ЎзМУда масофавий таълим ўз самарасини кўрсатмоқда

Талаба-ёшларнинг қўлларида мудом мобиль телефони билан юрганини

кўрганимизда гоҳида ғашимиз келарди. Дарсларда телефон тутганиларини кўрсак, баъзан дашном берардик. Ҳаёт тақозосини қарангки, бугун ана шу мобиль телефонидан самарали фойдаланаётган талабалар давримизнинг энг илғор ёшлари – замонавий зиёлилар авлоди сифатида камолга етаётганини ҳис этиб турибмиз. Негаки, мобиль телефонидан самарали фойдаланиш ҳам ўзига яраша билим ва маҳорат талаб этади. Бугунги вазият тақозосига кўра таътилга кетган талабалар масофавий таълим олишларида компьютерлар билан бир қаторда мобиль телефонлари ҳам жуда қўл келмоқда. Энг муҳими, улар узлуксиз масофавий таълим олиш имконига эга бўлмоқдалар.

Олис-олис қишлоқлардаги шароитларни ҳам яхши биламиз. Кимнингдир уйида компьютер бор, кимникида йўқ… Борида ҳам интернетга ё уланган, ёки уланмаган бўлиши мумкин. Бироқ, мобиль телефонида ҳар қандай нуқтадан туриб, бемалол таълим олишда давом этиши мумкин.

1 2

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида барча таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълимнинг учта шакли (кундузги, кечки, сиртқи) бўйича масофавий ўқитиш тизимини йўлга қўйиш учун аллақачон замин яратилган эди. Зарур электрон ўқув ресурслари масофавий ўқитиш платформасига (www.nuuz.uz сайти орқали) киритилиб, профессор-ўқитувчилар шу илғор усулда ўқитишга ҳар томонлама тайёргарлик кўрган эдилар. Бу борада университетда етарлича салоҳият, масофавий таълимни ташкил этиш ва бошқариш учун дастурий таъминот ва техник жиҳозлар мавжуддир.

ЎзМУда масофавий ўқитиш платформаси математика факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан ишлаб чиқилган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 27 мартдаги 233-сонли “Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлашга киришганимизда бу борада бирор муаммога дуч келинмади.

Мазкур ўқув йилидан бошлаб ЎзМУда сиртқи бўлим талабалари учун дарслар масофадан туриб онлайн тарзда ўқитилмоқда. Талабаларимиз таътилга кетган айни дамларда уларга масофавий таълим бериш изчил давом этмоқда.

Айтиш жоизки, университетимизда онлайн ўқитиш курсини ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарурий элементлар яратилган. Хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинарлар рисоладагидек. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформани ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси амалга ошириш устида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бунда таълим жараёнида электрон ўқув ресурслари техник воситалар ва талабаларнинг географик жойлашувини эътиборга олмасдан, улар томонидан фани ўзлаштирилишини таъминловчи телекоммуникацион технологияларни ўз ичига олган ахборот тизимини яратиш мақсад қилиб қўйилган.

Ҳозирги кунда университет талабалари ва профессор-ўқитувчилар бир-биридан олисларда бўлса-да масофавий таълим тизимида улар ўзаро махсус яратилган ўқув курслари, назорат шакллари, электрон алоқа ва интернетнинг бошқа технологиялари ёрдамида доимий мулоқотда бўлишмоқда. Интернет технологиясини қўллашга асосланган масофавий ўқитиш жараёни узвий давом этишига имкон беради. Бунинг натижасида таълим олувчилар узлуксиз мустақил таълим олиш имкониятига эга бўлдилар.

Мазкур тизимда масофавий таълим аввало ишчи ўқув режаларини шакллантириш, модуллар яратиш ва уларнинг ҳисобини юритиш, талабалар гуруҳларини жой-жойига қўйиш, рейтинг назорати ҳисобини юритиш, талабаларга степендия тайинлаш ва курсдан-курсга ўтказиш каби муҳим функциялар ишлаб турибди.

Бу тизим Ўзбекистон Миллий университети сайтида жойлаштирилган бўлиб, барча талабалар ва профессор-ўқитувчилар аутинтификациядан ўтиб, ишламоқда. Тизимда ҳар бир фойдаланувчи учун йўриқномалар электрон тарзда ва видео дарс шаклида етказилган. Ахборот тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича масъул ходимлар фойдаланувчилар билан доимий алоқада бўлиб, керакли маслаҳатларини бериб туришибди.

Масофавий таълим жараёни муттасил такомилаштирилиб борилмоқда. Шу мақсадда ЎзМУ Кенгаши аъзолари ва кафедра мудирларининг онлайн видеоконференциялари ўтказилиб, унда бу борадаги илғор тажрибалар кенг оммалаштирилмоқда, айрим муаммолар ечими ҳал этилмоқда.

Биз учун энг муҳими – ишимизнинг қанчалик самара беришидир! Яъни, талабаларимиз масофавий таълим орқали қай даражада билимга эга бўлмоқда?

Буни навбатдаги онлайн мулоқотлар, сўровлар ва баҳолаш жараёнлари кўрсатади. Умид қиламизки, замон билан ҳамнафас илғор фикрли талаба-ёшларимиз кутилган даражада билим ва малакага эга бўлмоқдалар.

 

Давлатбой ЖУМАБОЕВ,

ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича проректори

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *