Элимизни саратондан сақлаш йўлларида

Соғлиқ – туман бойлик, деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган.

Тўрт мучангиз соғ-саломат юришга не етсин. Афсуски, баъзи инсонлар ҳаётида давомида турли хасталиклар, касалликларга дуч келиши ҳам ҳаётнинг ёзилмаган “қонун”ларидан бирига айланиб қолганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Дардини берган худо шифосини ҳам беради, деган халқона ҳикмат замирида улкан мужассам. Неки касалликларга дучор бўлмасин инсонларни шу дарду балосидан асраш учун тиббиёт ходимлари уззу кун курашадилар.

1 (2)

Сўнгги йилларда дунё бўйлаб кенг тарқалган касалликлардан бири – саратон (рак) балосидир. Бу касалликка қарши мутахассислар муттасил изланишлар олиб боришмоқда ва албатта, муайян ютуқларга ҳам эришилмоқда. Бу дарддан ортиқча сесканиш, қўрқиш, тушкунликка тушишга ҳожат йўқ. Қуйида турли манбалардан олиниб, эътиборингизга ҳавола этилаётган айрим мақолаларни эътиборингизга ҳавола этар эканмиз, уни қунт билан мутолаа қилганлар ҳарқалай дардларига шифо топса ажабмас. Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази шифокорлари, мутахассислар беморларни юксак тиббий талаблар асосида даволаш билан бир қаторда бу касалликка қарши айрим фойдали маслаҳатларни бериб боришни мақсадга мувофиқ деб биладилар.

Юртимиз мустақилликка эришганидан буён қанча тараққий этган давлатлардан энг замонавий жиҳозлар келтирилди, шифокорларимизнинг малакалари шунга яраша қанчалик ошди! Бугунги замонавий тиббиётимизга умид билан қараб яшашга интилиш ва яна интилавериш лозим!

Мутахассислар фикрича, саратон ер юзида тарқалган касалликлар ичида 2-ўринни эгаллаб турибди. Бу хавфли ва кўпинча ўлимга олиб келадиган дард. Ҳозиргача ҳам қийинчилик билан даволанади, охирги босқичларида эса умуман давосиз. Бу дард ҳақида ҳамма билиши керак бўлган фактлар ҳақида изланишлар олиб бораётган мутхассислар қайд этишларича, саратон касалликлари олиб келган ўлимларни деярли ярмини олдини олиш мумкин. Саратон ҳақида гапирилганда аслида хафвли ўсмаларнинг биттагина тури – картсинома назарда тутилади. Тиббиётнинг бутун бир соҳаси онкология бу касалликларни ўрганади.

Саратон ва генетика ҳақида гапирганда фақат 5 фоиз саратон касалликлари ирсий алоқага эга, яъни, авлоддан-авлодга ўтиши мумкин, деган хулосалар бор. Шунинг учун ҳам кимдир саратон кўпинча ирсий табиатга эга бўлади, деса ишонманг. Агар аждодларингизда саратон бўлган бўлса бу сизда ҳам ўсма пайдо бўлади, дегани эмас.

Мутахассислар фикрича, 90 фоиз ҳолатда ўпка саратони сабабчиси чекиш бўлиб чиқади. Тўғри, чекмайдиган одамлар ҳам касалланиши мумкин, фақат чекувчиларга нисбатан анча кам эҳтимол билан. Чекишни ташлаганига 10 йиллар бўлган бўлса ҳам, дард 55-60 ёшли инсонларга кўпинча ёшлик хатоларини эслатиб қўйгандек, хуруж бошланиши мумкин… Демак, чекиш – умр заволи, деган ҳикмат бу касалликка ҳам дахлдор.

Баъзи ижтимоий тармоқларда инсон уйқусиз узоқ яшай олмаслиги ҳақида мутахассислар фикрини таҳлил қилиб ёритмоқда. Бу исботини топган ҳол. Тунги уйқу 6 соатдан кам бўлса уйқусизлик деб аталади. Соғлом уйқу касалликни олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Уйқусизлик тўғри ичак саратони билан касалланиш эҳтимолини анчагина оширади. Ундан ташқари изланишлар кўрсатишича тунги навбатчиликда ишлаётган одамларда саратон билан оғриш даражаси юқорироқ бўлар экан.

Илгари болалар саратон билан жуда камдан кам касалланар эди. АҚШлик мутахассислар фикрича, ҳар куни ўнлаб болаларга ўсма ташхиси қўйилмоқда. Бу ҳол бизнинг мамлакатимзда ҳам кузатилмоқда. Бунга сабаб экологик ўзгаришлар, деб ҳисоблайдиган мутахассислар фикрича, айрим болалар она қорнидаёқ пестидсидлар ва озиқ-овқат таркибидаги консервантлар, қўшимчалар билан заҳарланиб келмоқда.

Буни қарангки, айнан ривожланган давлатларда саратон кўпроқ тарқалган экан. Бунга сабаб шаҳарлар аҳолисининг ҳаёт тарзи ва экологик бузулишлардир. Бугунга келиб саратон йилига сил ва ОИТС дан ҳам кўпроқ инсон ўлимига сабабчи бўлмоқда. Дунёдаги ҳар 8 та ўлимдан биттаси саратон ҳақида эслашга мажбур қилмоқда. Демак, бу касалга чалинишдан илгари унинг олдини олиш ҳақида кўпроқ бош қотиришга, илмий изланишга тўғри келмоқда.

Шуни айтиш жоизки, саратон узоқ муддат белгиларсиз ривожланиши мумкин бўлган касалликлар тоифасига киради. Ўпка, тухумдон, тўғри ичак саратонлари узоқ муддатгача ҳеч қандай симптомларсиз кечиши мумкин. Касаллик аниқланганда эса кеч бўлган бўлади. Шунинг учун шифокоралар 50 ёшдан ўтганда доимий равишда кўрикдан ўтиб туришни тавсия этади.

Мутахассислар фикрича, эмизикли аёлларда кўкрак бези саратонига учраш хавфи камроқ кузатилмоқда. Доимий сут билан эмизиш аёлларда гормонал ўзгаришларга тўсқинлик қилиб саратон олдини олади. Ҳозирги кунда кўкрак бези саратонини аёллар орасида кенг тарқалиш энг асосий сабаблари қуйидагича экан: “Кўкрак билан эмизишдан бош тортиш”, “Кеч фарзандли бўлиш ва камфарзандли ҳолатлар». Албатта бу айрим мутахассисларнинг хулосаларидир. Бу борада ҳали кўп илмий изланишлар натижаси ўрганилади.

 

Нодир РАҲИМОВ,

республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази Онкоурология бўлими етакчи илмий ходими,

тиббиёт фанлари доктори.

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Зокирова Мадина:

    Албатта кўрикдан ўтиб барча ўз соғлиғи учун тўгри ва керакли ишни қилган бўлади.
    Касаликка қараҳи берилган Маслаҳатлар фойдали бўлади деб ўйлаймиз Ташаккур Домла

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *