Ўзбек ва олмон китобхонларига туҳфалар

Таржимашунослик мактаби

 хф4

Бадиий таржима муаммолари таржимашунослик ва адабиётшуносликда санъатнинг махсус тури сифатида кенг ўрганилмоқда. Бадиий таржима техник таржимага қарама-қарши қўйилади ва у ўзига хос ҳусусиятларга эга. Биринчидан, бадиий таржима эркин амалга оширилади. Иккинчидан, бадиий адабиёт таржимасида кўпроқ таржима қилиш мураккаб бўлган бирликлар таржимасига эътибор беришга тўғри келади. Учинчидан эса, бадиий таржима кўпроқ таржимоннинг ўзига ва унинг маҳоратига боғлиқлиги билан асосланади.

Таржима – халқ маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Мана бугунги кунга келиб Ўзбекистонда Ғайбулла Саломов таржимашунослик мактаби ҳам шаклланди. Устознинг бу мактабини таржима назарияси ва амалиёти соҳасида фидойи инсонлар, таржимашунос олимлар ҳамда таниқли мутаржимлар давом эттириб келмоқдалар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, таржима билан шуғулланиш учун ҳар бир инсонда иқтидор бўлишидан ташқари соф ният ва соф виждон ҳам бўлиши керак.

Бадиий асарларни чет тилларидан ўзбек тилига ва аксинча таржима тўғрисида сўз юритар эканмиз, ҳаётда гуманитар фанларнинг аҳамияти ошиб бораётганлиги сабабли, ҳозирги пайтда ёшларнинг чет тилларини ўрганишга қизиқиши ва эьтибори ортиб бормоқда. Ўзбекистонда таржимашуносликни ниҳоятда тез муваффиқиятлар билан ривожланиб бораётганлигини таъкидлаш лозим. Айни пайтда немис тилидан ўзбек тилига ва аксинча ўзбек тилидан немис тилига бевосита ўгирилаётган бадиий асарларнинг таржимаси салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жуда кўп таржимонлар немис тилидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан немис тилига бевосита таржима масалалари устида тинмай меҳнат қилдилар ва қилмоқдалар. Буларни номма-ном санаб ўтиш мумкин: Янглиш Эгамова, Пошо Али Усмон, Садриддин Салим, Йўлдош Парда, Хуррам Раҳимов, Мирзаали Акбаров, Шухратхон Имяминова ва ёш  таржимонлар Ҳафиза Қўчқорова, Ойбек Остонов ва бошқаларни фахр билан номларини келтириш мумкин.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда таржимашуносликнинг назарий ва амалий жиҳатларига алоҳида аҳамият берилаётганлиги ва бунга давлат миқёсида эътибор берилаётганлиги муҳимдир. Таржимашуносликнинг назарий ва амалий жиҳатларини ривожлантиришда Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факультети немис филология кафедрасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Узоқ йиллардан буён немис филология кафедрасида “Ёш таржимон” тўгараги фаолият кўрсатиб келмоқда. Тўгаракка филология фанлари номзоди, доцент Шуҳратой Имяминова асос солган бўлиб, бугунги кунда ҳам бу тўгарак фаол фаолият олиб бормоқда. Тўгаракнинг собиқ  аъзоларидан Моҳигул Баҳодирова ҳозирда Германиянинг Грайфсвалд шаҳрида адабиётшунослик мутахассислиги бўйича магистратурада таҳсил олмоқда ва шу кунгача у 3 та таржима китобини чоп эттирган.

Фурқат Соатов эса Германия адабий коллоквиуми томонидан ташкил этилган халқаро бадиий таржимонлар конференциясида муваффақиятли иштирок этди ва бир неча марта шу соҳа бўйича халқаро грантлар совриндори бўлди.

Моҳинур Қаюмова шеърлар таржимаси билан шуғулланади ва ҳозирда Олий журналистика йўналиши бўйича ўз билимларини ошириш мақсадида таҳсил олмоқда. Дурдона Саидова, Умида Эшонқулова, Гулшанбону Эргашева, Дилноза Юлдашевалар ўзбек халқ эртакларидан намуналарни ўзбек тилидан немис тилига таржима қилган.

“Ёш таржимон” тўгарагининг бугунги аъзоларидан Зоҳиржон Акрамхонов 2012 йилда “Ўзбек халқ эртаклари” ни таржима қилиб китоб тарзида чоп эттирган ва ҳозирда тўгаракда фаол аъзоси ҳисобланади.

Тўгарак аъзоси Озода Каримова эса 2016 йил февраль ойида Тошкентдаги Гёте институти томонидан ташкил қилинган бадиий таржима конкурсида Рафиқ Шамининг “Эрини чайқов бозорида пуллаган аёл” номли ҳикоя таржимаси учун учинчи ўринни эгаллади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда немис тилидан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан немис тилига таржима қилинган бадиий асарлар сони, салмоғи, сифати ортиб борар экан, бизнинг бирдан бир мақсадимиз ана шундай шарафли ишни бажарувчи мутахассислар тайёрлаб, таржима асарлар сонини бундан ҳам оширишга эришишдан иборатдир.

Ушбу таржималар тўпламидан олмон насридан ва шеъриятидан ҳамда ўзбек шеъриятидан таржималар намуналари ўрин олган. Уларни немис филология кафедраси ўқитувчи ва талабалари амалга оширганлар. Бу китоб уларнинг жонажон мамлакатимиз Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб совғасидир.

 ирода

Ирода Жўраева,

ЎзМУ Хорижий филология факультети декани,

филология фанлари нозоди, доцент

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *