миллий истиқлолга эришган бугунги авлод олдида улкан, машаққатли, аммо шарафли масъулият турибди. Бу масъулият – Ватанимизнинг кечаси, бугуни ва эртаси олдидаги, келажак авлод олдидаги, бутун инсоният олдидаги масъулиятдир. Бу масъулиятни зиммага олиш учун, уни гўзал тарзда адо қилиш учун чуқур билимга, диний ва дунёвий илмларга эга бўлишимиз лозим. Бу борадаги энг шарафли вазифани муҳтарам устозларимиз, муаллим ва мураббийларимиз адо этадилар. Шунинг учун уларга Аллоҳ таолодан куч-қувват, ғайрат, сабру матонат тилаймиз, ҳақ йўлида ўргатган ҳар бир ҳарфлари учун Раббимиздан битмас-туганмас ажру мукофотлар сўраймиз.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимизни жаннатмонанд қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин, осмонимиз мусаффо бўлсин, мактаб-мадрасаларимизда илм чироғи ўчмасин, бутун олам илму ирфон нури ила мунаввар бўлсин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом—хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом—хатиби
http://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/4026
***
УСТОЗ УЛУҒ ЗОТ
Устоз ва муаллимлар ҳурмати ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлсада, бу мавзу ҳамон ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмаётган муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда ва дунё тургунча шундай давом этажак. Зеро, ўқитувчи ва муаллим тоифасининг жамият салоҳияти, келажак авлод тарбияси ва эл-юрт тинчлиги ҳамда ривожидаги ўрни беқиёсдир. Уларсиз миллат келажаги йўқ. Уларнинг беминнат ёрдамларисиз миллий юксалишни тасаввур қилиш қийин.
Муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Ахир, устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки, унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўри билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлди. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг сарҳил меваларини тақдим қилади.
Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.
Ҳурмат ибодатдан яхши, деган сўз бор. Аллоҳ муқаддас қилган нарсаларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат, аксинча, Аллоҳ наздида қадрли бўлган нарсаларга беписандлик қилиш, уларнинг ҳурматини оёқости қилиш динимиз мезонида оғир жиноят саналади. Шунинг учун ҳам айтадиларки, инсон гуноҳнинг ўзи билан куфрга тушиб қолмайди, балки, ўша гуноҳни оддий санаш, унга беписандлик ва ҳурматсизлик билан шу аҳволга тушади.
Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда бот-бот таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Аллоҳ ҳурматларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Ҳаж сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилинади: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинки, бу иш Парвардигори наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”. Мазкур суранинг 32-оятида эса: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳ билдирган шиорларни ҳурмат қилар экан, бу диллардаги тақво туфайли ҳосил бўлур”, дея марҳамат қилинади. “Аллоҳ билдирган шиорларни” дея маъно берганимиз сўз ояти каримада “шаъоируллоҳ” лафзи билан ишлатилган. Аслида бу сўзни бир лафз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъоируллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати ва улуғлиги билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва муаллимлар эса ўзларидаги илм шарафи туфайли Аллоҳ улуғлаш кераклигини билдирган ва ҳурматлашга чақирган нарсаларнинг энг бошида турадилар. Бунга далолат қилувчи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар талайгина. Убода ибн Сомит (разияллоҳу анҳу)дари ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга меҳр кўрсатмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кимса менинг умматимдан эмас” (Имом Аҳмад ривояти).
“Наводиру-л-усул” китобида ушбу муборак ҳадисга қуйидагича шарҳ берилган: “ёши кекса инсонни ҳурмат қилиш Аллоҳ жорий қилган ҳақдир. Чунки, кекса инсон узоқ муддат давомида ҳаётини ибодатда ўтказди. Кичикка раҳм қилиш Аллоҳнинг ишига мувофиқ иш қилишдир. Чунки, Аллоҳ кичикка раҳм қилиб, ундан бандалик ишларини талаб қилмади. Гуноҳ қилса, жазо тайинламади. Олимнинг ҳаққини билиш эса илмнинг ҳаққини билмоқдир. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси).
Мазкур ҳадиси шариф устозу муаллимлар каби Аллоҳ улуғ қилган ҳамда шаръан ҳам, ақлан ҳам эҳтиромга лойиқ бўлган кишиларга ҳурматсизлик қилиш нақадар ёмон иш эканлигига далолат қилади. Ўтган улуғларимиз, солиҳ салафларимиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканлигини яхши ҳис этганлар. Ва шунга кўра муомала қилганлар. Чаҳориёрлардан Али разияллоҳу анҳу: «Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Истасин, сотиб юборсин, истасин, қул қилиб олсин!», деган эканлар.
Бурҳонул-Ислом Зарнужий (раҳимаҳуллоҳ): «Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади», дейдилар. Улуғ халқимизда эса «устоз отангдан улуғ!» деган ҳикматли сўз бор.
Имом Мовардий (р.ҳ) ўзининг «адабуд-дийн вад-дунё» номли асарида кўплаб муҳаққиқ олим ва муфассирлар устоз ҳаққини ота ҳаққидан устун эканлиги ҳақидаги қарашни маъқуллаганларини зикр қилади.
Имом Саффорийний (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “муаллимни эҳтиром қилиб, улуғлаш ва унга тавозеъли бўлиш лозим. Уламоларнинг бу борадаги сўзлари жуда ҳам маълум ва машҳурдир. Ҳатто уламолардан бирлари “фаатиҳатул-китааб” номли асарда муаллимнинг ҳаққи отанинг ҳаққидан кучлироқ эканлигини очиқ-ойдин таъкидлаган. Чунки, муаллим абадий ҳаётга эришиш сабабидир. Ота эса фоний ҳаётга эришиш боиси ҳисобланади. Шундай экан киши ўз муаллимига итоат қилиши вожиб бўлиб, унинг раъйига хилоф иш тутиш ҳаромдир”.
Ҳа, киши учун устозининг фазли отасининг фазлидан устун эканлигида ҳеч қандай муболаға йўқ. Зеро, ота фарзандини юқори оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан юқорига қараб кўтарилишига хизмат қилади. Шу боис ҳам мусулмон халқи қадим-қадимдан устоз ва муаллимларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки, фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканлигини яхши англаган.
Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: «мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан», дер эди.
Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: «Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим».
Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: «Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳикоя қиладилар: «ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам».
Шу ўринда устоз ва муаллим деб кимга айтилишини билиб олишимиз фойдадан холи бўлмайди. Устоз ва муаллим деганда фақатгина махсус синф ёки аудитория ичида, ёзув тахтаси олдида туриб дарс берган одам, ёки бутун халққа машҳур бўлган ва ҳамма ҳурмат қиладиган олимгина тушунилмайди. Агар устозингиз шундай мақомда бўлмаса уни эъзозлаб ҳурмат қилишда камчиликка йўл қўйишингиз асло оқланмайди. Балки, бирор соҳада билим берган, бирор китобни ўқишингизда ёрдам берган, қайсидир тилни ўргатишда фойдаси теккан ёхуд ўзининг маслаҳатлари билан илмингиз ошишига ҳисса қўшган ҳарқандай одам сиз учун устоз мақомида бўлади ва зиммангизда динимиз томонидан бериб қўйилган унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари қарор топади. Айнан шунга ишора қилиб, Навоий ҳазратлари айтадилар:
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
Айламак бўлмас адо анинг ҳақин минг ганж ила
Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина диний билмларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний¬дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади.
Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида илмга тарғиб қилар эканлар, илмни умумий маънода ишлатганлар. Керак бўлган ўринда диний билмларни номлаб айтганлар. Ўзларининг ҳаётлари мобайнида саҳобаи киромларни, уларнинг иқтидорларига қараб, ўша даврдаги илмнинг турли соҳаларига йўналтирганлар. Шу боис, ҳар бир мусулмон банда дунёда яхши ҳаёт кечириши учун ундаги нарсаларнинг илмини ўзлаштириши, охиратда саодатга эришиши учун унга тааллуқли бўлган билимларни ўрганиши лозим.
Шу билан бирга, ҳар бир фойдали илм дунёвий ва ухровий манфаатларга эга. Унинг қайси тарафининг устун келиши эса, инсоннинг ўзига, ниятига боғлиқдир.
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. Уламолар айтадиларки, устоз ва муаллимлар фақат лаънати замон ва лаънати макондагина эҳтиром қилинмайдилар. Чунки, Набий алайҳиссалом олимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда яшашдан, шундай бир замонга ризқлари қўшилган бўлишидан Аллоҳга сиғинган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом паноҳ сўраган замон эса энг машъум ва малъун замон бўлиши шубҳасиздир. Саҳобалардан Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий (разияллоҳу анҳу) ривоят қилишига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Аллоҳ, алим (билимдон)га эргашилмайдиган, ҳалим (оқил)дан эса ҳаё қилинмайдиган бир замон устимга келиб қолмасин!”, дея олим ва муаллимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда ҳаёт кечиришдан паноҳ сўрар эдилар (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Нававий айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.
Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хаттиҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.
Имом Нававий «ал-мажмуъ»да ёзишича, қадимда ўтган улуғларимиздан бирлари ҳар сафар муаллимининг ҳузурига кетаётганда етим-есирларга садақа ва хайр-эҳсон қилар экан. Сунг, қўлларини дуога очиб: «Илоҳо, муаллимимнинг айбини мендан яширгин! Ва унинг баракасидан мени маҳрум қилмагин!», дея илтижо қилар экан.
Манбаларда муаллимларга нисбатан риоя қилиш лозим бўлган одоблар саналганда айрим диққатни тортадиган жойларига дуч келамиз: «ўқувчи агар муаллимини бир тўда инсонлар ичида учратиб қолса, жамоага салом бергач, муаллимига алоҳида салом бериб, мулозамат қилиши керак».
Бу айтилганлар муаллимга кўрсатиладиган одоб ва ҳурматлар уммонидан айрим томчилар холос. Ўйлаймизки, муаллимларга қай даражада эҳтиром билан мумалада бўлиш лозимлигини билиш учун шу нарсаларнинг ўзи кифоя қилади. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, толиби илм устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.
Алишер Султонхўжаев
http://muxlis.uz/uz/pages/ustoz-ulug-zot
***
Устоз – отангдан улуғ
· «Устоз – отангдан улуғ». Ҳали хулоса қилишга шошилманг.· Биз эркаклар, ҳаммамиз отамиз. Ота сифатида хафа бўлиш йўқ. Ҳаммамиз қайсидир маънода устозмиз. Устоз сифатида талтайиш ҳам йўқ. Аммо ҳақ гапни айтиш керак. Устоз – отангдан улуғ.· Устозларни жуда кўп кишилар улуғлайдилар. Кўп кишилар улуғлаган инсонларни улуғ деб айтиш жоиз. · Ҳар бир кишининг отаси фарзанд учун улуғлиги муқаррар. Аммо унинг улуғланиш доираси шу фарзандлар ва энг яқинлари орасида. Ҳамма улуғлайдиган устозларга нисбатан бу доира қисқа ва чегараланган. Устознинг эса улуғланиш доираси кенг. Шунинг учун у улуғдир.· Барча фарзандлар сингари Амир Темур учун ҳам отаси улуғ. Унинг қудрати отасини “Гўри Мир” мақбарага дафн қилиб пойига ўзини қўйдиришга етар эди. Аммо устозини улуғлаб, ўзини унинг пойига дафин этишлигини васият қилганлиги ҳам устознинг отадан улуғлигидан далолатдир.· Ота ўз фарзандига ўзининг бисотидаги ҳамма нарсани бериши мумкин. Аммо фарзанд у билан улуғлик даражасига кўтарила олмаслиги муқаррар. Чунки, барча отада устозлик қила оладиган касби ва қобилияти бўлмаслиги мумкин. Фарзандни тарбиялаб улуғлар сафига қўша оладиган устоздир. Бу билан ҳам устоз улуғдир.· Ота учун фарзанд унинг зурриёти, ҳаётининг давомчиси. Устоз учун эса у улуғ ишларнинг давомчиси. Фарзанд ота хизмати билан бу даражада улуғланмаслиги мумкин, аммо устоз ўргатган касб билан у улуғлар сафидан жой олади. Бу ҳам отага нисбатан устознинг улуғлигидан далолатдир.· Ота ўғри бўлса, фарзанд ҳам ота изидан бориб, ўғри бўлиши мумкин. Бундайлар жамиятда ланатланади. Агар унда иқтидор бўлса ва яхши устознинг қўлига тушиб қолса, у аллома бўлиши тайин. Бу ҳам устознинг улуғлигидан далолатдир.· Бировга бир бурда нонини топиб ейдиган касбни ўргатадиган устоз бўлишдек саодат ҳаммага ҳам насиб қилмаган.· Устоз айтди: қора кўнгилни совун билан оқартириш қийин экан. · Ота ўз фарзандини тарбиялашни жуда хоҳлайди ва бор кучи билан ҳаракат қилади. Чунки бола шу отанинг фарзанди. Аммо устоз учун шогирд ҳеч ким эмас, унинг фарзанди, ҳатто яқин қариндоши ҳам бўлмаслиги мумкин. Аммо у отадан кўпроқ, ота касбидан яхшироқ касбни ўргатади. Унинг камолоти учун устоз отадан кўп ва хайрли хизмат қилади. Шу туфайли устоз улуғдир.· Отанинг фарзандига яхшилик қилиши учун оталик ҳисси бор, устознинг эса, бировнинг фарзандини кўкларга кўтарадиган касбни ўргатиш учун жонкуярлик билан ҳаракат қилиб, ҳатто ўзини ҳам бағишлаши унинг инсонийлик фазилатидандир. Инсоний фазилати юксак одамлар улуғдир.· Ҳар қандай эркак ота, ҳар қандай аёл она бўлиши мумкин, лекин уларнинг ҳаммасига устозлик саодати насиб қилавермайди. Фақат улуғ оталар ва оналаргагина устозлик саодати насиб қилади. Шу туфайли устоз — улуғ ва буюк зотдир.· Устоз ўзидан олдинги ўтган одамлардан ибрат олиб устоз бўлганлиги учун, ўзидан кейинги шогирдлари учун ҳам ибратдир.· Ҳақиқий устоз эртага қайғуга сабаб бўладиган амалларни ўргатмайди. Устознинг мақсади ҳамиша эзгулик билан йўғрилган.· Ҳақиқий устоз – соҳили йўқ уммонга ўхшайди. Ундан чексиз хазина ва бойликларни топиш мумкин.· Устоз бўлиш учун одам энг аввало ўзини тарбиялаши лозим. Шу туфайли ҳар қандай устоз ўз ишини ўзига устозлик қилишдан бошлаши керак.· Устознинг айтганларини айтиб юришдан кўра, унга амал қилиб яшаш сенга ҳам сенинг атрофингдагиларга ҳам ката наф келтиради.· Ҳар бир инсон, аввало ўзига устоз, ўзига шогирд бўлиши лозим. Устозликни ҳис қилмаган киши устознинг қадрига етмайди.· Устозлик масъулияти жуда оғир, кўп нарсаларни кўтаришни ва айрим ҳаловатлардан ҳам воз кечишни талаб қилади.· Устоз ҳаёти — ибрат мактаби. Агар у ҳақиқий устоз бўлса.· Донишманд устозлар шогирдларига қуйидаги ўнта ҳикматларни қолдирганлар:· Қувват ва тоқатингиз етмаган ишга киришиб ўзингизга захмат ва машаққат орттирманг.· Ўзингизга ва бошқаларга манфаат етказмайдиган иш билан машғул бўлиб умрингизни зое ўтказманг. 3. Икки юзли, мунофиқларнинг сўзларига алданманг.· Умрингизни саломатлик учун фойдали машғулотлар билан тўлдиринг. Қайғу-алам бош суқадиган жой қолмасин.· Жоҳиллар олдида сўзламанг. Сиз гавҳарсиз. Тош гавҳарни осонгина синдириши мумкин.· Молу дунёнгиз ва мартабангиз билан ғурурланманг.· Зарур бўлса жонингизни фидо қилинг. Аммо номусни фидо қилманг. Номус жондан-да азиздир.· Яхшиликни унутманг. Ёмонликни эса тезда унутинг. Чунки у хотирангизда қолса, сизни емиради.· Яхши фазилатларингизни кўпайтиришга, ёмон фазилатлардан сақланишга ҳаракат қилиш учун одам ҳамиша ўзига ҳушёр бўлиши керак.· Сабирсиз бўлманг, ғам чекиб ташвишланманг. Иккаласи билан ҳам муаммонгиз ҳал бўлмайди.· Устознинг гапи билан иши бир-бирига мос келиши лозим. Шунда унинг ҳаёти ибрат мактабига айланади.· Ҳозир жуда тез ўзгарадиган замонда яшаяпмиз. Аммо устоз-шогирдликнинг мазмуни ва моҳияти мумтоз қадрият сифатида ўзгармасдан келмоқда.· Устоз – инсон маънавиятининг меъморидир.· Устоз ва шогирднинг инсоний ва касбий муносабатларини мустаҳкамлайдиган жиҳатлар:· Шогирднинг устозни зиёрат қилиб туриши.· Ўзаро муносабатлар ва суҳбатларнинг самимийлиги.· Устозда таънанинг йўқлиги.· Биргалашиб сафарларда бўлиши.· Шогирднинг самимийлигига қўшамаднинг аралашмаганлиги.· Шогирднинг ўз касбини такомиллаштириш бўйича ҳамиша маслаҳат олиб туриши.· Устознинг устунлиги унинг ўзидан кечишида.· Устоз шогирд учун осмонда. Осмонга қараб тош отилса ўзининг бошига келиб тушиши тайин.· Эзгуликни касб қилган кишиларгина устоз бўла олади. Улар учун устозлик катта эзгуликдир. Шунинг учун эзгулик устозга чексиз лаззат бахшида қилади.· Саховат соҳиби бўлмаган кишилар устоз бўла олмайди. Саховат эса улуғлик калитидир.· Шогирдларига меҳр қўймаган устоз ҳақиқий устоз бўла олмайди. Меҳирнинг қайтими меҳирдир.· Устознинг айтган аччиқ гаплари ҳам самимий бўлса, шогирд учун ширин туюлади. · Устозликни орзу қилмаган, унга интилмаган шогирд такомилдан тўхтайди. · Устоз етиштирган боғнинг мевасидан шогирдлар баҳраманд бўладилар.· Устоз қуёшга ўхшайди, шогирд эса дарахт сингари унинг беминнат нуридан баҳраманд бўлиб улғаяди, мева беради.· Шогирд етиштирмаган, бировни тарбияламаган буюк алломани ҳам устоз деб бўлмайди.· Дарахтнинг ҳосили — меваси, устознинг ҳосили — шогирдлари.· Устоз фақат яхши, самимий, саховатли ва билимдон одамлардангина етишиб чиқади. · Агар инсонда саховат ва инсоф уйғун бўлмаса, ҳамма ҳам устоз бўлишдек саодатга муяссар бўлавермайди.· Шогирдингизга яхшиликни ўргатиб яхшиликни кутасиз. Агар унга ёмонликни ўргатсангиз ўзингизга яхшилик бўлиб қайтмайди. · Билими саёз, савияси паст одамлар ҳақиқий устоз бўла олмайди. · Одамийлик одобини ўргатган устоз ҳақиқий устоздир. · Устознинг «Кўзингга қара» дегани эҳтиёт бўл, ўзингга қара деганидир. · Яхши устозга шогирд бўлишлик ҳам Оллоҳнинг иноятидир.· Комил инсон осмондан тушмайди, у ҳам устоз тарбиясини олиб шаклланади.· Яхшилик, эзгуликни ўргатиб саодатга элтувчи йўлни кўрсатадиган кишинигина устоз дейиш мумкин.· Шогирднинг муваффақияти устоз кўнглини тоғдек кўтаради. · Инсон ҳаёти гаштининг энг ширини устозликдир. · Шогирд ҳам фарзанд сингари устоз жигарининг бир парчасига айланади, юрагининг тўридан жой олади. · Устоз ўзига ва шогирдларига ўта талабчан бўлсагина кўп муваффақиятларга эришиши мумкин.· Ҳаёт муаммоларини ҳал қилишни кўп яшаган одамдан кўра кузатувчан одамлар яхши билади. Кузатувчан мушоҳадали одамлардан устоз чиқади.· Бахтга эришишни мақсад қилиб яшаётган кишига қийинчилик сезилмайди. Мақсадсиз қилинган барча ишлар қийинчилик бўлиб туюлаверади. Мақсадни аниқ белгилаб тўғри йўлга солиб юбориш учун ҳам одамга устоз керак.· Олтиннинг пробаси бор. Устознинг пробаси беўлчов.· Кўр одам ёруғлиққа интилмайди, сен ҳаётда кўзинг очиқ бўла туриб кўр бўлмагин. Кўзи очиқ кўрлар устоз кўрсатган йўлдан юра олмайди.· Устозлар айтади: бахтнинг ранги йўқ, лекин бахтсиз одамларни “бахти қаро” дейдилар. Шамолнинг ҳам ранги йўқ, лекин ёниб турган ўтни учириши мумкин. · Кулфатни ғам билан эмас, ундан қутилиш тадбирларини қўллаш билан енгиш керак. Бунда устоз маслаҳатига таянган маъқул.· Устозга муҳтож бўлмаган жараён севиш ва севилишдир.· Дунёда устознинг оқилона сўзи ва эришган улуғлиги одамлар ва шогирдлар хотирасида узоқ сақланади.· Усоз айтганидек, яхшилик ва ёмонликни, диёнат ва хиёнатни, зиё ва зулматни ҳис қилиб яшашнинг ўзи ҳам бахт.· Бахт эшигининг биттаси ёпилса, иккинчиси очилади. Аммо ҳамма эътиборни ёпилган эшикка қаратиб очилганини сезмаслигимиз мумкин. Буни ҳис қилиш йўлини устоз ўргатади.· Устоз шогирдига фақат билим, касб-ҳунар ўргатиб қолмасдан, балки биринчи галда инсонийликни ҳам ўргатиши лозим.· Устоз кўрмаган шогирдларнинг одатлари хатарли.· Устозларга таъзим қилган шогирднинг мартабаси улуғ бўлгай.· Устоз бардошли, сабр-тоқатли бўлмоғи лозим. Акс ҳолда шогирдни тарбиялашдек саодат унга насиб қилмайди. Демак устозликдан маҳрум бўлади. Бундайлар фақат болаларининг отаси бўлиб қолиши мумкин.· Дунё тилсимини очадиган калитни менга ато қилган-лиги учун Оллоҳга шукур, устозга ташаккур дейман.· Сени кимдир устоз деб атаса, билгилки, улуғликка қадам қўйибсан. Шунга муносиб бўлишни унутма.· Устоз кўрган шогирд келажакда издошларни тайёрлашни унутмаслиги керак. Шундагина устоз бошлаган мактаб ривожланади. У ҳақиқий мактабга айланади.· Яхшилик ва эзгуликни ўргатган устоз деб, ёмонликни ва ёвузликни ўргатган кишини худбин деб аташ жоиз.· Устозга садоқат билан хизмат қилганнинг бағри бутун бўлади. · Устоз рози бўлса, дунё розилигидир. · Устоз меҳнатга ўргатса чўчиманг. Сиз мақсадли ва самарали меҳнат қилишни ўрганган бўлсангиз, билингки Сиз муҳтожликдан қутилгансиз.· Дунёда энг қийин ишлардан бири — сир сақлашни ўргатган устозга тасаннолар айтиш керак.· Сендаги кўп яхши фазилатлар ота-онангдан ва устозингдан ўтган. Сен ҳам яхши фазилатларинг билан уларга “ота-онасига, устозига раҳмат”, деган мукофотларни инъом қилгин.· Одам ишлаганда оладиган маошининг миқдорини ўйлайди, устоз — шогирдининг камоли ва тақдирини.· Устоз шогирдини севади, агар у устоз ўгитларига ҳақиқий ва чинакам амал қилса.· Устоз билан шогирдлик ўртасида беғаразлик ва самимийлик бўлса, у дўстликка айланади ва бу жуда катта муваффақиятлар келтириши мумкин.· Устоз ғояси – бу катта капитал. Унинг фойдасидан иқтидорли шогирдлар манфаатдор бўлади.· Устоз ўлмас ғояларни яратса, ўзидан кейин ҳам ғоялари ўлмайди.· Устоз — ғояларнинг эгаси. Устознинг эгаси, унинг шогирдлари. Дунёда ягона ўлмайдиган нарса – устоз яратган ғоялардир.· Устознинг улуғлиги — унда ҳамиша ғоялар пайдо бўлаверишида, шогирднинг улуғлиги, уни ўзлаштира олиш имкониятининг мавжудлигида.· Устознинг машҳурлиги – вақтинча, омади – тасоддиф, мувоффақиятлари — мўрт бўлиши мумкин, агар унинг ўлмас ғояларини давом эттирадиган садоқатли шогирдлари бўлмаса.· Устоз бўлишдек саодатга эришиш учун кўп мураккаб йўлларни босиб ўтиши, анча тўсиқларни ортта қолдирган бўлиши лозим.· Ҳақиқий устоз бўлишдан олдин катта ҳарф билан ёзиладиган ИНСОН бўлишни талаб қилади.· Устоз ҳамма соҳада юксак чўққига ўхшаши керак. Шундагина унга ҳамма интилиб яшайди.· Ҳақиқий устозни шогирдлари бошига кўтариши мумкин. Лекин устозликка давогарлар ўзларини пастга урмаслиги лозим.
М.Қ.Пардаев,
СамИСИ «Менежмент ва статистика» кафедраси мудири, и.ф.д., профессор
http://fikr.uz/blog/samies/10954.html
***
Анжуманда она тилимиз сабоғи
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 28 йиллигига бағишлаб анжуман ташкил этилди.
Тадбир қизиқарли ва танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Бунга таниқли адабиётшунос Омонулла Мадаевнинг тилимиз имкониятлари, бугунги кундаги ҳолати, тил ва адабиётдан ёшларга сабоқ беришда эътибор бериш лозим бўлган масалалар борасидаги қимматли фикр-мулоҳозалари, Шукур Қурбон ва Адиба Умированинг боболардан мерос миллий қадриятлар, она тилимизни мадҳ этувчи шеърлари ҳисса қўшди.
