Экстремизм ва терроризм – ҳаёт кушандаси
Осойишта ҳаётнинг қадрини билмаганлар бузғунчиликни “касб” қилиб олишга
ҳаракат қиладилар. Ана шундай бузғунчиликнинг турфа кўринишлари экстремизм ва терроризм мисолида намоён бўлаётир. Бу мудҳиш ҳодислар бутун дунёда тинч ва осойишта ҳаётга, хавфсизликка рахна солмоқда. Бунинг оқибатлари нималарга олиб келиши мумкинлигини қанча нотинч давлатлар мисолида кўриб турибмиз. Зеро, экстремизм ва терроризм ҳар қандай жамиятни вайрон этади, тинчлик ва осойишталикка путур етказади, инсон ҳуқуқларини поймол қилади. Юрт тинчлиги ва эл осойишталиги учун курашда энг муҳим устувор вазифалардан бири – ана шу офатга қарши собитқадамлик билан курашдир.
Тинчлик ҳукмрон бўлган жамиятда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни кўриш мумкин. Халқ фаровонлиги учун тинчлик ва барқарорлик зарур. Тинчлик – олий неъмат, деган фикр бежиз айтилмаган. Мамлакатимизда экстремизм ҳамда терроризмга қарши кураш бўйича муносиб ва самарали қарорлар қабул қилинган. Уларнинг ижросини таъминлаш ҳар бир онгли фуқаронинг муқаддас бурчига айланмоғи зарур. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев форум қатнашчилари ҳамда дунё жамоатчилигини хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш, бу соҳадаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу фикрлар замирида улкан маъно бор. Глобаллашган дунёда ҳар бир ютуқ ҳам, муаммо ҳам умумхалқ, умумжаҳонга бирдек тааллуқли бўлиб қолаётганини тўғри англамоқ зарур. Давлатимиз раҳбари халқаро террорчилик ва экстремизм асосида, бошқа омиллар билан бир қаторда, жоҳиллик ҳамда тоқатсизлик ҳам ётганини БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг юксак минбаридан туриб алоҳида айтиб ўтди. Шу боис инсонлар онги учун кураш асосий вазифадир. Биринчи навбатда, ёшлар тафаккурини эгаллаб олиш талаб қилинади. Чунки экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. БМТга аъзо мамлакатлар вакиллари Ўзбекистоннинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш, Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Экстремизм ҳамда терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши кураш долзарб вазифа. Ёш авлодни бузғунчи ғоялардан қатъий ҳимоя қилиш асосий бурчимиз ҳисобланади. Тошкент шаҳар аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий мавзудаги суҳбат ёки маънавий-маърифий тадбирларда бу масалага алоҳида эътибор қаратилади. Шояд, олис ўлкаларга парвозга шайланаётган юртдошларимиз ҳар қадамда сергак бўлсинлар. Ўзга юртларда кимларнингдир таъсирига тушиб қолмасинлар, тўғри йўлдан адашмасинлар. Нур борки, соя бор, деганларидек, юртдошларимиз дунёнинг қай бурчига парвоз қилмасинлар, нурли қадамларига асло соя солинмасин. Бунинг учун ҳар бир фуқаро наинки мамлакатимиз қонунларини мукаммал билишлари, шу билан бир қаторда халқаро умумбашарий ҳужжатлардан ҳам бохабар бўлишлари мақсадга мувофиқдир.
Жамолиддин НАЖИМОВ,
Тошкент шаҳар аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси тергов бўлими терговчиси, капитан
Сўнгги фикрлар