«Ўзбекистон журналистикаси энциклопедияси» нашрга тайёрланмоқда
Она тилимизда журналистикага оид ҳамда дахлдор қанча сўз ва атама бор?
Фаолияти айнан журналистика билан боғлиқ бўлган қанча давлат ва жамоат арбоблари, атоқли олимлар, шоир-у ёзувчилар бор?
Айтайлик, республикамиз тарихида ёрқин из қолдирган атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов фаолияти кўп йиллар газеталар таҳририятларида ўтган, бундан ташқари умри бўйи қўлидан қалами тушмай қанчадан-қанча публицистик асарлар ёзган. Буюк адиб Абдулла Қодирийдан тортиб Абдулла Ориповгача ва бошқа юзлаб адабиётимиз намоёндалари ҳам асосан ОАВда фаолият кўрсатишгани ҳамда кўплаб мақолалар ёзишгани, телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар тайёрлаганлари яхши маълум.
Маънавиятимиз асл дурдоналари ҳисобланмиш юзлаб тарихий, илмий-оммабоп асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида ҳам сўз юритганда уларни журналистикадан айро ҳолда тасаввур эта олмаймиз.
Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Ўзбекистон журналистикаси энциклопедияси”ни нашрга тайёрлашга бағишланган давра суҳбатида соҳа мутахассислари ўзаро фикрлашдилар. Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги «Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритар экан, миллий журналистикамиз тарихида илк бора нашрга тайёрланаётган мазкур энциклопедия ҳар томонлама мукаммал бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда энциклопедия яратиш бўйича етакчи мутахассислардан бири, таниқли олим Нурислом Тўхлиев бу улкан ишни муваффақиятли амалга ошириш борасида қимматли фикрларини ўртоқлашди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов мазкур энциклопедияни нашрга тайёрлашда тарихий манбалардан унумли фойдаланиш, ҳар бир маълумот ўта аниқ ва асосли бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети профессор-ўқитувчиларидан Тўлқин Эшбек, Қудрат Эрназаров, Мухтор Худойқулов, Зоир Тоҳиров, Маҳлиё Мирсоатова, адабиётшунос-олим Шуҳрат Ризаев, «Халқ сўзи» газетаси Бош муҳаррири Шуҳрат Жабборов, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси Бош муҳаррири ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров, публицист-олим Сайди Умиров ва бошқа соҳа мутахассислари мазкур энциклопедияни мукаммал бир тарзда яратиш борасидаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини баён этдилар.
Қуйида ЎзАда ушбу мавзуда ёритилган хабарни ҳам ўқишга таклиф этамиз, дейди Дониш домла янада илҳомланиб.
Журналистика соҳасига ихтисослаштирилган энциклопедия
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА мухбири
http://uza.uz/oz/culture/zhurnalistika-so-asiga-ikhtisoslashtirilgan-entsiklopediya-28-02-2019
Сўнгги фикрлар