Эзгуликнинг қалблардаги акс-садоси

Мамлакатимизда муборак Рамазон ҳайити кенг нишонланмоқда

Эзгуликнинг қалблардаги акс-садоси

Субҳи содиқ мазмуни ва шукуҳи, саҳарга пешвоз чиқиш бахти ва завқини фақат тинчлик ҳукм сураётган заминда аҳил-иноқ ва келажакка ишонч билан яшаётган одамларгина англаши мумкин. Шу маънода, ҳайит ибодатини, муқаддас ислом динимиз арконларига мувофиқ, тонг маҳали адо этишда улуғ ҳикмат мужассам.

Истиқлол маънавий ҳаётимиздаги олижаноб фазилатларни, шукроналик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлашда катта имкониятлар берди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорати билан халқимизнинг Рамазон, Қурбон ҳайити каби маросимларни катта байрам сифатида нишонлаши, фазилатли кунлар шарофатидан баҳраманд бўлишига кенг йўл очилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 20 июндаги «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу йил ҳам ушбу улуғ айём мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда. 26 июнь куни юртимиздаги барча жомеъ масжидларида мўмин-мусулмонлар ҳайит намозларини эмин-эркин адо этди. Дуога очилган қўлларда, дилларда ягона тилак: Парвардигорнинг ўзи тинч-осойишта Ватанимизни ёмон кўзлардан асрасин, эркин ва фаровон келажак қураётган мард ва олижаноб халқимизга мададкор бўлсин, фарзандларимизни илмли, имонли қилсин, хонадонларимиздан файз-барака аримасин, тўкин-сочинлик ва фаровонлик бардавом бўлсин…

Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди. Ҳайит намози маърузасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқи мазмун-моҳиятини ҳар бир юртдошимиз чуқур ўрганиши, айниқса, жамиятимизда соғлом муҳитни янада мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш борасида билдирган фикрлари ҳар бир юртдошимиз учун ҳаётий аъмолга, эзгу вазифага айланиши шартлиги таъкидланди.

7.jpg
Рамазон ҳайити арафасида – шу йил 23 июнда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганини олим-уламоларимиз, зиёлилар, халқимиз катта хурсандчилик билан қарши олди. Президентимиз ғояси билан “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида ташкил этилган мазкур марказ Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ёндош ҳудудда барпо этилади.

Марказда мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилиб, амалга оширилади. Бунда ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирлар ўтказилади. Марказда Ватанимиздан етишиб чиққан буюк олимлар, аллома ва мутафаккирлар, жаҳон маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган улуғ шоир ва адиблар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотлар мужассам бўлади. Мажмуада нодир экспонатларга бой музей ва кутубхона қад ростлайди, кенг кўламда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади.

– Давлатимиз раҳбари инсоният бошига келган энг катта ташвишлардан бири – терроризм ва экстремизмга, жаҳолатга қарши маърифат билан онгли кураш олиб боришда янги босқични бошлаб берди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. – Юртимизнинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганишга киришилаётгани ниҳоятда эзгу қадамдир. Бу йилги Рамазон ойида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида буюк аждодимиз, улуғ муҳаддис Имом Термизий мақбараси таъмирланиб, янги масжид бунёд этилди, Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказига асос солинди. Шунингдек, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Муъийн Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Шукрлар бўлсинки, она заминимиз Яратганнинг раҳмати ёғилган мўътабар замин, азиз-авлиёлар хоки қўним топган юртдир. Аллоҳ таоло шу мўътабар диёрга ўзининг азиз неъмати – тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Эндиги вазифамиз ана шу улуғ неъматларга шукрона келтириб, уларнинг янада зиёда бўлиши учун ҳамжиҳатликда ҳаракатлар қилишдан иборат.

Рамазоннинг эзгу удумларидан бири – ўтганларни хотирлаш, ифторликлар ташкил этиш. Бу йил халқимизнинг улуғ фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлаб юртимизнинг барча вилоятида ифторлик маросимлари ташкил этилди.

Рамазон хайру эҳсон ойидир. Бунда садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп, ажри улуғ. Шу боис мамлакатимиздаги барча маҳаллада ушбу хайру саховат, меҳр-оқибат, шукроналик айёмини байрамона кайфиятда кутиб олиш ва ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилди. Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Маҳаллаларда ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

…Ҳайит намозини адо этган юртдошларимиз бир-бирларини байрам билан қутлаб, оила аъзоларига ширинликлар ва совғалар олиб, хонадонига шошилмоқда. Хонадонларда тонг саҳардан ён-атроф саранжом-саришта қилинган, тўкин дастурхон тузалган. Ҳайит баҳона қай бир кекса, етим-есир ё беморнинг ҳолидан хабар олинганда, унинг чеҳрасида жилва қиладиган табассум, таниш ёки нотаниш бўлсин, салом билан улашилган эзгу тилакларнинг дилдан тилга, сўздан амалга кўчиши, қўни-қўшнилар орасидаги жипслик ва меҳр-оқибат тимсоли бўлган ҳамсоятовоқ удуми – буларнинг барча-барчаси эзгуликнинг қалблардаги акс-садоси, бани башар яралгани бери интиладиган бахт-саодат манзилининг жуда оддий ва гўзал ифодасидир. Зотан, ҳар қандай шароитда ўз қиёфасини йўқотмай, сабр ва шукр билан йўл босган, ҳар қадамда ботинан янгиланиб, яшариб ва покланиб яшашга интиладиган инсонларнинг тадбири тақдирга мос келаверади.

Умид Ёқубов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *