“Ёшлик”да Наврўзнинг гашти ўзгача

Ёшликнинг гашти ўзгача, “Ёшлик” шаҳарчасида ўтказиладиган Наврўзнинг файзи ҳам шунга яраша бўлади.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кексалик гаштини сураётган минг-минглаб зиёли нуронийлардан тортиб турли ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатишаётган турли касб эгалари – собиқ талабалар Тошкентдаги “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасини ажиб хаёллар оғушида энтикиб эслайдилар. Ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида турли даврларда таҳсил олганлар учун “олтин давр” айнан мана шу гўшада ўтганини, ўшал дамлар ҳаёт мазмунига айланганини асло унутмайдилар.

Гапни катта авлод вакиллари хотираларидан бошлашимиз боиси шундаки, бугун талабалик гаштини сураётган йигит-қизларимиз ҳам ҳадемай дипломини олиб, меҳнат жамоалари сари йўл оладилар, енг шимариб ишга киришадилар, оила қурадилар, шу тариқа ҳаётда муносиб ўрнини, бахтини топадилар!

Ва, албатта, қадрдон гўшасига айланган – “Ёшлик” шаҳарчасини соғиниб, энтикиб эслайдилар!

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари биз ҳам мана шу шаҳарчада талабалик гаштини сурганмиз. У даврда Наврўз – республика миқёсида нишонланмас эди. Бу байрамни билган зиёлиларгина тор доираларда ўйин-кулгилар уюштирган бўлардилар. 1986 йилга келиб республика раҳбарияти шуни ҳам кўп кўришган, уни “диний байрам” сифатида таъқиқлашган…

Республикамизда адолдат тантана қила бошлаган 1990 йилдан эътиборан Наврўз – умумхалқ, умуммиллий байрамлар қатори кенг нишоналанадиган бўлди.

Шундан буён ҳар йили Наврўз чинакам халқимиз орзуларининг ифодасига айланган байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Жамиятимиз тараққиётига монанд Наврўз байрами ҳам ҳаётимизга ўзгача файз киритмоқда. Бу йил ҳам “Ёшлик” шаҳарчасидаги ҳар бир Талабалар турар-жойида байрамга пухта ҳозирлик кўрилди. Байрамдан бир кун илгари дошқозонларда сумалак пиширишга киришилди.

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11

Битар ишнинг бошига ботир келар қошига, дейилганидек, сўнгги йилларда нафақат Наврўз, шу билан бир қаторда бошқа тадбирларга ҳам ҳозирлик кўриш ва юксак савияда ўтказиш каби ташкилий ишларда ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими масъул ходимларининг хизматларини барча бирдек эътироф этмоқда. Шу билан бир қаторда ҳар бир факультет декани, ўринбосарлари, масъул ходимлари ва фаол талабалар ҳам шижоат билан ишлаганлари эътиборга моликдир.

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса буткул, деган сатрларга монанд манзарани бу кун айнан “Ёшлик” шаҳарчасида кўриш мумкин. Агар тепадан разм солинса, Наврўзнинг бутун файзу-таровати шу гўшага жам бўлгандек.

Талабалар турар-жойлари теварак-атрофлари чинакам Наврўз сайлига ҳозир-у нозир бўлди. Дошқозонларга солинган буғдой шарбатини қўлма-қўл қўзғаш бошланди. Ўчоқ бошида тажрибали онахон устозлар турдилар, ўланлар айтилди. Йигит-қизлар қўлма-қўл кафгир айлантиришгач, шўх-шодон яллаларга рақсга тушдилар. Тонгга яқин сумалак ҳам тайёр бўлди.

Ҳар бир факультет ижодкор талабалари томонидан тайёрланган деворий газеталарда олам-олам маъно мужассам.

Эрта тонгдан оҳанграбо куй-қўшиқлар садолари остида бошланган Наврўз сайли барчага олам-олам завқ бағишлади. Шу тариқа “Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида байрам сайллари ўтказилди.

Наврўз сайлига баҳорий таом – сумалак солиш билан старт берилди. Анъанага мувофиқ сумалакка университет фахрий устозлари, оқсоқол педагоглар оқ фотиҳа бердилар.

“Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида бошланган байрам тантаналари очилиш маросимида университет ректори Иномжон Мажидов ва Олмазор тумани ҳокими ўринбосари – “Ёшлик” шаҳарчаси ҳокими Зиёдулло Файзулло ўғли Саъдуллаевнинг табриги профессор-ўқитувчилар, талабалар ва меҳмонларга кўтаринки руҳ бахшида этди.

Байрам сайлида ҳар бир факультет талабаларининг 12 та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Марказий Осиё ҳалқларининг урф-одатлари, миллий либослари, қадриятлари ҳамда баҳорий кайфият улашувчи деворий газеталари, шунингдек қуй-қўшиқлари садолари остида саҳна кўринишлари барчага завқ улашди.

Байрам тадбирида талабалар 3 та шарт бўйича, яъни талабалар турар жойлари ҳудудида факультетларга тақсимланган вилоятларнинг урф-одатлари ва анъаналари намойиши, “Моҳир ошпазлар” ва “Юртимизда Наврўз!» мавзусидаги деворий газеталар танлови бўйича ўзаро беллашдилар.

Эпчил, чаққон ва зукко талабаларнинг кураш, арқон тортиш, шахмат ва шашка мусобақаларини ҳаяжон ила кузатганлар, уларга ҳамиша ғолиблик шоҳсупасида бўлишларини тилаб қолдилар.

Миллий байрамлар-у маънавий-маърифий тадбирларда келин салом маросими бугунги сайқал топаётган тўйларимизга пайваста эканлиги кўпчиликка манзур бўлди.

Иқтидорли талабаларнинг рассомчилик санъатини кўриб, дилинг яйрайди.

Арқон тортиш беллашувларини ҳаяжонсиз кузатиб бўлмайди.

– Наврўз байрами ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва роли ғоят улкандир,– дейди Журналистика факультети Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири, профессор Ҳамидулла Болтабоев.– Унинг замирида халқимиз тарихи, фалсафаси, қадриятлари ўз ифодасини топган. Наврўзда – тун билан кун тенг келади. Бобокалонларимиз, айнан мана шу куни самовий жисмлар ҳаракатида улкан бурилиш ясалади, табиатда жонланиш юз беради деб, уқтириб келишган. Замонавий илм-фан бу қарашлар, бу ҳаётий билим мукаммал даражадаги аниқликка эга эканлигидан ҳамон ҳайратга тушмоқда. Қадимда Наврўз кенг дала қирлар, тоғлар, боғлар қўйнида бутун элу улус билан биргаликда нишонланган. Буган ана шу қадриятга айланган анъаналарни ўзимизнинг “Ёшлик” шаҳарчасида кўриб, унинг жозибаси ва тароватини ҳис этиб турибмиз. Наврўз ҳақида тарихий, адабий манбалар кўп.

– Маҳмуд Қошғарий, Беруний, Умар Хайём, Алишер Навоий каби алломаларимизнинг асарларида ва бошқа манбаларда Наврўз байрами, у билан боғлиқ урф-одатлар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган,– дейди Журналистика факультети доценти, тарих фанлари номзоди Шавкат Миралимов.– Абу Райҳон Беруний ўзининг «Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар» деб номланган асарида бу байрамнинг тарихи ҳақида фикр юритади. Йил фасллари алмашинуви, тақвим ва ҳисоблари авлоддан-авлодга турли мақол, матал, топишмоқ, нақл ва афсоналар шаклида мерос бўлиб ўтади. Буларнинг барчаси талабаларимиз учун катта сабоқдир.

Байрам дастуридан ўрин олган “Юртимизда Наврўз!”, “Доимо эъзоздасиз, муқаддас аёллар!” мавзуига бағишланган деворий газеталар, “Моҳир ошпазлар”, “Баҳорий гуллар”, “Сумалак сайли” кўрик-танловлари барчани мафтун этди.

Сўзимизни азиз нуронийлар ва катта авлод вакилларининг “олтин даври” ўтган “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасини соғиниб яшашлари ҳақидаги мухтасар фикрларимиз билан бошлаган эдик.

Хулоса ўрнидаги сўзимиз шулки, бугунги талабаларимиз ҳам ҳадемай –ҳаётда муносиб ўрниларини топганларида, кексалик боғларига етганларида бу кунларни энтикиб эслайдилар.

Фақат, бу бахтиёр ёшларнинг “олтин даври” ота-оналари ва устозлари кўрган кунлардан минг карра аъло, сермазмун ва жаннатмонанддир.

 

Маҳлиё МИРСОАТОВА,

Журналистика факультети декани,

Тўлқин ЭШБЕК,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *