Ўзбек тили – миллатимизнинг бебаҳо бойлиги
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугун дунёда 6 минг 909 тил мавжуд бўлиб,
улардан атиги 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Улар қаторида она тилимиз – ўзбек тилининг борлиги ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – миллатнинг руҳидир.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг илмий ишлар бўйича проректори, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов билан ЎзА мухбирининг суҳбати мустақиллик йилларида она тилимиз ривожи йўлида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти,айни пайтда ўзбек тилшунослиги олдида турган долзарб масалалар, таҳлиллар ҳамда адабий тилни асраш ва ривожлантириш йўлида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида бўлди.
– “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва унинг тилимиз ривожидаги аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.
– Бу қонуннинг қабул қилиниши осонлик билан бўлган эмас. Ўша пайтда собиқ марказнинг қатъий талаби билан икки тиллилик ғоясини қонунда акс эттиришга зўр берилди, дастлаб ана шундай қонун лойиҳаси матбуотда эълон ҳам қилинди. 1989 йилнинг 23 июнида халқ эрки ва эртаси учун курашмоқни умрига бадал деб билган фидойи ва жасур Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлади. Бу донишманд арбобнинг шижоати ва адолатпешалиги билан икки тиллилик ғоясига тамоман барҳам берилди. Биринчи Президентимиз мазкур қонун қабул қилинган йиғилишда шундай деган эди: “Холисона айтганда, матбуотда илк бор эълон қилинган лойиҳа кўпчиликни қониқтирмаган эди. Шуни очиқ айтишимиз керакки, қонуннинг биринчи лойиҳасини бугунги сессиямиз муҳокамасига қўядиган бўлсак, кўпчилик халқимизнинг талабини оёқости қилгандек бўлардик. Шуни эътиборга олиб, бугун муҳокамага қўйилган янги лойиҳани тайёрлашга қарор қилдик. Иккинчи лойиҳани тайёрлашда миллионлар қатнашди, десак ҳам бўлади. Аҳолининг кўпчилиги иккинчи лойиҳани маъқул топди”. Сўнгра мамнуният билан шундай таъкидлади: “Ўзбек тилига давлат мақомининг берилиши ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа туғдирмаса керак. Бу аллақачон юз бериши лозим бўлган ҳодиса эдики, аҳолимиз кўпчилигининг қонуний талаби ҳам шундай эди”.
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва бу давлатимизнинг Асосий Қонунида мустаҳкамлаб қўйилиши халқимиз тарихида буюк воқеа бўлганлиги шубҳасиз. Ўзбек тили давлатимиз рамзлари қаторида турадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди, бу тимсолга эҳтиром кўрсатишни юртимиздаги, миллатидан қатъи назар, барча кишилар ўзларининг фуқаролик бурчи деб билади. Айни пайтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тиллари ва миллий қадриятларининг ривожи учун тегишли шароитлар яратилган.
– Ўзбек тили давлат тили мақомини олгандан сўнг ўзбек тилига қаратилган эътибор бениҳоя ортди,табиийки, тилимизнинг имкониятлари, қўлланиш доираси, луғат бойлиги тез суръатда кенгайди.
– Албатта, ўзбек тилининг давлат тили мақомини олиши унинг қонуний ҳуқуқларини тиклади, эркин ривожланиши учун барча имконият эшикларини очди. Мустақиллик йилларида бу тилга эҳтиёж бемисл даражада ортди. Ўзбек тили қадимий ва бениҳоя бой тилдир, унинг тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. Мустақиллик ана шу поёнсиз имкониятларни бор бўйи билан намоён қилиш учун эминлик берди. Ўзбек тили бугун ҳаётимизнинг, ҳеч бир истисносиз, барча соҳаларида қўлланмоқда ва янада ривож топиб бормоқда.
Тилнинг лексик сатҳини, яъни луғат бойлигини “жамият ҳаётининг барометри” дейишади. Жамият ҳаётидаги, каттадир-кичикдир, ҳар қандай ўзгариш, аввало, тилнинг луғат захирасида ўз аксини топади. Мустақиллик туфайли юз берган ўзгаришлар, эврилишлар, янгиланишлар ўзбек тили лексикасининг ривожига салмоқли таъсир кўрсатди, бу таъсир фақат миқдор жиҳатидангина эмас, балки сифат жиҳатидан ҳам бўлганлигини таъкидлаш лозим.
Мустақилликдан аввал луғатларимизга сиғмаган маънавият сўзи изоҳли луғатимизга қайтди. Ҳали бозор иқтисодиёти муносабатлари жамиятимизга бегона бўлган даврларда бизнес, бизнесмен, миллионер, савдогар, фермер каби бир қанча сўзлар салбий ёки камида, манфий субъектив баҳо билан идрок қилинар эди. Бугун уларнинг нечоғли кўламли сўз эканлиги маълум. Беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
– Тилимиз софлигига салбий таъсир этаётган омиллар ҳақида ҳам тўхталсангиз…
– Тилимизнинг софлиги ҳақида қайғуриш шу миллатга мансубликдан, шу муқаддас тимсолга дахлдорликдан ифтихор қиладиган ҳар бир кишининг бурчи бўлмоғи лозим. Нафақат мутахассис, балки касбу коридан қатъи назар, юртнинг ҳар бир фидойи фарзанди тилга эътиборни ёддан чиқармаслиги зарур.
Бугунги глобаллашув жараёнлари туфайли дунё тилларининг айтарли барчасида бошқа тилдан сўз олиш кузатилади. Ҳозирги кунда ўзбек тилидаги бакалавр, банкомат, бартер, биржа, брифинг, брокер, дилер, инвестиция, инвестор, интернет, компьютер, консалтинг, коллеж, кредит, маркетинг, менежер, мониторинг, мультимедиа, парламент, рейтинг, референдум, сертификат, форум каби ўзлашмалар юзлаб эмас, балки минглаб деган ўлчовлар билан ўлчанади, улар кенг омма нутқидан деярли жой олиб бўлди. Бу каби ўзлашмаларни ўзбекчалаштираман деб, қош қўйиш ўрнига кўз чиқаришлар тилимизнинг софлиги учун қайғуриш эмас, балки мантиқсиз юмушдир. Масалан, фамилия сўзи ўзбек тилига ўзлашиб улгурганига анча бўлган. Аммо қайси бир “мутахассис”нинг тавсияси билан унга шариф деган муқобил топилибди. У бечора “мутахассис” эски тилимиздаги исми шарифи (“шарафли, муборак исми”) тарзидаги изофали бирикма таркибидаги шарифи сўз шаклини “фамилияси” деб тушунган, чоғи. Бу мутлақо янглиш муқобил. Ёки олийгоҳ (институт), ўйингоҳ (стадион), рўзнома (газета) каби янглиш муқобилларни ҳали ҳамон айрим “тил софлиги тарафдорлари” қўллаб юрибди.
– Жорий йил 13 майда Биринчи Президентимиз фармонига биноан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани ҳам она тилимизга кўрсатилаётган улкан эътиборнинг ёрқин кўриниши бўлди. Шундай эмасми?
– Ислом Каримовнинг бу фармони, ҳеч шубҳасиз, тарихий ҳужжатдир. Бу фармон номи абадиятга дахлдор бўлди. Бу эътибор ва эҳтиромнинг замирида фармоннинг илк жумлаларидаёқ таъкидланган мана бу умумбашарий ҳақиқат ётади: “Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди”.
Янги университет ўзбек халқининг миллий руҳини, миллий ўзлигини, миллий ғояни асрашга, бу йўлда чинакам мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. Фармонда университетнинг мақсади аниқ белгилаб берилган: “Ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётан илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш”. Университетда фаолият кўрсатаётган учта факультет, университет ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти, Ўзбек тили ва адабиёти музейи ана шу мақсаднинг жадал рўёбига хизмат қилади. Бу университетда ўзбек тили ва адабиёти таълими, тадқиқи ва ташвиқ-тарғиби борасида иш олиб борилмоқда.
– Ўзбек тилини ривожлантириш, унинг нуфузини янада орттириш учун истиқболда қандай ишларни амалга ошириш керак, деб ўйлайсиз?
– Ўзбек тили таълимини янада такомиллаштириш, бу жараёнларда замонавий ахборот технологияларининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш каби бир қанча муаммолар борки, булар устида тегишли мутахассислар изланишлар олиб бормоқда. Масалан, мактаблар учун турли ҳажм ва мазмундаги ўқув қўлланмаларини кўпайтириш ҳам муҳим. Айтайлик, бошланғич синф ўқувчилари учун бола тасаввурини зўриқтирмайдиган изоҳли луғатлар тузиш тажрибаси дунё луғатчилигида анчайин кенг тарқалган. Бизда бу иш энди-энди бошланмоқда. Яқинда “Сўз сандиқчаси” деган ана шундай луғат нашр қилдирдик.
Ўзбек тилининг нуфузи бугунги кунда халқаро майдонда ҳам ортиб бормоқда. Бир қатор хориж мамлакатларидан келиб, юртимизда ўзбек тилини ўрганиб кетаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Турли мамлакатлардаги ўқув юртларида ўзбек тили ўрганилмоқда. Кейинги йилдан бошлаб университетимизда хорижликлар учун ўзбек тилини ўрганиш, тадқиқ қилиш йўналишларида халқаро марказлар ташкил қилишни ҳам режалаштирганмиз.
Ўзбек тилининг ривожи, тараққиёти, теран тадқиқи ва ташвиқи борасида ҳали кўп ишларни қилишимиз зарур. Борлигимиз, давлатимиз рамзи бўлган бебаҳо бойлигимизга масъуллик ҳисси ҳеч биримизни ҳеч қачон тарк этмасин.
Сўнгги фикрлар