– Халқда «Устоз отангдан улуғ», «Меҳмон отангдан улуғ» деган мақоллар бор. Кейинги вақтларда бу мақолларни «Устоз отангдай улуғ», «Меҳмон отангдай улуғ» деб айтиш урф бўлди, – деди О.Мадаев. – Мақол халқ ижоди. Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз бўлмайди. Меҳмон отангдан улуғ деб муболаға воситасида, аввало, отани азизлаймиз. Нега мен шу мисолни келтирдим?! Гап шундаки бугун одамларда тафаккур кучи ортган сари, тасаввур кучи камайиб бормоқда. Тасаввур эса инсонга завқ-шавқ беради. Шундай экан, миллатимиз аскияни, дўстона ҳазилни, сўз латофатини англамай қолмасин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз асарларида 28 мингдан ортиқ сўз ишлатган экан. Таққослаш учун – рус шоири Пушкин ўз ижодида 25 мингта, инглиз адиби Шекспир 22 мингта, испан ёзувчиси Сервантес эса 18 мингта сўзга мурожаат қилган.
Бугун ана шундай бой тилда миллионлаб инсонлар сўзлашади. Она тилимизда миллий классик адабиётимизга мансуб улкан миқдорда асарлар яратилган. Истиқлол йилларида она тилимизга бўлган эътибор кучайди. Унга давлат тили мақоми берилиб, ўзбек тилининг тараққиёти учун изчил амалий ишлар олиб борилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил қилинди.
Аммо кейинги пайтларда миллий тилимиз софлиги, ривожига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Тилимиз имкониятларидан етарлича фойдаланмаяпмиз. Сўзни маъно жиҳатидан нотўғри қўллаш, шевага хос талаффуз, урғу қоидаларига риоя этмаслик, матнда имло хатоларига йўл қўйиш кўпайган.
– Бундай ҳолатга қарши курашиш фақат тилшунос олимлар эмас, балки ҳар биримизнинг, она тили ва адабиёти ўқитувчиларининг эса икки карра бурчидир, – дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методисти Гулчеҳра Маманбоева.
Анжуман қатнашчилари она тилимизни асраб-авайлаш, уни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Абдусаид Норов (1971)
Норов Абдусаид Муродович, 1971 йил 2 февралда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Қорабайир қишлоғида туғилган.
1989-94 йиллар Бухоро Давлат университети физика-математика факултетида таҳсил олган.
1994 йилдан бери Қарши Давлат университети физика-математика факултетининг “Амалий математика ва информатика” кафедрасида ўқитувчи, 2006 йилдан шу кафедранинг катта ўқитувчиси лавозимида ишлаб келмоқда.
2006 йилда “Таважжуҳ” номли шеърий тўплами чоп этилган. Ушбу шеърлар мазкур тўпламдан олинган.
СЎЗ СEҲРИ
Шоир ёзди сарфлаб умрин ярмини,
Элакдан ўтказиб ҳар бир сатрини.
Кимдир ўқиб кўрмай отди ғижимлаб,
Гўё ерга топтаб шоир қадрини.
Шоир ёзди сарфлаб умрин ярмини,
Элакдан ўтказиб ҳар бир сатрини.
Кимдир ўқиб, йиғлаб кўзига суртди,
Гўё топганидек сўзда қадрини.
УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУҒ
Умр йўли узун нақадар,
Кўп довон бор, соғ-у сўлларда.
Фарзандини етаклаб падар,
Қолиб кетар ярим йўлларда.
Йўлнинг қолган қисмидан балким,
Устоз элтар манзилга тўлуғ.
Шу сабабдан бўлса керакким,
Дерлар: Устоз отангдан улуғ.
https://ziyouz.uz/ozbek-sheriyati/ozbek-zamonaviy-sheriyati/abdusaid-norov/
Сўнгги фикрлар